Ислом Туркой (1950)

Аҳмадов Ислом Ҳафтик ўғли (Ислом Туркой – Islam Türkay) 1950 йилда Қазах туманининг Темирчилар қишлоғида туғилган. Ўрта мактабни тамомлагач, Сумгаит кимё заводида ишлай бошлаган. 1977 йилда Озарбайжон давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган. “Ёзувчи” нашриётида кичик муҳаррир, 1983 йилдан муҳаррир вазифасида ишлаб келмоқда.
“Кеча лавҳаси” номли илк шеъри 1979 йилда босилган. Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси. “Бир кун келар” (1981), “Ҳаммасини янгитдан бошлашим керак” (1985), “Орқада ҳасрат бор” (1986) каби ўнларча китоби нашр этилган.
Инсон, унинг маънавий дунёси, руҳий сиқилишлари, бу кунга ва келажакка ишончи, юрт, тупроқ, Ватан мавзуси шеърлари ва достонларининг асосий мағзини ташкил этади.

ВАТАН

Кўзимга тўтиё тупроқ Ватаним,
Нон чиққан ҳар жойни Ватан демасман.
Онам айтган алла янгроқ Ватаним,
Мени сиққан жойни Ватан демасман.

Ғурбатда Аллоҳ бўл, кимса йўқламас,
Ғурбатни ўлимдан баттар, деганлар.
Орзулар гуллару аммо шохламас,
Ўт илдизи узра битар деганлар.

Кўрдимки, кўксида ватани борлар
Кўзлари хаёлга тўлган ҳамиша.
Ватанида юриб ватанга зорлар
Кўрдимки, сарғайган, сўлган ҳамиша.

Бир парча ватандир Фузулий қабри,
Чидамай, ёнидан ўтган йиғлайди.
Қўл қисқа, ун етмас, тугаган сабри,
Ғурбатнинг қўлида ватан йиғлайди.

Бу ғам юракларда ёнган шамчироқ,
Доим нур таратиб севинч берар ул.
Мен қандай изоҳлай бу сирни бироқ —
Ватанда ватанга кетмоқҳам мушкул.

Ватандан гап очмоқ бўлганди ёмон,
Ватансиз бўлишдан аммо холиман.
Бул аниқ сел каби оқар вақт, замон,
Илондек тилимни чиқармалиман.

Ўлка бор, яшар у оғага қулдай.
“Бу ер адолатли!” “Мен озодман!” дер.
Миллат бор, уятсиз, уятсиз шундай,
Қон тўкилиб турган ерин ватан дер.

Ватан мол-дунё деб кезганлар қанча,
Чумолидай изғир, тинчимай жони.
Ватандан тўйганлар, безганлар қанча,
Ватан деб билганлар бутун дунёни.

Бировлар олади ҳарёқдан бир оз —
Уларнинг руҳлари ҳам олақуроқ.
Бир элни иккига айирган Ораз,
Қонли садоларга бермаслар қулоқ.

Қадим Савалоннинг эсган шамоли
Ёнган ўчоғининг тутуни Ватан.
Собирнинг, Жалилнинг дарди, саволи,
Булбулнинг, Жабборнинг сас, уни Ватан.

Ватандир қиличдек дардли Сразим
Ватаннинг қалбига санчилиб ётган.
Ватандир куйлаган садафли со зим,
Ҳақ учун ёнаётган — қораяётган.

Кўзимга тўтиё тупроқ Ватаним,
Нон чиққан ҳар жойни Ватан демасман.
Онам айтган алла янгроқ Ватаним,
Мени сиққан жойни Ватан демасман.

СЕНГА НИМА ҚИЛДИМ…

Сенга нима қилдим, кўнглимга тегма,
Мен-ку сендан олдин ўтганман ўтдан.
Ҳамда қалбимни пок сақламоқ yчун
Кечганман унвондан, кечганман отдан.

Сени нурдай билиб учдим елингга,
Ёлғон лофларингга алдандим ёмон.
Инондим тилингга, тушдим қўлингга,
Менингдек кимларни қилмадинг сарсон.

Ҳали умидим бор: ўзимга келаман,
Яхши ниманг бўлса сохтайкан, ёлғон.
Оёқ узра кезган бир тош ҳайкалман,
Яна юрагимдир соғ-омон қолган.

Маним ҳар одимда жоним олгансан,
Ётларнинг кўзида ёшга айландим.
Сен фаришта тусли қора ёлғонсан,
Қаршингда ҳайратдан тошга айландим.

Яшайди юрагим бу тош қафасда,
Ўзим ўз ичимда қамокда ҳали.
Орзу қўли бошим силайди аста,
Хаёллар қўйнида уйғоқман ҳали.

Сенга тош лозимди девор уришга,
Сенга тош лозимди сарҳад қуришга.

Қўлимни тош каби берганман сенга,
Тилимни тош каби берганман сенга.
Тегинма, паноҳим бир юрагим бор,
Тошлашса инонки, қасрингни йиқар.

МЕНМИ ГУНОҲКОР, СЕНМИ ГУНОҲКОР?

Бу не бир савдоки, бу не мўъжиза,
Бир иш қилай дейман, қила олмайман.
Куним ҳам мўъжиза, туним мўъжиза,
Яшай ҳам олмайман, ўла олмайман.

Умримга кечиккан илк баҳормисан,
Тақдир гулимисан, ёққан қормисан?
Йўллар айросида дайдирман ночор,
Менми гуноҳкор, сенми гуноҳкор?!

Тушганман савдонинг терс камандига,
Ўзим ўз ўтимда ёниблар кетдим.
Мослашдим шуҳратнинг феъли-пандига,
Айбимни мен энди тушуниб етдим.

Не ҳам қилолардим, ёнаман ўтда,
Бу аччиқ толега боқ, қайта-қайта —
Сенинг қўлларинг-ла мени қучоқлар,
Менми гуноҳкор, сенми гуноҳкор?!

Сийналар тоғингда сарғайиб кетар,
Куздан гина қилма, кузда нима айб?
Умр боғимизни қор олиб кетар,
Уйлик-болаликмиз, бизда нима айб?

Ғариб кўринади айтган сўзим ҳам,
Аксини кўрурлар икки кўзим ҳам.
Сени йўқотмишам,
Йўқман ўзим ҳам…
Ўзимни ўзимга қайтар, десам зор,
Менми гуноҳкор, сенми гуноҳкор?!

Найлайин, бу умр — бу толе, қисмат…
Сочимга ёққан қор эриган эмас.
Ўртадаги Ораз сойи бир ҳасрат,
Миллион йил оқса ҳам қуриган эмас.

Айтардинг: Қўл етмас тоғсан, дарасан,
Соф сувсан, ҳавосан, овсан… кўрасан…
Бир пайт чақиргандинг миллион карра сан…
Орқада ҳасрат бор, олдинда ғубор, —
Менми гуноҳкор, сенми гуноҳкор?!

* * *

Эй умримнинг саодати, кезма узоқ,
Ҳасратингга, малолингга қурбон бўлай.
Йўлларингда умидларим чироқ-чироқ,
Жамолингга, висолингга қурбон бўлай.

Сен узоқсан, юксакдасан, етмас қўлим,
Ҳасратингдан юрак-бағрим тилим-тилим,
Хаёлинг-ла ўтар куним, ойим, йилим,
Суратингга, хаёлингга қурбон бўлай.

Миразиз Аъзам таржимаси

СЕВГИМ МЕНИ ҒАНИМ БЎЛДИ

Менга қолган оғриқ аччиқ
Севгим мени ғаним бўлди.
Ишқим мени дор оғочим
Севгим мени ғаним бўлди.

Қояда битган чинорим,
Ер қатидир шошган жойим,
Қиличдек кесдим қиним,
Севгим мани ғаним бўлди.

Кўкрак кердим тўфонларга,
Умид боғладим баҳорга,
Орзуларим осди дорга,
Севгим мани ғаним бўлди.

ОЙХОННИНГ САВОЛЛАРИ

Ота, бу ерда ётарсан
Кўзлар қошнинг соясинда.
Ақл бошнинг соясинда
Овқат тишнинг соясинда.
Орзу ишнинг соясинда
Ер қуёшнинг соясинда,
Сувлар кўкнинг соясинда
Яхши, унда менга айт-чи,
Қуёш ненинг соясинда?…
Соям ўзимдан катта
Сояси улкан бўлганлар
Боламикан?

Тоғлар ўзимдан катта
Кўзларимга қандай сиғар
Ботирмикан?

Ёруғликни кўрган каби
Соялар қочар яшриниб
Қочоқмикан?

СОЯЛАР

Яна кўксим ёнди, сийнам ўт олди,
Келтирдим кўкларнинг рангин сасини.
Бу кеча меним-ла сўзлашди соям,
Ёздим сояларнинг фожиасини.
Дўстларнинг кўпидан вафолидир у,
Ҳамиша ёнимда менга таянар.
Дунё ишларидан хабардордир у,
Орқамдан эргашар, ўтимда ёнар.
Ҳасрат бор нурларнинг тўкилишидан,
Кўрганда яшринар уялган каби.
Бўй чўзиб оқариб сўкилганда тонг
Нурнинг орзусида мен ёнган каби.
Бордир соясига бўйин эгганлар,
Соя бор ўзини инсон санайди.
Юзимга сўзини айтолмаганлар
Орқамдан соямга қилич солади.

СЕНГА НИМА ҚИЛДИМ

Сенга нима қилдим, дейман кўнглимга,
Ахир сен туфайли кечганман ўтдан.
Фақат юрагимни асрамоқ учун
Ўзликдан кечганман, кечдим субутдан.
Сени бир нур билиб учдим елингга,
Алдандим алдоқчи ялтоқ сурларга.
Ишондим тилига, тушдим қўлига,
Мендек оворалар изғир чўлларда.
Ҳамон умид яшар қайтгум ўзимга,
Яхшиям найим бор, ёлғонлар – ёлғон.
Оёқ остидаги бир тош ҳайкалман,
Фақат қалбимгина соғ-омон қолган.
Ҳар қадамда мени жоним оласан,
Бегона кўзида ёшга айландим.
Малак либосида қора ёлғонсан,
Қаршингда ҳасратдан тошга айландим.
Яшайвер, юрагим шу тош қафасда,
Ўзим ўз ичимда тутқунман ҳамон.
Тушиб орзуларнинг қўлига аста,
Хаёллар бағрида уйғоқ бир замон.
Сенга тош керакми сарҳад қуришга,
Қўлларим тош қотди, берганман сенга.
Тегмагин, паноҳим – бир юрагим бор,
Тош қотса, инонки, тоғни йиқитар.

Озарбaйжoн тилидан Ўктамой таржимаси

БУ КЕЧА ҲАСРАТИ

Бу кеча бунчалар узоқ бўлмаса,
Олисга боқмоқдан қорайди кўзим.
Бу кеча на ёмон тузоқ бўлмаса,
Қайдасан, эй саҳар, эй жоним-кўзим?!

Умидим оёқдир қулади сасдан,
Учган хаёлларга ета билардим…
Тош каби ётардим тупроқ устида,
Тиканлар устида ёта билардим.

Кўзим боқа-боқа ахир юлдузлар,
Ҳар юлдуз бир толе, бир умр-кундир.
Ахир ёқалардан чиқар юлдузлар,
Ер юзи, кўк юзи тугун-тугундир.

Кўзларим кечага ўрганур яна,
Оппоқ қанотдарда чиду саҳар…
Қанча нигоҳларни кўрган сабоҳа? –
Яшамоқ бир сафар… ўлмоқ бир сафар…

Юлдуз совуқлиги олиб кўзимда,
Ҳар нарса бир рангда, бир бичимдадир.
Мани ўйламангиз-кўлкам юзимда,
Ишқим ва саҳарим ўз ичимдадир…

Кеча адоларга дўнур ётоқлар,
Уйқулар, туйғулар-энг зариф тушдай.
Ярашган либоси бўлиб папақлар,
Қачон боқажаклар сабоҳ Қуёшга?..

Ғариблик кетади тоғ ҳавосида,
Хинолар гуллайди тошлар устида.
Бургутлар дайдийди ўз либосида,
Учар япалоқлар бошлар устида…

Ой кирди булутга, шуъласи сўниб,
Бағри чатнайверар ушоқ-Мусодан…
Булбулнинг нолами лайлакка дўниб,
Шириндир уйқуси ушоқ-мунчоғин…

Бу кеча узанса, озайса бир оз,
Қалбимдаги саҳар ўйнаяжакдир.
Умр сўрагайман ўз эшигимда,
Кечам қирмизига бўялажакдир…

Чекинса йўлимдан кеч-қоронғулик,
Найларам ариган сабр, тўзимга?!.
Қалбимнинг ишқида ёнса бир онлик-
Душман туюламан ўзим-ўзимга!!.
Бу кеча бунчалик узоқ бўлмаса…

* * *

Кездим тошдан-тошга Тошлар юртини,
Гўзаллар, ул макон кўзимдан ўпди.
Унда қояларга қўшиқлар айтдим,
Какликлар кулишиб сўзимдан ўпди.

Эмдим Ҳайволининг булоқ тилини,
Дардим чечагини, дардим гулини.
Орқамдан йўллади чинор қўлини,
Тўкилган шоҳида изимдан ўпди.

Сасимга сас берди тоғлар-на ишди…
Қоврулдим у кунлар ёдимга тушди.
Билмадим оёғим неча суришди-
Атирли чечаклар тизимдан ўпди!..

Ёдимдан чиқмади у ол ёноғи,
Исматли, ҳаёли, у бол дудоқли.
Олди ҳаёлимни ҳақли-ноҳақли,
Ман ўпа билмадим… изимдан ўпди.

СЕНДАН УЗОҚЛАРДА

Сендан узоқларда совуқ тупроғман,
Ҳасратим умримга ёғар қор каби.
Рўзғорнинг қўлида сариқ япроғман,
Учаман руҳимга дунё дор каби…

Мендан узоқларда яшил қўнжисан,
Бахтиёр даврингда шайдо булбуллар.
Сендан узқларда ҳаёт- туман-шан,
Ичимла ёнғинлар, сочимда куллар…

Сандан узоқларда туришим-ўлим,
Кечиккан қайғусан-оҳсан, ноласан.
Сендан узоқларда яшамоқ -ўлим,
Кечиккан қайғусан-оҳсан, ноласан.
Сендан узоқларда яшамоқ-зулим,
Мендан узоқларда-ёнган лоласан…

ОНАСИЗЛИК

Ким бўламан, севолмасам ман сизни?
Ахир қолдим ҳам сингилсиз, онасиз!
Дунё ўзи қандай севар менсизни,
Яшамоғим оғриқ, азоб, онасиз!

Тасаллилар тўхтатмас кўз ёшимни,
Кунлар умрин тугашими, бошими,
Қурбон бўлай, сўрамангиз ёшимни,
Етим жоним, наҳот энди онасиз.

Нима кўрдим умр отли бир йўлда?
Қўл тутар йўқ, қолдим ёлғиз, бир йўлда.
Тоғларўғли, фурсат келди, бир йўлда,
Мақомин тут, замона бўл, онасиз…

Озарбойжончадан Дилбар Ҳайдарова таржимаси