Нусратулло Жумахўжа: “Юксаклик – бадиий маҳоратда” (2018)

1. Кимдир адабиётимиз юксалиш палласида деса, кимдир бунинг аксини тасдиқлайди. Сизнингча, қай бири ҳақ ва нега?

2. Ҳозирги адабий жараёндаги қайси муаммо сизни энг кўп ташвишга солади? Ушбу муаммони бартараф этишнинг қандай самарали йўлини кўрсата оласиз?

3. Кейинги пайтда замондош адибларимиздан кимларнинг китобларини ўқидингиз? Қайси асар сизга маъқул келди-ю, қайси асардан кўнглингиз тўлмади? Бунинг сабаблари ­нимада?

Мазкур анкета ёрдамида бугунги адабий жараённинг ютуқ ва камчиликлари ҳақида бир қур фикрлашиб олсак, фойдадан холи бўлмас. Ахир, айтадилар-ку, “Кенгашли тўй – тарқамас”, деб. Шундай эзгу ният ила анкетамиз саволларига ­навбатдаги жавобни эътиборингизга ҳавола этаётирмиз.

1. Мен адабиётимиз юксалиш палласида ёки аксинча – таназзул даврида деган фикрларнинг ҳар иккаласига ҳам қўшилмайман. Ҳозирда сўз санъатимиз мураккаб жараённи бошидан кечирмоқда. Албатта, бадиий жиҳатдан юксак асарлар ҳам яратиляпти. Бу – рад этиб бўлмас ҳақиқат. Бироқ ўртамиёна асарлар ҳам кўплаб пайдо бўлаётир. Ҳатто, юксак савияли деб ҳисоблаётган баъзи асарларимиз ҳам қайсидир, масалан, бадиий тил жиҳатидан оқсаяпти. Агар шундай тарози мавжуд бўлса-ю, унинг бир палласига юксак, иккинчи палласига ўртамиёна асарлар қўйилса, иккинчи палланинг посангиси босиб кетиши эҳтимолга яқинроқ.

Кимдир қачон шундай бўлмаган, ҳамма вақт шундай бўлган-ку, дея эътироз билдириши мумкин. Йўқ, бир маҳаллар саёз, ўртамиёна асарлар чоп этилиши йўлига ғов қўйилар эди. Нашриётларда шу аъмолда соғ­лиғини қурбон, умрини фидо қилган Шавкат Раҳмондек қатъиятли, курашчан муҳаррирлар бор эди. Ижод майдонида беш-олтитагина бўлса-да, ботир, жанговар мунаққидлар жавлон уриб турарди. Бугун бозор иқтисодиёти қонуниятларига биноан, истаган киши истаган асарини истаган ададда нашр эттириши мумкин. Демак, эндиликда бир томондан, бозор иқтисодиёти қонуниятлари ва демократия тамойилларига мувофиқ келадиган, бошқа томондан, чинакам бадиий ижод талабларини ҳам назарда тутадиган саралаш механизмини яратиш фурсати етди.

Бизнингча, ҳозир адабиётимиз ўнгланиш ва тикланиш палласида. Адабий муҳит ва ижодий жараён мувозанатга келмоқда. Ўтган чорак асрдаги ижод жараёнининг олатасир, палапартиш, тезкор суръатига оид аччиқ сабоқлар кенг жамоатчиликка аён бўлди. ўалвир сувдан кўтарилганда, умрзоқ асарлар кўзга яққол ташланди. Энди ижодкорман деган ҳар бир инсон инсоф билан иш тутса, ажаб эмас.

2. Ҳозирги адабий жараёнда мени ташвишга соладиган муаммолар кўп. Буларнинг энг ўткири – адабий жараённинг қандай кечаётганига лоқайд муносабат: муаммолардан кўз юмиш, уларни хаспўш­лаш, четлаб ўтиш. Буларнинг бари бир ҳолат эмас, балки ҳар бири – алоҳида ҳолат. Ташвишга соладиган муаммолардан яна бири шуки, гўёки жамиятда танқид йўқолгандек. Жамиятда танқидга ўрин қолмагандек. Жамоатчиликнинг танқидга ёндашуви худди Салтиков-Шчедриннинг “Виждон йўқолди” номли ҳикоясидаги виждонга муносабатга ўхшайди. Танқидга нисбатан қўрқув мавжудлиги сезилади. Ижод кишилари танқиддан, танқидчидан қўрқади. Совуққонлик билан масофа сақлайди. Мунаққидлар ҳам ижод кишиларини танқид қилишдан қўрқади, бундан иложи борича сақланади. Бу икки қавм гўё икки қутбга ажралиб олиб, олийжанобларча ўзаро одоб сақлайди. Муқимий таъбири билан айтганда: “Иккаласи бўлди чунон иттифоқ, / Гўё хаёл айлаки, қилмай нифоқ”. Халқ таъбири билан айтганда эса: “Сен менга тегма, мен сенга тегмайман”. Хўш, бундай аҳволда танқидий тафаккур қандай ривожланади? Бадиий асарларнинг сарагини – саракка, пучагини – пучакка ким ажратади? Оддий одамларга чинакам бадиий дурдоналарни ким саралаб тақдим этади?

3. Кейинги пайтда замондош адибларимиздан Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Донишманд Сизиф” романини, Анвар Обиджоннинг “Ажинаси бор йўллар” биографик асарини, Ашурали Жўраевнинг Одил Ёқубовга бағишланган китобини, Абдусаид Кўчимовнинг “Мен шоирман, истасангиз шу” бадиасини, Тоғай Муроднинг “Ёввойи йўрға” таржима асарини, Ёзувчилар уюшмаси томонидан тайёрланиб чоп этилган беш томлик “Озод ватан саодати” мажмуасини, Иззат Султоннинг Алишер Навоий ҳақидаги тугалланмаган романини ва яна аллақанча бадиий, публицистик, адабий-тан­қидий, илмий асарларни ўқидим. Буларнинг ҳаммаси ўзим танлаб-танлаб, топиб ўқиганим учун яхши асарлар. Улардан мен ўз маънавиятим, дидим, билимим, адабий савиямни ошириш учун кўп нарса олдим. Лекин шуларнинг ўзида ҳам китобхонни қаноатлантирмайдиган унча-мунча камчиликлар кўзга ташланади. “Донишманд Сизиф” – юқори савияли асар, лекин услуби оғир. Ваҳоланки, бадиий асарни завқ билан, риёзат тортмасдан, бир нафасда ўқиб чиққиси келади одамнинг. “Ажинаси бор йўллар” романи эса мароқ билан, равон ўқилади. Лекин асар қаҳрамони ўсмирлик чоғида аёл ўқитувчиларига шилқимлик қилгани, ўртоқлари билан безорилик ва ўғриликда қатнашгани очиқ-ошкора ёзилганини кўриб ранжидим. Эҳтимол, бола ёшида бундай шумликлар бўлар ва у бола учун кечиримлидир. Бироқ улуғвор ёшдаги халқ ёзувчиси бундай ғайриахлоқий “саргузашт”­ларни ёзиб, чоп эттиришини ҳазм қилиш қийин. Айниқса, муаллиф шундай хатти-ҳаракатларга ўз салбий ғоявий-ҳиссий баҳосини бермаса! Асарни ўқиган ёшлар бундан қандай таъсирланади? “Э, шундай қилиб ҳам зўр ёзувчи бўлиш мумкин экан, уят эмас экан”, деб ўйламайдими?! Фикр, ижод эркинлиги дегани ҳар нарсани ёзиб чоп этавериш мумкинлигини англатмайди-ку! Яқин ўтмишда бир шоир фикр, ижод эркинлиги ҳақида баҳс юритаркан: “Шоирнинг ўзгалардан фарқи шундаки, у ўзининг битини ҳамманинг кўз олдида очиқ-ошкора тозалайди”, деб ёзган эди. Донишманд адиб Асқад Мухтор ўша шоирга зудлик билан: “Худо хайрингизни берсин, шахсий битингизни тозаласангиз – тозаланг, лекин зинҳор китобхон олдида тозаламанг”, дея танбеҳ бергани ҳамон эсимда.

Яқинда телевизорда берилган бир суҳбатда шоир Усмон Азим: “Илгари муҳокама деган тадбирлар бўларди. Асарлар ­нашрга тавсия этилишидан аввал қилни қирқ ёриб муҳокама этиларди. Ҳозир мана шу муҳокамалар йўқ. Саёз асарлар майдонга келаётгани шундай муҳокамалар етишмаётгани оқибатидир”, дея ҳақ гапни айтди. Муҳокамада бир неча мутахассиснинг бир асар ҳақидаги фикрлари ўртага тушади, қизғин ва самимий мунозаралар юзага келади, шу асосда ҳақиқат қарор топади, асар холис баҳоланади. Қизиғи шундаки, кўпчиликнинг беғараз фикри бир нуқтаи назарда жипслашса, буни муаллиф ҳам оғринмай қабул қилади ва асарини қайта ишлайди. Ҳозирда асарлар, муҳокама нари турсин, тақриз ҳам қилинмай чоп этилмоқда.

Асқад Мухтор, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Неъмат Аминов, Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимов каби салафлар ҳикояларини олинг, улар жанр талабидан қиёмига етган, бадиатан гўзал, энг муҳими, тил ва услуби сайқалдор, ифодалари ихчам, аниқ, лўнда, халқчил (“Озод Ватан саодати” мажмуасининг насрга оид 2-жилдидаги асарлар назарда тутилмоқда). Биргина Асқад Мухторнинг “Фано ва бақо” ҳикоясига диққатни қаратсак, уни бемалол халқ донишмандлиги тажассум топган адабий ёмби дейиш мумкин. Ёзувчи асар сюжети тақозоси билан йигирмага яқин халқ ибораларини жуда ўринли қўллаган. “Келса гумон – кетар имон”, “Жон бор жойда қазо бор”, “Ўзингга сиққан сир ўзгага сиғмас”, “Ҳаёсизга ҳар кун – ҳайит”, “Пиёзнинг пўсти кўп, ёмоннинг – дўсти”, “Отни тепмайди дема, итни қопмайди дема”, “Шошган ишга шайтон оралайди”, “Оғриқ тишнинг давоси – омбур”, “Итнинг тилаги қабул бўлганда, осмондан суяк ёғарди” кабилар шу жумладандир. Айрим кейинги авлод вакиллари эса битта-яримта иборани ҳам тўғри қўллаёлмагани ачинарли. Асад Дилмурод (“Хилват”), Отаули (“Сув”), Хуршид Дўстмуҳаммад (“Қич­қириқ”), Эркин Усмонов (“Тошбосгансой воқеаси”), Нормурод Норқобилов (“Булоқ”), Назар Эшонқул (“Қултой”), Собир Ўнар (“Бегона меҳмон”) ҳикояларида таҳрирталаб ўринлар, ғализ жумлалар, ноўрин ва хато қўлланилган иборалар анча. Э.Усмонов “Етти мучаси соғ” деса, С.Ўнар “Тўрт мучали бут” деб ишлатади. Улар халқ тилидаги “етти хазина”, “муча” ва “мучал” сўз-тушунчаларини чалкаштирадилар. Халқда инсоннинг тўрт асосий тана аъзоси “тўрт муча” деб белгиланган. Кетма-кет келиб, айланиб турадиган 12 жонивор номи билан боғлиқ йил ҳисоби мучал дейилган. Даромад ва барака манбаи бўлган етти неъмат “етти хазина” аталган. Буларни кўп одамлар болалик давридан билади. Шундай катта ҳаётий ва касбий тажрибага эга ёзувчилар уларни палапартиш қўллаши ақлга сиғмайди. Э.Усмонов “етти хазина”даги “етти”ни олиб “муча”га қўшган, С.Ўнар “муча” билан “мучал”ни фарқламаган. Х.Дўстмуҳаммад жуфт сўзларни қўллашда адабий тил ва бадиий услуб меъёрларига риоя этмайди. “Сассиз-садосиз”ни “сассиз-несиз”, “бурчак-бурчак”­ни “бурчак-сурчак” деб ишлатади. Оқибатда, жуфт сўзлар ўз нафосатини йўқотади. Шунингдек, “қадам-бақадам”ни “қадам-бақадамлаб” дея нотўғри қўллайди. Ё “қадамлаб” ёки “қадам-бақадам” дейиш тўғри бўларди. Қариб, ишга ярамай қолган кишига нисбатан халқ “шарти кетиб, парти қолган” иборасини ижод этган. Булар тилдаги “турғун сўз бирикмалари”, “фразеологизмлар” ҳисобланади. “Турғун” дейилишининг сабаби – қатъий формулага эга: ўзгартириб ёки тескари тартибда қўллаб бўлмайди. Чунки маъно бузилади. Н.Эшонқул эса бир чолга нисбатан “парти кетиб, шарти қолганди” дея ишлатади. Иборадаги “шарти” сўзи “яроқлилиги”, “парти” сўзи эса “яроқсизлиги” маъносини билдиради. Кекса одамнинг яроқсизлиги кетиб, яроқлилиги қолмайди, аксинча. Бундан ташқари, “парти” сўзининг халқ тушунчасида айтиш жоиз бўлмаган нозик маъноси ҳам бор. Ёзувчи халқ ибораларини таваккалига эмас, нозик маъно қирраларини билиб ишлатиши лозим. Яна Н.Эшонқул “энг кайвони” деган иборани қўллаган. Кайвонини “моҳир”, “уддабурон”, “тадбиркор”, “чаққон”, “ташкилотчи” каби қатор сўзлар билан сифатлаш мумкиндир. Лекин “энг кайвони” деб бўлмайди.

Албатта, асар матнини қоғозга тушириш – ҳузурбахш ижодий жараён. Унинг устида қайта ишлаш эса заҳмат, саботдир. Оддий матн қайта ишланиш орқали сайқал топиб, чинакам санъат асарига айланади.

Нусратулло Жумахўжа,

филология фанлари доктори, Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети профессори

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2018 йил, 47-сон