Даля Саукайтите (1950)

Даля Саукайтите (Dalia Saukaitytė) – литвалик шоира, адиба ва журналист. Вильнюс университетини тамомлагач, кўп йиллар газета-журнал ва нашриётларда фаолият олиб борди. Бир қатор адабий мукофотларнинг лауреати.

УЙҒОНИШ

Август. Салқин тушар оқшом чоғида,
Иссиқ ҳам ғанимат, энди ғанимат.
Алвидо, азизим, ишқ осмонида
Юлдузлар сўндилар, сўнди муҳаббат!
Тоза шабнамлардан жунжикар этим,
Ҳали ҳам севарсан, сенда йўқ гуноҳ.
Сенданмас, ўзимдан қочиб бетиним,
Донишманд августдан тилайман паноҳ!

***

Қайтгим келса ортимга бир кун,
Чарх урса бемаъни, беўхшов савол.
Эҳтимол, ҳеч қачон бўлолмас уйғун,
Сенинг сўзларинг ва мендаги хаёл.

Хотира эшигин ёпарман хуноб,
Шудринг ювсин энди бу йўл ғуборин.
Балки шунда тинар дилда изтироб,
Унутарман шунда сочлар ифорин.

Юзимни тарк этар хавотир, сўров,
Япроқлар ортидан кулар ёғдулар.
Энди икки йўлни бўлишдик икков,
Учрашолмас экан бизнинг туйғулар.

Рус тилидан Нодира Абдуллаева таржимаси