Гражина Циешкайте (1951)

Гражина Циешкайте (Gražinos Cieškaitės) – литвалик шоира, таржимон. Жаҳон халқлари шеъриятидан кўплаб намуналарни она тилига таржима қилиб, ўз халқининг маънавий хазинасини бойитишга ҳисса қўшган.

ИШҚ ЮЛДУЗИ

Бунда шеъриятнинг шамойили йўқ,
Таралади фақат бир наво майин.
Ором ва сукунат бағрини ёриб,
Томир-томирингни титратгудайин.
Номсиз Сайёра бу – тушуниб бўлмас,
Зулматни-да, нурни кўзлар илғамас.
Юракдаги чуқур яралар қадар,
Барча изтиробинг эта олар банд,
Ҳукми иродангни қилмайин писанд.
Кутилмаганда ҳеч бағрига олар.
Кўринмас бир ёғду, юлдузлар – фақат,
Таъқиб эта олмас соялар ҳеч вақт,
Қўлингга тутгандек олов бир тутам.
Бир ҳақиқат яшар: илоҳий, мангу
Юрагингга содиқ, абадий туйғу
Ишқдир бу! Бекордир бошқа ҳар не ғам.
Бор фақат севишган қалблар олами,
Сўзлардан гулчамбар тизар қалами,
Қанча эҳтиёжманд, қанча талабгор.
Бу сўзлар шеър эмас – юлдузлар ёнар,
Бу оҳанг қатида бир-бирин топар,
Қанча юрак бўлса интизор, абгор.

Рус тилидан Нодира Абдуллаева таржимаси