Ли Сан Хва (1901-1943)

Ли Сан Хва (이상화) – атоқли корейс шоири. Ўрта мактабни тугатиб, Японияда икки йил давомида француз тили ва адабиётини ўрганади. Ватанига қайтгач, романтизм тарафдорлари бўлган “Оқ оқим” (“Пекчо”) адабий уюшмасига аъзо бўлади. 1923–1930 йиллар орасида эълон қилган шеърларининг бош ғояси тенглик ва эркинлик ҳисобланади. Шоирнинг “Ўғирланган далаларга баҳор қайтармикан” шеъри япон мустамлакачиларига қарши энг яхши шеърлар сирасига киради.

ТОРТИБ ОЛИНГАН ДАЛАЛАРДА БАҲОР

Баҳор қайтди тортиб олинган далаларга ҳам —
Бегона ерларга энди мен учун.
Қуёш шуълаларин мавжидан шодон
Шолизорда — текис фарқдек очилган
Сўқмоқдан бормоқдаман, худди тушимда.

Осмон сукут ичра, сукутда дала,
Ўзимча келмадим бу ерларга мен.
Кимдир чорлади-ку, баҳор, сенмасми?
Эзилди юрагим, айлангиз жавоб.

Шамол шивирлайди қулоқларимга,
“Тўхтамагин”, дея либосим этаклари шитирлар.
Севинчи тошган қизалоқ каби,
Тўрғайлар мени кўриб қувнаётирлар.

Бир кечада бўйи чўзилиб қолган
Арпа даласининг аршига чиқиб,
Ярим тун бошланган шаррос ёмғир-ла
Қуюқ сочларини ювибсан унинг,
Бундан ҳатто мен ҳам туйдим енгиллик.

Сув қайтар далалардан,
Мангу ўйноқ сувлар, қақроқ далаларни қучиб,
Алла айтиб, айланиб-ўргиларлар.
Қўшиқларин куйлаб бўлиб,
Хайрлашарлар далалар билан,
Елкаларин ўйнатиб, бир-бирлари-ла
Рақсга тушганча.

Тепамда капалакдек бўлиб гиргиттон,
Кўп шоширманг, “тожи хўроз” гулларига
Эҳтиромим улашиб олай.

Юрагим орзиқар, қачонлардир бу ерларни
Тер тўкиб ўтоқ қилган, юзлари кунжут мойи
Сурилгандек ялтираб кетган одамларни кўрмоққа.

Менинг қўлимга омоч беринг,
Куракларим оғриқ сезгунга қадар
Ҳис этайин ерни, унинг юмшоқ тупроғин,
Ҳечқиси йўқ, хийла терласам.
Дарё соҳилига тушган гўдакдек
Тин олмай, тўхтамай, мангу югурасан, руҳим,
Ажаб, нелар излайсан сен, йўл олгунг қайга?

Майсалар исига чулғаниб буткул,
Бутун кун, бутун тун оқсоқлаганча
Яшил ғусса мовий табассум ила
Қовушган уфқ сари кетгум одимлаб.
Бироқ даламдан айрилиб – мен энди
Баҳордан ҳам айрилиб қолдим, шекилли.

Мирпўлат Мирзо таржимаси.

ШОИРГА

Пайти келар, янги дунё яратиб,
Биргина сатринг ила уйғотасан барчани.
Шоир, ҳаётинг мазмуни шундаки,
Сен Дунёдан ўтгач-да
Унутмасин инсонлар.
Сенинг овозинг
қурғоқчиликда ер суғорилганда
ариқ бўйидаги кўк бақанинг товушидек,
Бор бўлсин мудом.
Майли, ушбу дунё туфайли
жон ва тан айри яшаган,
мусиқа асбоблари янграсин фақат,
Шоир, ҳаётинг мазмуни шундаки,
Нақадар қийин бўлмасин, сен ўз ишингни давом эттирдинг.
Қуёш ботиб, чўкканда ер узра қоронғулик,
Сўнганми ҳеч яратиш иштиёқинг?
Шоир, шуҳратинг шундаки сенинг,
Бола руҳи тарк этмас сени,
муҳим тўсиқларни енгган.
Кечами ёки кундуз,
Шеърлар катта одимлар-ла илдамлаган дам,
майли, сенга насиб этсин
ўлаётиб ёруғлик томон учган
ғаройиб капалакни кўриш.

ҚУЙИ ҚИШЛОҚДА КЕЧГАН БИР КЕЧА

Дераза ёриғидан
оқиб кирар қалбимга
мойчироқнинг хира ёғдуси.
Эслатганча чолнинг
қуёшни соғинган нурсиз кўзларин.

Бу ерда ўзга нарса йўқ,
Йўқ ўзга бисот.
Эй, менинг қалбим!
Сен инсон кабисан,
Қуёшга зор инсон кабисан.
Шу дам деворсиз,
Кимсасиз, бўм-бўш ҳовлига кираман.
Отилиб чиқар шунда
юракдан нола.

Рус тилидан Шермурод Субҳон таржимаси