Хан Ён-ун (1879-1944)

Хан Ён-ун (한용운) — кореялик таниқли шоир. Япониядаги Комаява коллежида таҳсил олиб, буддавийлик ва Ғарб фалсафасини ўрганади. Шеърлари “Руҳ”, “Ижод”, “Дунёнинг яралиши” каби журналларда чоп этилади. 1926 йили шоирнинг “Севги сукунати” шеърий тўплами нашрдан чиқади. Хан Ён-ун йигирма олти ёшида роҳибликни зиммасига олиб, ўзига Манхе дея исм қўяди.

БАҒИШЛОВ

Севгилим, сен руҳан юз бора чиниққансан,
Қабул айла самовий севгимни,
тут дарахтин мевалари айланмасдан бурун
марваридларга,
Севгилим, менинг севгим — тонгнинг илк нурлари.

Севгилим, сен яхши биласан
қарз юки қанчалар оғирлигин,
тилланинг енгиллигин.
Қашшоқнинг даласига фаровонлик уруғини сеп.
Севгилим, менинг севгим — кўҳна жезнинг
ичкин товуши.

Севгилим, сенга баҳор ёқади,
ёқар ҳаёт ва дунё.
Сен ҳимматли инсон бўлгин
кўз ёши шашқатор инсон қалбида.
Севгилим, сенинг севгинг
совуқ денгиздан эсган
баҳор елларидир бамисли.

ПАРОМЧИ ВА ЙЎЛОВЧИ

Мен кечувдаги паромман, сиз — менинг йўловчим,
Сиз доим чанг оёқларингиз билан чиқасиз,
Мен эса сизни дарёдан ўтказаман,
Сизни олдимми — чуқур, саёз, тезкор бўлмасин дарё —
ўтказиб қўяман.
Агар сиз келмасангиз,
Кунми, тунми, ёмғирми, қорми — мен кутавераман.
Сиз ўтиб бўлгач, кетасиз, ҳатто
Ортингизга бир бор қайрилмай.
Мен эса кундан-кун кутиб,
Тобора унниқавераман.
Мен кечувдаги паромман, сиз — менинг йўловчим.

Мирпўлат Мирзо таржимаси.

СЕВГИ СУКУТИ

Севги тарк этди, тарк этди севгим.
Сўқмоқлардан кечиб, кўм-кўк қир оша
Заранг ўрмонзор сари.
Собит ва ёрқин тилла гул каби туюлган аҳд
Бир нафасда муздек эриди-кетди.
Илк ўпичнинг оғир хотиралари
Кечиб ўтди тақдир чизиғин, чекинди ва эриди.
Мени кар айлади севгилимнинг ширин овози,
Сўқир қилди мени чирой очган юзин ёғдуси.
Севгим учратиб, қўрқаёздим фироқдан, айрилиққа тайёр эмасдим.
Зеро, ҳайрат тўла юрак
ёрилади соғинчдан.
Қўрқиб, беҳуда кўзёш шашқаторининг
севгини пайҳон этишидан,
қайғунинг, бедаво дарднинг бутун кучин –
янги умид тўлқинига топширдим.
Фироққа дуч келганда қўрқамиз,
айрилганда умид қиламиз висолга.
Севги тарк этди – улгурмадим видо айтмоққа.
Ажиб қўшиқ куйин тўхтатишга етмайди кучи,
атрофда эсаркан севги сукути.

* * *

Вақт судранар, ёлғизликдан қўрқиб,
Энди бизга айрилмоқ қолар.
Тинглаяпман, шамолнинг эсишидан
қулайди шиша,
Эски шоиранинг кўзларига боқмоқ керак.
…Маёқда…
Кўринмас ёғду,
Нурсиз келажак онида ёҳу,
Ҳеч бўлмаса найнинг ёлғиз куйин эсламоқ.
Майли барча тарк этсин, видо айтсин ҳаётга,
Кўнгилда қолган мавҳум туйғулар аро,
Виржиния Вулф ҳақида қайғули ҳикояни
тингламоқ лозим.
Илон қоя сари ўрмалар ёшлигин излаган мисол,
Бир стакан май ичамиз, кўзни кенг очиб,
Ҳаёт ёлғиз эмас, бироқ
ғалат, худди жимжимадор журнал муқоваси каби,
Балки шунинг учун кетамиз биз, ачинишдан қўрқиб.
Тахаюлдаги от,
Қулоқларда най садоси,
Баҳор ели
шивирлаб қўяр қулаган шишага.

Рус тилидан Шермурод Субҳон таржимаси