Ан Хён Ми Жанубий Корея адабиётининг кенжа авлод шоираларидан. У 1972 йили Жанубий Кореянинг Кангвон-до вилояти Тебек шаҳрида туғилган. У Сеул Саноат Университетини тамомлаган бўлиб, 2001 йили Жанубий Кореядаги нуфузли “Мунхак Донгне” нашриётида ўз шеърлари билан кўриниш бера бошлаган. 2012 йили у ушбу нашриётнинг “Энг яхши дебют” совринига эга бўлди. 2006 ва 2009 йиллари шеърий тўпламлари чоп этилиши ортидан Шин Донг Ёб номидаги адабий мукофотни қўлга киритган.
ВАҚТ
Жимжитлик ҳақида берган саволга
Энг яхши жавобинг бўлар – сукунат.
Вақт ҳақида ҳам фикр шудир бемалол,
Бизнинг измимиз-ла юрмайди соат.
Қайси бир ёз фасли Тебек тоғида
Қуриган дарахтга тушганди кўзим.
Ўша чоғ олдимда, қалб ардоғида
Шивирлаб айтгандим сенга дил сўзим.
“Йиллар ўтиб сенинг ёшингга етсам
Сендек инсон бўлмоқ истайман, рости”.
Вақтнинг хукми билан қадам-бақадам
Шу таниш масканга оёғим босдим.
Вақт эса сўроққа тутар тинимсиз:
“Унинг каби бўлолдингми энди, хўш?”
Жавоб беролмасман, туйғулар хиссиз,
Ёнимдаги дарахт каби жонсиз, бўш.
САССИЗ ҚУРИГАН ДАРАХТГА ҚАРАЙМАН…
Шамол қувиб келди туманни аста
Кўринмайсан: ўн етти қадам қўйдим.
Сенинг вақтингга мен бўлиб пайваста,
Менинг вақтим келмабди – қараб қўйдим.
Сен ҳақингда менга саволлар бисёр,
Жавоб ҳам, исбот ҳам хаёлан нақддир.
“Жимжитликка сени қўйиб беозор,
Ўзи индамасдан кетган бу ВАҚТдир.
Ўн еттита қадамни ташлаб ниҳоят
Кўрмоқ учун келдим қуруқ дарахтни.
Инсон истар севги гуллашин ғоят,
Унутма сўнгсўзни айтгувчи вақтни.
Тебекга келиб англадим шуни:
Севги ўлса ҳам қуриган дарахт қолишин…
АЁЛ ЁМҒИР
Амазонкаликлар кунбўйи ёққан ёмғирга
Аёл ёмғир,дея таъриф беришмас бежиз.
Чунки бу дунёда ғам-қайғули тақдирга
Шундай узун йиғлар экан Она…Аёл… Қиз…
“Йиғламагин, йиғлама”, дея овутганча,
Қўлидаги гўдакдан ҳам йиғлайди узоқ.
Чанқоқ боласига кўкрагини тутганча,
Дилбандидан кўпроқ йиғлар,овозда титроқ.
“Йиғламагин, йиғлама”, дея овутганча…
Отабек Йўлдошев таржималари