Родриго Вердуго (1977)

Родриго Вердуго Писаро (Rodrigo Verdugo) 1977 йил 9 январда Чили пойтахти Сантяго шаҳрида туғилган. Бир неча йилдан буён испан тилида нашр этиладиган “Оқим” ва “Ақиқ лаблар” журналларининг ҳаммуҳаррири вазифасида ишлаб келмоқда. Илк шеърий тўплами “Парда ортидаги яланғочлар” деб номланади. Шеърлари италян, португал, поляк, араб ва француз тилларига ўгирилиб, турли антологияларда босилган. Родриго “Шеърият дўстлари” номли уюшма ташкил этган танлов ғолиби бўлган. Жаҳон шоирлари уюшмаси аъзоси сифатида у чет мамлакатларда ўтказиладиган шеърият байрамларида фаол иштирок этиб келмоқда. Шеърлари ўзбек тилига биринчи бор ўгирилмоқда.

ШУНДАН БУЁН СEН-ЛА УЙҒОНГУМ

Диана Камачо Брисенёга

Ҳақлисан,
Бу кеч қонимизга кирар мангулик,
Сени англамоққа уринаркан бот
Вуждинг қоплашга урингум чунон.

Эсингдами, кўкрак ифори ила
Тўлиб кетганига парво қилмасдан
фақат бизникийди сеҳрли ўрмон?

Ёниб,
шундан бери сен-ла уйғонгум
Сувлар унут бўлмай оқар биз томон
Ана, охири йўқ шаршара мисол
Кундуз ва тун икков сақланур ҳамон

У КУНДАН СЎНГ

Душманона саёҳат учун замин мусиқасин чаларкан
Улар нарсаларнинг ўрнин ўзгартди
Денгиз кўтарила бошлади аста,
даҳшатли давралар қолмоқда ортда

Йўлимиз кўзларни излайди, излаюр тошларни бир йўсин.

Қандоқ жўр бўлишни билади улар,
Воқиф ҳар нарсанинг тескарисидан
Бошланди барчаси томчи-томчилаб, яна номба-ном
Уйдирма баргдайин оёқ остида.
Улар яхши билар, ўлган кимсаларни тасвирлашмайди
Етарли дунёнинг нарги томони
қўзғалаши дарахт ва сувларга қарши
Ашёлару ҳаётга ҳамда
Юлдуз жасорати бўлмаган исталган оғриққа қарши.

Улар яхши билар,
Ниманидир тўлаб
Болишлар ичида ёнган қаламларни тутаркан,
хулосалаб тасаввурларни
Шу тариқа келишган эди
Шу тариқа жойлашишганди
томчиба-томчи, номма ном

Нарсалар одамлар-ла чекланмасдан аввал
Аммо вақт тош билан, нур билан ўлчанган маҳал
Тош ва қон нурни қонунийлаштиришни ўйларди
Гўзаллик дарёларни кавлаган замон
Ва ниҳоят
қўлларида тасодифлар новдасин ушлаб
Парвардигор кутарди бизни.

Аъзам Обидов таржимаси