Роберт Грейвз (Robert Ranke Graves) – инглиз шоири, таржимон ва романнавис. 140 дан ортиқ асари мавжуд. У Англо-Ирландиялик шоир Алфред Персевал Грейвзнинг ўғлидир.
ИШҚ БEЛГИЛАРИ
Жаҳоний бош оғриғи севги,
Ёрқин бир доғ орзу кўксида
Ақлни ҳам булғагувчи у.
Озғинлик, рашк
Ҳам отмас тонглар
Ҳақиқий ишқ белгиларидир
Яна нишон ва босинқираш –
Эшитмоқлик тақир-туқурни,
Жим кутмоқлик шарпа изини:
Унинг қўли тегар деб қачон
Қоп-қоронғи хона ичида
Сарсон бўлиш излаб бир нигоҳ.
Бардам бўлгил, ошиқ!
Чидай билармидинг бу ғамга
Уникидан бўлак ҳар ҳолда?
Инглизчадан Аъзам Обидов таржимаси
ҲЕЧ НАРСА
Ҳеч нарса – бу ҳеч нарса,
Ҳалқа тутун тешиги.
Яланг, рангсиз деворда
Ҳатто йўқдир эшиги.
Ҳеч нарса – тушунарсиз,
Уни бўлмайди тутиб.
Ҳеч нарса бўлмаганда,
Ўтирма яна кутиб.
Олимлар овутади:
– Ҳеч нарса – бу йўқ нарса!
Йўқ нарсадан умид йўқ,
Оч нарса-ю, тўқ нарса.
Тўғри, олимлар оқил,
Сўзламайди тумтароқ.
Лекин менинг таърифим
Ҳаммасидан пухтароқ!
ЙЎЛ КЎРСАТКИЧ
Йўл кўрсаткич йиқилди,
Бу ҳолни ҳамма билди.
Уни жуфтлаб равонга,
Ўнгла кетар томонга.
Энди оғайни чалиш,
Тўғри бўлди йўналиш.
Ўтирма ўйлаб-нетиб,
Манзилга боргил етиб.
Баъзилар шу фурсатда,
Бера бошлар кўрсатма.
Маслаҳатгўй кўпаяр,
Ён-верингда шўппаяр.
Ҳеч иш келмайди қўлдан,
Лекин уради йўлдан:
– Қайдан келдинг?
Қаерга?
Қайга борасан?
Нега?
Ҳар ишда гўё ғолиб,
Баҳслашади ётволиб.
Ўзи ҳеч иш қилмайди,
Ўрнидан ҳам жилмайди!
Рус тилидан Нуруллоҳ Остон таржимаси