Шота Руставели (1172-1216)

Руставели Шота (შოთა რუსთაველი) — грузин шоири. Янги грузин тили асосчиси. Биографиясига оид маълумотлар «Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон» достони (1712) муқаддимасида учрайди. Шоир Грузияда Тамара (1184—1213) ва унинг эри Давид Сослани хукмронлиги даврида давлат хазиначиси бўлган.
«Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон» достони жаҳон адабиёти дурдоналаридан бири. Унда ижтимоий, ахлоқий масалалар адибнинг юксак идеаллари билан қўшиб талқин қилинган. Асарда қаҳрамонлик, чин инсоний муҳаббат, олийҳимматлик, поклик улуғланган, зулмкорлик қораланган. Турли халқ вакиллари — Автандил (араб), Тариэл (ҳинд) образлари орқали халқлар дўстлиги мадҳ этилган. Нестон — Дарижон мисолида эса аёлларга хос ажойиб инсоний фазилатлар умумлаштирилган. Асар қаҳрамонлари бахт ва адолат тантанаси учун курашувчи кишилар бўлиб, уларда 12-асрда Грузияда яшаган илғор кишиларнинг энг яхши фазилатлари мужассамлашган. Шоир қўрқоқ ва иккиюзламачи шохларни қоралаган. Аммо инсонпарвар подшо бошчилигидаги ягона, бирлашган, кучли давлат тузилишини орзу қилган.
Руставели жаҳон адабиётида биринчи бўлиб, савдогарлар ҳаётининг реал картинасини чизган ва уни идеаллаштирилган сарой рицарлари ҳаётига қарама-қарши қўйган. Шахс эркинлиги, фикр ва туйғулар эркинлиги мадҳ этилган. Умумбашарий ғояларни биринчи ўринга қўйиб, қаҳрамонлар психологияси, воқеалар моҳиятини чуқур оча билган. Кадимги миллий маданиятни, фольклорнинг энг яхши анъаналарини ўзлаштириб, грузин шеъриятини юқори поғонага кўтарган.
Руставелининг поэтик нутқи мажозийлиги, ҳикматларга бойлиги билан ажралиб туради. Асари жаҳон халқлари тилларига, жумладан, ўзбек тилига таржима қилинган (Миртемир, Шайхзода ҳамкорликда, 1959). Тошкентнинг марказий кўчаларидан бирига Руставели номи берилган.

ЙЎЛБАРС ТЕРИСИНИ ЁПИНГАН ПАҲЛАВОН

ДЕБОЧА

Сен, раббоний қудратинг-ла коинотни яратдинг,
Бу ранго-ранг ер юзини халойиққа қаратдинг.
Кўкдан энган нафасингдан барча махлуқ топди жон,
Ўзинг монанд султонларни тахтда қилдинг ҳукмрон.

Бируборим, хар махлуққа ўзинг бердинг қиёфат,
Ўзинг мени ярлақагин, йўқолсин иблис-офат.
Юрагимда муҳаббатни умр бўйи сақлагин,
Гуноҳларим кечир, тангрим, узрларим ёқлагин!

Шер султонки, қалқон-найза, тиғи паррон эгаси,
Зулфи ақиқ бонумизки, замона маликаси,
Ёзолмасам керак улар шаънида таъриф-ғазал,
Ким уларга бир тикилса, топар гўё бол-асал.

Тамаранинг ҳашамати қамаштирар кўзларни,
Гулчамбардай ўраб бердим мадҳияли сўзларни,
Ақиқ кўзнинг қўлларидан сиёҳ ичди қаламим,
Ништар каби юракларни тилсин куйим-аламим!

Маликаи Тамарани ширин куйда куйламоқ,
Мужгонларин, биллур юзин, лаъли лабин сўйламоқ,
Осон эмас мадҳ айламоқ инжу тишин ва қошин,
Аммо олмос қирралашга ярар юмшоқ қўрғошин.

Менга лозим сўз қуввати, оташин дил ва рубоб,
Менга лозим фаросатки, зеҳним олсин ундан тоб.
Улуғлайлик Тариэлни, у оламнинг зийнати,
Охиратлик ўртоқ бўлмоқ уч ботирнинг қисмати.

Тариэлнинг мотамига кўтарайлик биз фиғон,
Бундай дардга дучор бўлди на гадою на султон.
Мен-ку исмим Руставели, изтироблар кўрдим мен,
У қадимий эртакларни инжу каби тердим мен.

Ошиқ эрсанг порламоқда бўл офтоб мисоли,
Қаҳрамон бўл, ҳусну жамол ўлчовининг тимсоли,
Пойгаларда биринчи бўл, садоқатли ва ботир,
Бўлмаса шу фазилатинг, ким дер сени баҳодир?

Бахтлиларга кўринган туш, қалблар сири, оҳ севги,
Тез сўнувчи учқун эмас кўнгилларнинг оҳанги.
Севги билан зиногарлик ўртасида сарҳад зўр,
Сўзимни уқ: бу иккови бўлолмайди сира жўр.

Муҳаббатда вафокор бўл, пасткашликка бегона,
Айрилиққа чидаб тургин, сабр қилгин мардона;
Сен ягона маъшуқангга мухлис бўлгин барқарор,
Фаҳшу зино, нафсоният назаримда кўп мурдор!

Қаллобларнинг қуллуғини чин севги деб айтмаслар,
Шу бугун-шу, эртага-у, ахир у ҳам бездирар.
Бу — бошвоқсиз йигитликнинг бизга таниш қилиғи!
Кимки нафсин тийиб турса, у ошиқнинг улуғи.

Чиндан севсанг, тунда йиғлаб ўтирасан сен бедор,
Чопқир кунлар ташвишида хаёлингда азиз ёр.
Куйган киши бўлиб йиғла, қил хилватда жиннилик,
Ҳокимларни кўзга илма, ёр олдида тургин тек.

Чиндан севсанг, севгингни ҳам, нолангни ҳам яширгин,
Шайдолигинг билдирмагин, ғийбатлардан қочиргин.
Юрак сиринг халойиққа бўлмагай ҳеч ошкора,
Қувониб тур ишқ ўтида бўлсанг ҳамки дилпора.

Руставелик қўшиқчиман, Маликага нағмагўй,
Ўртанаман ошиқларга йўқ сеҳрли бир дору,
Ўлим олди мен лашкарлар ҳокимасин чорлайман,
Ё шифо бер, ёки мангу уйқу бер деб зорлайман.

Минг-минг кафтда жилваланган жанубнинг дурдонасин,
Гуржистонга кўпдан берли маълум Шарқ афсонасин —
Меҳр қўйиб пардозланган мисраларга тиздимки,
Маликанинг лутфи бирла камайсин азоб юки.

Бир қарашин кутиб кўзим кўзларидан қамашди,
Ишқ шайдоси, дарбадарман, бўлиб қолдим мен даштий,
Руҳга сафо бермоқчиман, ўртанса-да баданим,
Уч сифоҳий баҳодирни қилғусиман тараннум.

Биз ёзмишнинг инъомига севинайлик аввалдан,
Жанг сипоҳга, қўш деҳқонга қисмат экан азалдан.
Ошиқ учун муҳаббати армуғондир гўзалдан,
Сақлаб турсин севгисини ғийбатдан, бадназардан.

Нағмасозлик донишмандлар шоҳлигида бир ўлка,
Равон оҳанг ёқиб қолар қулоқларга ва дилга..
Куйчи фикри туғилади сидқи дилдан, бепардоз,
Сиқиқ сўзлар ҳалқасида кенг фикрлар ғоят соз!

Олис манзил чопиб келган арғумоқлар синашта,
Ўткир кўзли коптокбозлар ютар ўйин ўйнашда.
Қўшиғингда жон қолмаса, байтлар ётса кўп хаста,
Шоир, тўхтат мисраларинг чопишини бирпасда.

Илҳомлари қуриб қолган шоирларга қараб боқ:
Чечанликдан асар қолмас, вазни сохта ва оқсоқ—
Шундоқ экан ё жим турсин, ё коптогин бир урсин,
Ундан кейин қўшиғини таваккал деб битирсин.

Иттифоқо чала-чулпа бир-икки байт айтса-ю,
Мисраларни битта нўноқ қофияга жуфтлаб у —
«Баракалла!» кутиб турса, бу даъвонинг асли йўқ,
Ўжар эшак каби ҳанграр: «Ана шеър, мисли йўқ!»

Иккинчи хил шоирлар бор: санъатлари миёна,
Чангалзорда писиб юрган ёш овчидай бачкана,
Сўзларида на илҳом бор, на олов бор, на қанот,—
Йиртқичлардан ҳайиқади, майда қушни отса шод.

Учинчи хил шоир борки, гоҳ қизларга ишқнома,
Гоҳ дўстларга ҳажв ёзар, гоҳо ёзар тўёна.
Бундайлар ҳам чакки эмас, равшан бўлса маъноси,
Достонларда билинади шоирларнинг аълоси.

Ким изтироб тортган бўлса илҳом унга келади,
Бундай шоир нигорига ихлос қўйсин абадий.
Маъшуқага бағишласин барча хаёл ва эсин,
Рубобини унга созлаб, севганин «тангрим!» десин.

Кимлигимни энди билинг: мен маҳлиқо бандаси,
Йўлбарс хулқли ўша дилбар ҳаётимнинг эгаси.
Гапдан қўрқмай, қўшиғимни мен унга бағишлайман,
Дабдабасин достон қилиб куйлайман, олқишлайман.

Менинг меҳрим малакларнинг соф ишқига ўхшайди,
Уни сўзда айтиб бўлмас, яшириндир ҳикмати:
Кўк фазога учмоқл,икдир ошиқларнинг қисмати,
Улар билан бирга учар ернинг дарди, ҳасрати.

Кўп синашта донолар ҳам бу севгига тушунмас,
Ҳатто баднафс зиногарлар гаранг бўлиб бир нафас,
Толеларин қарғаёлмай ҳайронликда, тўсатдан —
Зўрға нафсин тийиб туриб бу софликка берар тан.

«Мажнун» ила «ошиқ» сўзи арабларда бир гапдек,
Ошиқ агар нўноқ бўлса, хаёлида ортар кек.
Осмоний камолотга кўп покиза дил керак,
Йўқса, нафсинг қули бўлсанг, хор бўларсан ғубордак.

АВТАНДИЛНИНГ АРСЛОН БИЛАН ЙЎЛБАРСНИ
ЎЛДИРГАН ТАРИЭЛНИ ТОПИБ ОЛГАНИ

Машаққатли йўллар юриб Автандил кўп уринди,
Тоғ бағрида сояликда бирдан кўзга чалинди —
Қора тулпор, югани бўш, ўтланарди у ерда,
«Тариэлнинг изин топдим!» деб ўйлади саркарда.

Қалб толпиниб, шод туйғулар қоплаб олди кўнглини,
Эски дардлар тўсолмади хурсандчилик йўлини.
Аввалгидай қатрон ўзга, гул ўзгача бўлганди,
Дўстин пайқаб унга қараб Автандил тез елганди.

Ликиллаган бир қамишнинг тагида у ётганди,
Ғамгин чеҳра мурдаларнинг юзидай оқ, қотганди.
Ёқалари йиртилганди, юзларида лахта қон,—
Бу дунёни аллақачон тарк этгандай ул ўғлон.

Бир ёнида ўлик йўлбарс, бир ёнида жонсиз арслон,
Бир томонда қилич ётар, сопи, дами — бари қон,
Ақиқ қора киприклардан оқар кўзнинг чашмаси,
Олов сўниб музламоқда эди унинг сийнаси.

Тариэлнинг эси-ҳуши аста-секин учмоқда,
У ажални сезаётир, сустлик уни қучмоқда.
«Тариэл!» деб қичқирса ҳам жавоб олмай Автандил,
Отдан тушиб уни дарҳол қучиб олди астойдил.

Артиб унинг кўз ёшларин, овунтирди, сийлади,
Ёнбошига ўтирди-ю, меҳр билан сўйлади:
«Узоқ дайдиб юрсам ҳамки, сенга қайтиб келдим-ку!»
Аммо ботир чурқ этмасди кўзда, фақат ғам, қайғу.

Нақлим тўғри: у ғарибнинг дудоқлари юмилди,
Кўзларидан ёш тўкилиб нур зулматга кўмилди,
Ҳушга келиб Тариэл ҳам уни қучди меҳрибон,—
Худо шоҳид, жаҳонда йўқ шундай икки паҳлавон.

Деди: «Билки, мен ваъдага вафо қилдим, албатта,
Келишингни кутиб турдим, боқ шу нимжон ҳолатда.
Лекин энди мени қўйгин! Умримнинг муҳлати оз!
Мени қурт-қуш титмасин деб кўмгани бир қабр қаз!»

Автандил дер: «Биз мақсадга жазм қилиб борамиз,
Бу дунёнинг севгисида синов — заҳмат кўрамиз.
Шу фалакка бўйин эгмоқ одамзодга номус-ор.—
Ким ўзига қасд айласа, у иблисга хизматкор!

Донишманд бўл! Ҳикмат билан тўсиқларни енг-ташла!
Эр киши мард бўлмоғи шарт кам йиғла-ю, кўп ишла!
Балоларга, бахтсизликка қалъадай тур устивор,
Банда ўзи телба бўлса, дардга бўлар гирифтор.

Донишмандлар омадларга ҳикматни она дейди:
Саҳроларда сув қидирган сароб кўриб панд ейди?!
Сен ҳаммани ёмон кўрсанг, нур топасан кимлардан?!
Ахир ўзин танғиб турмас жароҳати йўқ одам!

Кимнинг қалби ишқ куйида куймаптикан бирон пайт?
Муҳаббатда дарду алам кўрмаган ҳам борми, айт?!
Бу оламнинг расми шундай, бадбин бўлмоқ не керак!
Гулни севиб узгувчининг қўлин тирнар тиканак.

Биров гулдан сўраганки: «Сенда лаълий важоҳат!
Шундай экан, бандларингда тиканларга не ҳожат?»
Гул дебдики: «Аччиқ кўрган билар чучук қадрини.
Қиз ҳаммабоп бўлиб қолса, очмас биров баҳрини».

Гуллаш фасли тез ўтса-да, гулнинг раъйи шу йўсин.
Бу ҳаётда жафо кўрмай, ким топибди сафосин!
Ёмонликлар-яхшиликлар мангу ҳамроҳ, ажралмас.
Бешафқат деб сен дунёни қарғамагин! Ундоқмас!

Юр мен билан бирга — йўлга! Насиҳатим тинглагин!
Васвасалар тузоғига тушган фикринг-тилагинг!
Сен нафсингга банди бўлма, васвасани тез унут!
Сўзларимда қаллоблик йўқ, юрагимдан бу ўгут!»

Жавоб бериб Тариэл дер: «Мажолим йўқ, тил карахт,
Фаҳмим хира! Угутларни қандай уқай мен бадбахт!
Толеига кўнган киши қутулолмас азобдан!
Мангу уйқу менга роҳат! Ажалга мунтазирман.

Мен тангрига ялинаман ўлай деган ҳолатда:
Бу дунёда айрилганлар қовушолсин жаннатда,
Менга шундай висол бахти бир кун бўлса муяссар —
Қабримга сен «алвидо» деб тупроқ ташла, биродар!

Севганимни кўрмоқликнинг иштиёқи ғоят зўр.
Биз у билан беҳишт ичра қилурмиз роҳат-ҳузур.
У йиғласа — йиғлашамиз, чақирса —«лаббай!» дейман,
Юзлаб ўгут эшитсам-да, юрагимни тинглайман!

Бор гапимни сенга айтдим. Мен дунёдан безганман,
Руҳим қўмсар само нурин… Умрим битди — сезганман.
Ўлик тана кимга керак?! Тирик қолсам— қўйгин тинч.
Жуссам тезроқ ириса-ю, руҳ юксалса! Шу ўтинч!

Яна панду насиҳатлар эшитмоққа тоқат йўқ,
Ўлим мени пойлаб ту,рар, келгусида омад йўқ!
Фоний дунё охир мени гўрга элтур муҳаққақ,
Тезда гилга айлангуси совуқ таним— бу гап ҳақ!

Ҳикмат нима? Девоналар қулоғига панд кирмас,
Ноумидлик бўлмасайди тинглар эдим ўгут-ваъз.
Ҳаётбахш нур ёғмай қолса, гул сўлиб топар завол,
Дўстим, сенинг кенгашингга кўнмоғим амри-маҳол!»

Автандил кўп ўжар туриб ялинди олий зотга:
«Бу дунёни ташлаб кетсанг етасанми муродга?!
Қалқ мардона! Ўз-ўзига ёв бўлурми оқил эр!?»
Бу ўтинчлар кор қилмади, унамади Тариэл.

«Дўстим, энди ёлборишлар ва йиғилар беҳуда,
Сенга маъқул эмас экан, баслашмайман бу ерда.
Сен ўлмакни чамалабсан — сўлса гуллар, не чора?
Аммо бир гап… йиғламсираб бошин эгди бечора.

«Хайр дедим Арабистон диёрида дилбарга,
Гулчеҳрани у элларда қўйиб, чиқдим сафарга.
Қарорим кўп жазмий эди, бўйсунмадим шоҳга ҳам,
Сен йўқ бўлсанг, ҳеч ким мени қилолмайди шод-хуррам.

Бир ўтинчим қабул этки, ёзилсин дил хумори:
Чўлда бирга бир чопишсак, эй руҳим калиддори!
Шунда дардим, ғаму ғуссам тарқаб кетар бир зумда,
Ундан кейин хўшлашамиз, ихтиёринг ўзингда!»

Ўтинарди: «Қани бирга от чопишсак чўлларда!
Амин эди дўстинг ғами тарқар отда — эгарда!»
У ялинчоқ кўзлар билан энгашди дўсти томон.
Охир уни кўндирди-ю, дили бўлди шодмон.

Ғамгин ботир унаб деди: «Майли, келтир тулпорни!»
У отни тез олиб келиб отлантирди сардорни.
Икки иноқ от қўйишди, чўллар оша чопоғон.
Тариэлда куч тирилди, чакакларга тўлди қон.

Автандилнинг ҳар бир сўзи рубоб каби хушнаао,
Дудоқлари маржон янглиғ қирмизи ва мусаффо.
Унинг сўзин эшитсайди кексалар яшаргудай,
Тариэлнинг дарди тарқаб яшнади юзи шу пайт.

Оғасининг кайфияти тузалганин кўрганда
Автандилнинг чеҳрасида товланди қувонч-ханда.
Чиққан қўлин табиб қандай тузатса заҳмат билан,
Автандил ҳам дўст азмини қайради ҳикмат билан.

Худди қайта тирилгандай ботир уни тингларди:
«Сен дўстингдан бекитмагин энг яширин сирларни,
Қўлингдаги билагузук севганингдан ёдгор,
Айт-чи, сенга бу азизми? Жавоб бергин, эй сардор!»

Дўсти деди: «Уша қизни мақтагани сўз етмас!
Барча қувонч ва изтироб унга боғлиқ чамбарчас.
Оламдаги барча бойлик — сувлар, ерлар, ўрмонлар
Унга қиёс қилинганда хору хасдай туйилар».

Автандил дер: «Сендан кутган жавобим ҳам худди шу!
Ҳамма гапни тўғри айтай, мен эмас хушомадгўй.
Билагузук сенга ирим: лекин эсда йўқ Асмат,
Бундай ношуд ҳаракатни одамлар дер хиёнат.

Билагингда билагузук мунаққаш ва жилоли,
Бу зийнатга ким қараса, кўзи яшнар сафоли.
Аммо Асмат канизинг-ку, бу феълинг чакки бўлган.
Синглимдир деб тутинганинг шунча тез унутилган!

У сенга ҳам, ёрингга ҳам бўлган содиқ дастиёр,
Олиб келган мактублардан кўнглинг бўлган бахтиёр.
Қуёш юзли шоҳ қизининг сирдошини унутдинг!
Яхшиликка жавоб қилиб, ёмонликни пеш тутдинг!»

Тариэл дер: «Аччиқ сўзинг ниш уради дилимга,
Асмат чиндан ғамдош эди менга ва севгилимга!
Мен ақлимни йўқотгандим, энди ҳушни тиклайман,
Тирик қолсам уни худди ўз синглимдай сийлайман».

Тариэлнинг кўз ёшлари тиниб кетди тамоман,
Мен бу икки қаҳрамонни тасвирлашга ожизман!
Инжу тишли, гул дудоқли Тариэл ва Автандил,
Илонларни уясидан чиқаради ширин тил.

Автандил дер: «Мен дўст учун жонимни ҳам тикаман,
Сени собит бўлмоқликка чақираман, ака, мен!
Доноларча иш қилмасанг, донолигинг бефойда,—
Бойликлардан воз кечганга сандиқлардан не фойда?!».

Жавоб берди Тариэлки: «Маслаҳатинг кўп мақбул,—
Оқилларга устоз маъқул: тентакларга номаъқул.
Аммо азоб водийсида борми менга мададкор?
Сен ҳам мендай ишқ бандаси, сўзим сенга қилмас кор!

Мум оловга ҳуштор экан, ёниб эрир шам бўлиб,
Сувга солсанг, совиб қолар, тунга нурдай кўмилиб.
Бировларнинг қайғусига дардмандлар тушунар,
Сен ҳам тушун: менинг жоним шам мумидай ўртанар».

ТАРИЭЛ ВА НЕСТОН-ДАРИЖОННИНГ ТЎЙИ

Муродига етди буткул Тариэл ва Дарижон,
Етти иқлим фармонбардор, мамлакати шодумон,
Бадбахт кунлар унутилиб, севинчларга бўлди ғарқ.
Аччиқ тотмай, ширин ҳаёт қадрин киши қилмас фарқ!

Қиз ва йигит жамолидан қуёш эди хижолат,
Иккови ҳам тож кийди, деб жар солишди ниҳоят,
«Шоҳимизга шараф» деган садо учар осмонга,
Хазиналар ўтди тамом паҳлавони жаҳонга.

Автандил ва Фаридунга тайёр икки олтин тахт,
Икков қатор ўтиришар, олқиш ёғар узоқ вақт.
Тангри ахир яратмаган уларга тенг қаҳрамон,
Ўтмишларнинг саргузаштин тинглашарди бор меҳмон.

Хўп ясанган канизаклар, нозу неъмат мўл-тўкин,
Аср бўйи эсдан чиқмас шоҳона тўй — шод, гулгун,
Мамлакатнинг ҳар ёнидан келди беҳад тўёна,
Фақирларга ва шолларга берди эҳсон-иона.

Ўрда аҳли Автандил ва Фаридунга дер: «Балли,
Бахш этдингиз бизга ҳаёт севинчи ва тасалли!
Не десангиз — бажарилур, сиз — бошларга соябон».
Тўйга саф-саф одам келур, хабар олмиш ҳар томон.

Подшоҳ дер: «Асмат, биз деб бало кўрдинг сен зиёд,
Яхшилигинг бу дунёда қилмаган ҳеч одамзод.
Сенга бўлсин Ҳиндистоннинг еттиламчи ўлкаси,
Бизга содиқ вассал бўлгил, бир ўлка хон бекаси!

Ихтиёринг ўзингдадир — лойиқ куёв сайлаб ол,
Давлатимиз соясида йиллар бека бўлиб қол».
Ерни ўпиб Асмат йиғлар: «Мени қилдинг бахтиёр,
Сенинг содиқ чўринг бўлай, то танимда жоним бор».

Меҳмонлар-ла ишратдадир оға-ини уч ўғлон,
Шоду хуррам кун ўтказар бир кишидай учовлон.
Шоҳ бағишлар полвонларга инжу-гавҳар, тулпор от,
Тинатиннинг ёди билан Автандил кўп бетоқат.

Баҳодирнинг ташвишини пайқади тез Тариэл,
Деди: «Нега бугун ғамгин кўринасан, бери кел!
Олдин етти қайғинг борди, саккизинчи ғам нега?
Айрилурмиз, лекин дўстлик узилмасин мангуга».

Автандил дер: «Кетар бўлдим она юртга, не чора,
Ҳижрон оғир, хайрлашсам, дилим бўлур юз пора,
Аммо содиқ қулинг каби бўйсунаман, дўсти жон,
Оҳу булоқ излагандай, сени дейман ҳар замон».

Тариэл ҳам Ростевонга совға қилди зарбоб тўн,
Тағин тортиқ тўққиз-тўққиз лаган, тобоқ, зар-олтин.
«Ҳоқонингга хизмат айла, совғамни бер, бебаҳо».
Автандил дер: «Айрилиғинг мушкул келур, улуғ шоҳ».

Тинатинга атаб берур заррин сарпо Дарижон,
Ҳеч ким бундай қиммат либос кийганмикан, даргумон,
Олмаспора — ҳар ким кўрса, кошки менда бўлса дер.
Қуёш янглиғ ёнур тунда, ёруғ олур ундан ер.

Тариэлдан йироқлашмоқ Автандилга кўп душвор,
Фироқ ўти юракларни кабоб этар чор-ночор.
Ҳиндулар ҳам аччиқ-аччиқ йиғлашарди жамулжам:
Автандил дер: «Ҳаёт менга оғу бўлди ушбу дам».

Йўлга тушди Автандил ва шоҳ Фаридун дўст-ҳамроҳ,
Ўз юртига қараб кетди йўл сўнгида икки шоҳ.
Қайғулари изсиз кетди сувга чўккан тошдай зил,
Ўлкасининг гуллаганин кўрди келиб Автандил.

Мамлакатнинг сардорига пешвоз бўлди фуқаро,
Қуёш қиз ҳам чиқиб келди кийиб кимхоб сарупо.
Тахт устида қарор топди — ўрдасига ярашуқ,
Тангри берган шону-шавкат, салтанатнинг чеки йўқ.

Уч мамлакат тепасида уч баҳодир ҳукмрон,
Бир-биридан хабар олур, бир-бирига меҳрибон,
Ғанимларни қилич тортиб бўйсундирар аёвсиз,
Душмандан ер тортиб олур — ер кенгаюр тўхтовсиз.

Мол-давлатга ботди барча, гўё бўрон сепди қор,
Етим-есир хайр олди — душманларда йўқ мадор —
Ёв юртида қўзичоқлар сут эмишга зор бўлди.
Баҳодирлар ўлкасида бўри қўйга ёр бўлди.

ХОТИМА

Тун чоғининг тушларидай тугади бу афсона.
Шоҳлар ўтди бу дунёдан. Бебақодир замона!
Узоқ деган муҳлатлар ҳам аслида эмас узун,
Бу қўшиқни мен яратдим, руставелик месх ўзим.

Грузинлар худованди Довудга қуёш — йўлдош,
Бу қўшиқни тизганимда даргоҳига қўйдим бош!
Шарқу ғарбни у фатҳ этди, бўрон каби у юрди,
Мутеъларга далда бериб, хоинларни совурди.

Мен Довуднинг улуғлигин қандай қилиб куйласам?
Узоқ эллар, мақтовларга лойиқ ўзга, муаззам —
Шаҳаншоҳлар таърифида бу қиссаниёздим мен,
Шоирлигим фахри билан байтларимга тиздим мен.

Дунё ўзи бевафодир, дунё йўли жафокор.
Ҳаёт эса мижжа қоққан муҳлат қадар қисқа, тор.
Довдирамоқ нега лозим? Толе кўп беомондир.
Лутф айласа, ҳар иккала дунё умри осондир.

Амиронга қасидасин бағишлади Хонели,
Абдулмасиҳ шижоатин улуғлади Шавтели,
Диларгетни кўп тараннум қилганди Тмогвели,
Тариэлни йиғлаб-йиғлаб куйлади Руставели.

Мақсуд Шайхзода таржимаси

ТАРИЭЛНИНГ НЕСТОН-ДАРИЖОНГА ЁЗГАН БИРИНЧИ МАКТУБИ

Ишққа иқрор, сарвиқомат ёрга ёздим жавоб хат:
“Қуёшни деб ўз йўлини ўзгартади Ой наҳот?
Сенга лойиқ бахтни худо қилсин менга иноят,
Дардимандга нажот тушдай сеҳрловчи бир ҳолат”.

Дедим: “Асмат, ҳисларимни хатда айтиш машаққат,
Нестонга айт, у қуёшдир, нуридан тун беқувват.
Ўлик эдим, жон бағишлаб, қилди менга ёр шафқат,
Доим унга навкар бўлай, шудир шараф-фазилат”.

Асмат деди: “Ёр хоҳиши – махфий бўлсин муҳаббат,
Фақат дилда сақлансин бу хилват висол ҳам суҳбат.
Номим қалқон янглиғ этсин ғийбат сўздан ҳимоят.
Махфий севги – икки кўнгил бирлигига аломат!”

Дарижоннинг насиҳати менга доно маслаҳат,
Жамолининг шуъласидан қуёш бўлур бетоқат.
Гўё янги туғилдим мен, ёр хоҳиши, хуш ният,
Юзин очса, кун тутилар, кундуз бўлур тун – зулмат.

Асматга мен коса тўла гавҳар тутдим шу фурсат,
Олмай, деди: “Сандиқ тўлган, етарликдир зар, давлат”.
Бир жўн узук сайлаб олди, деди менга дарҳайрат:
“Эсдаликка шуни олай, гавҳарга йўқ зарурат”.

Асмат кетди, малҳам олди ундан – дилда жароҳат,
Бағишлади қайғу босган дилга севинч, фароғат.
Тенгдошларим базмига мен келдим дилда масаррат.
Улаштирдим инъом-эҳсон, тузиб улкан зиёфат.

Миртемир таржимаси