Николоз Мелитонович Бараташвили (ნიკოლოზ მელიტონის ძე ბართაშვილი; 15 [27] декабрь 1817, Тифлис — 9 [21] октябрь 1845, Ганжа) — мумтоз грузин шоири.
МЕРАНИ*
Чопар йўлсиз асов тулпор, учар гумбир-гум,
Кўзи куюк қора қарға қарғаб қолар шум.
Уч, Мерани , сенга чек йўқ, олға! Олиб қоч!
Қора қайғум пўртанасин соч, шамолга соч!
Елни ёргин, сувни қоргин,
Қоялардан ўт, инмагин,
Олға! Бесабр бир йўлчиман,
Йўл танобин торт, тинмагин!
Ёлқинда ҳам, ёнғинда ҳам,
Учағоним, бекинмагин,
Гар жонбозинг, чавандозинг
Толса – аяб, чекинмагин.
Тарк этайин ватанни мен,
Майли, қолса тенг-тўш, дўст-ёр,
Туғишганни кўрмам ортиқ,
Тул қолгуси ҳатто дилдор.
Тун етганда – тонгим отсин,
Шу жой бўлсин туғма диёр,
Дил сирларим юлдузларга,
Йўлдошларга айтгум ошкор.
Дил ноласи, қолдиқ севги, фидо денгизга,
Сендек эсар чопағонга, кўрки тенгсизга,
Қора қайғум пўртанасин соч, шамолга соч,
Уч Мерани, сенга чек йўқ, олға! Олиб қоч!
Кўмилмай ўз ватанимда, бобо қабри – соз тупроқда,
Майли, аза очмасин ёр, ёш тўкмасин зил фироқда;
Қора қарға қабрим қазур чет яйлоқда, бўш ўтлоқда,
Суягимни кўмгай қуюн ўкириб зор тим йироқда.
Ўксиз ўлик йиғи кутмас, шудринг томса бас-да гоҳ-гоҳ,
Қавм-қариндош учун йўқлар гала қузғун-чинқироқ оҳ:
Уч, Мерани, олиб ўтгин, қолсин тақдир аталмиш чоҳ,
Бош эгмовди, бош эгмагай сенинг эганг, бўлгин огоҳ!
Тақдир зайли, майли, ўлсам якка ва ёлғиз,
Қайсар ёвман, тиғ тортса ҳам тақдир, букмам тиз.
Уч, Мерани, сенга чек йўқ, олға! Олиб қоч!
Қора қайғум пўртанасин соч, шамолга соч!
Ўлимга дуч жон нияти ҳеч беҳуда кетмас ёлғон,
Сен топтаган машаққат йўл қолади-ку, ахир инон;
Мендан кейин касбдошимга йўл, шубҳасиз, бўлур осон.
Арғумоғи шум тақдирдан олиб ўтар дадил, омон.
Чопар йўлсиз асов тулпор, учар гумбир-гум,
Кўзи куюк қора қарға қарғаб қолар шум.
Уч, Мерани, сенга чек йўқ, олға! Олиб қоч!
Қора қайғум пўртанасин соч, шамолга соч!
Миртемир таржимаси
_________
* Мерани – Грузия афсонаси ва шеъриятида кўп учрайдиган чопқир от.
МЕРАНИ
Йўллари йўқ, сўқмоғи йўқ учар Мераним,
Ёвуз кўзли қора қарға қолар қағиллаб.
Уч, бетўхтов, елларга соч дарду армоним,
Шижоату куч-ғайратда сенга йўқ тараф!
Сувларни кеч, бўронни ёр, тоғу тошдан ош,
Уч, бесабр мен йўлчининг йўлини қисқарт!
Уч, ғиротим, жазирами, ёғадими тош,
Мен чавандоз соҳибингга қилмагил шафқат!
Майли, қолсин бутун ватан, ёру дўст, тенгдош,
Майли, кўрмай қон-қардошим, севган ёрим ҳам,
Тунни тонгга улаб югур, майли, қўймай бош,
Юлдузларга сирим айтиб, бўлайин ҳамдам!
Қолган севгим, юрак оҳим денгизга бериб,
Сенинг учқур қанотингга боғлайин умид!
Уч, қора ўй, аламларим елга совириб,
Уч олдинга, эй Мераним, сенга йўқ ҳудуд!
Майли ҳатто ўз юртимда бўлмасин қабрим,
Майли ёрим бошим узра урмасин фарёд!
Майли чўлда қора қарға қазисин гўрим,
Майли ҳоким чор атрофга сочсин гирдибод!
Севган ёрим кўз ёшини алмашар шабнам,
Қон-қардошим эвазига йиғлайди қушлар.
Уч олдинга, эй Мераним, ҳатто тақдир ҳам
Тақдирига тан бермаган мардни олқишлар!
Тақдир мени тан олмади! Ёлғиз қолсам ҳам
Рақибимнинг ўткир тиғи сололмас даҳшат!
Уч олдинга, эй Мераним, лол қолсин олам,
Менинг мудҳиш ўйларимни елларга тарқат!
Беоқибат қолмас менинг дарду армоним,
Уч, ғиротим, бу йўлларда изинг қолади.
Сендан кейин қардошларинг қийналмай жони
Манзилига асло қўрқмай отин солади!
Йўллари йўқ, сўқмоғи йўқ, учар Мераним,
Ёвуз кўзли қора қарға қолар қағиллаб.
Уч бетўхтов, елларга соч дарду армоним,
Шижоату куч-ғайратда сенга йўқ тараф!
(1842)
ГЎДАК
Гўдак чуғурлаши жонимга роҳат,
Оҳ, ширин тилига мафтунман ҳамон.
Шу ширин тиллари онага жаннат,
Кўнглини кўтарар мисоли осмон!
Оҳ, унинг дунёси бегуноҳ, беғам,
Онаси меҳрига муҳтождир фақат.
Шу меҳр-эркалаш унга бир олам,
Шу олам қўйнида кўтарар қомат.
Ўз умри ҳақида ўйламас асло,
Ўткинчи кун ғами унга бегона.
Кўз очиб дунёга келгани асно
Ғамхўри бўлгандир ота ва она.
Маъсума гўдаксан, яйраб қол, эй, жон,
Шодликдан бошқани билмайсан ҳали.
Ҳали сен эркинсан, бу сохта жаҳон
Ор қилар бошингга савдо солгали!
(1839)
ЕТИМ ЮРАК
Етимлар ғамини емасин ҳеч ким,
Майлига ўртаниб, ёнмасин бир жон.
Ва лекин ким бўлса юраги етим
Ўшанинг ташвиши ёмондан ёмон!
Дўстидан ногаҳон айрилган одам,
Бир куни бошқасин топиб олади.
Ва лекин қалбига топмаган ҳамдам,
Умрбод ўкиниб, нолон қолади.
Дунёда ишончин йўқотган одам,
Ҳеч кимга юрагин очмайди кейин.
Барчага боқади шубҳада мудом,
Бундайга яшамоқ янада қийин!
Юраги етимлик ҳаммадан ёмон,
Шодликдан ҳамиша маҳрум бўлади.
Ёлғизлик умрбод дилида армон,
Фақат бир оҳ урмоқ унга қолади!
(1839)
Шуҳрат таржимаси