Котэ Кубанеишвили — грузин шоири, адабиётшунос, таржимон. 15 дан ортиқ китоб муаллифи.
* * *
Болалигим шаҳрида менинг
тўқиларди булутлар
самовий ипдан.
Болалигим шаҳрида менинг
шу қадар ёниқ юдузлар
кўринар ҳаттоки кундузи.
Болалигим шаҳрида менинг
бодом сира гуллаб тугамас,
хўроз ўз эртагин
тўхтовсиз минғирлар.
У ҳозир ҳам кўз олдимда
менинг болалигим шаҳри —
қўлингни узатсанг бас!
Бироқ қўл муаллақ қолар бўшлиқда…
ахир менинг болалигим шаҳри
тушларимда мавжуддир фақат.
* * *
Яхшиямки, ақча йўқ сенда,
Уни сочиб-тўзиб юрмайсан.
Яхшиямки, хаста юраксан,
Аниқ билиб, ўлчаб тинмайсан.
Яхшиямки, оғрийди бошинг,
Балки, бўм-бўш унинг ичи ҳам.
Яхшиямки, омадсиз ёшинг
Рўшноликни ўйлайсан ҳар дам.
Яхшиямки, тишинг олишди,
Парҳез қилиб, энди чидайсан.
Яхшиямки, ўғлинг ўшқирди,
Энди сира бўшанг бўлмайсан.
Яхшиямки, иморатинг йўқ,
Оромкурсинг босмас энди чанг.
Яхшиямки, бошингни урдинг –
Энди оғриқ шеър ёзар, аттанг!
Рус тилидан Даврон Ражаб таржимаси