Панос Таситис (1923)

ЁЛҒИЗЛИК

Биз доимо нимадир топамиз
Ва нимадир йўқотамиз,
Балки муомалада бўлар
Ханжарларимиз.
Юзимизда бир хил доғлар,чандиқлар қолар.

Барибир, ўйлайман,
Дўст бўлганмиз-ку, токи
Елкама-елка, сўнгги лаҳзагача
Зарбалар дўстлигимизни
Қоқ иккига бўлмагунича.

Шу лаҳзада
Қўрқиб,
Ўзимда йўқ
Маъюс, умидсиз турибман,

Турибман-у, ўликларга аччиқ йиғлайман –
Сизга улар таниш, балки сиз ўлдиргансиз,
Лекин энди оқсиз, сизга тегиб бўлмас,
Мендан шунчалик узоқсиз.

Биз бу дунёга бўлак-бўлак келдик
Ва бўлак-бўлак кетармиз.

ГУЛҚОҒОЗ

Қоғозни
Қоғозга мумладик,
Эски сўзларни
Янгиси ёпди.
Янги ниқоблар
Эскисини бекитди,
Эски хабарларни
Янгиси қоплади.
Уя деб атадик
Ўлган қушлар қабрини
Қайсидир қуш пати шамол қўзғатди,
Жим бўлишди – йўқ – қичқиришди,
Чунки,
Қушлар –
Бор йўғи – соялар.
Шугина тасвир
Тасвир бўлиб англайди
Асл ҳолатимиз, моҳиятимиз,
Улар фариштадай,
Сукунатда
Бизни қанотида парвоз қилдирар.

* * *

Юзинг сокинлиги – бир ниқоб.
Ичинг – умидсизлик.

Оқарган сув бирдан тўқ қизил бўлди,
Совуқ етиб борди юрак тубига.
Ўпирилган кўчалар қорайган, бирон белги йўқ
Ва теградан кетмаган қашшоқлик шарпаси.
Денгиз қирғоғида кўрганларингни
сукунат ютар,
Ҳавода – қотган қўллар, оёқлар, юзлар,
Худди
Тасма узилар пайтки кинолавҳадай.

Узоқ қуйган жала мажолингни қуритар.

Рус тилидан Рауф Субҳон таржимаси