Манолис Анагностакис (Μανόλης Αναγνωστάκης; 10 март 1925, Салоники — 23 июнь 2005, Афина) — грек шоири ва танқидчиси.
«P. S.» китобидан мансура
Фақат унинг бармоқларини чизиш учун у мусаввир бўлмоқчи эди.
Якшанбада кун оққан пайт ҳамма футбол ўйинидан кейин майдон яқинидаги емакхонага йўл олганда, у уйга шошарди – дарс қилиши керак эди.
Яхудийлар маҳалласида ҳеч ким у билан ўйнамасди, чунки у яхудий эмасди-да.
Эски дўстларга ҳаяжон билан қарайсан, эски жазманларга эса – жирканиш билан.
Шу тахлит аста-секин ён-атрофинг бўшаб қолади.
Мактуб ҳам кутмай қўясан.
Унутиш мумкинлигига ишонмасдинг, мана унутдинг ҳам.
Аккордеон овозини эшитмаганингга ҳам анча йил бўлди…
Унга аблаҳ эканини қандай айтасан, – ахир у йигирма йил қамоқда ўтирди …
У ўлимдан қўрқмасди – ҳарқалай, бировнинг ўлимидан қўрқмасди-да.
Кўҳна, серодам оилалар фаранг романларида бўлади – ака-укалар, тенгдош жиянчалар, шаҳар ташқарисидаги кенг ҳовлилар – ва яна қайноқ ёз.
Орадан саккиз йил ўтгач, у аёлнинг телефони ўша кеч ишламай қолганини билди.
Битта-ягона шеърда қанчалар маҳмаданалик бор.
Бир хомтамаликнинг ўтмиши.
Қовоқхона «Гўзал Севилья» деб аталарди.
Кальвос ва Соломос йигирма йил бир шаҳарда яшадилар ва ҳеч қачон бир-бирларига юзма-юз келмадилар.
Сен ҳеч қачон дафн маросимларида йиғлаган эмассан.
Унда, эски журналларда, уларнинг бари энди ўлиб кетганлар.
У ҳатто ўша аёлнинг телефон рақамларини ҳам севарди.
Ҳамиша икки тоифа бор: арбоблар ва томошабинлар.
Эслаяпман, эсимда бор – демак, ўзим ҳам ҳали борман.
Столининг тортмасида у отасининг ёзишмалар дафтарини топиб олди.
Интеллектуал жасорат мавжуд эмас.
Яшадик – яъни: вақтичоғлик қилдик.
Эсдаликлар ишлаб чиқарувчи корхонаман.
Яна ёмғир …
Сен мендан бор-йўғи етти ёш каттасан – аммо Испанияда жанг қилишга улгурдинг.
Инсонпарварлик мақсадида қилинган ёвузлик!
Сўзларни ахтариб-ахтариб, мана – ёлғон сўзлашга ҳам тушдилар.
Ҳақиқат сўзини муқаррар катта ҳарф билан ёзишни исташи асабига тегарди.
“Мундарижа”даги сарлавҳаларнинг ўзи, агар уларни бирин-кетин ўқисанг, янги шеърга айланади – энг яхши шеър: ортиқча сўзларсиз, маҳмаданаликсиз, ясамаликсиз, безаксиз.
Сен ҳам қариб қолдинг.
У изларди – сўзларнинг ортида ҳеч нарса йўқ эди.
Ҳақиқатга талабгорлик – қанақа ҳақиқат?
Нақадар гўзал китобларни ёзамиз, нақадар нафис қўшиқларни куйлаймиз, нақадар латофатли дафн маросимларида йиғлаб ўтирамиз.
Сукут.
Ниҳоят, улар яна ўша сўзларга қайтдилар: дўстлик, тушуниш, ишонч.
Карим Баҳриев таржимаcи