Аристотелис Валаоритис (1824-1879)

Аристотелис Валаоритис (Αριστοτέλης Βαλαωρίτης) — XIX асрда яшаб ижод қилган атоқли юнон шоири. У 1824 йили Лефкас оролида туғилган. Шоир юнон шеъриятидаги Етти орол мактабининг энг ёрқин вакили ҳисобланади. У тирик чоғидаёқ миллат шоири деб аталган. Костис Паламас ёзганидек,Валаоритис ҳамиша китобхон миллатдошларига ўз шеърлари орқали «мен» эмас, «биз» деб мурожаат қилган.

ДИМОС ВА УНИНГ МИЛТИҒИ

“Болаларим, қаридим мен. Олтмиш йил ортда.
Эллик йилки, тўйиб ухлаганим йўқ, охир чарчадим, уйқуга кетаман энди.
Юрагим тинди, бўлди адо. Дарё бўлиб оққан қонлар тушди сўнги томчисигача.
Уйқуга кетарман энди. Буталарни кесинглар.
Навниҳол бўлсин ҳали суви қочмаган, ҳўлдир новда.
Новдани тўшанглар – ва мени шох-шаббалар устига ётқизинг.

Ким билади, вақт ўтиши билан қабрим тепасида гуллар қай дарахт!
Қад ростласа улкан чинор, унинг қуюқ соясида
ёш ўғлонлар милтиқларин осарлар шохга.
Ёшлар менинг ва сафдошларимнинг жасоратини этарлар мадҳ.
Сарв дарахти ўсиб чиқса, қора азадорлик кийимин кийса –
қариялар ёш дарахтга пишган мева териш учун келарлар.
яраларини юварлар ва Димосни оларлар ёдга.

Олов ўғирлади шамширимни, кучимни олди йиллар.
Вақтим битди. Керакмас кўз ёш. Ўғилларим, бардам бўлинглар.
Жангда тобланган ботирнинг ўлими ёшларга ҳаётни қолдирар мерос.
Яқинроқ келинглар. Атрофимни ўранглар. Бош устимга эгилиб,
кўзларимни ёпинглар, оқ фотиҳа олинглар мендан.

Кенжа ўғлим, баҳодирим тоғ чўққисига чиқсин.
Милтиғимни олсин қўлга, содиқ пилтамилтиқни.
Самога уч марта ўқ отсин ва қичқирсин уч бор:
“Кекса Димос кетди бизни ташлаб, адо бўлди Димос!”

Тоғ дараси оғир хўрсинар, қоя айтар марсия,
тоғлардаги арвоҳлар қўзғолар ва жўшар ирмоқлар,
ва тоғлар бошидаги салқин шабадаларнинг нафаси сиқар,
шамоллар мадорсиз қанотларин пастга туширар,
бу уввосни илиб олиб, тарқатишдан чўчир, –
тарқатса кўҳна Пинд ва Олимп эшитар,
мангу қорлар эриб кетар ва қуриб қолар шоху буталар.
Югур, болам, шошилгин. Чиқ энг юксак чўққига.

Уч бора отилсин милтиқ. Уйқуга кетарканман мангу,
бу гумбур-гумбурни эшитай сўнг бор, сўнгги бор.

Ёш баҳодир чопар оҳу каби. Қояга чиқар шиддаткор.
Тоғнинг чўққисига чиқиб, бақирар уч бор:
“Кекса Димос кетди бизни ташлаб, адо бўлди Димос!”
Қояларни тутди қалтироқ, жарликлар отилар ингроқ.

Баҳодир биринчи бор отар. Иккинчи бор ҳам отар ўқ.
Ва, ниҳоят, мана охирги, учинчи бор. Шонли пилтамилтиқ
ўкирар, ёввойи ҳайвондай ҳайқирар, оғзини очар
ва ёрилар, қўлдан тушар, йиқилар яраланган ботирдай,
қоядан жарликка, дарёга йиқилар – энди йўқ у, энди у йўқ…

Димос бу гумбурлашни эшитди, чуқур уйқу ичра эшитди.
Ва жилмайди, кейин – мангу уйқуга кетди…
Кекса Димос кетди бизни ташлаб, тамом бўлди Димос!
Баҳодирнинг салобатли руҳи учар,
самодаги милтиқ гумбурини учратар,
биродардай бағрига босар,
булутлар ортига кетар –
сўнар, энди улар йўқдир
Йўқликда…

Рус тилидан Карим Баҳриев таржималари