Ай Цин (1910-1996)

Таниқли шоир Ай Цин (艾青) (1910 — 1996) ХХ асрда Хитой шеъриятининг энг ёрқин намояндасидир. У 1929—1932 Францияда таълим олган. 1932 йилда ватанига қайтгач, Шанхайни бошқарган француз маъмурияти томонидан «бузғунчилик»да айланиб қамоққа ташланган. 1935 йилгача қамоқда сақланган ва илк шеърини маҳбусликда ёзган Ай Цин учун бу йиллар шоир сифатида шаклланиш даври бўлди. 1936 йилда унинг илк шеърий тўплами «Даяньхэ» нашр этилган. 1937—1945 йилларда кечган япон-хитой урушига қарши ватанпарварлик руҳидаги шеърлари уни мамлакатнинг таниқли шоирига айлантирди. Айни шу даврда унинг сермаҳсул ижодининг натижаси сифатида «Қуёшга талпиниб», «Шимол», «У иккинчи марта ўлди», «Машъал», «Зоя», «Тонгдан хабар» тўпламлари нашр этилди.
Ай Цин ижоди шеърдаги руҳий товланишлар жиҳатдан Гийом Аполлинер, Эмиль Верхарн, Уолт Уитмен, Вл. Маяковский таъсирида шаклланиб, ўзига хос эркин шеър шакллари йўналишида ривожланди.
Ай Цин 1949 йили Мао Зедун раҳбарлигида амалга оширилган инқилобдан сўнг бошланган социалистик жамияти қурилиши,ер юзида тинчлик учун кураш, Совет Иттифоқи билан яқин алоқа ўрнатиш тарафдори сифатида кўринди. Бу даврда у нафақат шоир, шунингдек адабиётшунос, шеър назариётчиси сифатида ижод қилди. 1957 йили бошланган маданий инқилоб даврида хунвэйбинлар томонидан қаттиқ сиқувга олинди. 1958—1961 йилларда у дастлаб Маньчжуриядаги, кейинчалик Синьцзян-Уйғур мухтор районидаги меҳнат лагерида сақланди.
1978 йилгача унинг шеърлари бирон бир матбуотда чоп этилмади. Фақат 1980 йилда ҳукумат ижозати билан унинг «Қайтиш ҳақида қўшиқ» китоби чоп этилди.
Ай Цин ўз даври ва мамлакатининг буюк шоири эди, айтишларича унга ҳатто шеър ёзишни беҳад севган Хитойнинг олий раҳбари Мао Зедун ҳам зимдан ҳасад кўзи билан боққан. Яна айтадиларки, вақт ўтиб айни шу қаҳрли ҳасад шоир ижодига нисбатан аёвсиз қатағонга айланди (Маълумотни Хуршид Даврон тайёрлади).

ҚАМИШ СУРНАЙ

Марҳум шоир Аполинер хотирасига

J’аvаis un mirilition que je n’aurais
pas echanqe contre un baton
be mare’cnal de France (1)

G. Apollinaire (2)

(2)

Ранго-ранг Оврупонгдан қайтар чоғимда
Қамиш сурнай обкелдим
У билан бирга
Буюк Ғарбни кездим
Ўз юртим янглиғ
Энди эса сенинг «Аlсооlс(3) инг Шанхай
Миршабхонасида

Мен «жинояткор»

Бу ерда
Қамиш сурнай ҳам фитначи саналар
Мен эслайман уни
У самимият-ла сийратин ёдимга туширар Оврупонинг
Жаноб Аполинер,
Сиз фақат полоний (4) эмас
Сиз
Тасаввуримда
Бўлакма-бўлак ҳикоя қилинган
Монмартр афсонасидирсиз

Узундан-узун дилнавоз
Титрагувчи сўлғин сўлиқ бўялган
Ҳақиқ лабларидан Маргаританинг
Учиб чиққан намтупроқ рангли афсонадирсиз
Ул Маргаритнинг синчил нигоҳидан
Нафрат тупуклари сачраётгани йўк
Қорачиғлари чеккаларида
Жизғанак очкўзлик лангиллар
Ҳирслимараз ўғри Оврупонинг очкўзлиги

Лек
Мен дили жон қадар севарман Оврупонгни
Рембо ва Бодлер Оврупосини
У ерда
Очликдан қакшаганман гоҳ
Қамиш сурнай дардларимни куйлаб йиғлаган
Одамлар кулганлар қилмишларимдан
Чун қилмишлар меники эди

Одамлар дилларин эшигин очмаганлар қўшиқларимга
Чун қўшиқлар меники эди
Жин урсин
Сизнинг қачонлардир куйланган «Марсельеза»нгизни
Ўшадир шаҳват ботқоқларига
Улоқтирган латойиф ғалаба ҳосилларини

Бугун
Бастилияда ҳибс этилганман
Парижникида эмас

Қамиш сурнаймас ҳамдардим
Пўлат кишанлар жаранги қўшиқларим зарбидан кучли
Лек онт ичаман — Қамиш сурнайга
Уқубатлар бадномин олган
Мен худди
1798 йил янглиғ
Гўшт қовурилаётган очунга талпингандай
Кўлларимни чўзаман

Ҳали у
Куйлаяжак
Уни қатл этган
унга тош отган
Дунёйи гардуннинг симторларида
Ал ҳақ ажал ва лаънаткор қўшиқларини

Шунда мен
Қамиш сурнайимни баланд кўтариб
Туҳфа этиб денгизга ташлагум
Ташлагум совға қилиб наҳр тўлқинларига
Ваҳший ўкираётган
Наҳр тўлқинларига

———————————
1. Менинг қамиш сурнайим бор, уни ҳатто Фарангистон подшоси нишонига ҳам алишмас эдим.
2. Гийом Аполлинер — машҳур француз шоири
3. «Аlсооlс»— (Алкоголлар)—Аполлинер китобларидан бирининг номи.
4. Полоний — поляк маъносида

БАҲОР

Мана энди Баҳор
Шафтоли гуллари очилди Аждарҳо Қудрати ибодатхонасида
Бу тунларда-да очилур
Бу қонтамға томчида томчи тунларда
Бу тунлар бод билан ғувиллагайлар
Бу тунлар тинглашур беванинг фарёдларини
Бу кўҳна замин
Ёввойи махлуққа ўхшайди
Ки сўрар Инсон зотининг
Бўйсунмас энг ўжар навқиронлари қонин
Шундай ўтиб битди андуҳузун кунлар
Қишнинг қормуз даврлари ҳам
Бу мовий тамғалар мовийранг талош тамғалар
Афсонавий тунлар қўйнида
Шарқона чукурсиёҳ тунлар қўйнида
Портлаб очилдилар бесаноқ гулшодалар янглиғ
Дарёли Жанубнинг тўрт ёғида баҳор
Ясан-тусани сахоси билан

Одамлар сўрарлар: У қайдин келур?
Мен айтурман:
Шаҳарга туташ қишлоқдаги
Сағанаси ичидан

ОХУР

Нечук қор ёғади тағин?
Оғоч панжарада маъюс чумчуқлар
Самога термилар
Ҳавонииг авзойи бузилмаяпти
Кимдир ўтаётир отхона ёнидан
У ерда йиғлаюр аёл

Тун ҳам шўрлаб шўри қуриди чоғи
Шармисор ёшларнинг аччиқлигидан
Сен йиғлай олмаяжаксан
Қишки мурда замин

Кимдир ўтаётир отхонанинг ёнидан
У ердан юракни қиймаловчи марсия эшитилар
Одамлар фоҳиша хотинни айлашади фош
Бармоқларнинг телба рақси-ла
Сўкишар у гўё гўнгдан ҳам бешбаттар ифлосроқ

Тўкиб келмас ҳеч ким қонли сув тўла тоғорани
Обкелмайди ҳеч ким ақалли бир челак иссиқ сув
Гувала уйнинг тирқишига ел қоқаверар
Яхсовуқ истеҳзосини

У чарчади у чарчади у чарчади
Вифлеемда ташлаб кетилган жувоннинг
Тушди боши оғоч панжарага
Тўзғиган сочилган сочлари аро
Телбавор чарақлар ял-ял кўзлари
Мағзидан то пўсти меҳрга шафқатга дўнган одамлар
Жирканиб боқишар аёлга

Унинг
Ақиқ танида тер тошар дур доналаридай
Қўрс карнай пуфлаётган бод
Нега жим қолдинг
Қулоқ тутинг қаердандир пастдан
Нафис гуллар кўз очмаган ерда
Тугаётган аёл қонлари
Оқиб кетди гул йиғисидай

Аёлнинг сўнгги қудратин ичган
Бу жажжи мавжудот
Қўлу оёкларин қимирлатар бир тўп похол узра

Кимдир ўтаётир отхонанинг ёнидан
Қийшиқ назар ташлаб
Кимдир ўтаётир отхонанинг ёнидан
Бурнини жийириб
Кимдир ўтаётир отхонанинг ёнидан
Иблисона қаҳқаҳа отиб

Туғилмиш ўғлон
Титрокқа солувчи йиғиси ила
Чала-ярим дунёни
Келганидан этади огоҳ

Ҳуши қайтиб риштани тортди
Кўз очди Мария
Кўкариб оқарган юзини ўгирди гўдагига
Сўзлари қўшилиб югурдилар
Тахир ёшлар билан
Ўғлонгинам
Бизни
Қувғин қилишар Вифлеемдан
Кетамиз дарбадарликнинг сароб гўшаларида
Вояга етказурман сени мен

Бундан буён
Қулоғингга қуй
Сен отхонадансан
Мотам ва ситам тўшагида сени
Туққан ташландиқ аёлнинг боласисан сен
Улғайишингни кут
Пешонангнинг ёзуғидир
Йиғи ила кўзёши ила
Инсонлар яратган ёвузликни ювмак

Сўнг турди ўрнидан афтода маълул
Йўргакдаги боласин сийнасига босди
Ва кетди отхонадан ғамларини эргаштириб
Қоргуллар тўзғиди
Шалпайган сочларидан қўрқиб
Мария
Жимгина
Кетди.

ТОШКЎМИР БИЛАН СУҲБАТ

Сен қайда яшайсан
Мен яшарман мингга кирган тоғлар тийнати аро
Минг асрлик қонлар аро бефано бақо
Нечада сенинг ёшинг
Мен энг қари тоғлардан
Ва барча конлардан кексароқ
Қачон топдинг мангу оромни
Ўрмонларни аждарҳо ямлаган вақтдан бошлаб
Илк зилзила васваси титратганда ер қаърин
Сирли чўзиқ ғазабинг-ла ўлгандирсан балки сен
Ўлган дейсанми? Йўқ ҳали тирикман
Ўтинаман менга олов бер

ҚОР ТУШАДИ ЧИН ЗАМИНИГА

Қор тушади Чин заминига
Қаҳратон-ла яхлаган Хитой…
Бод
Ғамгусор кампирдай
Чопар изма-из
Изғиринли чангалин очиб
Либосларин юлқир ўткинчларнинг
Авраб узоқ сўрар садақа
Ердан-да қадимий каломлар ила
Қаердандир ўрмон томонида кўринган
Пешонасигача тушган папохи қорга бурканган
Тирикчилик аравасига эргашиб
Қайга кетаяпсан Хитой деҳқони
Мен сенга айтяпман
Мен ҳам деҳқон наслидан
Шунинг учун Сизнинг
Чуқур кесик ажинларингиз
Менга азалдан таниш
Чунки мен ўланлар босган далаларда
Одамлар уқубатлари намойиши аро
Бир пайтлар яшаган эдим
Сиздан-да бахтлироқ эмасман мен ҳам
Вақтнинг дарёлари гирдибодида
Ётурман
Тахиразобли тўлқинлар
Кўп бора айлантириб мени ютганлар
Қирғоққа тўш урган тўлқиплар қамоқхоналар
Ютганлар қадриабад
Ёшлигимнинг азиз кунларин
Ҳаётим
Ўкинчи ила
Ҳаётингизга монанд
Қор тушади Чин заминига
Қаҳратон-ла яхлаган Хитой
Қорли йўлда баҳр йўли бўйлаб
Оҳиста йўналар кичкинагина керасин чироғи шуъласи
Омонат қораялтироқ қайиқда
Шамчироқ милтирар ким ахир у бошини эгиб
Қайиқда ўлтирган?
Бу сенмисан аёл?
Сочлари кир турмакланмаган
Жавоб бер
Шундай тунда-да сен
Ажралдинг эринг ҳимоясидан
Қўрққанингдан азбаройижон
милтиқ найзасининг зарбини единг?
О! Бу аёзли тунда
Саноғига етиб бўлмас
Бегоналашган уйларда мукка тушган
Қари оналаримизнинг
Улар билмайдилар Эрта Чархпалаги
Қайга улоқтириб ташлашини ҳам…
Алхусус
Чин йўллари
Ўнқир-чўнқир
Ва беҳад огир
Қор тушади Чин заминига
Қаҳратон-ла яхлаган Хитой
Далалар майсаси дод ўртасига санчилган дорли тун
Бу ўлкалар чинкироқ оловлар билан ғажилган
Санаб бўлмас
Паррандаси даррандаси тортиб олинган
Ҳосилдор бўлиқ далалари тортиб олинган
Ҳаётнинг нурсиз хилватларига овлоқларига
Қувилган ершуносларни
Ҳосилсиз бепоён далалар
Тун хўмраяр
Музлаган қўлларини
Илтижо билан чўзиб
Гўёки шу қорли тун янглиғ
Ҳаддан узун Хитой мунглари…
Қор тушади Чин заминига
Қаҳратон-ла яхлаган Хитой
Ота диёр!
Лоақал озгина иситармикан сени
Чироқ милтирамаган оқшом маҳали
Қуввати кам тўқимиш ёзмишларим?

КИЙИМ ЯМАЁТГАН АЁЛ

Кийим ямаётган аёл йўлнинг чеккасида ўлтирар
Ўткинчилар ўтишар ёнидан
Чанг тўзонини кўтариб
Чанг рўмолига ёпишди
Чанг либосига ёпишди
Гўдаги йиғлайди
Қуёш қуритаверар бетиним гўдак кўз ёшини
Аёлга эса эриш
Замбараклар ўти так-туги билан ёққан
Уйинигина жимгина эслар
Жимгина бировнинг кийимини ямайди
Гўдакнинг кўзлари эса майли
Илтижоли кўзлари
Синчил боқаверсин самога саватдан
Кийим ямаётган аёл йўлнинг чеккасида ўлтирар
Йўл тиккасига чўзилар интиҳосизликка
Аёл йўлчиларнинг пайпоғини ямаб беради
Йўлчилар кетишур ўз йўлларидан


ҚУЁШ

Қадимул олис кабрлардан
Зулумот онларидан
Бани башар ўлмакка бораётган
Ўлкалардан
Ширин ухлаётган тоғларни титратиб
Мисоли дум тепаларда пириллаб учаётган оловли ғилдирак

Қуёш менга етар…
Унинг енгиб бўлмас чукурсингар нури
Нафас бахш этади жами жонборга
Рақс бахш этади баланд дарахтларнинг қуюқ шохларига
Девонавор қўшиқ бахш этади ўшқироқ дарёлар тошқинларига
Қуёш келиши билан менга эшитилур
Қишга ўхшаб заминда ухлаётган қуртлар ва ҳашаротлар ҳаракатлари

Майдонларда инсонларнинг янгроқ суҳбатлари
Олис шаҳарларнинг қуёшга хитобномалари
Электр пўлат темир хитобномалари

Ва шунда аланга қўллари
Юрагимни ёриб ташлайди
Қийноқ тортган дилим
Тушиб борар баҳр қирғоғига
Ва шунда мен ишонаман бани башарнинг уйғонишига

Абдували Қутбиддин таржималари