Морис Карем (Maurice Carême) Ваврада, мўъжаз Брабанта шаҳарчасида меҳнаткаш оиласида дунёга келди. Отаси бўёқчилик, онаси сотувчилик қилиб, амаллаб рўзғор тебратсалар-да, ўғли Мориснинг илмли бўлишини исташди. У мактабни тугатди. Брюселдаги ишчилар шаҳарчасида ўқитувчилик қилди. Ёшлигидан ўғлига қалам олди–дилига шеър ишқи тушди.
1972 йили Парижда «Шоирлар қироли» унвонига сазовор бўлди. Шоирнинг Брюселдаги уй музейида мавжуд китоблар фақат музей бойлиги бўлиб қолмади, аксинча, жаҳон адабиётида ўзининг муҳим ўрнини эгаллаб, дунё халқларининг тилидан тилига кўчиб, ҳамон баланд руҳда янграмоқда.
ЁЛҒИЗЛИК
Суҳбатлашмас сен билан ҳеч ким,
Жавоб бермас саволингга-жим.
На куйлаш бор, на сас, на иддо,
Бирон тилдан кўчмас илтижо.
Ёлғиз эдинг. Бутунлай. Юрак
Тубида ярқ, этди зўр истак.
Дуб барглари дув-дув тўкилди,
Дарахт билан сўзлашгинг келди.
Ё ҳайқирсанг бор овоз билан,
Акс-садоси қайтса… Соз билан
Айтилмаган қўшиқ қолмаса,
Қайғу-ҳасрат жонинг олмаса.
Тиз чўксангу, ибодат қилсанг,
Бағрингни кенг дунё деб билсанг,
Англасанг ҳам бариси-бекор,
Ниманидир кутсанг интизор.
ШИМОЛ ДЕНГИЗИ
Денгиз ўша-ўша, қаршимда
Қумтепалар, ўша шамоллар…
Яшаётир кундуз аршида
Дераза ва стол, хаёллар…
Қушлар учар, яшил қирғоққа
Бош уради майин тўлқинлар.
Қалқиб-қалқиб турар оёққа
Юракдаги ўлмас эпкинлар.
Болаликнинг завқи бетакрор,
Қуёшдан ҳам эрта уйғониб
Ўйин бошлар, елар болалар
Қумтепалар қурар қувониб.
Элас-элас шовқин товуши,
Стол. Яна қўлларимда иш.
Оддий, содда сўзлар қовушиб,
Куйласайди кўнглимдаги ишқ.
Кўринади яқин ва йироқ,
Хаёлларим кемага етди.
Кемадаги тилларанг маёқ
Қуёш билан тўқнашиб кетди.
БОЛАЛИК ДУНЁСИ
Кўк қуш менинг билан учмас осмонда,
Мушук ҳам этигим олиб юрмайди.
Кулранг бўри қалин қуюқ ўрмонда
Мени учратмайди, суҳбат қурмайди.
Сеҳрли чироғин бермас Олоуддин,
Менда йўқ нарсанинг кечдим баридан.
Жавоҳир ўлкасин изламадим, чин
Сўзим шу, сўзлайман йиллар қаъридан.
Болаликнинг қувноқ олами нажиб,
Шамол билан эсган ўйин, эртаклар.
Мен билан яшайди, нақадар ажиб!
Гўдакка айландим, ҳайрат эркалар.
Бу севинч йўлининг йўқдай адоғи,
Ҳаётни жон қадар суйдим ёниқиб.
Қанийди, шу тубсиз дарё қирғоғè,
Ичсайди ишқимдан қониб, қониқиб.
СЕҲРЛИ КУЗГУ
Донишманд сеҳргар яратди бир кун
Кўнгил акс этгувчи сеҳрли кўзгу.
Қиролликда кўплаб казо-казолар
Юрагида ваҳм, кўзда йўқ уйқу.
Яширдилар уни бўм-бўш саройга,
Қаровсиз, ташландиқ қасрга бесас.
Бир кун келиб қолди бўри, ойнага
Кўзи тушди, кўрди у-ваҳший эмас.
Кунлардан бир куни қирол ўзини
Атай шу кўзгуда кўрмоқчи бўлди.
Кўринди-бир ҳамла билан дунёни
Ютгудай йиртқич қуш, ғазабга тўлди.
Чил –чил синдирилди кўзгу шу онда,
Сеҳргарни ўлим кутди бешафқат.
Ҳозир саройдаги барча ойналар
Қалб эмас, кўрсатар юз-кўзни фақат.
ҚИРОЛНИНГ ҚАЙТИШИ
Бошда темир қалпоқ,
Ёғоч қўлтиқ таёқ,
Қирол уйга қайтди урушдан хуррам.
Чанг ютиб аскарлар
Қўшиқлар айтарлар,
Уларга жўровоз оқсоқ қирол ҳам.
Либослари кўркли,
Бахмал, ипак, эркли
Қиролича кутар минорада тик.
Рўмолча эпкини,
Қўшин тўлқини,
Куйлаб юборади малика тетик.
Оёқяланг, жулдур,
Қалпоқда гул, довдир
Оломон авжи рақс этар майдонда.
У куйлар басма-бас,
Ки, жим ҳам туролмас,
Бундайин кунларда, бундайин онда.
Ноғоралар авжли,
Байроқлар мавжли,
Урушдан ватанга қайтар шаҳаншоҳ.
Урушда енгилди,
Оёқдан айрилди,
Лек ўзида йўқ шод-тирик қайтди шоҳ.
ҚИЗЧА ВА ЎҒИЛ БОЛА
-Ўғил бола бўлсайдим,-
Қизча қизишиб дерди.-
Африкага бир сакраб,
Югуриб етар эдим.
-Мен қизалоқ бўлсайдим,-
Бола қизишиб дерди.-
Нинага ип ўтказиб,
Дунёни тизар эдим.
Улғайишди, вақт етиб,
Энди улар эр-хотин.
Энди фақат пул ҳақда
Баҳс бойлашар куну тун.
БОЙ ОДАМ
Жаноб, сизга яна не дейин?
Ўқигансиз жуда кўп китоб.
Лек Шекспир ҳақда баҳс тайин
Ярашмайроқ турибди шу тоб.
Доим бандсиз. Йил ортидан йил
Келар, битта ташвишингиз бор:
Даромадни баракали қил,
Бойлик ўсиб турмоғи керак.
Дастурхонда турфа таом жам.
Ошпазингиз-парижлик, баланд
Уйингизнинг жиҳози кўркам,
Хизматчингиз-малласоч шотланд.
Ажойибдир мевали чорбоғ,
Кезинади товланиб пати
Рангин қушлар, гулга тўла боғ,
Кўриб дейсиз, бу-ер жаннати.
Сиз билмаган сирлар ҳам борми,
Жаноб, нечун дилингиз оғрир?
Сувдай оққан умр бекорми,
Не етишмас? Саволлар оғир.
ИСТАКЛАР
Юрмоқни истади-
Боғланди йўллар.
Олмоқни истади-
Қайрилди қўллар.
Сўзламоқ истади-
Ёниб кетди сўз.
Бўзламоқ истади-
Оқиб тушди кўз.
Севмоқни истади-
Қатл этилди ишқ.
Қандай яшаш мумкин?-
Сўрар Исодан.
Йўқ садо, йўқ таскин
Михланган худодан.
ҒАРИБЛАР
Келди қора қисмат,
Манглайда ёзиқ:
На товуқ, на-да от,
На ҳовли, на қозиқ.
Шунда бутоқлардан
Яна ер бағирлаб,
Тикладилар ватан,
Омон-омон терлаб.
Уй-жойсиз қолдириб,
Ўлдира олмагач,
Очликдан толдириб,
Ғажишмоқчи ғарч.
Чой, сувдан мосуво,
Нондан йўқ урвоқ.
Қолди фақат само,
Ва сахий тупроқ.
Шунда насибаси-
Мевали ўрмон.
Каштан жозибаси,
Қўзиқорин хирмон.
Бостирмай қўйишди
Қишлоққа қадам.
Бор йўлни ўйишди,
Ёпишди, на ғам!
Буйруқ ҳаддан ошди-
Ўрмондан қувишгач,
Ғариблар тилашди-
Осмон, бағринг оч…
ҲАВОРИЙЛАР
Матфей деди: «Сиздан яширолмайман,
Жавоб бера қолсин яхшиси Иоан».
«Лукага учрашинг,-сўз қотди Иоан,
Лука-дониш. Жавоб топар бегумон».
«Энг аввало, Маркка этинг мурожаат,-
деди Лука.–Ечим топгуси албат.
Билсангиз, мен учун ушбу муаммо
Хитой хати каби қоронғу савдо.»
Марк ҳам куттирмасдан, ўтказмай фурсат,
Матфейга боришни берди маслаҳат.
Тонгда уйдан чиқиб кетган одамлар
Гоҳ у, гоҳ бу ҳаворийга борарлар.
Улар чақа олмас, очмас оғзини,
Еру кўк қомусин асил мағзини.
БЕБАҲРАЛИК
Баридан бебаҳра-
На нон бор, на шароб.
Баридан бебаҳра,
Лек жилмаяр, ё раб.
Билар, муҳтожлик ҳоким,
Умрбод айрилмайди.
Аммо юздан табассум
Бир нафас тойрилмайди.
Оғир, ҳаёти оғир,
Бўлса ҳамки, барибир
Ўзини йиқитмасдан
У яшай олди, қаранг,
Куни ўтса-да аранг,
Дилини оғритмасдан.
БИР ҲОВУЧ
Стол, унинг устида
Олма, ёнида пичоқ.
Уларнинг ёнида-нон.
Нон, олма, пичоғи бор
Столнинг қаршисида
Битта одам турибди…
Шундай ҳам, дейлик, майли:
“Ҳаммаси-сийқа гаплар”-
Айтарсиз, аммо
Бу одам-мусаввир.
У акс эттира олди-
Стол, унинг устида
Нон, олма ва пичоқ.
Уларни ушлаб турган
Бир ҳовуч осмонни ҳам.
ҚУРОЛ
Қурол сотиб олди ўзига,
Бу – шунчаки эрмакка фақат.
Қурол сотиб олди ўзига,
Ва ғилофда сақлади кўп вақт.
Сотиб олган бўлсанг қуролни,
Недур қилмоқ керакдир албат.
Сотиб олган бўлсанг қуролни,
Аввал жилддан чиқармоқлик шарт.
Мана, ғилоф олиб ташланди,
Эшитсайди ўқ овозини.
Мана, ғилоф олиб ташланди,
Кўрса кўкда ўқ парвозини.
Бекорга ўқ отмоқ не даркор,
Ки, бор экан жонжоту қушлар?
Бекорга ўқ отмоқ не даркор?
Ўрдак отгинг келганга ўхшар.
Қурол сотиб олди ўзига,
Бу шунчаки эрмак деб билди.
Қурол сотиб олди ўзига,
Қуш отилди, йиртқич отилди.
Ва кунларнинг бирида охир
Одамни ҳам отди, барибир…
ҚАШШОҚ
Олисларда қолган уйларни кўрмас,
Эшитмас одамлар товушин, фақат
Ўзидан ўзга-ла суҳбат ҳам қурмас,
Ундан айрилмайди ёлғизлик, ғурбат.
Халтасини ерга қўйиб, афтидан,-
Чориғини ечди, увишди оёқ.
Бу баланд, бу мовий осмон остида
Оғриниб, ўгрилиб ётди ва чарчоқ
Қўлларини қўйди кўксига бесас
Болаликда каби. Кўзини юмди.
Ўзи ҳам билмасди-қайта уйғонмас,
Титради-ю, мангу уйқуга чўмди.
Уни топишганда лабида кулгу,
Илк бор яйрагандай умрида. Ҳайрат
Ичида қолгандай. Абадий уйқу
Тортиқ этган эди унга чин жаннат.
ҚАРИ ТЕРЕЗА
Ҳеч ким сезмай қолди-ёлғиз, бегина,
Жимгина яшади, ўлди жимгина.
Столнинг ёнида берган экан жон,
Қора нон ушоғи, бўшабди қанддон.
Қайнатгич тубида қаҳва қуйқаси
Қорайган, қотиган, чиққан сийқаси.
Буфетни безаган бўм-бўш шамдонга
Суянган сурат бор, тикилиб тонгга.
Ўлган қизиники. Эшик ортида
Чириган картошка сасир афтидан…
Кеча қабристонда кўмишди уни,
Топилмади тупроқ тошлар яқини.
Ҳаётлигида кам гапирар эрди,
Ўлимдан гап кетса, қисмат-ҳақ, дерди.
Ҳеч кимга айтмасдан кетди бир сўзни-
Наҳот сўнгги дам ҳам аяди бизни…
ДЕЙДИЛАРКИ
Дерлар, Исо Масиҳ пайғамбар
Сўзи билан иши бир эрди.
Ҳа, ҳа, сўзу амал бирлиги!
Афсус, қисқа умр кечирди.
Дерлар, Исо тирилганини
Кўриб Фома ҳайратда қолди.
Ҳа, у кўрди! Ва лекин, афсус,
Ном-нишонсиз ўзи йўқолди.
Дерлар, Лазар ўлганидан сўнг
Ҳазрат бўлиб қайта тирилди.
Ҳа, у яна кўз очди. Бироқ
Кўп ўтмасдан ўлим ҳақ келди.
Дерлар, унинг ортидан қанча
Авлиёлар заб ибрат бўлди.
Ва уларнинг башоратлари
Қуруқ сўздан иборат бўлди.
Дерлар, ишонмоқлик лозимдир
Алар айтган ҳар битта сўзга.
Аммо тарих ўзгача таъриф,
Хулосалар беради бизга:
Сўзлар чиндан жуда кўп эрди,
Шунчалик кўп, ақлга сиғмас.
Башоратлар биронтаси ҳам
Камбағалга қайишган эмас.
ЁЛҒИЗЛИК
Ёнида бир жуфт този ити,
Қўшоғиз ов милтиғи қўлда.
Санқиб юрмоқ эмас одати
Куни бўйи ўрмонда, йўлда.
Қолдирмасдан концерт кўради,
Чалишга бор фортепяноси.
Ёз кунлари ором беради,
Уммонларнинг салқин ҳавоси.
Хуллас, унга кулиб боққан бахт:
Болалиги кечди диловар.
Умр бўйи эътибор, ҳурмат,
Меросхўрлик жозибаси бор.
Фақат… Йўлида учраса ногоҳ
Икки каптар каби икки дил
Ўзи билмай тортар эди оҳ,
Узоқларга олар эди йўл.
Бу изтироб сирли ва ҳазин,
Юрагига ўтказса ҳукм,
Ҳаётининг сархуш ва ширин
Дамлари ҳам азобга маҳкум…
Ойгул Суюндиқова таржимаси
БУҒУ
Мен чорлаганим йўғ-у,
Эшикдан келди буғу.
Ишонмадим кўзимга,
Салом берди ўзимга.
Ногоҳ стул, каравот,
Тўлди яшил япроққа.
Қайдандир келди қушлар,
Хона тўлди сайроққа.
Гуллар буфет новдаси,
Стол – тўнка бўпқолди.
Олмахон қандилда шод,
Буғу ўтириб олди.
Менга боқди ҳайратда,
Дўст бўлмоғимиз тайин.
Лекин эртак – эртак-да!
Унга ишониш қийин.
ҚУВОНЧ
Қувонч ўтар кўчадан,
Ҳамма боқар дарчадан.
Қувонч тутиб фалакни,
Кўтарди камалакни.
Бўрини қувди қуён,
Арча шохида маржон.
Ҳей, ҳаммани уйғотинг,
Қувонч таъмини тотинг.
Шодон барча-барчалар,
Нурга тўлди дарчалар.
КЎРДИНГМИ?
Кўрдингми учар туя,
Қаноти қоракуя.
Кўрдингми шу лаҳзада,
Қоплон кетар ҳассада.
Кўрдингми думи гажжак,
Йўлбарс чалади ғижжак.
Кенгуру қўшиқ куйлар,
Ҳамма ҳайратда тинглар.
Бегемот сал хафароқ,
Шляпаси қуроқ-қуроқ.
Кўрдингми, тўтиқуш ғаш,
Ўйин тушар аралаш.
Кўрмагансан… Хўш, нима?
Мени ҳам кўрган, дема!
Русчадан Нуруллоҳ Остон таржимаси