Констан Бюрньо (1892-1975)

Констан Бюрньо (Constant Burniaux) – бельгиялик шоир. ёзувчи, танқидчи. “Тентаклик”, “Аквариум”, “Нотинч дамлар”, “Каллоо – тасаввурдаги қишлоқ” романлари, “Ҳажвия ва муҳаббат ҳақида”, “Катерина” каби кўплаб новеллалар муаллифи. Француз тилида ижод қилган.

БУ ҲАҚДА ЎЙЛАБ КЎРИНГ

Бу телбалик ҳақда ўйлаб кўринг,
ёлғизликда
шеър ёзиб ўтирган инсоннинг
ўта муқаррар,
ўта беозор
телбалиги ҳақида ўйланг.

Ўйлангиз, у ўзин қай ҳолга солди!
У бу онда қарта ўйнаб туриши,
ёки бўкиб ичиши,
ё рақс тушиши
ёхуд кинога жўнаши мумкин эди… Аммо у
қандайдир тиришқоқлик билан
ўзини унутиб шеър қораламоқда.

Бечоранинг узлуксиз
сабри ҳақида ўйланг, у
истеъдодини замондошлари қачон,
қанчалар эрта-кеч тан олишларини ҳам
билмайди, аммо,
шунга қарамасдан,
шеър ёзмоқда.

Замондошлари тугул, ҳатто
хотини ҳам тушунмайдиган,
хотини ногоҳ тушуниб қолса,
қувончдан ўтакаси ёриладиган одамнинг
ўта ошкора,
жуда беозор
улуғлик васвасаси,
кибри ҳақида ўйланг.

Бунақа шеър ёзадиган,
шеъриятга ишонадиган,
сўзлар билан дўст тутинган
савдойи одамнинг, эҳтимол,
ишхонасида кутиб турган
тинкақуритар маш-машалар,
ноқулайликлар ҳақда ҳам ўйланг.

Ўйланглар бу азобга ботган,
азоблари ўзига ёқадиган,
азобларга қарамасдан
(яна бизнинг шу замонда-я!)
шеър ёзаётган одам ҳақида.

Карим Баҳриев таржимаси