Котиб Ёсин (1929-1989)

Котиб Ёсин (Kateb Yacine, كاتب ياسين), жазоирлик ёзувчи. Француз тилида ижод қилган. Рамзий-импрессионистик йўналишдаги «Нежма» романи  (1956; шу номдаги достон, 1948), «Ёввойи» трагедияси (1962), «Қатағон ҳалқаси» драматик тетралогияси (1954—1959) орқали миллий озодлик ҳаракатини куйлаган. «Муҳаммад, чамадонингни кўтар» пьесаси (1971) муҳожирлар тақдири ҳақида.

ТИРИК ХОТИРА
(парча)

Хунимиз
Яна
Илдиз отмоқда.
Гўё
Биз ҳаммасини унутгандай эдик,
Аммо она еримиз,
Гўдаклик комига яна тушгандай,
Яна аввалгидай оташ пуркайди.

Ҳатто отиб ташланган инсон
Тирноқлари билан ерга тармашар,
Отиб ташланган одам
Ерни
Кўрпа каби
Тортар устига, —
Яқинда тирикларга
Қолмас ухлайдиган жой.

Ер кўрпасининг остида,
Юлдузлар сингари чуқур гўрларда
Ўқ тешган юрагини тишлаб олган мурдалар
Тепада барглари шовуллаётган
Дарахтларнинг пастдаги илдизини ушларлар маҳкам,
Мурдалар
Тешилган ўпкалари билан
Ерни шимирарлар —
Чанг-ғубор билан
Ловуллаган тупроқ
Тирикларнинг томоғига тиқилар.

Жангда ўлган
Аждодларимизнинг руҳи
Хотирамизга отмоқда
Ловуллаган
Қонли
Оташларини.

Карим Баҳриев таржимаси

ГРИФ*

— Фақат келгиндини севаман,—
Шундай дединг,—
Аёллиги сўниш пайтида севаман.
Ҳар бир аёл севгувчи,
Маъсума қизларнинг сирли эрини.
— Нечун мени йўлдан оздирдинг.
Сени ўзинг йўлдан оздиролмай турган чоғимда?
Шундай дединг.
— Қўлларига кўп бор қўллар чирмашган,
Унутиш бурганзорн ичра
Барчамизни бир сокин назар
Ила бирдан қамраб олгувчи,
Ҳаммага ҳаммадан севимли
Ёлғиз
Келгиндини севаман.
Бу гулнинг
Бўғзидан тутдилар,
Бўғиб ўлдирдилар ўзин тиллақоши-ла,
Ва қисмат дорига илдилар кейин.
Чидаб бўлмас
Гулнинг талвасасига,
Осон бўлармиди бўғизлашганда.
Зурёдсиз
Муҳаббат
Зулматдир.
Ҳеч бўлмаса
Томчи қонинг тўкиш —
Мен маҳрум этилган
Ёлғиз жиноят.
Зурёдсиз
Муҳаббат
Зулматдир.
Телбага асира
Бўрон қизи!
Уятчан ва ваҳший
Қанотли йиртқич
Олдида бот-бот
Маъсумлик титроқда
Ечиниб турар.
Қиз суҳбатни бошлаши билан
Қанотсиз қолади қанотли йиртқич,—
О, зурёдснз муҳаббат қанчалар зулмат!
У кўрпасин отиб ташлаши билан
Сезаманки, тола сочин ҳам
Тузатмоққа мажолим етмас.
О, бебаҳо
Яланғоч
Ҳайкал!
Мен қонмаган бу жангда
Қиличлардай тўқнашди нигоҳларимиз
Ва ғолиб
Мағлуб бўлди.
Менга ҳадя этилган поклик
Азобимни чўзмоқда фақат.
Арслонлар ётмади
Сенинг йўлингда,
Фақат
Адашган сўқирлар,
Ва сўқир дайдилар
Шум қисматларин етаклаб,
Ширин хаёл суриб сенга интиладилар.
Жангда ҳолдан тойиб, ағёрнинг
Кўксини тумшуғим билан тешаман,
Бошқа жанг азизроқ аммо мен учун:
Сенинг қонингга ҳам қачондир тўйғум,
Ахир ҳар бир маъсумлик кутар
Соддадиллик билан ширин қийноқни.
Бегуноҳ қурбон,
Ундан зўрға келаётган аёллик таъми
Қўрқитмайди қайси йиртқични;
Фош,
Шарманда бўлган
Қотил устидан
Тантана қилмасми
Бу таъм — мавҳумлик?
Қандай тез бўлмасин
Йиртқич нигоҳи
Сўйилётган гўзаллик
Унда парчинлашга улгурар ўзин —
Ахир ҳад билмасдир унинг қайғуси.
Шиша гумбазли знндон остида
Ибо билан ўтаётган чечакни
Наҳот биз қийнадик,
Этагидан тортқилаб,
Шамолларнинг қўллари билан?
Наҳот ўша араванинг шиша гумбазин
Тешиб ўтди бизнинг
Очкўз нигоҳларимиз,
Майсазорга у сархуш чечак
Секин-секин сингиб бораётган пайт?
Зурёдсиз
Муҳаббат
Зулматдир.
Мен журъат қилдимми уни
Хижолат бўлмоққа маъсумлигидан,
Кейинчалик мени кийнасин учун
Ғурурланиб узоқ кутилган
Ва қўрқинчли жароҳатидан?
Ўлжа лабларидан
Фақатгина
Иссиқ қон томди.
Мана, бор бўй-басти билан —
Содда кўринган,
Тўшакдошин қучоғида
Кулга айланган,
Бардошни билмаслар чўғида
Ётган —
Совуқ тан фош бўлди.
Ҳа, мен — фотиҳ,
Нотаниш маккора тўрига тушган:
Озодликка умид бор ҳали
Лекин
Менгача бу тузоққа тушиб,
Бешафқат расм-русм чоғида
Унинг лаблари-ла беаёв
Куйдирилиб, тақдир шамолларига
Бепарво соврилган
Одамлар кулига беланган
Қўриқчимдап қўрқаман.
Зурёдсиз
Муҳаббат
Зулматдир.
Уф тортгин —
Манқалдон ўт олар бирдан,
Уни кўзёшларинг ўчира олмас
Агар ўз-ўзидан қуйилмасалар
Дўлу довул бўлиб, нўртана бўлиб.
Шунчалар муҳтарам
Ва ҳимматли одамхўр учун
Юмшоққина бир парча тишлам
бўлмаслик
Қўлимдан келарми менинг?
Мени нақ иккига бўлиб ташлади
Ҳам ёвузлик, ҳам нафосати,
Сал бўлмаса севиб қолардим
Бу унумсиз, тақир саҳрони?
Зурёдсиз
Муҳаббат
Зулматдир,
Ҳали туғилмаган бу гўдакнинг
Бежазо қолгиси келиб қолдими?
Майлига!
Чил-парчин бўлади менга урилиб,
Қояларда парчин бўлгандек
Бандилари эрк сўрамас
Орол соҳибаси
Чўмилар маҳал.
О, ўтмиш изтиробнинг
Заҳарли
Тафти!
Нелар сенда яшринган, эй,
Инжуни ҳам эритгувчи тафт!
Қандай танир эдим
У нотанишни,
Менинг учун исми
Фараҳбахш бўлган,
Уни шу қадарли ваҳший
Этмаганда рақибалари?
Қандай танир эдим
У нотанишни,
Менинг учун исми
Фараҳбахш бўлган?
Портлаш тўлқинига
ўхшар унинг эркалашлари.
Қайси бир душмани итарди уни
Наҳс босган қора тўшакка,
Инонмоқлик учун бизнинг тушларга?
Аммо бедорми у ёки туш кўрар
Хос соатин кутар хуштори,
Фақатгина тунларда —
Бу бераҳм қизларнинг куни саноқли.
О, бебаҳо
Яланғоч
Ҳайкал!
______
* Гриф — бургут ёки арслон бошли, арслон гавдали баҳайбат қанотли махлуқ.

Чори Аваз таржимаси