Гвидо Гезелле (1830-1899)

Гвидо Гезелле (Guido Gezelle; 1 май 1830, Брюгге, Бельгия — 27 ноябрь 1899, Брюгге) — фламанд шоири, филолог, фольклоршунос, Фламанд Қироллик тил ва адабиёт академияси аъзоси. Шаҳар боғбони ва деҳқон аёл оиласида туғилган. Ўн бешта тилни билган ва қадимги герман матнларининг энг яхши билимдонларидан бири саналган. У ўз шеърларида эркинликни куйлаган. Анъанавий шеърий шаклни бузгани учун кескин танқид қилинган. Асарларини нидерланд тилида ёзган.

ШИТИРЛАЁТГАН ҚАМИШ

Шитирлаётган қамиш,
Куйинг ҳасратга тўлмиш.
Даладан шамол эсса,
пояларингга тегса,
эгилурсан паришон,
қаддинг ростларсан шу он,
секин айларсан хониш,
товушинг қайғули, ў, қамиш!

Шитирлаётган қамиш!
Гоҳ китобдан узилмиш,
дарё бўйида ёлғиз –
ўтирардим ташвишсиз,
боқар эдим оқимга,
кучсиз пояларингга,
мавжга – дилим ўрганмиш
маҳзун нолангга, қамиш!

Шитирлаётган қамиш!
Товушинг етар йўлчига,
эшитмайди у бироқ,
зулматда кетар йироқ,
тақдир чорлаган жойга,
олтинга тўла сойга –
тўхтамас у бир зумга,
менга азиз, эй қамиш!

Лекин сўзларинг, қамиш,
ҳамма рад этмаганмиш:
поянг яратиб Худо,
демиш: “Эс!” – мисли сабо,
шабада сенга етди,
эгилдинг… У эшитди…
зўр ё заиф бу товуш
унга маъқулдир, қамиш!

Шитирлаётган қамиш!
Менга ҳам тилинг аён,
итоаткор, паришон –
таъзим қилганинг у он,
этганда бурчинг адо,
қалбим сен-ла доимо,
шитирлаётган қамиш!
Тилинг менга кўп таниш.

Шитирлаётган қамиш,
сўзларингни сен бир зум
куйимга жойла, таъзим
этгин унинг ўзига,
бизга умр берганга,
ичимизни кўрганга,
тингла! – айларман хониш
мен – ғариб, сарсон қамиш!

Рус тилидан Комила Носирова таржимаси