Жак Превер (1900-1977)

Жаҳонга машҳур француз шоири Жак Превер (Jacques Prévert) 1900 йил 4 февралда Франциянинг Нёйи-сюр-Сен шахрида туғилган. Унинг «Оилавий хотиралар ёки қўриқловчи Фаришта» (1930) ва «Францияда, Парижда каллалар тушлигини тасвирлашга уриниш» (1931) илк йирик достонларида сюрреализм таъсири намоён бўлган. «Тупроққа санчилган найзапичоқ» (1936), «Воцеалар» (1937), «Сўзлар» (1946), | «Эртаклар» (1947), «Томоша» (1951), «Ёмғир ва челак» (1955) каби тўпламлар |муаллифи. Францияда, айниқса, Превернинг ишқий, фалсафий, ҳазил-мутойибали лирикаси машҳурдир. Шоир асосан верлибр-сарбастда ижод қилган. У француз киносидаги «шеърий реализм» йўналишининг вакилларидан бири. Шеърияти болаларча соддаликни, сўлимлик ва гўзал тароватни ўзига сингдирганлиги билан ажралиб туради.
Жак Превер 1977 йил Франциянинг Нёйи-сюр-Сен шахрида вафот этган.

ПИКАССО САЙРИ

Тоза чиннидан ясалган
юмалоқ ликопчада
турар бир олма.
Унинг қаршисида
Мусаввир
ўша асл олманинг
аксини чизмоқ учун
уринар эди.
Лекин олмага бу
ёқмасди,
чунки унинг айтар сўзи бор эди
халтадаги барча Олмалар номидан ҳам!

СЕНГА, СЕВГИЛИМ!

Қуш сотиладиган бозорга бордим,
қуш сотиб олдим
сенга, севгилим!

Гул сотадиган бозорга бордим,
гул сотиб олдим
сенга, севгилим!

Занжир сотадиган бозорга бордим,
зил-замбил оғир
ундан ҳам олдим
сенга, севгилим!

Қул сотадиган бозорга бордим,
сени қидирдим
аммо топмадим
сени, севгилим!

КУЗ

Хиёбон ўртасида бир от бормоқда
Унинг устига барглар тўкилар
От уни орқалаб кетиб бормоқда
Севгимиз совқотиб эти жунжикар
Қуёшнинг ҳам.

* * *

Сохталик майдонида
табассумнинг алвон оти
йўрғалайди
Мен ҳам майдон комида
ҳақиқатнинг ўкинч қамчиси
қўлларимда сирғалади
Ўрни йўқ бунда сўзнинг
кўриб турибман
тўрт мучалимдай ҳақ
табассуминг.

ЭРКИН МАВЗУ

Мен кепкамни қуш инига айлантириб
қушни эса бошимга қўйиб
кўчага чиқдим
Шаҳар ҳокими буни кўриб сўради:
— Бирор кимса салом бердими?
— Ҳеч ким, жаноб, — қуш қилди жавоб
— Узр, мен ўйлабман кимдир
салом берганми, — деди
— Узрингиз қабул қилдим
ҳаётда ҳар кимдан ҳам
хато ўтади, —
Қўшиб қўйди қуш.

* * *

Қуш тасвирини чизмоқ учун
ин расмин чизмоқ  даркор —
туйниклари ланг очиқ

Кейин унга қўшимча
чизмоқ даркор шунингдек
нимадир гўзалликдан
нимадир соддаликдан
нимадир эзгуликдан
тасвирга сингиб кетсин
қуш учун даркор индек

Сўнг тасвирни осмоқ даркор
боғлар бағрига
ўрмон қўйнига
чангалзорларга
дарахтлар ортига бекиниб
бирор сўз айтмай…

Баъзида қуш жуда тез қайтар
баъзан йиллаб этар мунтазир
Ноумид бўлмасдан
кутмоқ даркор
йиллар оқимида оқиб
соғинчдан толиқиб бўлса ҳам
кутмоқ даркор.

Қайтиб келса агар қуш
кузатмоқ даркор
жимгина бепарво
инга киргунга қадар

Кириб олгандан кейин
бекитмоқ даркор инин,
жуда-жуда оҳиста
сўнг бирма-бир аста
йўлдаги тўсиқларни
ҳам икир-чикирларни
беозор олмоқ даркор
ҳатто бирорта пати
чекмасин озор

Энди чизмоқ учун
дарахт расмини
энг гўзал шохидан берини танлаб
ўша қуш учун
шунингдек, чизмоқ даркор
яшил барг зумрадлигин
шабода салқинлигин
қуёш чангларини ҳам

Шунингдек,
ёзнинг иссиқ ҳароратидан
бурқиган майсаларни
жониворлари билан
чизмоқ даркор
ўша қуш учун

Сўнг кутмоқ даркор
қуш сайрашга этсин жазм
Шунча тасвирни кўриб
куйламаса агар қуш
демак чизган бу сурат
мавҳумликдан иборат.
Лекин бирдан
сайраб юборса у қуш
эзгуликдан нишон бу
сархушликдан нишон бу

Ўша пайт астагина
патидан бирин олиб
ёзиб қўйинг четига
отингизни
ишингиздан қониқиб.

* * *

Мен латиф беваликни кутаман,
ҳам кутиб яшайман бахтли соғинчни,
Орзумдаги ёниқ
Оловуддин чироғидан жазманим
ўзига тунги шуъла яратди.
Мени у ҳақсизликда айблаганда ҳам
бир сўз демадим.

Мотам либосини орзу қиламан,
Азанинг кўйлаги бунча тиллоранг?
Ишратхонага кирар экан у,
никоҳ узугини ечди қўлидан.
Ҳам у ердан танлаб олди
менга ўхшаш битта аёлни.

Сўнгра бутун вужуди билан
барча исми-жисми
ҳам менга қўйган лақаби қадар
босиринқи бир кайфиятда
У аёлни сўка кетди қамчилай кетди…

Мотам либосини орзу қиламан
Азанинг кўйлаги бунча тиллоранг
Менга раво кўрмас эди бундай кўргуликни!

Итдай вафодор бўл!
Ўзимники бўлгил ёлғиз сен!
Вафо қизи бўлсин номинг,
бор гўзаллик чирой маним бўлсин, —
деярди ул аёлга тинмай.

Сўнг бирдан менга ташланди
энг ашаддий душманига ташланганидек!
Сўнг мени эркалай кетди
сўнг
ҳаётида очилган гули
ёлғиз ишқи эканлигимни айтиб
йиғлай кетди у!

Кутаман латиф беваликни мен,
ҳам кутиб яшайман бахтли соғинчни!
Мени ўлимга маҳкум этганим
ҳам суйганим
ҳам қотилим
қўлларининг қонини
кўзларимдан оққан ёшга
юварди.

Французчадан Шарофат Ботирова таржимаси

НАЙЗАЛАР ЕРГА САНЧИЛСИН

Нарсаларни ўз номи билан атайлик
Ит бу — ит,
Кунгабоқар бу — кунгабоқар,
Люксембург боғида ўйнаётган қизча
Люксембург боғида ўйнаётган қизчадир.
Гул — гулдан бошқа ҳеч нарса эмас,
Лекин папа…
Ким бу, нима дегани бу кўримсиз чол?
Шу боис, ўз динига содиқ католик
Кўрмоқ-чун кинога тушди бир куни
Ватиканнинг ҳақиқий башарасини
ва ўзини жуда ғалати сезди.
Унинг тасаввурида заҳил юзли
Оддий руҳоний эмас,
Ҳақиқий папа… осмон бандаси,
Муқаддас остона олдида
Фаришталар билан қуршалган
Худо саркотиби яшарди.
Бу бўлса… бу япасқи тасвир,
Фақат лотин ибораларин
айтмоққа эринмайдиган бу оғиз.
Тугаётган насл белгиси-ла муҳрланган
бу бош, бу калла,
бу салобат, ёпишқоқ мулозамат,
бу ёвузлик, айёрлик,
бадбин масхарабозлик, бу қийшанглашлар.
Қимматга тушувчи бу фирибгарлик —
қисқаси, бутун бир ватиканчилик…
Туморлар… Санамлар… бойликлар…
Гиламлар… ва барча қулайлиги-ла
Салон-вагонлар… кумуш тиш ковлагичу
тилла поездлар —
олмос ҳожатхоналар…
Буларнинг ҳаммаси содиқ католикни эзади.
У ўн олти франк тўлаб олган креслосида
Ўзини ғоятда ноқулай сезади:
Арзон ўринларда ўтирган одамларнинг
Кулгисини эшитиб, гапини тинглаб,
Кўпроқ чўкиб кетар ўриндиғига:
«Авлиё отамизга бир қара…
Роса ясанибди ўзи ҳам…
Бурнида бурундиқ етишмас, холос…»
Бу пичинглар содиқ католикни қийнайди,
Даҳшатли саволлар урила бошлар
Унинг миясига дафъатан.

Лекин шу пайт папа
Узининг оқ ридосини йиғиштириб,
Жўнаб қолар экрандан.
Фильм тугар авлиё ота ҳақда,
Энди пайдо бўлар бошқа манзара:
Италия учувчилари ҳабаш қишлоғини
Бомбардимон қила бошлайди бирдан
Ва ҳақиқий католикнинг кўз ёшлари ҳам
Бирдан қурий бошлар,
Кўксига уятнинг ўрнига энди
Қувонч тўла бошлар, қўллари эса,
Беихтиёр муштга айланар,
Ҳарбийларни ғоят ҳурмат қилади,
Ҳарбийларни ҳамиша севган у,
Мозористонларни, қабртошларни…
дафн удумларин… Калла суягининг уюмин
Ҳамиша севган бу католик…
Экранда ёрилган ҳабашни қирувчи ҳар бир бомбадан
Қувончига сўз топа олмай,
Чийиллаб юборар, қийқириб юборар.
Қирғин манзарасин томоша қилиб,
Қувонади ўзининг тириклигидан:
Ўзларини Исо ва Муссолинига бахш этган
диндош ўртоқларин осмонда кўриб,
Муқаддас қушхона фаришталарин,
Учувчи,
пулемётларни кўриб,
Шодлигидан маст бўлар католик,
Креслога оёқлари билан чиқиб кетади…
Ваҳший католик — савдогарларни
Ваҳший қийқириқлар олқишлайди,
Юраги тепган сари тўлиб кетаверар шодликка,
Жазавага қаттиқроқ кираверар у:
Пайт келиб, бир куни албатта у ҳам
Экрандаги каби қон тўкажак.
Йўқсиллару қора танлилар қонин.
Аммо ўз ғайратидан ўзи чарчаб қолар
бу жиккак, кичкина, кичкинагина,
Шўрлик, ниҳоятда аянчли, кўримсиз католик!
Сеанс давом этар,
Экранда ажойиб ҳайвонлар кўринар,
аммо бу ажойиб ҳайвонлар
яна ғойиб бўлар бир зумда.
Чунки Ватиканнинг асл башарасини
яна бир бор кўрсатишмокчи…
Манзара Рим кварталларин тасвирлар,
Сўнг икки одам пайдо бўлар кўчада,
Лекин ҳеч ким кўрмас уларни,
Томоша қилмайди томошабинлар,
Улардан бири — Парижда қоровул бўлган
Иккинчиси — италён, ишсиз,
чўнтагида чақа йўқ италён.
У римлик ва Римда очдан ўлмоқда.
Улар экрандан Ғойиб бўлганда,
Залдагилар сезмас буни ҳам,
аммо сайр этади иккови
Рим бўйлаб яна,
Италён имо қилар йўлдошига,
Парижлик қоровул тушунар дарров,
Сўзсиз,
Таржимонсиз тушунар.
Биринчи ишора — белни каттиқроқ тут, дегани,
Иккинчиси — витриналарга тааллукли,
тош йўл узра эгилиб,
Кафт билан кўрсатилган имо эса,
Оиладаги болаларнинг бўйини,
Уларнинг жуда-жуда кичкиналигин тасвирлар
Бармоқлар — болалар сонин айтади,
Римликнинг уч боласи бор,
У ишсиз юрибди кўчада,
Шу тахлит суҳбатлашиб кетади улар.
Яхши тушунади парижлик
Имолар орқали римликни.

ДУНЁДАН УЗИЛГАН УМИД

Хиёбонда,
Скамейкада
Бир одам ўтирган бўлади:
Сиз ўтиб қолсангиз йўлакдан
Албатта, ёнига чақирар сизни —
Эгнида ғижимланган камзул,
Кўзида кўзойнак бўлади унинг
Ва сиз ўтиб қолган заҳоти,
Ёнига чақиради сизни
ёки ҳорғин имлайди.
Ўшанда қараманг сиз унга,
Ўшанда тинглай кўрманг сўзини,
Гўё эшитмагандай,
Гўё кўрмагандай ўтиб кетинг тез,
Башарти сиз билмай, қараб қўйсангиз
Сизни чақирганда, қулоқ солсангиз,
У сизга шу заҳот жой кўрсатади
Қўли билан ёки нигоҳи билан,
Кейин сизда унинг ёнига
Ўтирмоқдан бошқа илож қолмайди,
Илтимос кутмас у, сурилиб дарҳол
Жой берар, илжаяр сизга тикилиб,
Сиз бирдан изтироб чека бошлайсиз,
Табассум қилар у,
Сизнинг ҳам лабингиз
Сизга бўйсунмасдан
илжая бошлар.
Илжайиб туриб сиз
Азобланасиз,
Азобланар экан,
Унга илжаясиз, бетиним,
Скамейкада қотиб ўтираверасиз
Унинг севгилиси сингари.
Ёнингизда эса болалар ўйнар,
Ўткинчилар ўтиб-кетиб туради
Ва қушлар учади,
Ўз парвозини
Юксак-юксакларга санчади.
Лекин сиз ёнида ўтираверасиз
Унинг севгилиси ўтирган каби;
Бирдан ўзингизни бебахт сезасиз,
Гўё ўйнаётган болаларга ўхшаб
Сиз ўйнаб юрмайсиз энди ҳеч қачон,
Гўё ўтаётган шу йўловчилардай
Хотиржам юрмайсиз энди, хотиржам,
Гўё сиз қушлардай, шу учаётган,
ҳеч қачон учмайсиз энди,
Ҳеч қачон.

М.Солиҳ таржималари

ТУНГИ ПАРИЖ

Бирин-кетин
Ёндираман
Учта гугурт чўпини:

Юзларингни кўрмоқ учун
Ёндираман биринчисини,

Кўзларингни кўрмоқ учун
Ёндираман иккинчисини,

Лабларингни топмоқ учун
Ёндираман учинчисини.

Сўнг кўрганим унутмай дея
Сени қучоқлайман
Зим-зиё тунда.

Хуршид Даврон таржимаси

БОЛАЛАРНИНГ ҚИШ ҚЎШИҒИ

Изғириқда совуқ бир кеча
Югурарди оппоқ бир одам,
Югурарди оппоқ алп одам.
Шу қип-қизил сабзи бурунли,
Қор, изғирин қуваётган бир
Салобатли қор одам эди.
Чопиб кирди юпун қишлоққа,
Кўрди бир уй томида тутун,
Милтиллаган чироқ – ойнада.
Тиқирлатмай, рухсат сўрамай
Ичкарига кирди отилиб.
Тиқирлатмай, рухсат сўрамай
Уйга кириб олди югуриб.
Исингиси келганди бироз.
Ғинг демасдан ўтди тўр томон.
Иссиқ печка ёнига бориб
Ғинг демасдан ётди, чўзилди.
Ва бир зумда шўрлик қор одам
Ғойиб бўлди кўздан абадий
Кўзёшдан бир кўлмак қолдириб.
Қизил сабзи бурун ва эски
Қалпоғи ҳам қолди кўлмакда.

ЁШЛИКНИНГ ЭНГ ЯХШИ ПАЙТЛАРИ

Сувлар биллур эди,
Дарё кўзгу эди,
Тупроқ саховатли,
Баҳор хушбўй эди.
Уруш вақтинчалик,
Меҳр мангу эди.

Рус тилидан Миразиз Аъзам таржимаси

ЎЗГА ФИКР

Ишчи кучи мажбуран ёлланган фикрларнинг фабрикасида
бош тортганман меҳнат қилишдан.
Аскарлар зўрлик-ла сафарбар этилган фикрларнинг армиясида
хизмат қилишликдан товладим бўйин.
Англамоқ истамайман улар ўй-хаёлларин,
мушоҳада-мулоҳазачаларин.
Менда ўзга фикр.

Бутунлай ўзга:
севаман ўз сайлаганим, танлаганимни,
қиламан ўз ўйлаганим, англаганимни.

КАТТАКОН БАҲОРИЙ БАЛ

Келмасин қанақа йил,
ё йилнинг қандай фасли,
янги-янги байрамлар-ла сийлар шаҳарни улар.
Ҳаммаси ўз вақтида, навбатида берар рўй;
қиш келар куз ортидан,
келади куз изидан ёзнинг.
Кириб келса, инчунун, шаҳарга баҳор,
бошланади туғилган куни Парижнинг.
Нишонланар ҳар қандай кишандан холи
ёшлик байрами.

Суяги йўқ Парижнинг, тўғри,
муҳим, расмий томошаларга,
серҳашам маросимлар
ва хотира кечаларига,
шунингдек, чўзилувчи оҳ-нолаларга,
барчасига билдирар муносабат ҳотамтойлик-ла.
Чунончи Триумфал арк
остидаги қўшин чекканда азоб,
совуққонлик ила боқади шаҳар.
Ярқиратиб қиздирар қуёш
ниҳоят мис фанфараларни.

Баҳор кириб келганда Париж
шодлигидан оғади эсдан.
Арзанда бир боласидай у —
телбавор севгисидан танҳо ёдгор
ва Париж ёзиб чиқар исмини унинг
деворлардан томларга қадар,
ўяр юрак шаклида ҳар бир дарахтга
ва ҳар тошда ўқир ҳар битта мавзе аҳли:
“Каттакон Баҳорий Бал!” — деган ёзувни.

Ўқувчи бир болакай — баҳор:
вайсаб хурсанд бетўхтов таътиллар ҳақда
ва дарсдан сўнг саннаб у мамнун,
бир умрга дўстлашар ҳамма билан шод
ва ҳеч ким билан пўм чиқмас ногоҳ.

Каттакон Баҳрий Бал!
Бу сўзлар мусиқаси
лабларида ҳамманинг:
худди истироҳат боғи у — бир пайтлар унутилган
ва қайтадан очилган,
боғ — шох-шабба, гулларга тўла.

Каттакон Баҳорий Бал!
Ирмоқлар ва кўча-кўй қўшиқлари шан,
арияси оломонлар — қайноқ қон каби оққан
шаҳар артерияларин.

Баҳор —
мана, унинг қилган ваъдалари, бас:
байрамлар бу, тун ва тунда порлаган юлдуз —
қанчалар гўзал,
ҳатто бошпана сизга кўринар кўкдан!
Бу энди аён! —
Нархи ошганига ҳаётнинг,
омонат эканига бахт-саодатнинг
айбдор эмас Баҳор.

Ваъда қилган нарсалари баҳорнинг
шу байрамлардир.
Ўлат учун жавобгар эмас
Баҳор мутлақо.

ОЛИЙМАҚОМ ШАЖАРА

Людовик I
Людовик II
Людовик III
Людовик IV
Людовик V
Людовик VI
Людовик VII
Людовик VIII
Людовик IX
Людовик X
Людовик XI
Людовик XII
Людовик XIII
Людовик XIV
Людовик XV
Людовик XVI
Людовик XVII
Тамом-вассалом,
Шунинг билан тугайди рўйхат…
Бу қандай одамларки, дейман гоҳида,
Бўшроқмикан ҳисоб-китобда,
Етказиша олмабди саноқни, ахир,
Ҳеч бўлмаса йигирмагача.

* * *

Чизилмишдир кафтларимизга —
Сенинг ва менинг
Бахтли йиллар — қанчадан-қанча!
Қувалашиб ўтдилар
Қанчадан-қанча — шўх,
Қувноқ оқшомлар
Келаётган қашшоқликлар остонасида!

Шунча софлик,
гўзаллик — шунча,
шод-хуррамлик, саодат, меҳр
ўлдирилди куппа-кундузи
пасткашларча
расман
ва айнан
қашшоқликнинг қўллари билан.
Ётар, ана, улар, боқ —
қоронғу бир бурчакда,
чорраҳада ё,
латта-путта ичинда ёхуд
ахлатларнинг уюми аро!..

ҚУШЧИ ҚЎШИҒИ

Бир қуш — кўкни кўзлаётган, интилаётган,
бир қуш — қондай қизил, худди қондай қайноқ қуш,
бир қуш — жажжи, қитмир кулгили бир қуш,
бир қуш — ҳуркак, дунёда бор нарсадан қўрққан
бир қуш — тайёр — ойнага урилиб ҳалок бўлишга,
бир қуш — тирқиш излаган, кириб яширинишга,
бир қуш — биттаю битта оламда, тентак қушим,
бир қуш — истар умр кўрмоқни узоқ,
бир қуш — куйлашни-да хоҳлаган ортиқ,
бир қуш — қичқиришни ёқтирар ҳатто,
бир қуш, бир алвон қуш, худди қондай қайноқ қуш,
Бир қуш, кўкни кўзлаётган —
юрагинг сенинг — саркаш,
қанотларин кўксингга ургувчи маҳзун-маҳзун,
муздек совуқ юрагинг сенинг.

ГУЛЧИ ҚИЗ ДЎКОНИДА

Гулчи қиз дўконига кирар бир киши
Ва саралар гул.
Гулчи қиз гулдаста ясар улардан.
Тўлаш керак ҳақини.
Пул олиш учун
чўнтагига қўл суқар киши
ва ногаҳон чангаллар кўксин,
ва гулчи қиз оёқлари остига қулар.
Тўкилади полга тангалар кейин,
тушар, кейин, гулдаста полга.
Қотиб қолар гулчи қиз карахт —
ғилдирайди полда тангалар,
айлана ясаб,
сочилади гулдаста титраб,
қила бошлар киши ғарғара.
Тушунарли, фожеали — булар барчаси,
қилиш керак нимадир, лекин
нима қилиш лозимлигини
билмас гулчи қиз,
билмас нимадан бошлаш зарурлигини ҳам,
Ҳайҳот! Ахир, керак унга нимадир қилмоқ:
одамзод жон бермоқда,
гулдаста сочилмоқда
ва тангалар пол узра
ҳеч тўхтамасдан
ҳамон ғилдирамоқда,
ғилдирамоқда…

СЕВИШГАНЛАР

Севишган — болакай ҳамда қизалоқ.
Ўпишдилар девор остида тунда,
Ўткинчилар мазах қилди уларни.
Бармоқлари билан кўрсатиб ошкор.
Бироқ севишганлар йўқ эрур бунда.

Бу — уларнинг соялари, қитмирлик ила
Зулматликлар аро кезишар атай,
Қўзғаб ўткинчилар кўнглида ғазаб,
Ҳайрат, афсус-надомат, ғийбат ва ҳасад.
Севишганлар эса, бунда йўқ,
Бўлишмаган бунда умуман.
Севишганлар, хўш, унда қандай?
Улар узоқ — тундан-да,
Улар юксак — кундан-да,
Улар илк севгилари
Кўзни олгувчи —
Нурларин таратиб порлаган жойда.

ГУЛДАСТА

Сен учун аталган,
аталган мен учун ҳам,
мендан нари, сенга ёвуқ
сен-ла яхши, менга қарши
юрагимнинг ҳар зарбаси — гул,
қонларингни ичиб тўйган ул,
Ҳар зарб — гулинг сенинг,
Ҳар зарб — гулим менинг.
Ўтар кунлар,
ўтар йиллар,
ҳаёт — гулчи кулар ва куйлар.
Боғбон — ўлим
хўрсинар ва пайт пойлар.
Бўзаради гулдаста,
кўксимда қон — жўш урган дарё,
қирғоғидан тошади бот-бот.
Гулчи кулар ва куйлар ҳамон,
силкитади холос қўлларин боғбон.
Дейди: “Ҳаётингиз олдинда ҳали!..”
Ҳар уриши юрагимизнинг —
бир гул — тўйган қонларимизга —
сенинг ва менинг,
тўйган нафасига кунларимизнинг.

ЭЗГУ НАВҚИРОН ЧОҒЛАР

Сувлар биллурий эди,
кўзгудай тиниқ дарё,
тупроқ серҳосил эди,
сархуш айларди баҳор,
кечаги гап эди уруш ҳам,
эскирмасди фақат муҳаббат.

СИНФ ИШИ

Икки қўшув икки — тўрт,
Тўрт қўшув тўрт — саккиз,
саккиз қўшув саккиз — ўн олти…
— Такрорланглар, — сўрар муаллим.
Икки қўшув икки — тўрт,
Тўрт қўшув тўрт — саккиз,
саккиз қўшув саккиз — ўн олти…
Ногаҳонда мактаб томлари узра
учарда мусиқий, сеҳрли бир қуш,
бола кўради уни,
бола тинглайди уни,
бола чорлайди уни:
— Туш пастга, ҳей! Қутқар мени, қуш,
ўйна мен билан!..
Ва қуш тушар, қўнар партага
ўйнаш учун болакай билан.
Икки қўшув икки — тўрт…
— Такрорлаймиз, — сўрар муаллим,
Қуш-чи? Ўйнар болакай билан,
болакай-чи? Хурсанд, шод…
Тўрт қўшув тўрт — саккиз,
саккиз қўшув саккиз — ўн олти,
ўн олтини қўшамиз ўн олтига —
қанча бўлар, хўш?
Ҳеч қанча бўлмайди, бас,
жавоб ўттиз иккимас
ва улар кўздан йитар
сал бўлмаса елкаларига
қўндиради болакай қушни.
Болаларга энди бари бир,
болалар куй эшитар, олам —
узра қуюлгувчи куйни эшитар.
Саккиз қўшув саккиз йўқолар,
йўқолади тўрт қўшув тўрт ҳам,
икки қўшув икки қўшилмас
ва ҳисобда арзимаган сон —
бир қўшув бир ҳам
ўчади изсиз.
Синфда бу чоқ
мусиқор бу қуш — лира куйлайди,
жўр бўлади болалар унга.
Қичқиради муаллим: — “Бу нимаси?
Майнавозчиликни бас қилинг, қани!..”
Қулоқ солмас болалар бироқ,
тинглашади куй-қўшиқ
ва деворлар қулайди аста,
ойна — қумга, сиёҳ — сувга айланар,
илдиз чиқаради парталар яна,
айланади тупроққа бўрлар,
ручка эса, перо — тумшуқчаси-ла
учиб юрар қушга эврилиб,
болакайлар бошлари узра.

СОЯЛАР

Бу — сен,
менинг ёнимда,
ишқ нурида порлаган.
Бу — мен,
сенинг ёнингла,
қалбидан бахт мусиқаси ўрлаган.
Бироқ соянг
девор юзида
эртаю кеч боқиб изимдан,
ҳар бир оним қоровуллайди.
Ва менинг соям ҳам
девордан беруҳ
мўралайди —
сен томон жим, лол.
Севасан мени,
мен ҳам, албатта,
севганидек бир-бирин кунлар,
ҳаёт ва бош узра ёйилган осмон.
Бинобарин, ўхшаймиз соатларга биз:
ўтаётган дақиқаларни
қодир эмас қувиб етишга улар.
Чопар икки соя —
сояларимиз —
итларга ўхшаб,
қувалашар итларга ўхшаб —
шундоққина кўз ўнгимизда,
юришар бирга,
боғланишган битта занжирга;
Бу соялар — вафодор итлар,
Кўзлари йўқ кўришга бизни.
Кундан-кунга сабрлироқ,
кундан-кун оч, қоқ,
кутишади муҳаббатимиз —
ҳалокатга учрашин бир кун,
кутишади: гўё
бир куни кимдир
қичқиради: “Ма, ол!” — деб ногоҳ
ва ташлайди улар олдига
суякларин гўзал туйғунинг,
илиб олиб уларни, ғажилашса хўп;
сўнг кўтариб қочсалар йироқ
ва замона зайлига кўра,
ташлашса кўмиб
хоҳишларнинг кули остига.

ҚАЙТИШ

Фойдаланиб бўлинган,
толиқиб, ҳолдан тойган,
талхланган, шўрланган,
ифлосланган — кирланган,
заҳарланган,
хор ва бетадбир —

сувлар якун ясашиб
ердаги йўлларига,
калла ташлар ниҳоят
денгизга бир-бир.

Рус тилидан Шукур Қурбон таржимаси.