Зайниддин Восифий (1486-1566)

Тошкентдаги Ҳазрати Имом мажмуаси, Абу Бакр Қоффоли Шоший мақбараси таркибида Зайниддин Восифий (زین‌الدین واصفی) исмли муҳтарам шахснинг қабри бор. Нақлга кўра, мақбарага кираверишдаги чап тарафдаги дахма у зотга мансубдир.
Шайх, шоир, адиб ва аллома бўлган бу зотнинг тўлиқ исми Шайх Зайниддин Маҳмуд ибн Абдужалил Восифийдир. У киши Хуросон мамлакатида туғилиб ўсган (1486), шеърий муаммо санъати борасида моҳир бўлгани учун ёшлигидан Амир Алишер Навоий назарига тушган, 1511 йилгача Ҳусайн Бойқаронинг ўғли Фаридун Ҳусайнга котиблик ва бошқа ўғилларига муаллимлик қилган.
У киши ҳижрий 918 йил бошларида, милодий 1512 йилда Ҳиротдан Мовароуннаҳрга сафар қилади. Аввал Самарқандда бир йил истиқомат қилиб, кейин Бухорога боради, бир қанча вақт у ерда тургач, сўнг Туркистон шаҳридан 40-50 чақирим масофа бўлган Саброн (баъзи манбаларда Саврон) шаҳрига келади. Кейин у ердан Фарканд (Паркент)га, ундан Тошкентга, ундан Шаҳрисабзга, ундан яна Самарқандга, ундан Сирдарё бўйидаги Шоҳрухия шаҳрига, ундан Оҳангаронга ва яна Тошкентга келади.
Тошкент султони Севинчхожахон вафот этгач (ҳижрий 931, милодий 1525 йил), ўғли Келдимуҳаммад Султон унинг ўрнига ҳукмдор бўлди. Унинг устози бўлган Восифий шу сабаб билан Тошкентда доимий яшаб қолди, 1566 йилда шу ерда вафот этди, шу ерда – Ҳазрати Имом мақбараси ҳудудида дафн этилди.
Васифийнинг Тошкент ва унинг боғлари ҳақидаги насрий ва шеърий баёнлари улуғ ҳайрат, муҳаббат ва садоқат намунасидир. «Бадоеъ-ул-вақоеъ» асаридан у зот, ҳақиқатан, Тошкент шайдоси эканлиги маълум бўлади.

ТОШКЕНТ ВА УНИНГ БОҒЛАРИ

Бир неча нукта, эй аржуманд, тингла,
Мулки Тошканд васфин бул сифат тингла:

Бул диёр хўблиғи ҳар қайда бутун
Собит ва аёндир доно халқ учун.

Оҳ, қандай мулкдир бу, равзайи ризвон
Хижолатдан бўлмиш кўзлардан пинҳон.

Кимки муқим бўлса ул диёрда, бас,
Хулду наъиймни ҳам бошқа эсламас.

Ўзга жойда тирик бўлгандан кўра
Ул диёрда ўлмоқ яхшидир, қара.

Шамол туфроғини элтар фалакка,
Тўтиё қилғали чашми малакка.

Суви шундоқ ширин, ул оби ҳаёт
Уятдан зулмотга беркинмиш, ҳайҳот.

Гар хабар топсайди бу сувдан Хизр,
Зулмот томон алам кўтармасди бир.

Бурак наҳри суви доимо равон,
Жинон боғларида Салсабилсимон.

Ости соф тошлоқдир, боқ, дурри самийн,
Сирға қилса арзир ани ҳури ъийн.

Хушбўй насимлари бағоят марғуб,
Руҳпарвар маҳбубнинг нафасидек хўб.

Сабо ҳубобидан сақийм – бемор жон
Дарҳол шифо топиб, соғ бўлур шу он.

Маҳвашлардек анинг олови дилкаш,
Лекин дилкаш маҳваш лаъли ул оташ!

Бас, кимки хоҳласа, фитнасин кўрсин,
Анинг шуъласида тобланиб турсин.

Шуълалари бошдан юксак ҳамиша,
Ҳар бири мисоли зар тўла шиша.

Тутун оловлардан ажраб чиққанда
Лолазорда сарвлар пайдодир анда.

Шаҳар теграсида ҳар тараф боғдир,
Адн11 кўнглида ҳам ул сабаб доғдир.

Анинг чорбоғларин васф этсам сўздан,
Эрам боғлари ҳам чиққайдир эсдан.

Тераклар бўй чўзиб турганда қатор,
Нозпарвар ёр анинг қошида ночор.

Гўзаллар кўрса ул қоматни – бўйчан,
Уятдан қошида тек қолур, ўйчан.

Мисли кўп санавбар қадли сийминбар –
Ҳар тараф бўй чўзиб турибдир аръар.

Сувда акс этгувчи толнинг барглари –
Кўлда тўрга тушган балиқлар бари.

Қизил гуллар акси чаман узра нор –
Айман водийсининг оловича бор.

Яшил гулбун узра тугилган ғунча –
Гулгун майга тўла ям-яшил хумча.

Ё маҳзун андалиб юрагисимон
Усти рангиндир-у, ичи тўла қон.

Воҳ, ғалат қилибман, гул тўла бу боғ
Андалиб кўнглига солиб турар доғ.

Бу боғнинг булбули шавқ ила нолон,
Гулнинг бедодидан чеккайдир афғон.

Ариқ бўйларида бунафша ҳоли
Қўнғироқ юнгли тўп қўзи мисоли.

Ё йўқлик мулкидан қатор ва қатор
Нилий гул келтирмиш карвони баҳор.

Савсан ҳам ғунчалаб, мушт тугиб дилдан,
Бармоқларин кўм-кўк қилибдир нилдан.

Бўёқчи менман, деб, ҳар боғда хил-хил
Саббоғ учун лойиқ гулман, дейди, нил.

Наргиз боққа келгач, кўз тегиб ул дам,
Бемордек чўзилиб қолмиш сарв ҳам.

Шул сабаб тил чўзиб юз минглаб ғунча,
Сарвга дам солур, то тузалгунча.

Растанинг гуллари – ҳамишабаҳор,
Ул сабаб боғларда ҳамиша баҳор!

Варднинг қадамига нисор этиб шод,
Ашрафийлар сочмиш чаманда бисот.

Қорун ганжи ерда кўмилганди хор,
Очди ул хазина оғзини баҳор.

Гулхайри ҳар томон бўлибдир қалқон,
Қуббаси гавҳарга забаржад ҳар он.

Ул ганж қўлга кирсин дея, холосдир,
Баҳор бошимизда гавҳаршуносдир.

Лолазорни ошён айламиш булбул,
Оғзидан ўт сочар гул ғамида ул.

Тонг ели лолани ҳованча айлаб,
Чаманда хушбўйлик туяр авайлаб.

Гуноҳкор ҳиндудек арғувон, яъни
Калтаклар зарбидан қораймиш тани.

Калтакдан жисмида кўп яраси бор,
Танида юз минглаб қон қатраси бор.

Занбақ ғунчасининг нурида – боғда
Кофур шамъи қолмиш беривож, доғда.

Ёрнинг бармоғидан бериб бир нишон,
Кумуш шишаси ҳам бўлмиш намоён.

Боғнинг келинлари ёпганда ниқоб,
Настарин бошида – ҳаёдан ҳижоб!

Қумри боққа кириб бехуд ва сармаст,
Сарв шохларига жойлашди бир пас.

Гулнинг муждасини туйиб ҳар ёндан,
«Ку-ку»лаб нолалар чиқарди жондан.

Қушлар дарахт узра, маснад олийдир,
Ҳар бири минбарда битта қорийдир.

Барчаси шавқ аро айлашиб нидо,
Яратганга айтур тасбиҳу сано.

Мевалар васфин ҳам тингланг бу кезлар,
Шарбат булоғидир ундан оғизлар.

Узумлар васфини солсам баёнга,
Улар гаров эрур дурри ғалтонга.

Нозик соҳибийлар, назарда, ҳоли –
Дилбарнинг бир нозик лаъли мисоли.

Шаксиз, ҳусайнининг ҳар бир донаси –
Қимматбаҳо дурнинг энг дурдонаси.

Юлдуз шодасидир бобакий шингил,
Ишком осмонига чиққилу кўргил!

Кўракийлар қандга гаров бўлгайдир,
Наботдан шакарханд қилиб кулгайдир.

Шакарузумлари шакардан устун,
Наботу шакар бер баҳоси учун!

Ким ариқ бўйида қовун сўйибдир,
Беҳишт мевасини ёддан қўйибдир.

Набот тоти етиб қовунига, бил,
Таъми лаззатига бўлгач муқобил,

Миср аҳли сиёсат ила қаҳрдан
Чўп ила чиқармиш уни шаҳардан.

Қандга тенглашганда қовун, сездилар,
Одамлар ул қовун бошин кесдилар.

Кўкчаси жонга тенг, жондан ўтодир –
Жон унинг олдида арзон матодир!

Кўк ва нозик мисли – жони ширин бу,
Кўкдор нозикларнинг шеваси ушбу:

Халқ ҳам амирийдан топгач ҳаловат,
Олди Алишердан илми назокат.

Яна меваларким, сақламиш бўстон,
Васфида сўйлайин шарҳ ила достон:

Ҳар бир аноридир нори пистоний,
Лаъл кони ва лекин лаъли руммоний!

Лаълу ёқут тўла ҳуққадир анор,
Жону дил олгайдир ундан қут, мадор.

Нашвоти васфини этолмам баён,
Оғиз сувга тўлгай фикридан чунон.

Ҳар бирини набот шишаси дерсиз,
Ёки оби ҳаёт кўзаси дерсиз.

Олмаси васфида не дейин бу он? –
Қўйинг, ғавғоларга тўлмасин жаҳон!

Ҳар бири дилбарлар занахдонидир,
Ким кўрса, дил анинг армуғонидир.

Аллоҳ тинч асрасин, беҳисига боқ,
Ундан яхшиликка юз тутибдир боғ!

Беҳишт беҳисининг ранги ундадир,
Ризвони хулд ўзи гўё шундадир.

Бошқа мевалардан бор яна анжир,
Хўбликда йўқ унга ўхшаш ва назир.

Улардан ҳар бири жонга ҳаловат,
Маъсумлик тимсоли, пок ва саломат.

Тириклик конидан будир бир аркон,
Бу бино то абад бўлмасин вайрон!

Форс тилидан Мирзо Кенжабек таржимаси