Калим Кошоний (1585-1651)

Абутолиб Калими Кошоний (کلیم کاشانی) (1585, Кошон — 1651, Лоҳур) Ҳиндистонда бобурийлар салтанатининг давомчилари бўлмиш Жаҳонгир Мирзо ва Шоҳжаҳонлар саройининг маликуш-шуароси ҳисобланади. Маълумки, ғазалнависликнинг Рўдакий ва бошқалар томонидан яратилган «сабки Самарқанд», Камол Хўжандий, Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийлар юксалтирган “сабки Эрон” ва Мирзо Бедил юксак мақомга кўтарган “сабки Ҳинду” услублари мавжуд.
Абутолиб Калими Кошоний ана шу “сабки Ҳинду” услубининг асосчиларидан бўлиб, замондошлари ва кейинги давр аҳли уни “ҳаллокул-маонийи соний” деб аташган. Шоирдан йирик девон ва бошқа бир неча асарлар мерос қолган.

***

Гул фаслию юзинг, ёр, яшартирди жаҳонни,
Ҳуснинг сани бу боққа йўлатмагай хазонни.

Тоқатларим тоқ айлаб мунча торлик қилмангиз —
Эй хушкамарлар, мунча тор боғламанг миённи.

Майса қошинг бошинда томошабин эгик зулф,
Ҳасрат ичра тамошо қилар кекса-жавонни.

Мижгонинг мисли ханжар ой юзингга қадалмиш,
Қошинг отар қуёшнинг бошиға бул камонни.

Найлайки, бул водийда бир раҳнамо киши йўқ,
Йўлим Хизри санарман ушбу реги равонни.

Парвонани ўлдирғай, охир қилар иши шу,
Эй шамъ, андиша айла, тўхтат оташ забонни.

Кўзларинг ошиғингнинг кўнглидин жой олибдир,
Шишасоз бирла ҳамкор этмиш бодакашонни.

Кимга қилай шикоят, Калим, дўст ситамидин,
Ойдан сўрамас ҳеч ким асло доди катонни*.

* К а т о н — суфийлар зиғирпоядан тўқиб кийишган кийим.

* * *

Бу чаманда ғайри гул эшитмас афғоним менинг,
Қайда чақмоғинг, фалак, ёндирса — ошёним менинг.

Ул қаро зулфинг ҳадиси чиқса дилдан тилга гар,
Мисли хат янглиғ қаро қилгай тил-забоним менинг.

Уча олмасдан қолиб кетдим бу гулшанда, нетай,
Ҳам оёғим изидан топмаслар ошёним менинг.

Ёнимда ўлтирмадинг ҳаргиз тириклик чоғима,
Чалғайму эртан қамишинг бу устихоним менинг.

Шамъ каби боди сабонинг йўлида енгил руҳим,
Ёр висолининг насими олғуси жоним менинг.

Боғ яролиғ туйнугин кўрмай дил ташга чиқмағай,
Ҳам дилимға бир йўли келмай дилистоним менинг.

Гулхан ниҳоли каби боғи жаҳонда ҳолма-ҳол
Ҳеч киши кўрмас баҳорим ҳамда хазоним менинг.

Бас, қаро чимматлиларни нақшин дилга жойлади,
Тан қаро қилди томирдай бу устихоним менинг.

Калимо, ёдлат шеърингни бир неча дилтошлара,
Бир забон ҳеч ҳам қилолмас шарҳи достоним менинг.

* * *

Баски, кўздин оққиздим қонин дили харобни,
Қучди хино ол ёшдин панжасин офтобни.

Назар ташлашга тоб йўқ, узоқ қарай олмасман,
Майга ҳирси кўп ўлғай ринги тункиншаробни*.

Баски, қаро кунимдан дунё қоралиғ олмиш,
Кўршапалак қўйнида яширгандай офтобни.

Куйди умид кемаси ҳажрининг чақмоғидин,
Тушса булутга соям қуритар у саҳобни**.

Дилга фириб берди ул, сабру ақл найлағай,
Карвонбоши не қилур чорасиға саробни.

Баски, бахтим шуҳрати табъларга келмиш малол,
Тақиқ биродар ўлса ўлдир кўзингда хобни.

Ҳар дам саноқли ўлғач сўнгги дамингда, эй дил,
Қадрини билғунг ул дам нолаи беҳисобни.

Силсилама-силсила, сочма-соч то белгача,
Қўлдин қўлга бергуси зулфинг бу печу тобни.

Дил ҳолиға, эй Калим, мунча йиғи на ҳожат?
Ёш тўкма мунчалар сан, шўр этмагин кабобни.

* Тункиншароб — тез маст қиладиган, майзада.
** С а ҳ о б — булут.

* * *

Қон қайнатдим кўзимда оҳи оташнокни,
Ювдим шу оташ била ҳар кинаи хошокни.

Қайдаки май бор эса гардуни дунда не гуноҳ,
Қўйнимизда тоши бор ул шишаи афлокни*.

Осмон нодонпарасту биз ҳамма фитратбаланд,
Қандайин хаспўшлағунг сен бу гулхан идрокни.

То тароқ ривожини оина кўрдим зулф аро,
Қилди қора ранг-ла пинҳон сийнайи бечокни.

Йўл бўйи типирчилаб саркаш отлини қўйма(й)миз
То ҳарамдан келтирурга сайди ул фитрокни**.

Бул гулистонда сумбул сочин силар ошифта йўқ,
Боқ чигил бу хотирим чирмабди қўлин токни.

Интихоб этдим бу иссиғу совуқ рўзғорни,
Қайноқ ёшиму сувин ул чашмаи Дурдокни.

Ашку оҳинг, эй Калим, келтурди бу олам аро,
Боқ тутинсиз ёнғину селоби бехошокни.

* Шишаи афлок — фалак шишаси.
** Фитрок — оштанган қушни эгарга боғлаш учун ишлатиладиган шарм тасма.

* * *

Лабларим очмам, зиён қилғай тил билғоним менинг,
Кўзларим юмдим, ярашмас жисми урёним менинг.

Ёр тароқинг бирла зулфинг ёдга солғай жоним(н)и,
Сенсиз бу тан ичра тутмайдур паришоним менинг.

Зукколик недур, киши айбини билмаслик эрур,
Англатар билганлигим таълими нодоним менинг.

Бир-икки одим ани кўйи бошидин кетмаёқ,
Қўрқаман оққизмаса ашки пушаймоним менинг.

Бандаликни хизмати йўлиға мен лойиқ этиб,
Бўлди бул қул тамға манглайда ёзилғоним менинг.

Гарчи хорман, иззатим билдирки, бу савдо аро
Ўзни бер манга, шудир санга берилғоним менинг.

Ғам юки остида ман ўз ичима қилсам сафар,
Шам каби охир этак этгай гирибоним менинг.

Ҳеч киши келмас хароба уйими тегросина,
Йўқлар ул вайронадин мушфиқ посбоним менинг.

Раҳмати абрин билувчи бўлмишам файзи ила,
Оқибат иш берди ул этак булғонғоним менинг.

Иситдим ўрним, Калимо, гулханининг ёнида,
Ўзгартолмайди Сулаймон тахти маконим менинг.

* * *

Аланга ичра гар эксам уруғин меҳрибонлиқни,
Тириклик сувидин бериб этайин боғбонлиқни.

Аё дўст, санга бахш этмоқ учун илкимда бир жон бор,
Кина музди учун бергум неча душмани жонлиқни.

Жаҳон айшини хиноси шафақ янглиғ фаноийдур,
Дило, қўлдин бериб қўйма бу ашки арғувонлиқни.

Алоқам бу ҳаётға шунчаки, келди қарилик ҳам,
На чора, муфтға мен бердим у ёшлик — навжавонлиқни.

Ғам бу кўйлак эмас ечсанг халос бўлғули, қўрқаман —
Кўзим ёши бадиҳамдин кеткизмасму равонлиқни.

Англаб етмоқ учун аввал худбинлиқ кўзгусин тарк эт,
Нечун хуш еткурур, ёра, бу айни саргардонлиқни.

Жаҳон ҳеч ихтиёр бирла кишига дилнишин бўлмас,
Суви йўқ манзил карвонға ўтай билмас маконлиқни.

Агар уй сарви бирла ошинолиқ айласа қумри,
Арраларди қанот бирла ул сарви бўстонлиқни.

Калим, бахтимға бир хуш кун насиб этмай ўтар бўлдим,
Нечук ёд айламай энди ул аҳли шодмонлиқни.

БАҲОР ҚАСИДАСИ

Ҳаво ҳўл. Боиси — абри баҳордир.
Боқсанг, сувдай унда акси ошкордир.

Санчилмайдир қўлимға узса боғбон,
Шукрин айтиб ётур тикону хордир.

Ҳаво таъблар ила дўсту мунофиқ,
Қиличбоз шамъ, ғаним — боди баҳордир.

Насим қўйнидин ишратлар етишгай,
Ниҳол шодлик рақсидин беқарордир.

Чунон тўлмишки, созлардин соз ўлмиш,
Наштару қонтомир мизробу тордир.

Кам ўлдиму анга ташрифи Наврўз,
Гул зарби муштуми-ла шармсордир.

Замин тақвим саҳифасидай кўкиш,
Қаён кўзинг тушар унда анҳордир.

Чаман сув бирла тўлди, этагин сарв
Белгача ҳимарибдир устивордир.

Қутқу солмас олов ҳам бу фаслда,
Ёқут янглиғ ҳар чўғнинг сўйи бордир.

Тутунмас, гул оловидин келур ҳид,
Гулзор тупроғида хушбўй беғубордир.

Фазою олам жо бўлмиш дилингга,
Нафас чиқарганимда сийна бордир.

Жаннатга орқасин бурди-ку зоҳид,
Наҳот кўрмас бунда не кору бордур?

Замин бошдин оёқ сабза тил ўлди,
Эшит рози дилини — бешумордир.

Хоксорлик-ла оёқ изини ўпди,
Лола баргин пояндозинг солодир.

Наврўз булутларига васл ёзар, деб,
Қалам сарбозидин уммиди бордир.

Лола — май, қуйқаси остиға чўкмиш,
Ором қайдинки бу рўзғорда бордур.

Билмам майса нечун унгай бу боғда,
“Вафосизни кўрай!” деганми ёрдир.

Боғ ичра лоладин ёнғин кетибдур,
Ўт ўчирғич булутға анча кордир.

Сояю салқинига сувми сочмиш,
Кафтлари ҳўл, титроқ барги чинордир.

Қизил ғунча зангор сори ичинда,
Мисли соғарда ол май ошкордир.

Чунон боғбон инжа, нозик қўндирмиш
Шабнам гул барг юзида чўғ — шарордир.

Бу мавсумда шу гулшанбоғ ичинда
Зоҳид мисли қуруқ шох, ногувордир.

Ариқ бўйиға бўлмиш сазойи —
Майхўрлар жойлари чекка-канордур.

Чаман келинлари гулгин очиб юз,
Барининг бўйида ҳомила бордур.

Форсчадан Жамол Сирожиддин таржималари