Су Ши (1037-1101)

Мумтоз хитой шеъриятининг ёрқин сиймоларидан бири Су Ши (苏轼) Сун сулоласи даврида яшаган. Умрининг катта қисми сургунда ўтган шоир Су Дунгпо тахаллуси билан шеърлар ёзган, шунингдек, эссенавис, мусаввир, хаттот ва давлат арбоби сифатида фаолият юритган. У Мэйчжоу шаҳри яқинидаги Эмэйшань тоғининг этагида ўша даврнинг машҳур олими оиласида дунёга келган. Ёшлигидан кучли қобилият эгаси сифатида ном қозонган. Саройда хизмат қилган йиллари вазир Ван Аньши олиб бораётган сиёсий йўналишга қаршилик кўрсатгани учун Су Ши Хэбэй вилоятига сургун қилинади. Аммо, сургунда юрганида ночор аҳволидан нолимасдан Хэбэй табиатининг гўзаллигига бағишланган шеърлар ёзади ва вақт ўтиб, бу шеърларда намоён бўлган уйғулар самимияти ва янгича ифода тарзи туфайли мумтоз хитой шеъриятининг дурдуна асарлари сифатида тан олинади.
Сургундан қайтган Су Ши вазир Ван Аньши билан ярашади, улар, ҳатто, бир-бирларига шеърий мактублар ҳам ёзишади. Кўп ўтмай Су Ши яна саройдан четлаштирилади ва Гуандун вилоятига бадарға этилади. Шоир вилоятнинг Дунгпо деб аталган манзилида яшагани учун ўша жой номини тахаллус сифатида қабул қилади. «Дунгпо» «шарқий нишаб, қиялик» маъносини англатган.

СУХИ КЎЛИ СОҲИЛИДА ШАРОБ ИЧАРМАН

Бир лаҳза ёришди сувга лиммо-лим
Кўлнинг кенгликлари, тиниди олам.

Шаррос қуйиб берган ёмғир қаърида
Элас-элас гўё кўрингай тоғлар.

Сиху кўлининг-чи ажиб манзарин
Ойжамол Си Ши*га қиёслаб бу дам,

Атир-упасиз ҳам, чинакамига
Гўзаллик бўлмоғин туйдим шу чоғлар.

ҚАЙИҚДАН ТОҒЛАРГА КЎЗ ТАШЛАГАНИМДА

Мабодо қайиқдан қолсанг кўз ташлаб
Тулпорлар шаклида гўёки тоғлар.

Ажиб бир уюрдек чўзилиб кетган,
Юз йилқи – елётган юз чўққи каби.

Сафлари олдинда эмас бир текис,
Гоҳ ундоқ, гоҳ бундоқ – кўзинг ўйноқлар.

Ортидан, ортидан бу отлар гўё
Ўтлоққа ошиқар қимтиниб лаби.

Тепага қарадим, анов сўқмоқда,
Тоғ энишин илон изи чирмаган.

Тентирар сўқмоқда дайдиб бир киши,
Чулдирар, атрофда нуқул қоялар.

Қўлимни силкитиб, оғзимни очдим,
Бирров сўзламоққа шайдо бўлиб ман,

Жанубга учарди бир гала қушдек
Елканим заминга солмай соялар!

ҚИСҚА ШЕЪР

Бу ўлкага етиб келган эдим мен
Шамол турди, ёмғир қуйди бетўхтов.

Сўққабош дарбадар, топарманми, айт,
Азим бу дунёдан бирор бошпана?

Қўлимдан келсайди кўкдан булутни
Бошимга кийволиб юрардим, холос,

Оддий йўл чакмани менга бўларди,
Тупроқни устимга буркасам бешак!

ГУЛСАФСАР

Баҳор ифорини келар етаклаб,
Кунчиқардан ичи сиқилган шамол.

Деразалар бўйлаб сирғалади Ой,
Ҳавода ўйнайди баҳорий ифор.

Ҳаттоки, боғдаги гулсафсарлар ҳам
Қоқ тунда ғафлатда тўнгмиш бемалол,

Шам ёқиб, мафтуни бўлдим ногаҳон,
Нақадар гўзалдир гуллар либоси.

БАҲОР ТУНИ

Минг олтин қуймасига лойиқдир, ишон,
Тунги соатлардаги бир лаҳза ҳам шояд.

Ҳавода, теграм узра гуллар хуш бўйи,
Ойдан-да ястанади соялар маҳзун.

Хобхоналардан таралар майиндан майин
Эркатой най навоси ёқимли ғоят.

Олис чодирчаларнинг қаърида эса
Бор нарсани қаърига тортган қора тун.

ОЛТИНТОҒ ИБОДАТХОНАСИ ЁНИДАН СУЗИБ ЎТЯПМАН

Киндик қоним томган қишлоқ ортидан
Янцзицзян дарёси бошланар, шундоқ.

Амалдорман бугун – қисматда бори,
Қаергача суздим қайиқда, мана.

Менга дедиларки, тўлқинлар бунда
Арслон бўйи келар турганда мундоқ,

Совуқ кунларда-чи, уларнинг изи
Қумзорга нақш солиб чекинар яна.

Дарё киндигида бир қоя бордир,
Илондек тўлғонар шамолда рўё.

Элас йўқолади, қалқади тағин
Шерёл тўлқинларга қасдма-қасд, адаш.

Мен эса қояга тирмашиб ўктам,
Жонажон юртимни кўргимдур гўё,

Шимолга кўз солгум, жанубга боққум,
Қоялар занжирин кўрарман яккаш.

Оқшомда кулбамни эслайман маҳзун,
Аммо қайтмоққа-чи, “топилмас эшкак”.

Изидан боқаман нақадар олис
Пучмоқларга Қуёш олиб кетар бош.

Андак шамол эсса атроф қувнайди,
Дарё яшнаб кетар шамолдан бешак,

Шафақ балиқдайин, думи қирмизи,
Танга босган танда ялтирар кўзёш.

Мана, энди дарё узра порлар Ой,
Нурига чулғанар атрофда бирров.

Зулматнинг иккинчи посбонидан-чи,
Ойсиз кечаларда Кўк ҳам зимистон.

Ногаҳон қоядан, дарё тўшидан
Тоғларга ташланди ҳайбатли олов,

Гулдиради жимжит соҳиллар нохос,
Қарғалар ваҳмада қағиллар чунон.

Қачон, ўзи, ҳукмрон эрур сукунат,
Ташвишда тушунмай қолибман, қаранг.

Иблис эдими у? Ё бирор инсон?
Бу излар кимники? Ким келди, ўзи?

Дарё киндигидан турган қоядан,
Тоққа етиб бўлмас ҳаттоки аранг,

Ақлим шошиб қолди, Дарё маъбуди
Очиб қўймагунча дарбадар кўзин.

О, Дарё маъбуди, сенга ташаккур,
Англадим, серташвиш бу дунё аро,

Мен ҳам қоя мисол ёлғиз қолганман,
Ўртамизда оқар бир азим дарё!

ЦЗЯЧЖОУ** ДАН ЭНДИГИНА СУЗА БОШЛАГАНДА

Тонгда сузиб кетдик –
Ноғора садоси таралар – “дўм-дўм”.

Кунботардан эсган шамол ҳам
Мачта байроқчасин ҳилпиратар қув.

Жонажон бошпанам –
Қайдадир туманда бўлиб қолди гум,

Елканларимиз елар, еладир,
Кенгиш бир оқимга дўнар дарё – сув.

Цзиньшу ўзани ҳам*** ,
Мана, кўзимиздан бўлибдир бадар,

Маньцзян суви-чи,
Шаффофдир, оқиши зилолдир тиниқ.

Тошсуврат Будда**** ҳам
Бизга қоялардан ташлайдир назар,

Водийлардан нари
Кенглик, тағин кенглик – бағри кенг бўшлиқ.

Жимжит бир қўрғонча.
Кўприкда-чи кекса роҳиб ўлтирар.

Балиқ тутмоқда-ю,
Жимгина кузатиб қўймоқда шомни.

Қўлимиз силкиймиз,
Ул-да қўлин силкиб, маъюс мўлтирар,

Изимиздан боқар,
Чулдироқ тўлқинлар туртар илҳомни.

ҒАРБИЙ ЎРМОН ИБОДАТХОНАСИ ДЕВОРИДАГИ БИТИК

Тоғнинг юзига боқ – чўққилар тўмтоқ,
Ёнидан қарасанг – найзазор гўша.

Ўзига қараб юр – тобора баланд,
Изингга қайтганда чўкар тоғ қади.

О, йўқ, қиёфасин ўзгартмас тоғлар,
Моҳияти шудир, тоғ ўша-ўша,

Эврилиш эса-чи шунгадир боғлиқ,
Тоққа қайдан боқсанг – шундоқ бўлади!

Изоҳлар

* Си Ши – милоддан аввалги V асрда яшаган афсонавий соҳибжамол аёл. Юэ подшоси билан жангда енгилган маҳалда Си Шини унга тортиқ қилган, ўз навбатида, гўзал аёл билан банд бўлиб, давлат ишларини унутган У подшоси пировардида ҳалокатга йўлиққан. У подшосидек азалий рақиби устидан Қалаба қозонган Юэ подшоси Си Шини кўлга чўктириб юборган, бинобарин, маҳлиқо аёлни ўта хавфли ўлжа деб ҳисоблаган. Си Ши Хитой мумтоз шеъриятида ва шеърхонлар орасида гўзаллик тимсоли бўлиб қолди.
** Цзячжоу – Сичуань провинциясидаги замонавий Цзядин шаҳрининг эски номи. Бу шеър 1059 йилда, Су Ши отаси машҳур адабиётчи Су Сюн, иниси Су Цзья билан Янцзи дарёси бўйлаб саёҳат қилганда ёзилган. Укасининг номи бошқа шеърларда ҳам учраб туриши мутахассислар томонидан қайд этилган.
*** Цзиньшу ўзани, Маньцзян суви – Янцизи дарёсининг ирмоқлари. Бугунги кунда тегишлича Циньицзян ва Миньцзян деб аталади.
**** Тошсуврат Будда – Су Шининг йўл хотираларига қараганда, Будданинг шеърида айтиб ўтилган мумтош ҳайкали Миньцзян ва Янцзи дарёлари қўшилган жойда ясалган экан. Ўайкалтарошлар уни “Келажак Буддаси”, яъни келажакда инсониятни ёвузлик ва бахтсизликлардан халос этиш учун зуҳур этиши лозим бўлган бодихаства Майтрейя тарзида ифодалаган эдилар. Майтрейя ҳайкали ва тасвири бутун Хитойда учрайди. Уни одатда қорнини катта қилиб, нурафшон табассум сочиб турган, эркин бир ҳолатда ярим ёнбошлаган тарзда, яъни ўзида ҳаётдан мамнунлик ва бахтиёрлик тимсоли сифатида тасвирлашган.

Турсун Али таржималари