Шаҳобиддин Собир ибн Исмоил Термизий (ادیب صابر ترمذی) 1078 йили Термиз шаҳрида таваллуд топган. Кенг ва чуқур билими туфайли Термизда расадхона бунёд этган ҳоким Абулқосим Али ибн Жаъфарнинг назарига тушиб, мазкур илм даргоҳида фаолият кўрсатади ва истеъдодли олим сифатида шуҳрат қозонади. Шеърларидан бирида Собирнинг ўзи ҳам астрономия ва математикада ҳеч ким унинг олдига тушолмаслигини эътироф этган эди. Лекин жоҳил уламолар томонидан расадхона вайрон қилиниб, олимлар ҳар ёққа тарқалиб кетадилар. Абулқосим Али ҳибс этилади. Адиб Собирни ҳам шиаликда айблаб, таъқиб қиладилар, ҳатто қисқа фурсат у қамоқ азобини ҳам чекади. Бир неча муддатдан сўнг халос топган Абулқосим Али Адиб Собирни ҳам ўзи билан Нишопурга олиб кетади.
Адиб Собирнинг шундан кейинги ҳаёти ҳукмдорлар саройи билан боғлиқ. У дастлаб Хуросон раиси номи билан машҳур Абулқосим Али дарборида хизмат қилади. Бу ерда у амал ва шон-шуҳратнинг чўққисига кўтарилади. Лекин туҳматга учраб, саройдан четлатилади – тоғли Бадахшоннинг Рован номли мавзесига сургун этилади. Сўнг у ҳаж баҳонасида Арабистоннинг қатор шаҳарларини айланиб чиқади. Сафардан қайтгач, яна Абулқосим Али саройига йўл топади. Кўп ўтмай, Султон Санжар саройига даъват қилинади.
Адиб Собир Султон Санжар саройининг етакчи шоири бўлиш билан бирга, салжуқийлар салтанатининг сиёсий ҳаётида ҳам фаол иштирок этган. Давлатшоҳ Самарқандий: “Собир Султон Санжар ва унинг аркони давлати олдида азиз ва муҳтарам эди”, – деб ёзади. 1143 йили Султон Санжар ўз салтанатига қарши кайфиятда бўлган хоразмшоҳ Муҳаммад Отсизнинг хатти-ҳаракатларидан хабардор бўлиб туриш учун уни Хоразмга элчи қилиб юборади. Элчи-шоир бу икки ҳукмдорнинг ўзаро муносабатларини яхшилаш, улар ўртасида тинчлик-тотувликни сақлашда муҳим роль ўйнаган. Лекин хоразмшоҳнинг хоинона режаларига халақит бергани учун 1147 йили у жосусликда айбланиб, Амударёга чўктирилган.
Адиб Собир улкан девон соҳиби бўлса-да, у бизгача тўла етиб келмаган. Ҳозиргача шоир асарларини ўз ичига олган 4 та девон маълум – улар Англиядаги Индиа Оффис кутубхонаси, Британия музейи, Озарбайжон ФА қўлёзмалар фонди ва Тожикистон ФА Шарқшунослик институтида сақланади.
Таниқли адабиётшунос олим Аҳмад Абдуллоев томонидан тайёрланиб, Эроннинг “Ал-ҳудо” халқаро нашриётида босилиб чиққан Адиб Собир Термизий девони ўзининг матний мукаммаллиги билан алоҳида аҳамиятга эга. У шоирнинг ҳозиргача аниқланган 126 қасида, 7 таркиббанд, 67 ғазал, 162 қитъа, 88 рубоий – жами 7045 байтдан иборат абадий меросини ўз ичига олади.
ҒАЗАЛЛАР
Қочди ул тун кўздан уйқу, кетди тоб,
Уйқу ошиқларни қилгуси хароб.
Келмаса уйқу кўзимга, бу — раво,
Уйқу ўрнин сув босибдур беҳисоб.
Ёрими ширин шаккардин-ку, лаби,
У юборгай мен учун аччиқ жавоб.
Лаълида болу шакар, ширину қанд,
Ҳалқа-ҳалқа сочида бор неча тоб.
Ойда нур бўлмас унинг дийдорисиз,
Бўлмаса лаъли, ширин бўлмас шароб.
Юзидан олди ниқобини шамол,
Ҳуснига боқди фалакда офтоб.
* * *
Сўзингдан жонда бор жон завқи, эй ёр,
Лаби оғзингнинг унда лаззати бор.
Деса кимки, шакарга тўлсин оғзим,
Сенинг номингни этсин тилда такрор.
Тушунмайсанму? Ошиқ ўлдурурсан,
Гўзаллик мансаби вақтинча, дилдор.
Бу ишқингни кўзимнинг чашмасида,
Неча минг кону ҳам дарёлари бор.
* * *
Сочингдай беқарорман, боиси — сен,
Кўзингдай бадхуморман, боиси — сен.
Замонамдек эрурсан аҳди ёлғон,
Замонда хору зорман, боиси — сен.
Юзинг васфи ҳисобсиз, ҳасратида
Ҳисобсиз ғамга ёрман, боиси — сен,
Тўлибдур кўзларим ёшига кўксим,
Кўрарга бир хуморман, боиси — сен.
Хабарсизликда мен ҳаттоки сендан
Хабарсиз бемадорман, боиси — сен.
* * *
Сенга кўнглим мудом вафо айлар,
Менга кўнглинг мудом жафо айлар.
На писанд ўлгай унга ошиқлик,
На бир ўз аҳдига вафо айлар.
Йўллабон ишқ балосини бизга,
Аро йўлда қўйиб, жудо айлар.
Аввало васл учун бериб фармон,
Ҳажрига сўнгра мубтало айлар.
На ўқир ишқ ҳужжатини бутун,
На бу жон ҳожатин раво айлар.
Қаддими ҳалқа-ҳалқа зулфисиз,
Ҳалқа сочи каби дуто айлар.
* * *
Тўлган ой монанд юзидан сочди нур,
Ойга тун янглиғ сочи оро берур.
Сарв қоматдурки, қаддин олдида —
Боғбонлар сарви беўхшов эрур.
Токи бошимда ул ой савдоси бор,
Худди ой ботган каби йўқ менда нур.
Юрганида сарву ўлтирганда ой,
Фитналар ул сарву ойдан тарқалур.
Севди дил ҳамма гўзаллардан уни,
Севдиму, дил бердиму топдим ҳузур.
ҚИТЪА
Ёмон андишалардан дилни пок эт,
Ёмонлик қилмагай ким нуктадондир.
Ёмон ниятли бўлма эл ҳақида,
Ўзингга бу ишинг сўзсиз зиёндир.
Кишики яхшилик ҳар кимга қилса,
Бу майдон ичра у соҳибқирондир.
Ақллилар иши эрмас ёмонлик,
Ҳазар қил, яхшилик қилган омондир,
Агар пинҳона қилсанг яхшиликни,
Бу иш мардоналикдан бир нишондир.
Кўнгли поклар сўзи яхши жаранглар,
У карвон қўнғироғидек аёндир.
РУБОИЙЛАР
1
Биз эрдигу боғ эрди, шароби гулгун,
Чун кўрди, хасад этди ўшал гардуни дун.
Ким исиғи қувди бизни боғдин, эмди,
Сардоба, ўзинг лутфи карам айла бугун.
2
Соқий менга тутса ул майи гулгунни,
Гулгун этайин фироқидин Жайҳунни.
Ер устига кўз ёшим ила бода бериб,
Ҳам маст этайин ер остнда Қорунни.
3
Тун тонгга уланса, ҳал бўлиб матлабимиз,
Ҳам буржи шараф ичра ёниб кавкабимиз.
Ҳам битса шикоят, ширин ўлса лабимиз,
Шай ўлса зафар жабдуғидин маркабимиз.
4
Эй, кундузинг айламиш макон тун ичра,
Зулфинг дағи тунга соябон тун ичра,
Ҳал этмаса кундузинг туним мушкулини.
Сендин чекайин нола-фиғон тун ичра.
5
Эй, мояйи ҳар латофат, эй дурри хушоб.
Оташ каби ҳар сўзингда кўп этма итоб.
Оташ ила сув десам сени, рост-савоб,
Оташ каби софсену азиз мисли гулоб.
6
Ғамзанг ўкидин бало пайконлиғ бўлди,
Номингни битиб, жафо унвонлиғ бўлди.
Ҳар неки жафони сендан ўрганди фалак.
Хўб бўлмади бу ишинг, ёмонлиғ бўлди…
7
Бул кеча умид тошига тошимни кўяй.
То лабингга лаб, қошингга қошимни қўяй,
Сен ёшли кўзимга қўй оёғингни, санам.
Мен эрсам эшик тубига бошимни қўяй.
8
Наргис кўзинг ул қадар забун этди мени,
Кўнглим боғидин қувди, юпун этди мени,
Ҳам мисли бинафша сарнагун этди мени,
Гул чеҳрасидек тамоми хун этди мени.
9
Ёр фурқати бирла дили ношодим бор,
Ёд айламас ул ёрни тилаб ёдим бор.
Бир ёр дилидин ҳазор бедодим бор,
Фарёд этайин, кўнгилда фарёдим бор.
10
Кўнглим тилаб ул лаъли шакарбор, кетди,
Боз истади, дил қуввати такрор кетди.
Умрим бўйи ҳосил этганим илму хирад
Лаълингни тилаб ҳаммаси бир бор кетди.
11
Жоно, лабу ғамзанг кўйинииг шарбати мўл,
Рост, роҳати мўл унинг, вале офати мўл.
Ғамзанг ила лаълинг дилбаристон, санам,
Озори агар эрса, яна роҳати мўл.
12
Воҳ, бўйла қиёмат этмаса нетди санам,
Ким кўзимни ёш айладию кетди санам.
Бир азми сафар-ла ул азиз чеҳрасини
Жон бирла кўзимдин ҳам азиз этди санам.
13
Амрингда агар неъмати юз нарвездир,
Измингда-чи, икки юз бедов шабдездир.
Қўй кибру ҳавони, берма ҳукмингга шитоб,
Ки гардиши рўзгор шўрангездир.
14
Чеҳранг нуридин ҳамиша кундуз равшан,
Тун зулмат ўлур ўшал қаро зулфинг илан.
Ишқинг туну кун мени чунон этди забун,
Кун лашкари етгайму менга, билмасман.
15
Эй, сенсиз ўлиб йироқ кўзимдин уйқум,
Ноз уйқунг учун уйқуни кўздин қувдим.
Ишқингда ишимдир уйқусизлик, санамо,
Кўз ёшим ила уйқуни кўздин ювдим.
16
Дўст аҳдини бузди, дил кўтарди исён.
Дедимки, на ҳожат ишқ агар бўлса чунон.
Ул наргиси маст ишқи етишди ногаҳ,
Туғёнли кўнгил гўшасини тутди макон.
17
Ҳар неки тилармен, у қадар имкон йўқ,
Дилтанг эрурманки, анга поён йўқ.
Дил танглигидин қутулмоқ осон эрмас,
Дармони сабр эмиш, вале дармон йўқ.
18
Хуршидки, жило бериб шафақнинг ўтига.
Ёқут ясади, боқиб лабинг барқутига.
Ҳар кимки лабинга етди, ёқут тиламас,
Ёқут дағи қул эмиш лабинг ёқутига.
19
Душман-ку дилозор, қолишмас дўст ҳам,
Ким иккисидин етар менга ранжу алам.
Тан ташвишу ғам чекар эса, жонга не бок?
Пўст ташвиш агар чекар эса, мағзга не ғам?
20
Кўнглинг-ку вафо билан қовушмас ҳаргиз,
Наздингда яна душману дўст ҳам фарқсиз,
Бас-баски, шикоятинг сира жоиз эмас,
Бор-борки, ҳикоятинг дағи ножоиз.
21
Дедимки, етар, ишқ била корим битди,
Чун юзингни кўрдиму қарорим йитди.
Сўзимга агар юрмас эсам, узрим бор,
Найлайки, қўлимдин ихтиёрим кетди…
22
Ишқинг, санамим, тутди гиребон, олди,
Ақлимни этиб ҳар сари сарсон, олди.
Савдойи кўйинг мулки дили жон олди,
Ҳар нечаки истади, ду чандон олди.
23
То хушвақт эмиш ушбу замонда гумроҳ,
Хуш кўрмас эмиш ақлу хирадни дунё.
Кел, ақлу хирадни ол бошимдин, эй дўст,
Шоядки, замона биз сари боқса қиё…
24
Мен сенга боқармен, сенга боққанда, саиам,
Қолмас назаримда бу кўнгил мулкида ғам.
Мен сен-ла ичармен, сен-ла ичганда, саиам,
Қўрқмай ўтамен маломатдин ҳам.
25
Бошимга ажаб қиёмати ишқ етди,
Боққанда кўзим тиниб, қамошиб кетди.
Ҳам солди дилимга ишқ ажаб ташвишу ғам,
Ҳам икки юзимга номини нақш этди.
26
Ҳажринтки вабо эмиш, балойи-ют эмиш,
Етган ерида умри ҳаёт соқит эмиш.
Ҳар лаҳза лабингга кўз тикарман, эй гул,
Дерларки, «вабо кушандаси ёқут эмиш».
27
То қаҳри итобинг менга юзланди ёмон,
Хок этди танимни, ҳар тараф сочди ҳамон.
Ишқинг кўйида дилим куйиб, чекди фиғон,
Ким оқди кўзим кипригидин оби равон.
28
Юзинг ҳама нурдин ривоят айлар,
Ҳуснипг ҳама ҳурдин ҳикоят айлар.
Васлингга боқар эсам, ҳушим бошдин учар,
Ошифталигимни у бағоят айлар.
29
Кўнглим яна бир санам сари майл этмас,
Кўнглим сариға бошқа санам ҳам етмас,
Ким, ўзгага дил бериш менга маъзур эмас,
Дилдори нисандида карам айласа, бас.
30
Юзинг, санамо, дудсиз оловга ўхшаш,
Кўнглим дедиким: «бўлурму дилсиз оташ?»
Хаттинг кўриниб мисоли оташ дудидек,
Ишқимни яна айлади ҳадсиз оташ…
31
Гул чеҳраси чеҳрангни кўриб, ол, ақиқ,
Оғзинг ғамидин ғунча бўлибдир оғриқ.
Ҳуснинг чамани бировни чин ошиқ этиб,
Ҳам кўнгилни зор айлади, рангини сариқ.
32
Ул гулки, баҳор саҳнини бўстон айлар,
Мен мисоли калдироқ, дилим қон айлар.
Чақмоқ каби ҳар нафас ажиб ханда отиб,
Чун булутдек йиғлашимга фармон айлар.
33
Хаттингки, менга кўрсатди ҳижрон юзини,
Ҳам очди кўзимда юз булоқнинг кўзини.
Зулфинг, санамо, етмаса додимга агар,
Бир уд каби оловда кўрсин ўзини…
34
Ранг олган ўшал лола юзингдин гулдир,
Домингга асиру банда бу кўнгилдир.
Дилтангман ўшал ғунча даҳонингни тилаб,
Ҳар кимки сенга берса кўнгил, бедилдир.
35
То боқмаса майга дийда равшан бўлмас,
То ичмаса май дил дағи гулшан бўлмас.
Дерсанки, «кўнгилдин май олур хушу ҳирад»,
Келтур аниким, бўлмаса, кўнгил тўлмас.
36
Ишқингда ишим нола эрур ёзи қиши,
Ёндирмоғи куйдирмоқ эмиш ишқ иши.
Не ошиқ эмиш улки, чу ишқинг тиламас,
Эвоҳки, шакарни ҳам заҳар дерми киши?
37
Ул ёрки мудом ваъдани ёлғон айлаб,
Бу жони дилимни олди ўйнаб-ўйнаб.
Тунларни узун этди менга ишқи билан,
Ошиқ туни кўп узун бўлармиш, ё Раб!
38
Яшнаб-очилибсан, эй нигор, эй дилбар,
Сенсиздир ишим нолаю зор, эй дилбар.
Юзинг ёришиб мисли баҳор, эй дилбар,
Ҳуснинг дағи ул баҳорча бор, эй дилбар.
39
Дунёга баробар эмиш у — тулкими, шер,
Ҳеч кимсага йўқ бақо — қўрқоқми, далер .
Кўрдингми, ксчанг каби ўтиб кетди кунинг,
Эртанг дағи ўтгай, бунга бовар қилавер.
40
Бир дона тишинг тушибди, эй ойжамол,
Шунданми юзингдан ранг синиқ, ўзгача ҳол.
Бир тишга суманбар, шу қадар ташвишми?
Бнр дур камайибдир садафдин, не малол.
41
Дарёда балиқ каби сузиб, ўйнар ғоз,
Ўрдак била ўхшашлиш бор, сийнафароз .
Ҳар чандки, эринмай кун бўйи сувда сузар,
Соҳилга, шериклар ёнига қайтар боз.
42
Не бўлди фироқ ичра зиёним, сўрама,
Не чекди куйиб ғамингда жоним, сўрама.
Нелар кўйида учди фиғоним, сўрама,
Не бўлди ишим, шудир жаҳоним, сўрама.
43
Ҳар чандки фақир эрур агарчи доно,
Кўргил уни бойи бехираддин аъло.
У бойлиги йўқ эди, давлатманд бўлди,
Бу дониш ила ҳамиша давлатманд шоҳ.
44
Чеҳрангга боқиб, аламдадир гул била боғ,
Сенсиз менга бегона эрур айшу фароғ.
Кўзим сени деб чекмаса гар ҳасрату доғ,
Ким йиғлар ахир йўлингда? Эй, кўзу чароғ!
45
Зулфинг учириб кўзимдин уйқу, тунранг,
Эй, оҳу кўзим, этма менга кибри паланг .
Бас, жисму дилимга айладинг жабру жафо,
Зулфинг каби хам бўлди у, кўзинг каби танг.
46
Гар хомуш эса булбул, эй чангнавоз,
Дерларки, юзингга гул ўзи сўйлар роз.
Ул булбулу гулга кўз тутармен, етмас,
На кўзга жамолу на қулоғимга овоз.
47
Чеҳрангдин олиб нур офтоби кундуз,
Измингда яна ҳаққи савоби кундуз.
Кундузки, санам, тун каби хаттинг ўрамиш,
Ҳай-ҳай, аягил, этма хароби кундуз.
48
Ораста бўлиб зулфу юзингдин туну кун,
Умрим ўтадир қувиб изингдин туну кун.
Ким, ортига қайтмас туну кун, қўрқармен,
Бир йўла йироқ этма ўзингдин туну кун.
49
Чеҳрангдин ўлиб ҳамиша кундуз гулгун,
Зулфинг каби ошиқ туни ҳам кўп узун.
То сенга, санам, меҳри ниёз айламасам,
Мен кун била тун фарқини билмай, дилхун.
50
Ҳар нечаки кўп узун кечаркан, санам,
Ошиқ дилида ошар фиғон, ҳасрату ғам.
Сочинг кўйида дилимда йўқдир қайғу,
Ким, сенга сочинг каби узун тун ҳамдам.
51
Тонг йўқки, қамаштирур қуёшни шуъланг,
Васлингга етолмайин қуёш ҳам дилтанг.
Нур олса қуёш агар юзинг шуъласидан,
Ёқут у қуёш шуъласидан олгай ранг.
52
Дилбарки, мудом эрди дилимга маҳрам,
Жон олди, машаққатимни ҳеч этмади кам.
Дил мотами ичра хўп эмиш сабру қарор,
Мен қайдин олай сабрни, кўп эрса ситам.
53
Жаврингни чекиб, фалак, нетай, паст бўлдим,
Тупроққа қоришдим, хор ила хас бўлдим.
Эй, соқийи ғам, майинг ичиб, маст бўлдим,
Дерманки, кўлингни торт, етар, бас, бўлдим.
54
Кўнглимда умид ғунчайи хандонингдин,
Чун менга не ғам жафойи сўзонингдин?
Тин олмайин ҳеч жафою жакринг чекайин,
Дил узмайин ҳеч чоҳи занаҳдонингдин.
55
Жонон лаби-ку ақиққа ўхшайди тамом,
Ҳар лаҳза латиф юзи берар ишқима ком.
Гар икки кузим тўкар яна ашки ақиқ,
Чун ишқи ақиқ кўз била кўнглимда мудом.
56
Чун оташ ўлиб ҳавода гар учгаймиз.
Ҳам оби равон каби оқиб кечгаймиз.
Тупроқ бўламиз, агарчи биз гавҳар эдик,
Бас, шундоқ эса, бодани бер, ичгаймиз.
57
Кўз ёшима чун ғарқ бўлибдир таним,
Дил оташидим куйиб тилим ҳам даҳаним.
Бир дарди фироқ ичра қолибдир ватаним,
Бас, ўзимга бўлмай, мен яна кимга ғаним?
58
Ёдинг била тилга нолаю ун келадир,
Кўз кипригидин ҳазор Жайҳун келадир.
Билдингми, кўзимдин не учун қонлар оқар.
Ким, кўзимга кўнглим саридин хун келадир.
59
Дўстлар, келингиз, тўйиб-тўйиб май ичамиз,
Кундуз кулишиб, кулгуда кечсин кечамиз.
Токай юрамиз куйиб шу олам ғами деб,
Олам эли ичра биз ахир бир нечамиз…
60
Ишқинг ўтиға дилим сари йўл бердим,
Кўз ёшию фарёд сари қўл бердим.
То бўлди дилим ишқу фироқингга асир,
Тупроқ бўлибон сочилдиму соврилдим…
61
Дармоним ўзинг, бир дили беморим бор,
Кўйингда ҳам осониму душворим бор.
Хор этдингу хорлигимда топдинг иззат,
Токайгача бу қиёмати зорим бор?
62
Эй ишқ, мени хастага малҳам қани?
Ой юзли ўшал дилбари маҳрам қани?
Ғам илгидаман, нечук халос бўлгаймен?
Тун тутқинимен, кун каби ҳамдам қани?
63
Юзинг-ку ақлни қочирар, май эрмас,
Лаълинг-ку шакар тўкар, вале най эрмас,
Зулфингни кўриб, санам, нечун дил титрар?
Юрганда йўлинг ҳам шаккаристондир, бас.
64
Зулфингни кўрарда ишқ деган туйғу келар,
Ҳуснингни кўрарда ойга ҳам кўзгу келар.
Руҳим очилур гул каби чеҳрангни кўриб.
Билдингми, кўнгилга не ажаб орзу келар?
65
Гар кўрдим зса жабру жафо гардундин,
У сочди, қаранг, сочимга оппоқ ундин.
Таҳқир назари-ла айлама менга нигоҳ,
Бир қарчиғай афзал юз қаро қузғундин.
66
Ёрим кўзида шарму ҳаё бўлсайди,
Раҳм айлар эди, бўлмас эди тош мисол.
Ҳижрон кўзида шарму ҳаё бўлсайди,
Дўст бирла тоиар эдим ажаб васлу висол.
67
Ўн йўлга юрарсан, ўн дилинг бор магарам,
Ўн-ўн тугибон, биттасини очмадингам.
Сийнамдагн биргина юрак, эй оқил,
Ул ўнта дилингдан, ўйлаким, юзтача кам.
68
Жабринг у қадар жафоки, афлокка етар,
Хуснинг дағи ойдан ҳам баланддир, дилбар.
Гар доираи гардун эрурсан, эй чарх,
Бахтимни нечун йироқ этарсан бу қадар?
Жамол Камол таржималари
1
Соқий тутса менга майи гулгунни,
Гулгун қилайин фироғидан Жайҳунни.
Майга шундай бўктирайин заминни,
Маст айлайин ер остида то Қорунни.
2
Етди гулу боғу майи гулгун бизга,
Кўрди-ю ҳасад этди гардун бизга,
Иссиғи қилиб таъсир секин бизга,
Сардоба берар бўлди таскин бизга.
3
Ўқ бўлди бало ёйига нозинг ошкор,
Унвони жафо номасини номинг, ёр,
Сенда жам экан жаҳонда бор, зулм, озор,
Ҳусн аҳлида бўлмагай садоқат зинҳор.
4
Ёр ҳажрида кўнглим сира ҳам бўлмас шод,
Этмас мени ёд мен уни этсам-да ёд,
Биргина дилимга қилди минг бир бедод,
Арзийди унинг дастидан этсам фарёд.
5
Маст кўзи заифу нотавон қилди мени,
Мурод боғидан қувди – хазон қилди мени,
Тўнтарди бинафшадек – ёмон қилди мени,
Гулнинг юзидек дилимни қон қилди мени.
6
Дилбар дилининг азми билан қилди сафар,
Ташна лабидекман кўзидек сувда магар.
Биргина сафар билан азиз дийдорин
Қилди у азиз кўз ила жондан шу қадар.
7
Эй ёр, лабу ғамзанг бири – оғу, бири – бол,
Жонга ҳузур ундан, бундан дилга малол.
Бу ғамзаю лабки, дилбаристондандир,
Кўп роҳати ранжидан унинг етса висол.
8
Қўлингда агар неъмати юз Парвездир,
Отхонангда гар икки юз Шабдездир,
Кибр этма агарчи давлатинг тенгсиздир,
Чарх тиғи кесишга умр ипини тездир.
9
Ҳар икки тилар бўлсам, унга имкон йўқ,
Шундан дилим танглигига поён йўқ,
Тангдилликдан халос бўлиш осон йўқ,
Дармони унинг сабру менга дармон йўқ.
10
Ҳимматда ҳадиси Ҳотами Тай қолди,
Фазл ичра каломи соҳиби Рай қолди,
Жоми тама бу замонда бемай қолди,
Инсонийлик жаҳонда ўгай қолди.
11
Юзинг нурдан мудом ривоят қилади,
Ҳуснинг ҳурдан мудом ҳикоят қилади,
Васлинг ўзидан узоқ ғоят қилади,
Қоп-қора сочимни оқ ниҳоят қилади.
12
Ёримнинг барча ваъдаси ёлғондир,
Ўйнаб унга кўнглимни олиш осондир,
Ишқ этди узун кечаларимни, зеро,
Ошиқ тунининг узунлиги чандондир.
13
Ҳажрингда не қадар зиёним, сўрама,
Дардингда куяр не чоғли жоним, сўрама,
Кўз йиғлаб тўкди қанча қоним, сўрама,
Ҳолинг не деб, яхши-ёмоним сўрама.
14
Мен дўст фироқида айёми фироқ,
Сипқордим қанча-қанча жоми фирок,
Таъқиб этади қачонгача доми фироқ,
Тўйдим эшитишдан ҳатто номи фироқ.
15
Тундай зулфи тунлари олди уйқу,
Шер кибри ёнар кўзлари гарчи оҳу,
Кўп жабру жафо қилди дилга, ёҳу,
Зулфи каби хам бўлди, кўзидек танг у.
16
Дарвеш бўлади аслида кимки доно,
Нодонда агарчи ортиқ мол-дунё,
Мол кўплиги мартаба эмасдир асло,
Ўз илми билан шоҳ бўлар одам танҳо.
17
Эй, рашк этади кўриб юзингни гулу боғ,
Сенсиз на гулу лолада бор айшу фароғ,
Гар йиғламаса кўзим чекиб ҳасрату доғ,
Кимнинг кўзи йиғлар, эй менга кўзу чароғ?!
18
Биргина тишинг тушганига, нозли санам,
Ҳар икки юзинг-да сарғайибди жуда ҳам.
Ҳай, биргина тишга шунчалик ташвишми,
Бўлибди садафдан бир дур бор-йўғи кам!
19
Дунё қошида тенгдир тулкими, шер,
Боқий яшамас ҳеч ким – қўрқоқми, жасур.
Ўтди кечадек бугун-да, қайтмас сира, кўр,
Гар эрта келур, у ўтган кундек ўтур.
20
Гулдек очилибсан беғубор, эй дилбар,
Ҳажрингда тикандек мен хор, эй дилбар,
Ҳар икки юзинг мисли баҳор, эй дилбар,
Кўнглингдаги завқ баҳорча бор, эй дилбар.
21
Кўз нурга тўлар майга назар гар этади,
Май ичмас эсанг, қувонч қаердан етади?
Дейсан: “Майдан ақлу ҳуш кетмай нетади?”
Келтир қани, май келмаса нима кетади?
22
Дардингда агар юзимни ювса-да қон,
Ишқинг ўти ортади дилимда ҳар он.
Ишқ олдида заиф бўлмаса, эй жонон,
Аччиқ дерми ширинни ҳеч бир инсон?!
23
Ўхшайди баҳорга ёру йўқ раҳми бироқ,
Чексам-да фиғон мисли момоқалдирок,
Кулгига яшиндек лаб очиб жоду қароқ,
Йиғлашга булутдек амр этар мени у чоқ.
24
Бир куни тугар туну кулар кундузимиз,
Порлайди шараф буржида юлдузимиз,
Ширин лабимиз битса шикоят сўзимиз,
Отларга зафар жабдуғин урган кезимиз.
25
Бир кеча санам қошида бўлсам кошки,
Ўпиб лабидан, қўйнида тўлсам кошки.
У ёшли кўзимга ноз билан қўйса оёқ,
Мен бош уриб эшигига ўлсам кошки.
26
Зулмат кечаларда менга ёр юзи чироқ,
Тунлар-да чекар, бўлмаса ёр зулфи, фироқ,
Парда бўлибон висолидан солса йироқ,
Йиғлаш бўлади ишим тунларга у чоқ.
27
Эй ҳусну малоҳат кони, эй бебаҳо дур,
Ҳар сўзга аланга олма, сақла ғурур.
Ўхшатсам ўту сувга сени ярашур
Ўтдек поку сув каби азизсан-да, ахир.
28
Ширин лабининг дардида дил зор кетди,
Андиша қилиб, қуввати такрор кетди.
Умрим бўйи ҳосил этганим барча илм
Ширин лаби орзусида бир бор кетди.
29
Бу чархи фалак бўлди менга хайрихоҳ,
Кўрдим юзини – менга замин узра моҳ,
Ишқи йўлида васли ҳамиша ҳамроҳ,
Қилдими қабул дуоларимни Оллоҳ?..
30
Кун бўлди юзинг туфайли шундай порлоқ,
Тун бўлди сочинг туфайли зулмат мутлоқ,
Қилди куну тунинг ишқи мисли тупроқ,
Кун лашкаридан борми қутулмоқ, ҳеч чоқ?!
31
Эй тунлари йўқ кўзимда сенсиз уйқу,
Тинч уйқунг бедорлигим боиси-ку,
Ишқингда кўзимда уйқусизлик мангу,
Ҳар икки кўзим ёшидан ичар сув у.
32
Қўзғолди дилим – аҳдини бузди дилдор,
Дедим: “Мени бу ошиқлик айлади хор”.
Ногоҳ менга ёр ишқи бўлди ёр,
Қўзғолган кўнглим яна чўкди ночор.
33
Бўлибди қуёш яхшигина ёқутгар,
Ёқут лабингдан ўрганди бу ҳунар.
Топганда киши лабингни, ёқутни нетар,
Ёқутнинг ўзи банда сенга, билсанг агар.
34
Душман феъли ёмону дўст бевафо,
Ҳар кун шундан менга жафо узра жафо,
Тан бўлса омон, жоннинг иши жобажо
Мағз бўлса, чекиш пўст ғамини нораво.
35
Дедим: “Ошиқ бўлма, ишқ йўли ёмон”.
Юзингни кўриб, аҳдим унутдим шу замон.
Аҳдимдан қайтсам, бор узрим бегумон,
Кетибди тамом қўлимдан ихтиёр, инон.
36
Ақлинг бу замонда сен учун кони зиён,
Кўрар бу замонда наф бир нодон, инон,
Келтир ақл олувчи нарсани буён,
Шоядки кулиб боқса бизга-да замон.
37
Ҳажринг – вабо, етса агар қайси томон,
Йиртар у тириклик пардасини беомон,
Дерлар: “Ёқут вабони элтар бегумон”,
Шунданми, лабингдан узмагайман кўз бир он.
38
Ишқинг ақлнинг ёқасидан олди,
Бармоғини жоду оғзига солди,
Жону дил савдойинг ичинда қолди,
Ҳар не тиласа, икки карра олди.
39
Ҳар кимки назар ўшал паривашга этар,
Дил кетса, қўшилиб дил занги-да кетар,
Кимга у қадаҳни тўлдириб бода тутар,
Ишқ масти маломат кўйидан қўрқмай ўтар.
40
Эсди ғазабинг шамоли то менга томон,
Тупроқ каби ҳар ёққа мени сочди шу он,
Токи дилим ишқинг ўтида чекди фиғон,
Бир анҳор бўлди ҳар киприк бегумон.
41
То бошимга қиёмати ишқ етди,
Кўзга кўриниб маломати ишқ нетди?
Кўнглимни макон надомати ишқ этди,
Юзимга чекиб аломати ишқ кетди.
42
Ишқ аҳли кўзида сенсиз йўқ уйқу,
Дейсан: “Мени кўрганинг саодат мангу”.
Уйқум билан аҳдинг суст эса, ёҳу,
Ҳар иккисини замон ювиб кетгани шу.
43
Гар этмаса дил бирорта дилбарга назар,
Шоядки дилим бўлмаса кўксимда магар.
Берсам-да дилимни мендан олмайди хабар,
Йўқ раҳми ўзининг ошиғига шу қадар.
44
Юзинг тутунсиз оташга ўхшаш,
Дил дер: “Тутунсиз бўларми оташ?”
Хаттинг кўриниб тутунсиз оташ, маҳваш,
Ишқ оташини кучайтирар у яккаш.
45
Эй, оқ юзинг туфайли ёруғдир кун,
Мискин ошиқ тунидек зулфинг узун,
То туну кунинг билан туниммас уйғун,
Билмайман кун қайсию қайсидир тун?
46
Эй нозли санам, чўзилса кўп тунлар, ишон,
Кўнглим куяру таним қилар нола-фиғон.
Зулфингга йўқ эҳтиёжим, чунки аён
Зулфингнинг ноиби узун тун, бегумон.
47
Дедимки: “Бугун бир айла кўнглим равшан,
Ҳар икки лабинг менга тузоқдир – душман.
Куйдирди мени юз бор мисли гулхан,
Бир жуфтгина бўса учун у, билсанг”.
48
Бир қушки, балиқ мисоли сувни севар,
Ўрдакмасу ўрдакдек бўйнини чўзар.
Кун бўйи тиним билмай сув ичра сузар,
Қайтар изига қачонки қавмини кўрар.
49
Дўст бўлмаса, юм халқни қўрқмоқдан кўз,
Ҳеч бедил суҳбатидан ўгирма юз,
Шам сингари бўлу энди, кеча-кундуз
Тўк кўз ёши кўзсизу куйиб-ён дилсиз.
50
Ҳуснинг кўриб, олам аҳли кўнглида завқ,
Берди шакару болга лабинг лаззату шавқ.
Шавқ ила келиб кўйингдан айланади
Зулфингдан гарданимда қумри каби тавқ.
51
Кун бўйнидадир мудом юзинг ҳаққи, санам,
Тун кун этагига тикди чодирини ҳам,
Тундек хаттинг бўлди кун атрофида жам,
Кун бағрини тун сўзи билан ёқма бу дам.
52
Офтобдан этар ҳамиша рухсоринг нанг,
Офтоб эмас у, агарда бўлсанг дилтанг.
Офтоб нур олар сенинг юзингдан, жонон,
Офтобдан эса ўғирлагай ёқут ранг.
53
Бир дилбарки, унда эмиш марҳами дил,
Олди-ю камимни, олмади ҳеч ками дил,
Сабр этса дуруст етганида мотами дил,
Йўқ сабр, аммо, токи олса ғами дил.
54
Алдоқчи фалак, дастингдан хор бўлдим,
Жабрингни фақат кўрдим то бор бўлдим,
Қайғу майидан масту хуммор бўлдим,
Қўй мени, ўзим йўқотдим, абгор бўлдим.
55
Ўхшайди лабинг ақиққа, эй жононим,
Яйрайди латиф юзингни кўриб жоним,
Кўзимдан агар оқса ақиқдай қоним,
Боис ақиқ ишқингдаги оҳ-афғоним.
56
Бўлсак туну кун соз эди майга пайванд,
Кулсак қора кунлар устидан шод-хурсанд,
Дунё ғамига қачонгача диллар банд,
Кам олам аҳли ичра бизга монанд.
57
Ёдимга қачон у қадди мавзун келадир,
Ҳар бир киприкдан юз Жайҳун келадир,
Кўздан, биласанми, қон не учун келадир,
Дил қони кўзимдан уриб тўлқин келадир.
58
Сендан шифо топади беморлигим,
Сендан барча осону душворлигим,
Хор этдингу иззат менга шу хорлигим,
Сендан то қиёматгачадир зорлигим.
59
Зулфингни кўриб ҳар киши ошиқ бўлади,
Ҳуснингни кўриб кўнгил сурурга тўлади,
Юзингни кўриб жон боғида ғам сўлади,
Дил орзу билан яшар, йўқса ўлади…
60
Юзинг май эмасу ақл қочиб кетади,
Зулфинг ғам эмасу дил парҳез этади,
Лаблар шакарқамиш бўлмай нетади,
Ҳар лаҳза агар ундан шаккар етади.
61
Эй ошиқ дил, дардингга малҳам қани?
Бир юзи ою кокили хам қани?
Қутқаргали ғам бандидан ҳамдам қани?
Ёритгали тунни ҳусни олам қани?
62
Сен жабру жафодасан фалакка ҳамкор,
Ҳусн ичра тўлин ойдан ўтарсан минг бор.
Бўлсанг-да жаҳон гардиши, эй чарх, ошкор,
Бу гардишдан ташда муродим зинҳор.
63
Турмуш ғаму ташвишлари эзиб туну-кун,
Қоп-қора сочимга оқ оралабди бутун.
Бир оқ лочин юз қора зоғдан афзал,
Бас, таъна билан менга назар ташлама сан!
64
Бўлди-ю ниҳон кўзимдан ой сиймоси,
Қилди мени девона унинг савдоси.
На уйқую на иштаҳа, на ақлу на дил –
Ҳеч қолган эмас тириклигим маъноси.
65
Дўст этди ҳамиша менга жабру озор,
Кўз ёш тўкаман юриб паришон, бедор,
Дарё бўлади кўзим ёшидан, эй ёр,
Мен сажда қилган ҳар меҳробки бор.
66
Ул тунки, жудо бўлдинг мендан, дилхоҳ,
Зулфинг каби қора бўлди туним ногоҳ.
Бу тунда кўрай дерман, иншооллоҳ,
Юзингда сенинг тонгу чеҳрангда моҳ.
67
Кўзим нури сен туфайли пайдо бўлди,
Ақлим сени деб тўлишди, доно бўлди,
Кетдингу ишим кулфату савдо бўлди,
Сенсиз бу тирикликда не маъно бўлди?!
68
Нақ ўнта дилинг бордиру ўнта чора,
Ўнта тугун урдинг, очмадинг бир бора,
Биргина дилим юзта ғамингдан пора.
Биргина дилинг қилмади бир наззора.
69
Оташ каби осмонга юксаклик агар,
Пок бўлсак оқар сувдан бир неча қадар,
Айлансагу хокка, хокимиз бўлса-да зар,
Тут бодани, боддир бу жаҳон боддек ўтар.
70
Ғарқ бўлса-да кўз ёшига ҳар қанча таним,
Куйди тилим дил ўтидан оғзимда маним,
Ҳижрону ғариблик ғами бўлди ватаним,
Шундан йўқ ўзимдан ўзга менга ғаним.
71
Ишқинг ўти то дилимга қилди бедод,
Кўз ёши билан булутдек этдим фарёд,
Бир лаҳза фироғинг қўли қўймас озод,
Тупроқ каби ел қўлида бўлдим барбод.
72
Чилдирмачи қиз, ишқинг ўтида куйдим,
Кўнглимдаги ўтдан бехабарсан – туйдим,
Чилдирма каби нола қилар энди дилим,
Чилдирма каби чунки қўлингга қўйдим.
73
Бедорлик азобидан вужудимда таб,
Кўп авжини тутди дилдан учган: “Ё Раб!”
Тундек қора зулфини ҳижрон тунида
Ўзига ниқоб қилибди ул ширинлаб.
74
Ҳажринг ғами ҳар неча комига тортар,
Ҳажринг майидан ичиб, хуморим ортар.
Қай кунки, десам, сенга яқинроқ бўлдим,
Диққат қилсам, узоқ тушибман баттар.
75
Ҳар лаҳза хатингга интилиб толмасман,
Қилсанг-да жафо, ортингдан қолмасман,
Кўп жабру жафоси деб қўлим олмасман,
Ияк чоҳидан ўзгага дил солмасман.
76
Гулдек кулу, эй турк, сарвдек бўй чўза қол,
Бу сарву гул учун бор менда дилу мол,
Ақл эса агар молинг, улуғ сенда жамол,
Мақсад жамол ишқингдан, ўйлама мол.
77
Бахш этмас эдим аслида рухсорига дил,
Боғлар эдим у зулфи – узун дорига дил,
Бердим бу жаҳоннинг бир дилдорига дил,
Бермасман энди ўзга бир ёрига дил.
78
Бўлсам-да, санамга нима, оташ масти,
Менман ўша кўнгли тошу саркаш масти,
Бўлсам бир дам васли париваш масти,
Бўлмасман ҳеч ҳажри балокаш масти.
79
Жонбахш овозинг менга етган дам,
Шамдек йиғларман тўкиб кўздан нам,
Бу ўту ҳароратларки, мендан жам,
Юздан бири бўлса, чидай олмасди шам.
80
Бўлди-ку жафо менга сафойи сафари,
Қилди мени қушуйқу балойи сафари,
Кимга йиғлай бўлсам адойи сафари,
Тутгайми жафо қилсам жойи сафари?
81
Чангинг гар эмас булбул, эй чангнавоз,
Юзинг гули билан нега айтар ҳама роз?
Ул булбулу гул нега олар унда яна
Кўзимдан ҳусну қулоғимдан овоз?
82
Топди тартиб зулфу хатингдан туну кун,
Тинмай қувади бир-бирини ишқинг учун.
Хавфим: туну кун сири адо бўлса, кейин
Ўтган туну кундек келишинг қайта қийин.
83
Бир ҳайвон: тупроқ – она, сув – ота магар,
Ўз отаси ишидан қилар гоҳи ҳазар,
Ўз онаси шод тутмаса номини агар,
Ўз отаси билан сира қилмайди сафар.
84
Гул олгуси лола каби юзингдан ранг,
Ишқинг мени тортар ўзига гар, билсанг,
Тор оғзингдек бўлибди бу дил ҳам танг,
Бедил сенга дил бермаса ким, эй шўх-шанг!
85
Мушкин хатидан токи унинг тушдим узоқ,
Юз очди кўзим саҳнида юзта булоқ,
Акбар зулфи етмаса додинга, бироқ,
Манқалдаги уддек мени ёққуси фироқ.
86
Қизил гул бўйнида юзинг ҳаққи, санам,
Ғунча дилида оғзинг ҳижронида ғам,
Ошиқ юзи заъфарон, дили зор, кўзи нам,
Севиб сени йўқотгани шу, топгани ҳам.
Рубоийларни форс тилидан Эргаш Очилов таржима қилган.