Ууно Кайлас (1901-1933)

Ууно Кайлас (Uuno Kailas) 1901 йилда туғилган. Замонавий фин шеъриятининг ёрқин намояндаларидан бири. Матти Куусининг шоир ҳақидаги: “Кайлас буюк, умрибоқий, биз уни илоҳийлаштирамиз”, – деган сўзлари шеърият оламида машҳур. Адабиётшунослар эса, Кайлас шеърияти жаҳон адабиёти хазинасидаги гавҳарлардан биридир, дея эътироф этишади. Кайлас “Шамол ва бошоқ” (1922), “Денгизчилар” (1925), “Кўзим кўзингга тушди” (1926), “Оёқяланг” (1928), “Уйқу ва ўлим” (1931) номли бешта шеърий тўплам муаллифи. 1933 йилда вафот этган.

БОЛАНИНГ УЧҚУР ХАЁЛИ

Тоғдан сирпаниш

Осмон – қалин қорли, музли баланд тоғ.
Қуёш олтин чанага миниб сирпанчиқ ўйнар.
Ерга гуп-гуп ёғар ялтир-юлтир қор.
Ўрмонга тушар қуёш юзи қизариб.
Сўнг ўйиндан зерикиб уйига қайтар.

Осмон – оқ қорли тоғ,
қувноқ ўйингоҳ.
Тоғ устидан ҳар кун сирпанар қуёш.
Ҳар кун қия ердан чанасин тортиб,
Баланд тоққа яёв чиқади қуёш.

Ақлсизлар ва ақллилар

Қуёшнинг юзига қараб куламан,
У ҳам кулар менга қараб.

Қуёшга қараб кулиш, ахир, нодонлик.
Менинг онам ва отам,
менинг тоғам ва холам
ҳеч қачон кулмаслар қуёшга қараб.
Улар – катта одамлар.
Катта одамлар – улар ақлли одамлар.
Ақлли одамлар эса ҳеч нимани кўрмаслар.
Ақлли одамлар ҳеч нимани тушунмаслар.
Ақлли одамлар ҳеч нарсани билмаслар қуёш ҳақида.

Менинг эсим йўқ-да, ақлсизман-да –
Нуқул кулавераман қуёшга қараб.
Қуёш, сен ҳам ақлсизга ўхшайсан мендек.
Ақллилар устидан куламиз, қуёш!

Рус тилидан Рустам Мусурмон таржималари