Алексис Киви (1834-1872)

Алексис Киви (Aleksis Kivi) – фин шоири, адиб, драматург. Фин эпоси “Калевала” оҳангларида “Куллерво” пьесасини, “Леа” драмасини яратди. Унинг “Етти ака-укалар” асари фин тилидаги биринчи роман ҳисобланади.

ҚУШЛАР УЙИ

Қайлардадир мовий денгизда
Яшнаб ётар ёқимли орол.
Чор атрофи ўт-ўлан, ўрмон
Қирғоқлар тик, метин, безавол.

Пешвоз чиқар шўх-шўх тўлқинлар –
Болалари денгизнинг азал.
Ўйнашарлар, оқиш кундалар,
Ҳаловати қушларнинг гўзал.

Бу – оролнинг зангор ўтлоғи,
Бу ўтлоқда олтин далалар
Ҳосилдордир, хирмони баланд,
Гўдакларни ўрмон аллалар.

Бу ўрмонда гуллар барқ уриб,
Кўҳна қаср томон елишар.
Унда макон қуришган қушлар,
Пўканаклар томдан келишар.

Чорлаб митти асаларини
Қушлар чаҳ-чаҳ урар шодумон.
Бунда бахтли карликлар яшар
Ўта содда, ўта меҳрибон.

Эртакдаги сеҳргарлардай
Ёвузликни билишмас асло.
Қўрқишмайди бургут, уккидан,
Қўшиқлари дилкаш, дилрабо.

Сокин тонгда шафақ оралаб,
Янграб кетар қарқур кулгуси.
Яқинлашар бўрон товуши,
Шиддаткордир, келмас уйқуси.

Айланади қора булутлар,
Ёйилади чақинлар бир қур.
Кўк пардаси ортида бўрон,
Яшириндир алвон-алвон нур.

Олислардан келади бўрон,
Унда шамол, еллар бокира.
Нафасидан эгилар гуллар,
Буни бўрон ўйламас сира.

Парвоз этар ер шари бўйлаб,
Ортга қайтмас, тақдирдан қочмас.
Гир айланар, чир айланар у,
Тош деворлар қулар басма-бас.

Қарағайлар қамишдай беҳол
Ерга аста энгашиб қолар.
Сойликларда атиргул ҳиди,
Жозибаси ақлингни олар.

Юрагингга бўронни жойлаб,
Сен ҳам чиқдинг зулматни ёриб!
Бу тасодиф эмас – қисматинг,
Орзуларинг нурларга қориб!

Кўҳна дунё бағрида хушҳол
Сезаяпман тошлар титроғин.
Балиқчи қуш каби тўлқинлар
Қолдиражак янги из бетин.

Яқин, яқин келар мен томон
Ялтираб кўк кўксида чақмоқ.
Зириллайди қоялар кучли,
Мафтункордир тўрт тараф мутлоқ.

Кириб келди фин тупроғига
Баҳор ғоят оромбахш, дилбар.
Майинлашар илиқ тўлқинлар,
Ором? Жимлик? Совуқ нақадар…

Қанча вақтга келмиш илиқлик?
Қоялар, айтинг-чи, эй, фалак,
Бир сўз кутаяпман – зулматни
Кесаман деб бу нурлар ҳалак.

Майсазор, зангор ўтлоқлар,
Қиличлар ўрнини бўшатди
Бугун омочларга, бугун далага,
Найсонлар тупроқни ушатди.

Текис ураётир томирлар,
Кўклам берар борлиққа оро.
Ҳаммаёқда – ҳаётбахш куйлар,
Кенгаймоқда осмон тобора.

Суоми, муҳтарам онажон,
Умидидан айрилмас юрак.
Сен кутган вақт ила бахт келди,
Какку санар, енгил елвизак.

Ин ясайди қораялоқлар,
Ер ҳайдайди йигитлар ўктам.
Қизлар нафис мато тўқийди,
Кўзи чарос, ўйлари кўркам.

Оқ кўйлакда яшнаб кетишар,
Гулчамбарлар ясаб гуллардан.
Бошга тақар, белига бойлар,
Мушку анбар анқир йўллардан.

Тайёрлашар ўрмонда тушлик,
Дастурхонлар ёзиб шодумон
Ҳазил-ҳузул, енгил табассум,
Бўйнидаги шарфлар ёйсимон.

Елкалари узра безавол
Тилла сочлар ёйилган сари
Овозлари ел шивиридай,
Тинмас шодлик қўнғироқлари.

Эр йигитлар эртак бошлайди
Олис юртдан кўрган-кўрмаган.
Аёллар лол тинглайди, ўрмон
Ҳали бундай хаёл сурмаган.

Сўнг бир-бирин қўлини ушлаб,
Кириб кетар қуюқ ўрмонга.
Тўлқинланиб йўл солади, йўл
Майин шамол ўтлоқ томонга.

Куйлашади, рақс этишар,
Мовий денгиз бўйида оқиш
Оққушлар тинч сузади, Парус
Қанотлари – илҳом ва олқиш.

Бу қадрдон оролда узоқ
Флот яшар кўкси ярқираб.
Сирғалади оққуш патидан
Намхуш ҳаво силлиқ нур тараб.

Гул қизларни кутиб олади
Ошиқ кўнгил қўшиқ ноласи.
Жўр бўлишар дилобар қизлар,
Титроқ солар муҳаббат саси.

Ўрмонда акс-садо жаранглар,
Сингар севинч туйғуларига.
Гўё денгиз тубидан қалқиб,
Парда тортар қайғуларига.

Майда-майда балиқларгача
Айланишар оролни аҳил.
Қайиқлари оққуш карликлар
Юмушлари тугамас, хил-хил.

Бу бокира ўрмон чиройи,
Бой карликлар бору йўғини,
Талаб-талаб битиришса ҳам
Ўчиришмас юрак чўғини.

Кўнгиллари нафис матодир,
Синиқ дилга сиғмайди ором.
Ўлпон тўлаш, хўрликка чидаш,
Қачонгача этади давом?

Халқ яшайди, ўлмайди, ҳамон
Сўраётир: қайда ҳақиқат?
Қўл совумас дала, омочдан,
Шамолларга учмас адолат.

Болаларни қучиб, эркалаб,
Ватан қурсак, дейди бағри ёз.
Ҳақ соати бонг урди хуррам,
Жўровоздир, куйлар жўровоз!

Рус тилидан Ойгул Суюндиқова таржимаси