Афғонистондаги ҳозирги замон форсий — дарий адабиётининг забардаст вакилларидан бири – олим, шоир, ёзувчи ва таржимон Устод Восифи Бохтарий (استاد واصف باختری) ҳисобланади. У 1942 йил Балхда туғилган. Илк маълумотни шу ердан олиб, 1967 — йил Кобул институтининг форс тили ва адабиёти факултетини тугатган. 1975 — йилда билимларини ошириш мақсадида АҚШ даги Колумбия институтининг таълим – тарбия соҳасида ҳам ўқиган. Ҳозирда Америкада яшайди.
Бугунги кунда Бохтарий форсий — дарий адабиёти ва тарихи илми бўйича тенгсиз олим ҳамдир. Унинг Фирдавсий, Жалолиддин Румий ва Гургонийнинг “Вис ва Ромин” – и ҳақида ёзганлари муҳим илмий аҳамиятга эга. Шоир ғазал ёзишда ажойиб форс шоири Маликушшуаро Баҳор ва янги шеър ижодида Маҳди Ахавони Солис билан тенг мартабада туради.
Шоирдан ҳозиргача еттита шеърий тўплам ва битта сайлама чоп эттирилган. Булар «…Ва офтоб намемирад» (…Ва қуёш ўлмайди)(1983 й.), «Аз меъод то ҳаргиз» (Учрашувдан ҳеч вақтгача), «Аз ин оинаи бишкастаи торих» (Бу тарихнинг синиқ оинасидан), «То шаҳри панж зулъи озоди» (Озодликнинг беш шаҳри томонигача), «Дебочаи бефаржом» (Тугалланмаган муқаддима), «Дар устураи фасли шикастан» (Афсонада синиш ҳақидаги боб), «Мўяҳои Исфандиёри гумшуда» (Йўқолган Исфандиёрнинг нолалари) ва «Дарвозаҳои бастаи тақвим» (Тақвимнинг боғланган (ёпиқ) дарвозалари) — лардир. Шунингдек бир неча илмий асарлари Афғонистон ва хорижий давлатларда нашрдан чиққан.
ГУЛ ТАБАССУМИ
Лола сачратар учқунин ғамгин ул ошиқ дилига,
“Боғ-у чаман қафас эрур қаноти йўқ булбулига”.
Дил сени юзларинг кўриб нола – ю фарёд чекар,
Қичқиради xўроз агар, боқса қуёшнинг йўлига.
Сенинг қўлингга гар дилим бўлса- чи тупроқ, не ажаб,
Ҳеч киши парво қилмагай ерга томар ёш ҳолига.
Йиғлаганимда кулганинг, эрур шодликка бир сабаб,
Баҳор ҳавоси яхшидур гул бутаси камолига.
Бу чаманни наргиси гар бўлса зардин мактуб битар,
Ғунча шунда киярмиди йиртиқ либос ниҳолига?
ҒАЗАЛДАН ЖАВОБ
Бу саҳрода биз бир неча эдику кетдик,
Завқ ўроқи билан тикон ўрдику кетдик.
Икки – уч дам ажал кўзин уйқу босганда,
Беҳуда чўпчаклар тўқиб юрдику кетдик.
Чақмоқ янглиғ борлиқнинг эски дафтарига,
Исмимизни ёздик ва ўчирдику кетдик.
Эй сел, пичан — тикон муштига не куларсан,
Бизмиз, сенинг йўлингни бир очдику кетдик.
Умидимиз боши охирга туташмади,
Бу саҳифага бир сўз орттирдику кетдик.
Бизнинг сукутимиз жарчиларгадир жавоб,
Улки лойиқ эди, мадҳин этдику кетдик.
ЖАНГОВОР БИР ҒАЗАЛ
Ким ситам шамшерини бошимиз узра тутган,
Асир қилдим деб ўйлаб, кимлигимиз унутган.
Ватаним, боқ ўғлонинг, ана жанг майдонида,
Ситам ўқин олдига кўксини қалқон этган.
Ҳар ким тарбияланмиш сенинг дур этагингда,
Еттинчи осмонда ҳам сени ихтиёр этган.
Сенинг айланар дилинг, шоннинг учар қомати,
Нақадар ёришган – у, нақадар ўзиб кетган.
Мерган бўлса ҳам гарчи сардору саркардалар,
Совут олдига Албурз найзасини тик отган.
Сенинг тоғинг, водийинг, экинзоринг, жангалинг,
Бошдан оёқ жаҳонга доду – фарёди етган.
Шод бўлсин унинг юзи жаҳонмардлар сафида,
Ҳар кимки сенда сенинг одатинг билан ўтган.
Форс тилидан Шаҳзод Кенжаев таржимаси