Хушҳолхон Хаттак (1613-1691)

Хушҳолхон Хаттак 1022 ҳижрий (яъни мелодий 1613) йилда Пешоварнинг шарқида жойлашган Акора деган жойда туғилди. Хушҳолхоннинг отаси Шаҳбозхон ўша вақтда 22 ёшда бўлиб, бобурийлардан Шоҳ Жаҳон хизматида эди.
Хушҳолхон болалигидаёқ ўзининг катта истеъдод эгаси эканлигини намойиш қилди. Ўз давридаги илмларни қунт билан ўрганиб чиқди. Хон оиласидаги тарбияга кўра, бўлғуси саркарда ва шоир Хушҳолхон аввало ҳарбий машғулотлар: чавандозлик, кураш ва ов қилиш каби ҳунарларни ўрганди. Балоғатга етгач, Хушҳолхон араб, форс ва ҳинд тилидаги илмий ва адабий китобларни мутолаа қилади. 16 ёшиданоқ шеър ижод қила бошлайди. Бу шеърларида унинг ўз замонасидаги кўпгина фанлардан хабардор эканлиги кўриниб туради. У фалсафа, биология, астрономия, кимё, фармакология, социология, ҳарбий техника ва стратегия каби илмларни чуқур ўрганиб чиқкан. Ота-боболари сингари Хушхолхон хам Хаттаклар хони сифатида 1641 йилдан бошлаб Бобурийлар хизматини ўтай бошлади. Санъат ва шеъриятни жуда яхши қадрлаган Шоҳ Жаҳон Хушҳолхон Хаттакнинг ҳарбий таланти ва шеърият соҳаеидаги маҳоратини юқори баҳолаб, уни «жанг майдонининг шери ва қалам соҳиби» деб атайди.
Аммо, Аврангзеб даврига келиб, Хушҳолхон бошчилик қилаётган Хаттаклар хонлиги ва бошқа афғон қабилалари Бобурийлар ҳукмронлигига қарши чиқа бошладилар. Аврангзеб Хушҳолхоннинг афғон қабилаларини бирлаштириб, ўзига қарши курашга отлантириш ниятида эканлигини сезгач, ўзининг Пешовардаги ҳокимига Хушҳолхонни ушлаб, Деҳлига келтиришни буюради.
Хушҳолхон беш йилдан ортиқ қамоқда ва таъқиб остида сақланадн. Зиндондан қутулгач, Хушҳолхон умрининг охиригача афғон қабилаларининг миллий-озодлик курашига бошчилик қилди. Афғон халқига ўзининг ўткир, таъсирчан шеърлари билан маънавий озуқа берди. Шунинг учун ҳам афғонлар Хушҳолхонни миллий қаҳрамон, забардаст шоир сифатида ҳозир ҳам зўр ҳурмат билан тилга оладилар. Чунки Хушҳолхон афғон адабиёти хазинасига муносиб ҳисса қўшган талантли шоиргина бўлиб қолмай, балки XVII аср афғон халҳи тарихида чуқур из қолдирган ажойиб саркарда ҳам эди.
Шоир афғон классик поэзиясига арузни жорий этиб, 40000 байтдан иборат девон яратдики, ундаги ғазаллар, қасидалар, рубоийлар, қитъалар, мухаммаслар, мусаддаслар, маснавийлар, таржиъбандлар ўзининг гўзаллиги ва теран фикрлилиги билан ҳозирги замон шеърият мухлисларини ҳам мафтун этиб келмоқда,
Шарқшунос олимларнинг айтишича, Хушҳолхон 100 томдан ортиқ асар яратган бўлиб, булардан машҳурлари «Дасторнома», «Бознома», «Тибнома», «Фарахнома» ва бошқалардир.
Хушҳолхон Хаттак 78 йил умр кўрди. У 1100 йили (ҳижрий) раби-ул-аввал ойининг 28-куни, яъни 1691 йилда вафот этди.

ҒАЗАЛЛАР

Эй муғанний, кел, қўшиқ айтиб чалиб бергин рубоб,
Янги-янги наъмалардан қил ҳикоят бобма-боб.

Хонақоҳни майли манзил айласин ул шайхлар,
Ҳадя қил менга баҳорий гул билан салқин гулоб.

Ул гадоларким қорин қайғусида кун ўткарур,
Подшоҳлар мамлакат аҳволидан бергай ҳисоб.

Шоҳларнинг қасрида ҳам шод, ҳам ношодмен —
Ким биров шукр этса унда, ўзгасин ҳоли хароб.

Унда ахтарма вафо бирла карамни, аҳли ишқ —
Ким, жафо оташларидан бўлғуси бағри кабоб.

Бода ичгайлар мудом шодлик билан ё ғам билан,
Чунки бунда ошкоро сотилур ёлғиз шароб.

Баҳраманд бўлмоқ гўзаллар ҳуснидан эрмиш гуноҳ,
Унда, Хушҳол, сен бутун умрингни билгайсан сароб.

* * *

Тун ярмида кулбам сари келди пари пайкар,
Хушбу нафасидин сочилиб мушк ила анбар.

Зар кўйлаги, камзуллари эгнига ярошиб,
Бошдин то оёқ, нури тажаллийки, саросар.

Оқ чеҳрада иффатли сафо барқ урар эрди,
Тундек қаро кокиллари ҳам зулмату кофар.

Чун эрди гўзал ҳусну жамоли била сармаст,
Ҳам бода ичар, ҳўлларида лим тўла соғар.

Шўху ширин кайфдан ўзин ҳам таний олмас,
Зийнатлари ҳам ёқуту лаъл — жонга ситамгар.

Бехосда учиб жаннати бу уйқу кўзимдан,
Айтдим ўзима: «Ҳурми, башар бўлди бу дилбар?»

Ул бўлса турар менга қилиб ноз, рўпарамда,
Кўзларда карашма тиғи ҳам киприги ханжар.

Сўзларди менга: «Бил, бу жаҳон хўблариданман,
Хўблар ичида борми менга, айтчи, баробар?

Кўпдир менга бу ер юзида ошиғу шайдо,
Иқболи кулар, бўлсам агар кимга муяссар».

То субҳу саҳар чоғигача бўлди ёнимда,
Хушҳолни беҳол айлади да, кетди у дилбар.

* * *

Бўлибман бу олам корига ҳайрон,
Кўплар нафс йўлида эмишлар қурбон.

Шундай худбинликлар қилишар гоҳи,
Сабоқ олса арзир улардан шайтон.

Бу йўлда Қуръонни этмишлар қурол,
Бу ишлар қайдаю, қайдадир Қуръон.

Донони қаердан излаб топай мен,
Улар кимё бўлиб, кўпаймиш нодон.

Яхши одам мисли лаълу ёқутдир,
Нокаслар тоғдаги худди юш хирмон.

Яхшилар кўп эрмиш ўзга элларда,
Аммо ялчимади яхшига афғон.

Бу ҳақда кўп айтдим афғон элига,
Қулоқ осмадилар сўзимга бир он.

Яхшиликдан улар олис эмасдир,
Аммо иттифоқ йўқ, шу дилда армон.

Баҳлул ва Шершоҳлар ибрат эмасму,
Уларнинг измида бўлди Ҳиндистон.

Улар кўп асрлар шоҳлик қилдилар,
Доноликларидан сўзлаймиз ҳамон.

Бирликка бош қўшса афгон улуси,
Хушҳолнинг дардлари топгайди дармон.

* * *

Рост, майхўрман, аё шайх, мен билан кўп қилма жанг,
Бахтли эрдим гар ўзингга сен мени ўхшатмасанг.

Сўзла, сўзла, сўзларингга барча қоил, воизо,
Қайда кўп сўзлаш билан дарё сувига кирди ранг?

Хилватимда, беҳуда, нафъу зарардин урма лоф,
Гар қўлингдан келса дунё бўлмагайди сенга танг.

Барча мазҳаблар аро дил дардига дарддошман,
Аммо сен билганларинг — афсоналардир ранг-баранг.

Мутрибо, созинг олиб, наврўз сурудин бошлагил,
Хониш айлаб, бу кўнгилга сўзласин най бирла чанг.

Ҳар тараф наргис-ла сунбул, лолалардан зебнок,
Яъни, Хушҳол, кўнглимизга навбаҳор солмиш жаранг.

Жуманиёз Жабборов таржималари

РУБОИЙЛАР

Тутуннинг нелиги маълумдир сенга,
Агарчи яратмиш уни аланга,
Аммо ўт бўла олмас, ёна олмас ул,
Ҳаво кўтармаса уни баландга.

* * *

Тўғри йўлга солур одамзодни панд
Панд сирин англатур элга донишманд.
Ҳаммага аёнким яралмиш азал —
Инсон учун панду хайвон учун банд.

* * *

Хислатлар ичра соз адолат, инсоф
Яхши-ю ёмонга айла дилни соф.
Ким тишинг синдирса, тишини синдир,
Узр истаса, этгил дандонин маоф.

* * *

Севгидан хабарсиз бўлса гар инсон
Севмоқ унга асло бўлмагай осон.
Умр санамагил ёрсиз умрни,
Юрагинг қон бўлур, рангинг заъфарон.

* * *

Мағрурланма, одам, бўлсанг-да султон,
Забун бўлма тақдир айласа чўпон,
Чарх фалак ишлари шундай бебақо,
Янги нақшлар қилар ҳар янги даврон.

* * *

Агар бир кимсага берсаю ёрдам,
Сўнгра миннат қилса номард ул одам.
Номард дорусини олиб ичмагин
Эрта азоб чекиб ўлар бўлсанг ҳам.

* * *

Дониш сўзин олиб, тилингни тийгил,
Жаҳлинг келса ғолиб, тилингни тийгил,
Жону жаҳон кетар, ҳам имон кетар
Ёмон тилдан ҳолиб, тилингни тийгил,

* * *

Ўз кадрини билган бўлади фарзанд,
Отанинг сўзини айласа писанд.
Аждодлари шаънин кўтарган ўғлон
Билки, ўз номин ҳам кўтарур баланд.

* * *

Киши ғайрат ила давлат топғуси,
Шаънин ардоқласа, иззат топғуси.
Бул икки нарсадур бир-бирига эш,
Кимки меҳнат қилса, роҳат топғуси.

* * *

Агар киши бўлса бадфеъл, бадбунёд,
Унга йўлдош бўлур ҳар ишда фасод.
Яхшилик кўйидан бўлгай бехабар,
Ёмонлик фанида ул комил устод.

* * *

Панду насиҳатни тинглагай оқил.
Сен ҳам насиҳатни тинглаганга қил.
Менинг пандим шулки, ким ўз косасин
Синдирса, ўзгага муҳтож бўлур, бил.

* * *

Қай дилга ошино бўлса муҳаббат,
Ўлса ҳам тирик деб ҳисобла албат.
Дунёдан ўтдилар Фарҳоду Мажнун
Лекин улар номи дилларда абад.

* * *

Ўғлон, сен илмни қил доим эъзоз
Ақлу фаросатга илмдир устоз.
Мева бермайдиган улкан дарахтдан
Кичкина бўлса ҳам мевалиги соз.

* * *

Гулзор яратади дўстлик, иттифоқ,
Тиканзор яратар кин ила нифоқ.
Тикандан баҳраманд фақат хоркашлар,
Оқилу ҳушёрлар гулзорга муштоқ.

* * *

Кимнингки фазли йўқ, аммо гўзалдир —
Ичи бўш мунаққаш чинни кўзадир.
Бўш идиш фойдасиз олтин бўлса ҳам,
Сопол кўза ҳусни тотли бўзадир.

* * *

Мевахўрлик қилар боғда тўртовлон,
Бир мева шириндир, бириси нордон.
Дедилар: ачиқ ҳам керак дунёда,
Йўқса ширин қадрин билмасди инсон.

* * *

Икки нарса керак вужуд учун, бил,
Биринчиси дилдир, иккинчиси тил.
Дилни сен меҳр ила шафқатга тўлдир,
Тилни ҳақиқатнинг ўткир тиғи қил.

* * *

Сочим оқ, кўнгилда ва лекин сурур,
Соқол оқ, юзимда бу оқлиқдан нур.
Ёшликнинг кетганин англадим фақат
Кўз бирла тишлардан кетганда футур.

* * *

Қўлингда кам бўлса бирорта бармоқ
Қолган бармоқларнинг ҳоли ҳам чатоқ.
Тўрт бармоқ мушт эмас гар оқил эсанг —
Ўзинг фаҳм этурсан недир иттифоқ.

* * *

Филнинг шер билан жанг қилиши осон,
Аммо тилдан келган офатдир ёмон.
Ҳар ким ўз тилига фармон қилолса,
Уни Рустам дегил ҳам доно Луқмон.

* * *

Юрт тупроғи мушки анбардин аъло,
Ёққан қори иссиқ сувдек жонфизо.
Юрак, сен бамисли дарёдаги хас,
Қаён элтмоқдадир сени бу дарё?

* * *

Оламда йўқлик бор, зеридаслик бор,
Олиҳимматлик бор ҳамда пастлик бор.
Ва лекин дунёда бор тубанликдан
Тубанроқ бир хислат — худпарастлик бор.

* * *

Барчага кўнгилдан чин ҳайрихоҳ бўл,
Йўлин йўқотганга йўлдош, паноҳ бўл.
Сахий бўл, тож-тахтинг бўлмаса ҳамки,
Ҳиммат, мурувватдан сен подишоҳ бўл.

* * *

Фарзандинг гар йироқ бўлса ҳунардин,
Фарқи йўқдир унинг ҳайвондин, хардин
Молу давлатингга бино қўйма ҳеч,
Ҳунар минг бор афзал зўр ила зардин.

* * *

Дарахт маълум бўлар берганда самар,
Ё аччиқ бўлади ё ширин-шакар.
Фарзанд ҳам дарахтга ўхтар етилиб
Бўлар ё оқилу ва ё бадҳунар.

Эркин Воҳидов таржималари