Муҳаммадризо Шафеъий Кадканий (1939)

Доктор Муҳаммадризо Шафеъий Кадканий (форсча: محمدرضا شفیعی کدکنی) ҳижрий-шамсий 1318 йили, милодий ҳисоб билан 1939 йилнинг 12 октябрь куни Нишопурнинг Кадкан қишлоғида туғилган.

Шафеъий Кадканий давримизнинг янги шеър ва тамсилий шеъриятнинг машҳур намояндаларидан биридир. Унинг анъанавий ва янги классик шаклдаги ғазаллардан иборат дастлабки шеърий тўплами «Замзамаҳо» (1965)дан кейин, деярли бу қолип (ғазал)дан узоқлашиб, Нимо шеъриятига юзланди.

Янги йўналишдаги шеърларидан ташкил топган дастлабки «Шабхоний» шеърий мажмуасида ҳам баён услуби ва шакл жиҳатидан, ҳам фикрий қарашларни ифодалаш жиҳатидан Ахавони Солис шеърияти ва услубига тақлид қилиш ва ундан таъсирланиш намоёндир. У кейинчалик Ахавоннинг дабдабали, ривоят оҳангига, тарихга мойил, архаик баёнлардан узоқлашиб, сокин, рамзий, жонли, тавсифловчи, яъни хуросоний мулойим шаклларга юзланиб, фикрий жиҳатдан ҳам ўз шеърини Эроннинг энг қадим маданиятини, жамиятдаги қарашларни ифодалашга қаратди. «Дар кўчабоғҳои Нишобур» (1971) шеърий мажмуаси Шафеъий шеъриятининг авж нуқталарини кўрсатувчи ва ўша даврнинг «шеъри муқовамат» (қаршилик шеъри) услубида ёзилган энг ёрқин намунаси бўлди. Ушбу мажмуада шоир эронча лирик тафаккур, содда тил ва рамзий баён билан омехта ҳолда пок ва серҳаракат табиати билан жамиятга теран назар ташлаш, янги бир мўътадил эстетик қарашга эга бўлишга интилиб, унинг шеъриятининг камолотга етганини намойиш эта олди. Шафеъий сал олдинроқ, яъни 1968 йили «Аз забони барг» ва кейинчалик 1977 — 78 йилларда «Мисли дарахт дар шаби борон», «Аз будан ва сурудан» ва «Бўи жўи Мўлиён» номли тўпламларни нашр эттирадики, ҳеч бири аҳамият жиҳатидан «Дар кўчабоғҳои Нишобур» ўрнини боса олмайди.

Ҳижрий-шамсий 1352 йили Шафеъий Кадканий тадқиқот ишлари билан Англиянинг Оксфорд университетига боради ва у ерда «Шоҳнома»дан дарс бера бошлайди. Кейинчалик Принстон университети таклифи билан Америкага боради. Ушбу университетда у етук шоир Хоқонийнинг тафаккур ва ашъори борасида талабаларга дарс беради. Ушбу йилларда форс классик адабиётининг ирфоний матнлари бўлган «Исломий рамзлар» ва Шайх Атторнинг «Мухторнома»сини ҳамда Мавлавийнинг танланган ғазалларини нашрга тайёрлади. Кейинчалик «Мусиқии шеър», «Адвори шеъри форси», «Аз машрутият то суқути салтанат» ва «Шеъри муосири араб» номли китобларни чоп эттирди.

ЎҚИ, ЯНА ЎҚИ

Тун саҳросида қизил гул номига ўқи,
Ҳамма боғлар уйғониб, нурга тўлсинлар.
Ўқи, яна ўқи, зора оқ кабутарлар,
Қонли маконларига қайтиб келсинлар.
Жимлик тоқида қизил гул номига ўқи,
Мавж-авжининг жаранги даштлардан ўтсин .
Ёмғирнинг соф хабари,
Кечнинг кўм-кўк томидан,
Шамолнинг йўли уни, ҳар ёққа олиб кетсин.
Ёғочларнинг қуруқидан нега, ахир, қўрқасан?
Ахир, юзлаб марта боғладилар,
Сувга тенглабмас,
Тенглатиб нурга,
Ҳамда овозга
Ва фарёдга тенгладилар.
Бу бадбахтлик замонида шоирларга,
Барг тақдири битигини амр этдилар.
Чунки, қомат шўхлиги-ю, ой ва лола хақида
Қўшиқлар бисёр.
Уйқудан-да кўпроқ,
Сувдан зилолроқ.
Сен хомуш бўлсанг, унда ким куйлайди?
Сен кетмоқчисан, унда ким қолади?
Баргсиз ниҳолчамизга ким куйлар алёр?
Бу тепаликдан узоққа
Анов томонга қара,
Баҳор келган,
Тиконли симдан ўтиб.
Бинафша гугурти шуъласининг ёниши гўзал.
Мингта оина ўтмоқда,
Мингта оина
Қалбинг хонасида завқ билан қилар ларза.
Ҳушёрлардан холи эрур ер.
Фақат, ўша кетмай қолган сенсан —
Ўқийсан ошиқларча, навони яна.
Ўқи, қизил гул номига, ошиқлар каби,
Ишқ ҳадисин баён эт, билган тилингда.

ЖАВОБ

Биласанми, нега туғёндек
ўзимдан қочиб, ўзимга бераман азоб?
Чунки, бу қоронғу пардада,
бу жуда яқин жимликда,
истаганимни кўролмайман,
кўрганларимни истамайман!…

***

Сиздан олдин,
Сизга ўхшаб,
Ададсиз шахслар,
Ўргимчак тўри билан шамол юзига
Шу сўзларни ёзганлар:
— Бу муборак давлат, абадий қолсин!

***

Ёмғир сафарномасининг охирги барги,
Шудир:
Ер юзи жуда ҳам кир!

Форсчадан Шаҳзод Кенжаев таржимаси