ХХ аср Эрон шеъриятининг ёрқин сиймоларидан бўлмиш Парвин Эътисомий (پروین اعتصامی) 1906 йил 16 мартда Табризда донишманд зиёли Юсуф Эътисом ул-Мулк оиласида туғилган. Асл исми Рахшода бўлган Парвин 6 ёшидан оиласи билан Табриздан Теҳронга кўчиб келади. Парвин ибтидоий таҳсилни Теҳрон мактабларидан бирида олди.Форс ва араб тиллари грамматикаси, форс адабиётини ёзувчи ва донишманд одам бўлган отасидан ўрганди. Айни болалик давридан бошлаб мумтоз шоирлар девонларини мутолаа қилиш билан ўтказган. Бунинг устига, отаси унга Европа шеърияти намуналаридан таржима қилиб берар ва Парвинни уларни ёд олишга ундарди.Бўлажак шоира 11 ёшиданоқ Фирдавсий, Низомий, Мавлоно Жалолиддин, Носир Хисрав, Манучеҳрий ва Анварий асарларидан яхши хабардор бўлгани ҳолда, улар ҳақида бемалол фикр юритиш даражасига етган.
Ўн ёшидаёқ илк шеърлари «Баҳор» журналида эълон қилинган Парвин 1934 йили биринчи шеърий тўпламини нашр эттиради ва қисқа вақт ичида шеърият мухлисларига танилади.
Афсуски, 1941 йилнинг баҳорида тиф касаллигига чалинган шоира нотўғри муолажалар натижасида оламдан эрта кўз юмди. Бор-йўғи 35 йил яшаган Парвин Эътисомийдан бой маънавий хазина: қасидалар, қитъалар, достонлардан иборат «Девон»и мерос қолди.
***
Бул қаро туфроқ анга болиндур,*
Ул адаб осмонида Парвиндур.
Кўрди айёмдин холос аччиқлик,
Лек сўзи, боқсанг неча, шириндур.
Гарчи сўз султонидур бул кунда,
Лек гадои » Фотиҳа», » Ёсин»дур!
Яхшидур дўстлар ани ёд этса,
Дўстсиз эрса кўнгил ғамгиндур.
Кўзида туфроқ ила толғин ул,
Кўксида бир тош ила сангдиндур.
Ибрат олсин: кўрпа ёстиқ ердур,
Кимниким кўзи ҳақиқатбиндур.
Бўлса ким, етса нечоғ бир ерга,
Охири манзил заминдур, чиндур.
Бўлса инсон ҳар неча қудратлиғ,
Етса ушбу нуқтага мискиндур.
Ҳамла қилса гар қазо ҳар қайда,
Чора таслиму адаб тамкиндур.
Ҳам туғиб, ҳам ўлдириб, ҳам кўммоқ
Даҳрда асли, нетонг, оиндур!
Хуррам ул зотким, бу меҳнатгоҳда,
Хотирига бир сабаб таскиндур!
* Ушбу шеър шоиранинг қабртошига битиб қўйилган
Туҳфа
Назм боғи аро ҳар ён нечоғ гулгун баҳор эрди,
Менинг табъим ниҳоли ҳам ёзиб япроқ, қулор эрди.
Агар сўз баҳсида бўлса саноқда сўз ила созим,
Маним созу сўзим недур сифрда тек қолор эрди.
Умид борким, бу огоҳлар ишин ҳам кўзга илгайлар,
Амал коргоҳида ҳар не амал бор эрди- бор эрди.
Менинг шавқим ғубори ҳам, агар нур истагай, не ғам!
Менга басдур шу бир неъматки, майдонда ғубор эрди.
Замон илкига мен бул кун видолар топширар бўлдим,
Замона заргару наққод синовчан ҳушёр эрди.
Басе фурсат оловида қаро қилди юзин мислар,
Ва сақланди асл олтин, ячу ҳар қайда иёр эрди.
Вужуд боғбони боғбондек назорат қилмаса боғин,
Буталмай қолса шох унда гул эрмас, балки хор эрди.
Фазл арбобининг офтобида нурланмаса шеърим,
Бу шўрлик саҳфада қолган қадрсиз ёдгор эрди.
Мирза Кенжабек таржималари
Ноошно
Йўл эмас, ул йўлки йўқдир Худо,
Аҳриман ўлмишдир анга раҳнамо.
Қофила- қофила ўтиб кетдилар,
Билмади ҳеч кимса недир муддао.
Кимки ўтиб кетди бу йўлдан қачон,
Фикрида бор эрди бир орзу -ҳаво.
Яйлов эмас, дарра бу, эй подалар,
Бўри бу, эй қўзи, эмас ошно.
Токи ўтарсан бу хатар даррадан,
Ўғрию таррор бўлғай бало.
Кўзни юмиб тушсанг агар чоҳга,
Бу сенинг айбинг, на ҳукми қазо.
Кўр қачон луқма бўлибдир сенга,
Неча бу хом луқмага зўр иштаҳо.
Нафс мудом олгаю бермас сира,
Сен-да беролмассан уни, бенаво.
Жон уйини ҳар на қилиб соз эт,
Ҳар не қилиб тикла бу шундай бино.
Ҳайда бу шайтонни дилинг Каъбадан,
Покиза тутким уни — мулки Худо.
Телбага пайрав фақат аблаҳ бўлур,
Дев сўзин тинглама ҳаргиз хато.
Токи ҳақиқат шамъи илқингдадир,
Қайга оёқ босма йўлинг рўшино.
Токи қафас соз этиб, шаккар олиб
Улгурасен тўтини қучгай само.
Ҳамла қилолмас сенга даҳр аждари,
Токи Калимдурсену дининг асо.
Эй кеча кун юзларин очган чечак,
Қолма сўлибким, сенга эрмас раво.
Жон қушини айламагил лошахўр,
Қўшма бу қузғунгаки улдир Ҳумо
Эзгулик баҳоси
Улуғ бир зот бериб дирҳам гадога,
Деди: » Бизларни ҳам қўшгил дуога».
Биров бу ҳолни кўрди, кулди, деди:
Бу дирҳам арзимас байъу шарога.
Равони покларни тутмагил хор,
Ҳижоб эрмас дуо аҳли риёга.
Қилиб тоат била, бас, худнамолик,
Ўрин йўқ бунда нафси худнамога.
Ақл йўлида ғоратгарни қувгил,
Мутеъ бўлма сира ҳирсу ҳавога.
Шу бир дирҳамга даъвогар бўлибсен,
Биҳишту неъмату арзу самога.
Агар сен йўл биларсен, бўлма пайрав,
Бу гумроҳ айлагувчи пешвога.
Талаб қилма гадолардан мукофот,
Уруғ сочмаслар эҳсону атога.
Тириклар боғи бори яхшиликдир,
Не равнақ боғи берангу сафога.
Гадою хору мискинларга юз бур,
Ким эзгулик сабаб бўлғай дуога.
Бу базмингдан бўлар ҳар гўша равшан,
Қилур нур бахш базми безиёга.
Сенга қудрат ато қилди Яратган,
Мадад бўлгин дебон ҳар бенавога.
Ҳакими ҳозиқ айлабди бу гардун,
Қўяр ташхис, дея дарду давога.
Фақирга яхшилик қилгил ҳамиша,
Бу аввал фарз этмиш ағниёга.
Карам, бахшиш ва инфоқ чоғи Парвин,
Юзинг тут яккаю ёлғиз Худога.
Ҳодиса рўзғори ва қаттиқчилик
Эй дил, абасдир бори ғам, қўйғил бу ғам дунёсини,
Фикр айлама эртам, дея, ўткинчи кун савдосини.
Бул бир қафас кунжи эрур, андиша қилгил бир нафас,
Гулшан эрур ҳарчандким, банд айлагай анқосини.
Тупроқни тешгил, қара, ер остида не манзара,
Меҳру вафо тарк айламиш давру замон расвосини.
Бу дашти дунё аслида эркан шаҳидлар манзили,
Фурсат ғанимат, тинглагил, ҳар бир шаҳид овозини.
Умр ўтди, йўқ ҳожат анга қилсанг ҳисоб ҳар лаҳзасин,
Қўй, сунбула, жаддийсини, ҳам ақрабу жавсосини.
Биздан жуда олисдадир бомдодлар карвони ҳам,
Шамъ ахтарурмиз, шамъким ёндиргуси ялдосини.
Юз минг қаро кирдор бордир парданинг ортида бил,
Очгил, тамошо айлагил бу гумбади хазросини.
Пайванд бўлмоқ истама, гумдону гумном айлагай,
Нўширвон, Ҳурмуз яна Искандару Доросини.
Кўз илғамас жўйбордан юз бурмагил эй нописанд,
Боққил, кўрарсан ортида ул сахраи саммосини.
Келса қўлингдан айла бахш оромишу осудалик,
Дилхаста, дилгир, дардманд ҳам хотири шайдосини.
***
Эй хуш ул, дил ганжида дурри маъоний бўлғай,
Маҳв ўлубон, умри лекин жовидоний бўлғай.
Ақлини дебоча этгай бул ҳаёт авроқига,
Илми ҳам сармояи бозургоний бўлғай.
Экибон жон боғида ранг баранг гуллар мудом,
Қутлуғ ул гулшанда ҳам бир боғбони бўлғай.
Асрабон кўнгилни бир меҳрибонга, шул йўсин
Танда жон бир жонфишоннинг армуғоний бўлғай.
Нотавонинг кўнглини бир лутф ила чоғ айлабон,
Эслаб ожиз нотавон умрин, омони бўлғай.
Нўширвон давлатидин бир сўров этгайдур,
Бир кеча кимки Мадойин меҳмони бўлғай.
Бир қанотсиз қуш эрур, ким қафас туйнугидин
Гарчи бўстон қушларининг ҳамзабони бўлғай!..
Асқар Маҳкам таржималари