Жибанананда Дас (1899-1954)

Жибанананда Дас (জীবনানন্দ দাশ) – Бангладеш шоири, ёзувчи ва эссенавис. Бенгал адабиётига ўзининг ижоди билан модернизм кайфиятини олиб киради, Рабиндранат Тагор шеъриятидан таъсирланиб қатор асарлар яратади. Ҳиндистон ва Бангладешда Тагордан кейинги етакчи ижодкор саналади.

* * *

Сарожини* ётар бу ерда;
шунга довур билмас эканман!
Бас, кетибди мангу уйқуга;
Булутини кўзлабди, чамам.
Саёҳати узоқ бўлдими?
Етишдими янги уфқларига?
Кўзларига зиё тўлдими?
Дил бердими ошиқларига?
Сарожини кетдими йироқ?
Кўкка чиқибдими бенарвон?
Қанотлари йўқ эди, бироқ
Топибди-да қушдайин имкон.
Тупроққа сингиб кетгандир балки,
Балки ҳар кун қилинар сўроқ.
Жавоб берар: “Билмайман ҳечни”,
Кўк заъфарон тусга кирган чоғ;
Ғолиб келган мушук сингари;
Бесамар макрнинг бир телбанамо
Бекадар кулгиси уйғотар уни…

__________
* Сарожини Найду – ҳинд шоираси, Ҳиндистон озодлиги йўлида Буюк Британияга қарши курашган жангчи аёл. Ҳиндистон миллий конгрессининг биринчи аёл президенти ҳамда Агра ва Ауд қўшма штатларининг биринчи аёл губернатори.

Инглиз тилидан Севара Алижонова таржимаси