Лес Маррей (1938)

Лес Маррей (Leslie Allan Murray, 17 октябрь 1938, Набиак, Австралия) — австралиялик шоир. Австралия ордени офицери. Петрарка (1995), Томас Элиот (1996) мукофотлари лауреати. Шеърият бўйича Қироллик олтин медали соҳиби (1999). Стерлинг университети (1992) ва Сент-Эндрю университети (2011) фахрий доктори. “Шамолга рўпара ибодатхона”, “Маҳаллий радио”, “Дафн қилинган йигитлар”, “Телбаликдаги турғунлик” каби шеърий ва насрий китоблар муаллифи.

СУРАТ БИЧИМИДАГИ САТРЛАР

Тирикликнинг моҳияти

Ҳамма, тилдан бошқа ҳамма
яшаш моҳиятини англар.
Дарахтлар, сайёралар, дарёлар, вақт
бошқа нарсани билмаслар. Улар тасдиқлайдилар
буни, коинот сингари, ҳар лаҳза.
Ҳатто девона вужудим ҳам
қисман яшар, у
батамом яйраган бўларди,
агар ҳаракатчан ақлимнинг
бесавод эркинлиги бўлмаса эди.

Ҳайрона савол

Нега Худо айбсизни ҳам аямас?

Жавоб, саволдан фарқли ўлароқ,
фанодан эмасдир,
агар мен унга жавоб берганимда, сиз
даҳшатдан сакраб тушар эдингиз.

Мадад

Қочоқлар, олчоқлар … Одамларни бу тахлит
ифодаларда ажратиш нечун?
Турли-туман ғам билан, жанда кийимларда,
улар узун дастурхон атрофида қатор ўтирибдилар.

Бу мактабга ўхшашмикин? Бу ондаги дарсда
дафтарлар буғи чиқиб турган овқатнинг
айлана дарсликларига менгзар,
бу одамлар овқатни ютишар илм каби,

лопиллаган қошиқлар билан
Аста-секин шимиб, паққос шимирарлар.

Саҳармардондаги оқиллик

Юлдузлар дарахтнинг илдизи орқали
тилсиз ойнинг замонига сизиб борарлар.

Фурсатлар бугун қонунлар деб аталадиаган
шаффоф зарралар каби бир-бирларига тирмашар.

Ўтмиш елкангнинг ортидан мўралар,
бурча уфқлар тепасида — ўтмиш.

Дил, ўзининг ҳолига ҳайроналикда,
Термула-термула ўлиб борадир.

Мижоз

У эшикни тақиллатади
ва юрагининг дукур-дукурини тинглайди.

Маърифат тарихи

Иймон фантастик технологиядир,
аммо биз уни тасарруф эта олмадик,
ва у тезда яна шубҳа остида қолди.
Тоғларни қўзғотдик пул билан
ёки арқон билан, эътиқодни таҳқирлашга киришдик,
бу билан уни эзмоқчи
ва, ниҳоят, йўқотмоқчи бўлдик. Аммо иймон,
илоҳий ва сўнгсиз бир интилиш билан,
асрий суратлардагина қолган тиллоранг
эски жандасида, орамизда
кезиб юрибди, бизни зимдан муборакбод этмоқда,
эртаклар замони келганидан этмоқда огоҳ.

Ўша замон келишига яқин қолди

Ўша замон келишига яқин қолди,
гуллаган нок дарахтининг муаттар
хиди шаҳарнинг неон чироқлари
томон камалакдай ястанган
ёғоч йўлакларнинг ачимсиғини
босиб кетади шираси ила…

Рус тилидан Карим Баҳриев таржимаси