Каринэ Халатова (1953)

Халатова Каринэ Юрьевна – арман шоираси ва таржимон. 1953 йили Кировободда (ҳозирги Ганжа, Озарбайжон) туғилган.

АНОР

Ойна. Қуёшли – қорли рангдаги тоғлар
Қўлингдаги бебош кулгуда
Қалқиб кетар тахир пўчоқлар,

Ҳамда сачраган табассум
Хотирада пишиб етилар
Гуллаётган оғочлар.


ШОДЛИК

Тулпор қадамидек товланади тонг,
Улгурмас – карнайин чалади чумчуқ,
Қичқирмас – энг авж пардада куйлар хўрозлар,
“Мунаввар тонг” қўшиғин айтар қўшни кучуклар,
Ҳарфлар-ла курашмас ёзув машинкаси,
Гоҳ тонг қадами-ла, гоҳ сенинг исминг-ла кўз очдим,
Майин товушларни лабдан сидирдим,
Дарахтлар шитирида учрашгум
Башоратинг-ла.

* * *

Кузги хушбўй қуёш нурлари,
Вижирлайди мусича,
Куласан, тикилиб қалин жилдларга
Йўллар кўрсатасан – фақат менгамас,
Товушлар пўстини тераман,
Жавоблар йўллайман – фақат сенгамас.

Деразам ортида
Нафис қайғуради тоғтерак.
Унниққан болалик ўйинчоғидай
Кўз қисгим келади – хотирлайман мен
Сенинг нигоҳларинг сочилиб кетган –
Фақат менинг ҳузуримгамас,
Бошим гир айланар, –
Боши айлангандек баргларнинг
Қуш парвозидан.

… Кузнинг нордон жизғинаклари,
Нури чўккан кунботар ёққа
Ёйилганди хризантемалар,
Иситар қўлларингни
Менга аталмаган
Рангли гулдаста.

ҚАРШИЛАШ

Кўчалар ёқалаб, энига уйлар
Йўловчилар, автоуловлар
Энига ва бўйига дарахтлар.
Тонгги лаҳзаларнинг меҳмониман мен
Боғлар сукутидан оқиб ўтаётган.

Эй, тингланг!
(қарсиллаб ёпилар
автобуснинг гапдон эшиги,
қулоқни батангга келтирар
Чумчуқлар базми…)

Эй!
(Кеча – лаб босдим мен абадиятга –
Мен шаҳарда мавжуд эмасман).

Эй!
Қачондир сизга ҳам
Юрагин ҳовучлаб
чопиб чиққанми
охири йўқ май далалари?!
Тоғларни оралаб елади поезд –
На тўхтами, на манзили бор
Ойнадан чиқариб бошимни
Қулочларим парвоз этмоқчи
(Қулоғимга ёприлар кулгунгнинг акси
югурар қувлашмачоқ ўйнаб
майнинг бахтли шод далалари…)
Сизга
пешвоз чиққанми ҳечам
қиқирлаган май далалари.
Шаҳарга келишдан бош тортган
мойчечак гулдастасин
тоғларнинг қўлига тутқазиб келдим.
Бошланган – туганган иш кунларида
алмашиниб чиқар турфа муҳлатлар
Йўл ёқасидаги далалар –
Май гуллари, пичан ғарами
ўғринча қарайди
елаётган поездлар томон.


ПАРЧА

Кўчада пештахталардан бири
тўлдирилган
гуллаётган қуманжир билан
Кафтларимни
тонгги шовқинлардан ҳайиққан
қоратутга бўяб қўйишди.
Тутқич бермас табассумларим
ерга чизилган расмни томоша қилишга
эгилган боланинг
кўзларига бориб тўқнашди
мусаввирнинг лаби
бўялганди олчалар билан
Уйда
мени қаршилади настарин гули
хонаки капалаклар ҳадя этгандинг
кунларга қўл берган бўшлиқлар.
ишонар эди фақат.

Рус тилидан Гўзал Бегим таржималари