Фаруқ Жувайда (1946)

Фаруқ Жувайда (فاروق جويدة) – мисрлик шоир ва журналист.

* * *

Бир туни…
Марҳумлар эсланганидай,
Нега кириб келдинг менинг ёдимга?
Келинлик либосинг кийган ўшал дам
Дафн этгандим ахир сени қалбимга.

Уялиб, қизариб туравердинг сен,
Қалб тамом унутиб ҳижрон сасини.
Висол оғушига йиқилганди, мен
Шу лаҳза-ёқ қаттиқ соғиндим сени.

* * *

Аё Нил!
Ишқ сабоғин бердинг вақтидан олдин,
Замон айланарди. Бизлар улғайдик.
Бизга бахт тиладинг, кейин… унутдинг,
Ишқ бўлди биз учун бахтсизлик, хорлик.

Аё Нил!
Биз сени – шу гўзал ҳаётни севдик,
Сени севдик сирли, узун тун қадар.
Мусаффо қалбимиз ҳадялар этдик,
Ва билдик – севги бу… хато, хатолар.

* * *

Қушлар ҳам ўлдилар,
Жон берди бари.
Ўлди муҳаббатнинг пок тимсоллари.
Соҳилда қолмади соғинар нарса,
Сукут, хавф, хотиралардан ташқари.

Мен сендан озодман, кетдим, хайр-хўш,
Кишанлар узилиб тушган бирма-бир.
Сенга қайтиш энди қабрга қайтиш,
Овозим – мурданинг сасидай оғир…

* * *

Севги тимсоллари – ҳур қушлар ўлди,
Инда қолди патлар, қурбон, ҳалоклар.
Кул қолди ва яна қолдиқлар қолди,
Соҳилда йиғилди кўршапалаклар.

Кўз ўнгимда сўнди кундузнинг нури,
Қирғоқларда қолди узун зулмат из.
Ё раб! Қонми, сувми дарёнинг суви?
Сени қандай қилиб, қандай ичамиз?

Музаффар Аҳмад таржимаси