Абу Наср Жавҳарий (940-1008)

Абу Наср Исмоил ибн Ҳаммод Жавҳарий Форобий (940-1008) – Ўрта осиёлик арабнавис шоир. Форобда туғилган. Кўпроқ Бағдодда яшаган тилшунос олим ва файласуф. Асосий асари «Тожу л-луға ва саҳоху-л-арабийя» («Луғат тожи ва арабчанинг ҳақиқийси») асаридир. Араб тилида ёзилган бу асарнинг 1865—75-йиллар давомида Қоҳирада нашр этилган нусхаси машҳурдир.

1

Одамлардан узоқлашмоқни хоҳлаб қолса ногоҳ дил,
Узиб ташлар эдим дўстлик ипин балки пушаймон-ла.

Одам иззат тилар доим ва лек узлатдадир иззат,
Бу дунёда кечиргай кун фақат инсон инсон-ла.

2

Бир йигит кўрдим, ҳаёсиз, баджаҳл,
Ақли қашшоқ, кўзи кўк, ранги заҳил.

Шул сабабданки Язид ибн Ҳиндни
Ибн Бутулдан яхши дер у беақл.

3

Бизни даъват айлагувчи, чекма ғам,
Бунда Курздан хоксорроқ ҳар одам.

Мен учун сув тоза анбардай эрур,
Анбар эрса кўп азизу муҳтарам.

Гар қутулмоқ истасанг нон ваҳмидинг,
Беғараз сув бирла эт оғзимни нам.

Ҳусниддин Шарипов таржимаси