Зехор Зерари (Жазоир)

Зехор Зерари 1937 йили Бонда (Жазоир) туғилган. Француз тилида ижод қилади. Ушбу шеърлар 1958 йили қамоқда ёзилган.

АГАР СЕН…

Агар сен
Эдельвейс гули бўлганингда,
Мен тоғнинг қиррасига осилиб чиқардим,
Сени узиб олмоқ учун.

Агар сен
Денгиз тубидаги ўт бўлганингда,
Мен яшил тубсизликка
Ташланардим шаксиз,
Сени топиб чиқиш учун
Денгиз тубидан.

Агар сен
Сайроқи бир қуш бўлсанг,
Ўрмонларнинг қоронғусига кирардим,
Овозингни эшитмоқ учун.

Агар сен
Юлдуз бўлсайдинг,
Мен оқшомлар ухламасдим ҳеч қачон,
Сенга термулиб чиқардим ҳар тун,
Озодлик!

ҚАТЛ

Жаллод
Зулматни ёқтиради.
Кундузнинг нурларидан қўрқар
Қотил.
Инсоннинг сочларини қиртишладилар
Ва дор тагига олиб келдилар.

Эвоҳ,
У жилмаярди,
Амалдорларнинг
Жиддий чеҳраларини кўриб.
Ахир амалдорлар жиддий бўладилар,
Улар қотилликка
Қонунийлик тусини беришлари керак-да.

Тун эди,
Шиғалаб ёғарди ёмғир.
Жаллод шошиларди,
Шамоллаб қолишдан қўрқарди, ахир,
Ҳали у яшаши керак-ку,
Қурбонидан фарқли ўлароқ.

Амалдорлар,
Қора ёмғирпўшларини очиб,
Ер тепардилар:
«Бунчалар имилламаса!
Тезроқ тугатиш керак …»

Дор тагидаги
Инсон
Уларга қаради
Ва жилмайди яна.
«Қўрқишяпти, — ўйлади у, —
Бу ерда ҳамма қўрқади
Шамоллашдан».

Ҳозир
Улар уйларига қайтишар,
Яна хидлашар
Ҳали совумаган тўшакларининг
Униққан хидини.

У эса
Ухлайди
Шамоллашдан қўрқмасдан
Ёмғир хиди урган
Дор оғочига осилиб…

Карим Баҳриев таржимаси