Антон Чехов. Мансаб даражаси учун имтиҳон (ҳикоя)

Бир почтахонанинг приёмчиси, серсоқол, мўйсафид, боши сип-силлиқ қорни серкиллаган Ефим Захарич Фендриков асабий ҳолда қўлларини бир-бирига ишқаб терлаб-пишиб дейди:
— География муаллими Галкиннинг менда кеки бор, ишонинг-ишонманг мен унга бугун имтиҳон беролмайман. Имтиҳондан ўтолмайман… Азбаройи худо… Арзимаган бир нарса устида менга кек сақлаб юрипти. Бир куни менинг олдимга заказной хат олиб келиб, одамларнинг орасидан узатиб қолди, қарангки, мен аввал унинг хатини, кейин эса бошқаларникини олишим керак эмиш. Бунақаси кетмайди… Гарчи у ўқимишли тоифадан чиққан булса ҳамки, тартиб сақлаши, кутиши керак Мен уни яхшигина огоҳлантирдим. «Сабр қилинг, — дедим, — навбат билан, тақсир». У бирдан тутақиб кетди Ўшандан бери, мен билан ит-мушук бўлиб қолди. Ўғлим Егорушкага доим «бир» қўяди, менинг орқамдан шаҳарда ғийбат қилиб юради. Бир куни Кухтиннинг майхонаси ёнидан ўтиб кетаётиб эдим, у қўлида бильярд таёғи билан деразадан калласини чиқариб, маст-аласт ҳолда бутун кўчани бошига кўтариб: «Биродарлар, қаранглар: истеъмолдан қолган сийқа марка ўтиб кетяпти!» деб бақириб қолди.
Ўша уезд мактабининг йўлагида Фендриков билан бирга туриб, савлат билан унинг папиросидан чекаётган рус тили муаллими Пивомёдов елкаларини учириб, уни тинчитди:
— Хотиржам бўлинг. Сиздек оғайниларни имтиҳонда йиқитишдек ҳодиса бизларда бўлган эмас. Бу бир расмият-да!
Фендриковнинг кўнгли бир пас таскин топти. Сийрак ва калта соқол, каноп матодан тикилган шим ва янги кўк фрак кийган ёш Галкин даҳлиздан Фендриковга ўқрайиб қараб, ўтиб кетди.
Сўнгра, инспектор келяпти, деган гаплар тарқалди. Фендриковнинг эти жимирлашиб, биринчи марта судга тушган айбдор ва имтиҳондан ўтувчи кишидай қўрқиб-пусиб кутиб турди. Уезд мактабининг штатдаги назоратчиси Хамов даҳлиздан югуриб кўча томон ўтди. Унинг кетидан қора тақия кийган, кўкрагига крест осган дин дарси муаллими Змиежалов югурганича инспекторга пешвоз чиқди. Бошқа муаллимлар ҳам ўша томонга чопдилар. Халқ мактабларининг инспектори Ахахов улар билан шанғиллаб саломлашгач, чангдан зорланиб мактабга кириб келди. Беш минутдан кейин имтиҳон бошланди.
Қишлоққа муаллим бўлиб чиқадиган икки попваччани имтиҳон қилдилар. Бири ўтди, иккинчиси ўтолмади. Ўтолмагани қизил рўмолчасига бурнини қоқиб, андек ўйланиб турганидан кейин чиқиб кетди. Учинчи даражали икки имтиёзли ҳарбийларни имтиҳон қилдилар. Сўнгра навбат Фендриковга келди.
— Қаерда хизмат қиласиз? — деб сўради инспектор ундан.
Фендриков қаддини ростлаб ва қалтираган қўлларини одамлардан яширишга уриниб:
— Шу жойдаги почтахонада приёмчи бўлиб ишлайман, жаноби олийлари. Йигирма бир йил хизмат қилдим, жаноби олийлари. Эндиликда эса мени коллежский регистратор мансабига кўтариш учун ҳужжат талаб қилиняпти. Шу сабабдан бошланғич мансаб даражаси учун имтиҳондан ўтишга журъат этяпман.
— Ундай бўлса… Диктант ёзинг.
Пивомёдов ўрнидан туриб йўталиб олгач, варанглаган овоз билан, имтиҳон берувчини йиқитиш мақсадида талаффузи бошқаю, ёзилиши бошқача сўзлар билан айтиб туриб диктант ёздирди: «Хараша холодная вада, кагда хочица пить» ва ҳоказо.
Аммо маккор Пивомёдов ҳарчанд чиранса ҳам диктант яхши чиқди. Бўлғуси коллежский регистратор гарчи грамматикадан кўра кўпроқ чиройлик қилиб ёзишга тиришсада, оз-моз хато қилди. «Чрезвычайно» деган сўзда у «н» ҳарфини иккита ёзди, «лучше» деган сўзни «лутше» қилиб ёзди. «Новое попришче» деган сўзларини «новое подприше» шаклида ёзиб инспекторнинг важоҳатида кулги асари пайдо бўлишига сабаб бўлди, аммо булар ҳаммаси қўпол хато эмас эди, ахир.
— Диктант қониқарли, — деди инспектор.
Фендриковга жон кириб, кушандаси Галкинга қия қараб деди:
— Жанобларининг ахборларига етказишга журъат қиламанки, геометрияни мен Давидовнинг китобидан ўқиганман. Геометрияни мен, қисман, Троице-Сергиевский, яъни Вифанск семинариясидан ёзги таътилга келган жияним Варсонофийдан ўрганганман. Планиметрияни ҳам, стереометрияни ҳам ўқидим… қандай бўлса шу куйича…
— Стереометрия программада йўқ.
— Йўқ дейсизми? Мен унинг устида бир ой бош қотирдим… Эсиз, эсиз! — деб уҳ тортди Фендриков.
Ҳозирча геометрияни қўйиб турайлик. Почтахона чиновниги булишингиз сифатида, эҳтимол, сиз хуш кўрган илмга мурожаат қилайлик. География почтачилар илми.
Барча муаллимлар эҳтиром билан жилмайиб қўйдилар. Фендриков, география почтачилар илми деган гапдан норози эди (бу тўғрида почтахона низомларида ҳам округ бўйича берилган фармонларда ҳам ҳеч нима деб ёзилмаган эди). Шундай бўлса ҳам, ҳурмат юзасидан «Худди шундай» деб қўйди. У титраб-қақшаб йўталар ва қўрқиб савол беришларини кутар эди. Унинг душмани Галкин стулга ясланиб, унга қарамасдан чўзиб деди:
— Хўш, айтингчи… Туркияда усули идора қандай?
— Маълум ва равшан… Туркча…
— Ҳм! Туркча… Бу умумий гап. У жойда мамлакат конституция билан идора қилинади. Сиз Ганг дарёсининг ирмоқларидан қайсиларини биласиз?
Мен географияни Смирнов дарслигидан ўқиганман кечирасиз, яхши фаҳмлай олмаганман. Ганг ўша Ҳиндистондан оқиб ўтадиган дарё… океанга бориб қуйилади.
— Мен сиздан бу тўғрида сўраётганим йўқ. Гангнинг қандай ирмоқлари бор? Билмайсизми? Аракс дарёси қаердан оқиб ўтади? Буни ҳам билмайсизми? Қизиқ Житомер қайси губернада?
— Ўн саккизинчи тош йўлда, юз йигирма биринчи жой.
Фендриковнинг пешонасини муздек тер босди. Кўзларини пир-пир учириб, тили танглайига кетиб қолгандек ютинди.
— Худо ҳақи, тақсир, — деб ғўлдиради у, — ҳатто ҳазратимнинг ўзлари ҳам шоҳиддирларки, мен йигирма бир йил хизмат қилганман, энди келиб бунақа… ўша… Умр бўйи дуоий жонингизни қилай…
— Яхши, географияни қўяйлик, бўлмаса. Сиз арифметикадан нима тайёрладингиз?
— Арифметикадан ҳам мазам йўқ… Ҳазрат протоиерей ҳам буни тасдиқласалар керак. .. Умр бўйи сизларни дуо қилай… Покров ҳайитидан бери ўқийман, ўқийман… Лекин ҳеч нафъи йўқ… Қариб, зеҳним ўтмас бўп қолипти. Худо хайрингизни берсин, тақсир. Умр бўйи дуогўйингиз бўлиб қолай.
Фендриковнинг киприкларида кўз ёши томчилари кўринди.
— Ҳалол ва тўғри хизмат қилдим… ҳар йили рўзани канда қилмайман… Буни ҳатто тақсиримнинг ўзлари ҳам биладилар. Раҳм-шафқат қилинг, жаноби олийлари!
— Ҳеч нарсадан тайёрланмадингизми?
— Ҳаммасидан тайёрланганман, лекин ҳеч бири эсимда қолмади. Яқинда олтмишга кираман, жаноби олийлари, илмнинг пайидан бўлишни бизга ким қўйипти? Карам қилинг.
— Ўзига нишон қадалган шапка ҳам буюриб қўйипти… — деди протоиерей Змиежалов кулиб.
— Яхши, боринг! — деди инспектор.
Орадан ярим соат ўтгач, Фендриков муаллимлар билан Кутхиннинг майхонасига чой ичгани борди ва ўз терисига сиғмас эди. Унинг юзи ёришган, кўзлари суюнчдан чақнар, лекин ҳадеб гарданини қашлайверишидан Қандайдир бир фикр уни безовта қилаётгандай эди.
— Эсиз, эсиз! — деб ғўлдиради у, — Мановини қарангки, аҳмоқлик қилибман.
— Нима қилдинг? — деб сўради Пивомёдов.
— Программада йўқ экан, нима қилиб мен стереометрияни ўқиб юрибман, ахир? Бу лаънатининг устида бутун бир ой ўтирибман-а! Эсиз, эсиз!

Миркарим Осим таржимаси