Марсиал Синда (Конго)

КЕТМОН

Вой-е, уҳ, иҳ, э вой-е!
Кетмон дод демоқда, эшитяпсизми?
Озғин ер кўксини ёрмоқда,
Метин ер кўксини ёрмоқда,
Қора ер кўксига урмоқда,
Бизлардан забт этиб олинган
Ҳосилдор ер кўксин ёрмоқда.
Кетмон бизнинг иш қуролимиз,
Кетмон бизнинг тинч қуролимиз.

Вой-е, уҳ, иҳ, э вой-е!
Ҳаммани, ҳаммани қўрқитиб
Кетмон дод демоқда, эшитяпсизми?
Вой-е, уҳ, иҳ, э вой-е!
Юзингизга тупурмоқда қора тупроқ.
Агар кетмон уқубат чекса,
Агар кетмон ёрдам чақирса,
Агар кетмон ишлай олмаса,
Агар кетмон чидай олмаса
Ҳаммани, ҳаммани қўрқитар.
Ҳатто, унинг муҳтарам хўжайини ҳам
Унинг қиррасига қараса титрар.

Вой-е, уҳ, иҳ, э вой-е!
Кетмон чақирмоқда, эшитяпсизми?
Унга керак жуда маҳкам соп.
У емоқ истайди, у ичмоқ истайди,
Ҳеч ким ёрдам бермайди бироқ,
Сизга афзал унга тупурмоқ.
Вой-е, уҳ, иҳ, э вой-е!
Бу кетмон додидир қорни очиққан,
Бу кетмон додидир кўп азоб чеккан,
Бу кетмон додидир уйқусиз толган,
Бу кетмон додидир хит бўлиб қолган.

Вой-е, уҳ, иҳ, э вой-е!
Кетмон дод демоқда, эшитяпсизми?
Бироқ кетмонимиз додлаб чарчагач,
Биз унинг сопидан маҳкам қисароқ
Сизнинг юзингизга улоқтирамиз.
Вой-е, уҳ, иҳ, э вой-е!
Токи тўймагунча бизнинг шу кетмон
Сизга тинчлик бўлмас сира, ҳеч қачон.
Ҳа, сизга у тинчлик бермас ҳеч қачон.
Вой-е, уҳ, иҳ, э вой-е!
Кетмон дод демоқда, эшитяпсизми?!

Миразиз Аъзам таржимаси