Шоҳин Қодиров (1969)

1969 йилда Лочин туманида туғилган. 1989 йилда ҳарбий хизматни ўтаган. Биринчи Қорабоғ уруши қатнашчиси.
1990 йилдан даврий матбуотда чиқишлар қила бошлаган. Ихтисоси филолог-психолог. Психологлар ассоциясининг аъзоси.
Озарбайжонда ва чет элларда ўтказилган қатор адабий-бадиий мусобақаларда қатнашиб, фахрий унвонларга лойиқ кўрилган. Бешдан ортиқ альманахларда шеърлари нашр этилган. Озарбайжон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.
«Муҳаббатнинг сўнги йўқдир», «Қуёш чиқар ботган еридан», «Иккинчи Қорабоғ уруши» каби шеърий китоблар муаллифидир.

ШУ ТУПРОҚҚА ҚУРБОН ДЕ

Индамасанг, ботмас эмиш шу кема,
Индамасанг, ёнмас бу ерлар дема,
Қурбонлик деб назар ташладинг кима?
Ота, мени шу тупроққа қурбон де!

Йиғлаш билан на излаб, на топарсан,
Бир жоним бор, бир ўқ отса отар-да,
Сен аҳд айла, бизни даъво қутқарсин,
Она, мени шу тупроққа қурбон де!

Юртимизга қора бойқуш қўнмасин,
Хуш табассум дудоғингдан дўнмасин,
Қўй, айрилиқ кўзингдан ёш уммасин,
Опа, мени шу тупроққа қурбон де!

Хазон бўлсам, сенки, бир илк баҳорсан.
Истагимга югурарсан, чопарсан,
Мен ўлсам-да мендан кейин сен борсан,
Ука, мени шу тупроққа қурбон де!

На йиғарсан ер чопмасанг, экмасанг?
Толеингни рўмолингга тугма, сан,
Кўзларингни йўлларимга тикма сан.
Гулим, мени шу тупроққа қурбон де!

Узоқ қилгин ёмонини-песини,
Йўқот юртдан гина-гидир исини,
Балки Тангри тинглар қалбинг сасини,
Ватан, мени шу тупроққа қурбон де.

ҚОРАБОҒИМ

Қорабоғим, чангалдасан, ғамлисан,
Хунуклашдинг, усти-боши чанглисан.
Не асосда сўлар қўйнингда гуллар,
Нега сайролмайди шайдо булбуллар?
Устингдан тез тарқар қора тутунлар,
Бу суянган кимга сохта устунлар,
Сени юрагингдан чақмоқ истарлар,
Юлиб қўлимиздан олмоқ истарлар.
Ҳақ йўлга, йўқ, тўсиқ бўла билмаслар,
Қўлимиздан сени ола билмаслар.
Мен ҳам Гўрўғлининг неварасиман,
Титрар юраклари зўр наърасидан.
Бунда менинг бобом от ўйнатгандир,
Бунда менинг отам қилич чопгандир.
Ёдимга қай номард қўяр оёқни?
Топтолмас ҳеч кимса бу гул тупроқни!

ХИЁБОНДА

Шаҳидлар Хиёбонида бир опа укасининг қабрини қучоқлаб «Сени бунда қолдириб қандай кетай, укажон» дея фарёд қиларди.

ОПА:

Сийнам бўлди бурда-бурда,
Ғамли ҳаво, сувим кунда.
Тур, укажон, тур, укажон,
Қолдиролмам сени бунда.

ШАҲИД:

Аччиқ толенома, опа
Сочларингни юлма, опа
Ёқ, уйга бор, чироғимни,
Юрт учун жон нима, опа?

ОПА:

Ҳасратимни туйиб кетдинг,
Юрагимни ўйиб кетдинг.
Сен ўлгунча мен ўлсайдим..
Нега мени қўйиб кетдинг?

ШАҲИД:

Орсизлардан кулдим, билсанг.
Ғайратни ҳақ билдим, билсанг.
ВАТАН, ТУПРОҚ, ОНА, ОПА!!!
Сизлар учун ўлдим, билсанг.

ОПА:

Онамизнинг юзи йўлда,
Отамизнинг тизи йўлда.
Куёв тўни тиктирганман,
Келинчакнинг кўзи йўлда.

ШАҲИД:

Қуёш ёнган, сўнган эмас,
Инсон ўлган, тинган эмас.
Кетар-келмас йўлидир бу…
Кетган ортга дўнган эмас.

ОПА:

Азизим олди, кетди,
Чўққидан солди, кетди.
Битта укам бор эди.
Азроил олди-кетди.

БИЛМАЙМАН

Эр йигитлар от белида, яроқда,
Узун сочлар нозланарди тароқда,
Бизнинг қизлар гилам ювган булоқда
Кимлар ювар, кимлар ёйир, билмайман…

Оқизаман кўзларимнинг селини,
Яшайман бу умрим қора йилини,
Тоғларимнинг чечагини, гулини
Кимлар узар, кимлар терар, билмайман.

Яралидир бир миллатнинг куллари,
Тўкилибдур отларининг тақалари,
Ўқувчилар дарсга борар йўлларни
Кимлар босар, кимлар борар, билмайман.

Халқимизнинг азаси бир диёрда,
Тўйи бошқа, қазоси бир диёрда,
Эл-қариндош ҳаммаси бир диёрда,
Кимлар ўлар, кимлар қолар, билмайман.

Қорабоғим, сенсиз ҳаёт зулмдир,
Ҳар тарафинг бир безанган келиндир.
Ўғил учун қочқин бўлмоқ ўлимдир,
Кимлар билмас, кимлар билар, билмайман…

Миразиз Аъзам таржималари