Фрэнк Абиодун Эг-Имукхеде (Нигерия)

Фрэнк Абиодун Эг-Имукхеде 1935 йили Иф шаҳрида (Нигерия) туғилган. Инглиз тилида ижод қилади.

БИР ЭРКАККА БИР АЁЛ

Черковга бормайман, юрмайман маҳкамада —
“Янги маданият” мавзуси унда муҳокамада,
Унда айтилмоқда “Тенг ҳуқуқлилик” ҳақидаги савол
Ҳамда мағриб тиқиштирган ушбу хом-хаёл:
Бир эркакка – бир аёл.

Биламан, кўп хотинли эди отамнинг отаси,
Тенгликка тупурганди — ҳамманинг келарди ҳаваси!
Ўзининг уйида хон эди, кўланкаси – майдон.
Оқлар келди, ҳаммаси топди завол —
Бир эркакка – бир аёл.

Керилмасинми энди уйдаги ёр, дугона,
Ахир, у эрида ёлғиз, ягона?
Бу ёқда оқлар дер, туғиш – зарар, эй она,
Буни ўйлаб топди қай баттол —
Бир эркакка – бир аёл.

Бир аёлга қаноат қила оларми эркак?
Рўзғор юритиш зарур, далада ишлаш керак,
Бананни териш лозим, қовуриш, буғлаш керак,
Бунинг устига яна бола туғсин бемалол –
Бир эркакка – бир аёл?!

Дейлик, уйни эпламас, истамайди туғмоқни,
Китоб ўқиб ўтирар, хушламас пиширмоқни;
Қутилмоқ мумкинмикан бу тахлит тасқарадан?
Ажралишми? Бўлди, бас — миллатга завол –
Бир эркакка – бир аёл…

Карим Баҳриев таржимаси