Унинг ёши нечадалигини тахминан ҳам айтолмайман, кейинчалик бу ёруғ оламда қанчадан бери яшаётгани, юз йиллик эман ва чинорларга тенгдошми ёки улардан каттароқми, бизнинг давримизга динозаврлар, мамонтлар ва одам боласи суякларини ер остидан ё бўлмаса минг йиллик ғорлар-у, кўмир қатламлари орасидан топаётган ҳар турли ваҳший мавжуд бўлган замонлардан келиб қолганми, дея сўраб-суриштирганимда биронта киши айтиб беролмади; наъматак бутасининг доимий равишда пайҳон бўлиши қанчалик муқаррар бўлса, яна шунчалар тезлик билан жонланиб, ўсиб-униши муқаррар ва узлуксиздир, чунки қуриган ва нобуд бўлган шохлари ўрнига ҳар йили янги, сурх новдалар пайдо бўлиб дарҳол уларнинг ўрнини эгаллашади. Қуриган шохлари янги новдаларнинг куч-қувватига ишонгани ҳолда ўз ўринларини бемалол уларга бўшатиб берадилар. Наъматакнинг ҳар битта шохи доимий равишда қурийди, бу муқаррардир, бироқ шундан кейин ҳам, ўша “ўлган” шох яна узоқ пайт шу қалъанинг бир қисми бўлиб қолаверади. Мен қалъа деган сўзни ишлатдим, зеро, ишонч билан айтоламанки, наъматак бутаси ўзини доимий равишда мустаҳкам қалъадек сақлашга қодир. У ҳар йили экилган ё дунёга келган кундан эътиборан шундай яшайди.
У ҳар йили пишган уруғини атрофга сочади ва уни авайлаб асрайдики, бошқа биронта бута ё дарахт бундай қилмайди. Умуман олганда, шу жиҳатдан у ҳеч қандай бутага ўхшамайди, борди-ю, бирон нимаси билан ўхшашлиги бўлса қисман, бу ўхшашлик айтишга арзимас даражада бўлади. Табиат ҳеч қайси бутага ўзини асраш учун бунчалар кўп ҳимоя воситаларини ато этмаганки, кўриб ёқа ушлайсиз, у билан ғирром қилмасдан, яккама-якка тўқнашиб кўрган одам билади буни, уни енга олишингиз амри маҳол. Ғирром қилмасдан, деяётганимнинг сабаби уни керосин қуйиб ёқиб юбормаслик ёки шох кесадиган машинага рўпара қилмасликни назарда тутиб айтаяпман. Тасаввурим алдамаса, унинг тиканли чангалларида даққиюнус даврида юлиб олган ўша машҳур жун жанданинг бир парчаси ҳамон сақланар экан. Давр шамоллари оламжаҳон нарсаларни инсон хотирасидан ўчириб ташлаган. Бироқ наъматак бутасининг қуриган шохларида ўтлаб юрган қўйларнинг юлиниб қолган жун тутамлари, куйган чит лахтаги ҳамда аллақандай арқон бўлаги, инсон сочлари, ёғоч илгакларни кўришингиз мумкин. Наъматак меваларини теришга чиққанлар қулайрок бўлсин деб бута шохларини илгаклар ёрдамида ўзларига яқин тортиб туришган. Баъзан тўда-тўда мева терувчилар бараварига тўрт тарафдан наъматак бутасига ҳужум қилишарди. Шу тариқа унинг шохларини ҳар тарафдан тортиб дабдаласини чиқаришарди. Айниқса, кеч кузда мева терувчилар ҳаддидан ошишарди. Шундай чоғда пастки шохларида бир дона хам мева қолмас, лекин бутанинг юқори қисмида одамнинг суқини келтиргудек қип-қизил ёрқин мевалари куз қуёшининг беозор нурлари остида жилва қилар, шохларида гўё қон томчилари қотиб қолгандек туюларди.
Одамзод наъматакка бир йилда икки марта эътиборини қаратади – биринчи сафар баҳорда – барқ уриб гуллаган чоғда, иккинчи сафар – кузда, мевалари ғарқ пишган пайтда. Наъматак гулининг ҳиди жудаям нозик, мен ҳатто нозик ва теварак-атрофда барқ уриб гуллаган бошқа дарахтларнинг гулига нисбатан назокатли ва сипо деган бўлардим. Бир нечта гулини узиб кўринг, биласиз – сўқмоқ бўйлаб уйингизга кетаётганингизда гулбарглари йўлдаёқ дув тўкилади. Башарти гуллаётган чоғида бутага диққат билан узоқ тикилиб қолсангиз, ўткир нигоҳингиз таъсирида гуллар сўлиб тўкила бошлаганини сезасиз. Мен маҳобат қилаётганим йўқ, ўз кўзим билан кўрганларимни айтиб бераяпман, холос, бироқ баҳор ойларида наъматак қандайдир ўзига хос тарзда тортинчоқ бўлади, деган фикримдан сира қайтмайман. Нозик, хушбўй ҳидидан ташқари бутадан кўклам таровати ва сокин ғўнғиллаган товушлар таралади. Асаларилар ҳамда ҳар турли ҳашаротларнинг ғўнғиллаши бу – шовқинсиз чангланиш юз бераётганидан дарак.
Наъматак гулини тўккандан сўнг кузга қадар унга биров қайрилиб боқмайди! Худди ана шу даврда наъматак бутаси ўз табиатига кўра жимгина, шовқин кўтармай, фидойиларча меваларини етилтира бошлайди… Кузгача бир ўзи танҳо яшайди. Шу атрофдаги дам олиш уйлари ва санаторийларда муолажа учун келган кишилар наъматак яқинидаги тепалик ёнбағридан ҳар куни ўтиб туришади-ю, лекин бизнинг бутамизга биронтаси эътибор бермайди, одамларнинг кўпроқ тинимсиз равишда ликиллаб турувчи кўрсичқонларнинг уялари қизиқтиради; улар ён-верида уюм-уюм соғ тупроқ тўплаб қўйилган бу жониворларнинг ер остидаги уялари тепасига ҳақиқий кўрсичқонни бир марта кўриш учун аста пусиб келишади; соддалик ҳам эви билан, бу жониворлар ўғринча келаётганларнинг қадам товушини аллақачон эшитган бўлишади, чунки ер остидаги зулмат қоплаган илонизи йўлларда юқорида эҳтиёткорона ташланган қадам товушлари уларга ваҳимали тарзда гурсиллаб эшитилади. Ер остида яшовчи бу жониворлар мана шундай ўта зийрак ва сезгир! Бир неча йиллар муқаддам менинг бир оғайним Франциядан кўрсичқонларни тутиш учун махсус қопқон олиб келган ва уни дала ҳовлисига ўрнатганди, бунинг сабаби улар кўпайиб, ҳамма ерни қазиб ташлагач, шўрлик оғайнимнинг дала ҳовлиси ўркач-ўркач тепачалардан иборат ҳовлига айланиб қолган эди. Қаерга қараманг, кўрсичқонлар уюб қўйган тепачалар – қисқаси, дўстим Франциядан келтирган қопқон билан бу “зараркунанда”ларнинг уруғини қуритаман, деб ўйлаган эди. Осон эканми!
Бугун ҳам шу томонларга йўли тушган одам нафақат оғайнимнинг ҳовлисида, балки дала ҳовлилар жойлашган мавзенинг ҳамма ерида ўт босган дўнгликлар ҳамда уюм-уюм тупроқларни кўриши мумкин, баъзилари эскириб, ташлаб қўйилган – ўт-ўлан, бурган босган, баъзилари эса ҳали янги, кечагина қазиб тупроғи уюб қўйилган, дарвоқе, янгиларида тупроқнинг нами қуримаган бўларди. Мен бир куни кўрсичқонларнинг додини беришга аҳд қилган одамнинг сабр-тоқат билан оёқларини кериб, ўша жониворларнинг уяси тепасида қўлида сўқа, чурқ этмай, қимирламай турганини кўргандим. У кўрсичқоннинг ер остидан тупроқни тумшуғи билан суриб чиқаришини кутарди. Сабр-тоқатига балли-е, соатлаб шундай қилт этмай кутганди. Дўнглик қимирлади дегунча ўша ерга сўқаси билан зарб беришга ҳозир турганди, аммо ўша кутган дақиқаларда бор кучи билан урса, кўрсичқон ер остидаги илонизи йўллардан зиён-заҳматсиз аллақачон қочиб кетган экан.
Майли, мавзудан четлаб кетдик, яна ўзимизнинг наъматак бутасига қайтайлик… Тиззасига қадар қўй жунига ўралган бута Яга хотин тоғининг жанубий ёнбағрида эмин-эркин ўсарди. Яқин ўртадаги ўтлоққа қўйлар подаси шу ердан ўтиб борарди, йўл-йўлакай теварак-атрофда ўсган ўт-ўлан борки, ҳаммасини қўй-қўзилар еб битиришар эди. Бутанинг ўртасида ям-яшил майсалар кўзга ташланарди, қўй-қўзилар тумшуғини тиқиб ўша гиёҳни ейишга ҳаракат қилишганда жунлари наъматак бутасининг қаттиқ, тиканли шохларига илиниб, юлиниб чиқарди, шунинг учун тизза бўйи жун қоплагандек туюларди. Ёнбағирнинг нариги ёғида бошқа бутасимон мевалар ўсарди, айтиш мумкинки, тоғ сўқмоқлари ёқасида гўё юраги хаста кишилар учун махсус экилгандек, кета-кетгунча наъматакзорга кўзингиз тушади. Наъматак тергани чиққанларнинг бу ерга ҳам оралаганликларини узоқдан сезса бўлади. Чунки фақат қуйи кисмидаги мевалар терилган, қўл етмайдиган юқори қисмида эса йирик-йирик, қип-қизил мевалари маржондек кўзга ташланарди. Бу йил куз баракали келган, барча мевали дарахтлар ҳосили мўл-кўл эди. Қари нок дарахтларида ҳам мевалар ларзон. Дам олувчилар ҳушларига келган пайтда дарахтни силкитишар, шунда нок мевалари дўпир-дўпир ерга тўкилгач, одамлар териб олишар, кейин битта тишлаб, ташлаб юборишарди – ноклар ҳали пишмаган, ғўр, қаттиқ бўлгани учун тишлари ўтмасди. Алоҳа навбатдаги дарахтга ўтиб қоқишар, тушган меваларни яна еб кўриб, уларни ҳам дуч келган ерга отишарди. Йўлнинг иккала четида тишлаб ташланган нок мевалари сочилиб ётарди, бу ҳол ҳар куни такрорланар ва ажабо, бу адирда санқиб юрган юзлаб одамлар нима сабабдан татиб кўриб ҳам меваларнинг хом, қаттиқ, ҳали мутлақо еб бўлмаслигини билмасликларига лол қолиш мумкин. Тепаликнинг қир учида асосан Ўрта ер денгизи соҳилларида ўсадиган каштан дарахтлари қад ростлаганди, унинг тиканли мевалари катта-катта эди. Табиатан қайсар инсон шу дарахтни ҳам қўймайди, ям-яшил, майда типратиканчаларга ўхшаган мевасини қоқиб туширади. Ёнбағирда ёнғоқ дарахтлари мўл, меваларнинг пўчоғи пақ-пақ ёрила бошлагач, ҳар замон-ҳар замонда яшил-кулранг шох бутоқларига чувиллаб учиб келган тошлар тегиб, дўпиллаб ёнғоқлар тўкилади. Бу атрофда, дам олишга чиққанлар тош отмайдиган дарахт ёки буталар йўқ ҳисобида. Ҳар битта инсон боласи ниманидир юлиб, узиб олмоқчи бўлади, гўё табиат эринмаган кимса борки, ҳушига келганча фойдалансин, деб бу мавзеда саҳоват билан ўз омборхонасининг эшикларини ланг очиб қўйган, дейсиз. Бунақа тоифа дам олувчилардан ташқари мен шунақанги кампирларни ҳам кўргандимки, азбаройи, уларнинг хатти-ҳаракатларидан ёқамни ушлаб қолгандим, улар бамисли даққиюнус замонасидаги ғордан чиқиб келаётганларга ўхшарди, ниҳоятда қари, оёқларини аранг судраб босишади, мана шу кампирлар тўда-тўда бўлиб юришади, ҳаммалари яшил ёки қизил жунпайпоқ кийиб олишган, деярли ҳар доим бу гуруҳдагиларнинг биттаси бошқа кампирлардан салкам икки баравар ёши улуғ бўлади – тавба, бир шамол кўтарилса қуриган япроқ каби учиб кетадигандек. Қариндош-уруғлари сувда чўкиб кетса қутуламиз, деган ниятда уни бу томонларга юборишган бўлса керак! Бироқ кампиршога бало ҳам урмайди, аллазамонларда, усмонли турклар зулмидан озод бўлгач, у шунчалар тетик ва эпчил бўлиб қолганки, шифобахш сувда даволаниш учун ўз оёғи билан келади, муолажадан бўш вақтида тоғ ёнидаги сайҳонликни тити-пити қилиб ташлайди, бу ҳам майли, юрган йўлида қаламтароши билан кўм-кўк, ҳали яхши пишмаган нокларни кесиб татиб кўради, бошқалар қизил вино тайёрлаш учун наъматак терса, кампиршо ҳам ўшаларга қўшилиб бутанинг қаттиқ, тиканли шохлари орасига ёриб кириб, вино тайёрлаш мақсадида мева теради, эмишки, бундай мусаллас, айниқса, қари одамларга фойдали ва қувват бўлармиш. Хотин-халаж орасида катта-кичик эркаклар ҳам учраб турарди, уларнинг ҳаммаси деярли бир хилда сунъий чармдан тикилган қора куртка кийиб олишган, ҳар куни сув муолажасини олаверишганидан юз-кўзлари шишинқираб қизариб кетган эди. Улар қўлларида “Хитачи” фирмасининг магнитофонини кўтариб олишган бўлиб, бутун тоққа эшитиларли қилиб ванғиллатиб боришар, кўзлари олма-кесак териб, атрофга аланглашар, биронта чиройли қиз-жувонни учратиб қолиш умидида кун-уззукун айланиб юришдан ҳам чарчашмасди. Аёлларга келсак, уларнинг саноғига етиб бўлмасди, шифобахш сув муолажаси асосан мана шундай қиз-жувонлар учун ташкил қилингандек. Улар тўда-тўда бўлиб тоғ ёнбағрида сайр қилиб юришар, кўпчилиги энди-энди расм бўлган башанг либосда, сочлари калта қирқилган, озчилик қисми – бармоқ билан санарли аёллар рўмол ўраган ёки сочлари одми турмакланган, лекин ҳаммалари “Бўлиши мумкин” атирини сепиб олишганди. Ўша пайтда курортлар ва дам олиш масканларида шу атирни сепиб юриш урф бўлганди, менимча, аёллар унинг хушбўй ва гуркираб кетувчи ҳиди учун қадрлашарди. Бу ҳиддан эркаклар бошвоғини йўқотиб қўяр, улар шундай ҳид таратаётган аёлларнинг асирига айланишар, “малоҳат соҳибалари” эса чамаси, айнан шунга интилишарди.
Мен ҳикоя қилаётган наъматак бутаси мана шундай муҳитда ўсарди. Қўшимча қилиб яна шуни айтишим мумкинки, унинг теварагида шумтол гуллаган ҳамда бир-икки қадам оралатиб у ер-бу ерда қора чигирткалар уяси кўзга ташланарди. Қора чигирткалар офтобда исиниб олиш учунгина баъзи-баъзида бошларини чиқарар, одамзодни сезишлари биланоқ уяларига кириб кетишарди. Магнитофон овозидан улар чўчимасдилар, аксинча, уялари олдида қатор тизилишиб олиб, мусиқа тинглашарди. Улар балки магнитофонни улкан қора чигиртка сифатида қабул қилишар. Ёлғиз наъматак Яга хотини-ю, унга қўшиб дам олувчилар, осенница гуллари, одамлар издиҳоми ҳамда пишмаган нок ва каштанлардан юз ўгиргандек бир ўзи, танҳо яшарди. У ёрқин меваларига шарбат ва имкон қадар ранг ато этгали куз қуёшининг латиф нурларини эмиб ўсарди. Наъматак ишқибозлари турган гапки бизнинг бутага ҳам эътибор қаратишди. Бироқ қўллари етган остки қисмидаги меваларнигина териб олишди, холос. Тажрибали, бунақа ишларни қойил қиладиган ҳамда ёввойи меваларни теришда асқотади, деб қўлбола ёғоч илгаклар ва турли мосламалар ясаб олган чинакам терувчилар ҳали келишмаганди. Нимасини айтасиз, ана ўшаларга чиқарган мева теришни! Ёмғирдан кейин улар қўзиқоринларни чунонам теришардики, азбаройи илдизи билан қўпориб олишарди, ҳаттоки шиллиққуртларни ҳам қўйишмасди, ёмғир шивалаб ўтса, бас, бояқиш бу жониворлар нам япроқларга судралиб чиқишар, ўша, табиатни қадрлайдиган, она заминда нимаики унса, ўсса, уларнинг эътиборидан четда қолмасди – ҳаммасини бир чеккасидан титиғини чиқаришарди, ҳатто тошбақаларни ҳам тинч қўйишмасди, энди тошбақалар ўзларига жуфт излаб қолишса, уларни топиш учун ўн йиллар вақт ўтиши керак эди, негаки то бир тошбақа нариги тепаликда яшайдиган бошқа ҳамжинсига етишишининг ўзи эмасди. Балки улар насл қолдириш тугул ҳеч қачон учрашолмай ҳасратда ўтишарди, чунки эллик йилдан бери яшар эканман, бу жониворларнинг насл қолдириш истаги хуруж қилганда бир тепаликни тарк этиб, иккинчи тепаликка ўтганини бир марта ҳам кўрмаганман. Ўша табиат ошуфталари темир ҳаскашлар кўтариб олиб тоғу-тошда изғиб юрар ва меваларидан мураббо билан мусаллас тайёрлаш учун черниказорларни пайҳон қилардилар; меваларига қўшиб ҳаскашлар билан баргларни ҳам сидириб олишарди, шундай қилса йиғим-терим ҳаддан зиёд тезлашарди, ундан ташқари черника буталари орасида яшириниб ётган илон қўл узатганда чақиб олади деб қўрқмаса ҳам бўлади. Табиат ҳар турли тузоқлар тайёрлаб қўйган, лекин инсон боласи кўравериб кўзлари пишиб кетганидан табиатга панд берадиган даражага етганди, бинобарин, ҳимояси остидаги барча ўсимлик ва ҳайвонот оламининг вакилларини табиат бағридан минг қилсин, барибир юлиб оларди.
Мен наъматак бутаси ҳақида мулоҳаза юритиб, юқори қисмидаги биронта теримчининг қўли етмаган қондек қизил меваларига тикилиб қарар эканман “Хитачи” магнитофонини кўтарганларга қўшилиб олган ўн нафар ёғоч илгакли устаси фаранг теримчиларга кўзим тушди. Улардан баъзилари сават кўтариб, бошқалари қанор қопларни елкаларига ташлаб олишган эди. Булар ўз ҳолича ўсган буталардаги меваларни битта қолдирмай териб олишга уддабурон малакали терувчилар эди. Наъматак бутасининг юқори қисмидаги шарбат тўла ғуж-ғуж меваларини узоқдан пайқаган бу малакали теримчилар худди узоқ сафарга чиқиб, саҳрода ям-яшил воҳани кўриб қолган туяларни эслатарди. Гарчи туяларнинг нигоҳида ҳеч қандай ўзгариш сезилмаса-да, уларнинг қадам ташлашлари тезлашганидан шундай хулосага келиш мумкин эди. Мева терувчилар худди шу кўйга тушган, уларнинг ичида айниқса паст бўйли, эски пахталик кийиб олган киши ғайрати ва шижоати билан ажралиб турарди. Билмадим, пахталигининг дўланами, наъматакми ёки маймунжонми, тикан ёки қаттиқ шохлар илмаган бирон соғ ери йўқ эди. Унинг ҳурпайган сочлари қай бир жиҳати билан эгнидаги пахталик камзулига ўхшарди. У бир қўлида илгак кўтариб олган, дам шу илгак билан шерикларига бир нимани кўрсатар, дам илгарилаб кетар, бироздан сўнг ортига қайтиб тўдага қўшилиб оларди. Қисқаси жуда питрак, жойида бир дам туролмасди. Назаримда у қайси томондан териш қулайроқ эканини мўлжаллаб тушунтирарди. Худди шу пайтда ҳаммалари бутанинг олдига яқинлашиб, уни кўздан кечираёган чоғда магнитофон кўтарганлар келиб уларга қўшилишди. Улардан баъзилари кассеталарини ўзгартирган, бошқалари магнитофон овозини баландлатган – бутун теварак-атрофни сершовқин мусиқа садолари тутиб, ҳов пастда оқариб кўринаётган турар жой биносигача етиб борди. Булар ўша, биронта дарахт, бутани назаридан қочирмай, пайҳон қилиб ташлайдиган тажрибали мева терувчилар гуруҳи эди. Уларнинг ҳамласига дош берган биронта “қалъа” қолмаганди, бутани бир бошдан кўздан кечириб чиққач, совуққонлик билан юқори кисмига “ҳужум” бошлашди. Тепаликдан тушган йўл шу ердан пастга, турар жой тарафга эниб борарди. Теримчиларнинг тахминича, бутанинг шохларини илгаклар ёрдамида тортиб, меваларини битта қўймай териб олиш осон эди. Уларнинг қий-чувидан иштаҳалари карнай эканлиги сезиларди. Сал наридаги сўқмоқдан ғаройиб атир ҳидини гуркиратиб, бир тўда аёллар ўтиб қолишди, теримчилар кўзлари ёниб уларга тикилишди. Бир-иккиталари магнитофон садосини босиб кетгудек баланд товушда қийқириб, ўзларига бир нималар дея гап отишди, бироқ уларнинг илиқишлари ҳеч қандай наф бўлмади, аёллар бу томонга қайрилиб ҳам қарамай ўтиб кетишди. Бутанинг тепасидан бошланган ҳаракат ҳам фойда бермади, алоҳа улар икки гуруҳга ажрашиб биттаси нисбатан қуйироқдаги шохларга ёпишди, иккинчилари нариги тарафдан бошлашди, охири ёғоч илгаклар ташлаб тўрт томондан торт-торт бошланди.
Наъматак бутаси бу теримчиларнинг бу тахлиту тажовузкорона ҳамласига дош беролмай қалтираб кетди. Тўғрисини айтганда, уларнинг мақсади нима эди-ю, бутани нега қийнашмоқда? Мен тепаликдан туриб итоат этишни истамаётган баҳайбат бутани тилка-пора қилаётган ишбилармонларнинг ҳаракатларини томоша қилардим. Улар бутанинг тошдек қаттиқ шохлари ва айрим новдаларини ўзагидан айириб ўзларига қараб тортишар, шу йўл билан бу мустаҳкам “қалъа”ни дабдала қилмоқчи бўлишарди. Бироқ тиконли “қалъа” титраб-қақшаб эгилгани билан, силтаб тортишганида ёнбошига йиқилгудек бўлгани билан барибир бўйсунмас – у безиён, бешикаст қаршилик қилаверади. Барча шохларининг бирдамлигида мужассам бўлган қудрат туфайли теримчилар ҳеч нарса қилишолмасди. Кўп ўтмай хириллаган, аммо амрона оҳангда кимнингдир хитоби янгради: “Қани, тортдик бараварига, бир… икки… уч!”
Чор атрофда қулф уриб ўсаётган нисбатан кичикроқ буталар бамисоли нафасларини ичларига ютиб қўрққанларидан жавдираб туришар, ёлғиз бизнинг тошдек қаттиқ қўйган шохларига даққиюнус даврида жун ёпинчиқ лахтаклари илиниб қолган баҳайбат бута ёввойи меваларни терувчиларнинг тазйиқ ва қийнашлари остида важоҳат билан тебранар, қарсиллаб чайқалар эди. Одамларнинг тажовузкорона қахр-ғазаби кучайгандан-кучайиб борарди, улар навбат билан илгакларни отишар, илинган шохни ўзларига силтаб тортишар, илгакларни чиқариб яна отишар, шу тариқа секин-аста итоат этишни истамаётган бутани забт этишмокда эди. Улар менга илгаклар билан океанда ёлғиз бир ўзи осойишта сузиб кетаётган тинчликсевар кемани исканжасига олаётган денгиз қароқчиларини эслатарди. Айниқса, яшил пахталик кийган анави паст бўйли кимса жазавага тушган эди. У тикка бостириб борар, ёғоч илгакни боши узра чир айлантириб найза улоқтиргандек мўлжаллаб отар, биронта шохга илингудек бўлса ўша замони бутун оғирлигини ташлаб пастга торта бошларди. Ниҳоят, теримчилар бир-бирига жипслашиб кетган шохларни айиришга эришишди, бута ҳамон титраб-қақшаб секин-секин бағрини оча бошлади, аниқроғи, бир баҳялик туйнук очилди, унинг ўртасида, яшил пахталик кийган теримчи илгагини ўша очилган ердан янаям ичкарироқ суқар экан, дафъатан кимдир: “Илон! Илон!” дея қичқириб юборди. Бир неча “хитачи”лар бу овозни эшитиб, югурганча бута ёнига келиб, ўша туйнукка тикилиб қарашди, бута орасида ҳеч қанақа илон йўқ, қуриган илон пўсти ётарди. Қачонлардир шу ерга келиб яшаган илон наъматак бутасининг орасига пўстлоғини ташлаб кетган бўлса ажаб эмас.
“Илон! Илон!” деган хитоблар ҳамда илон пўсти жазава ичидаги теримчиларни чекинишга мажбур этди. Бута қасира-қусур қилиб узун кавак узра шохларини жипслаб олди. Унинг бағрида яна нималар яширинган – ҳеч ким кўрмай қолди. Шохлар яширган кавакдан ақл бовар қилмайдиган ваҳимали ҳамда илоҳий кечинмалар тараларди гўё, бемалол айтиш мумкин, бундан теримчиларнинг юрагини ваҳм босди. Биринчи бўлиб яшил пахталик кийган кимса жазава ичида бутага ташланди, бошқалар хам унга эргашди, улар гўё шу тариқа юракларида уйғонган қўрқувни енгмоқчи эдилар. Ҳаммалари қуйи томонга ўтиб, шу ёқдан бараварига тортсак, бутани йиқитамиз ва ана унда меваларни бир чеккадан териб оламиз, деб ўйлаган бўлишса керак.
Дарҳақиқат, улар деярли ниятларига етишди ҳам, наъматак бутаси ерга теккудек эгилди, қаттиқ шохлари қарсиллади. Теримчиларнинг бир қисми янаям юқорироқдан илиб тортиш учун илгакларини бўшатишди, аммо бута ногоҳон бир силкиниб қаддини яна ростлаб олди. Унинг тик кўтарилган шохларига қўшилиб, пахталик кимса ҳам ҳавога учди, алоҳа чалқанча ерга қулаётганда ҳам у илгагини қўлдан қўйиб юбормади. Мен унинг қичқирганча ҳавода ўмбалоқ ошиб учганини кўрдим ва қўрқув тўла овозини ҳам эшитдим. Бечора илгак-пилгаги билан шалоп этиб бута шохлари орасига тушди-ю ғойиб бўлди. Наъматак бутаси дафъатан шу топда тоғ ёнбағрида яшайдиган ваҳший ҳайвонга ўхшаб кўриниб кетди кўзларимга. У кўз очиб-юмгунча яшил пахталик теримчини тиконли чангали билан шаппа ушлади-да, илон пўсти ётган тиканли қаърига олиб кириб кетди. Бута орасидан дод-вой овози эшитилди, теримчилар довдираганча сапчиб ўзларини орқага олишди. Чарм курткалилар энгашиб қарашди-да, “хитачи”ларининг товушини ўчиришди. Нок дарахтининг меваларини қоқаётган хотин-халаж сайлгоҳ йўлка орқали орқа-олдига қарамай урра қочишди.
Наъматак узра ҳар биттасининг тумшуғида бир донадан ёнғоқ кўтарган хўжасавдогар учиб ўтди. Улар ёнғоқларни қаерга олиб кетишяпти – билмайман, хўжасавдогарлар ёнғоқни ютиб юбора оладими ёки тумшуғи билан уриб чақишга қодирми, ёинки юксакликдан тошларга ташлаб, шу тариқа ёнғоқ чақилиб мағзини ейишадими – бир нима деёлмайман. Бута ўзагида ётган тутқун ёрдам сўраб зорлана бошлади, у афтидан ўзини ўргимчак тўрларига тушган ҳашаротдек сезиб қўрқиб кетганди. Лекин ўргимчак турига илинган ҳашаротга ўхшаб типирчилагани сари бутанинг тиканли шохларига шунча ўралашиб борарди. Бута аъзойи баданига ўзининг ўткир тиканларини аёвсиз равишда ботириб, уни ҳаракат қилиш имконидан маҳрум этди.
Қуёш заволга юз тутди, унинг қиялама тушаётган нурлари наъматакнинг қирмизи меваларини ёритар, мевалар бута шохларига томган қон томчиларига ўхшаб борар эди. Тоғнинг ёнбағрида бамисли ваҳима кезиб юргандек, теримчилар банди этилган шерикларига ёрдам бериш ниятида бесамар уринишар, бироқ уларнинг бетайин ҳаракатлари дўстининг аҳволини баттар оғирлаштирарди, зотан кўп ҳам ўтмай у бута ичидан туриб шохларни силкитмасликни ўтиниб сўрашга тушди, акс ҳолда наштар баданига яна ҳам чуқурроқ ботаётганлигини айтди. “Вой, чидаёлмайман… вой-й!” дея инграрди бечора.
Шу чоққача бирон марта бўлсин Яга хотин тоғининг бунчалар тез ҳувиллаб қолганини асло кўрмаган эдим. Ҳордиқ чиқарувчилар шоша-пиша дам олиш уйлари ва санаторийларига тушиб кетишди, тоғ ўркачининг нариги томонида бир чўпон подага бақириб ўтди. Унинг ўзи кўринмасди, қўйларнинг маъраши ва қўнғироқчаларнинг жаранги эшитиларди, холос. “Хитачи” эгаларининг магнитофонлари овози ҳам ўчди, улар қўрқа-писа мовий туман қоплаган пастликка тушиб кетишди, эҳтимол, бу туман эмас тутундир, яна ким билади. Нима бўлган тақдирда ҳам шу мовий туман ёки тутун Яга хотиннинг яланғоч тош ёнбағирлари ёқалаб тутқуннинг аъзойи баданига бутун чангалини ботирган наъматак бутаси томон секин-секин сузиб борарди. Мен ўнгирдан туриб теримчиларни кузатардим. Уларнинг баъзилари саватлари билан қопларини ҳозирлашар, баъзилари сигарет тутатишар, тутун уларнинг боши узра осилиб турарди. Улар бир-бирига паст овозда гап қотар, ора-чира бута ичидаги тутқунга ҳам бир нималар деб қўйишарди. Охири улар саватлари билан қопларини кўтариб, ёғоч илгакларни елкага ташлаб ҳар тарафга тарқаб кетишди. Афтидан, бу кишилар тутқунда ётган кимса билан бир гуруҳга мансуб эмасди, кундузи наъматакзорда учрашиб, ўша ерда танишиб қолганга ўхшашарди. Шу сабабли хавф-хатар туғилди дегунча, уни ташлаб, тўрт томонга тарқаб кетишмоқда эди. Улар табиатни доим хўрлаб келишган, мана энди табиат ҳам уларни таҳқирлаш йўлини топиб, биттасини ўз домига тортган эди.
Мен бута ёнига бошқа яқинлашмадим.
Тоғ ўркачидан ўтиб борар эканман, назаримда, наъматак бутаси тобора катталашиб, қондек қизил мевалари ҳам йириклашиб бораётгандек туюларди; зеро, унинг шохларини қоплаган қирмизи меваларга қари наъматак улуғвор осойишталик билан тиканларини санчиб азоб бераётган тутқуннинг баданидан оқаётган қон томчилари ҳам қўшилиб кетгандир. У ҳамма шериклари ташлаб кетгач, бута исканжасида қимирлашга ҳоли йўқ, илон пўсти ёнида хириллаб жон бермоқда эди… Бу бахтиқарога ким қандай ёрдам бериши мумкин, ҳайронман.
Кўнглимда қарама-қарши туйғулар, бир-бирига алоқасиз фикрлар жўш урар ва мен беихтиёр ёнимизда муттасил равишда кимдир ёки нимадир дунёдан кўз юмади, ҳалок бўлади, қурийди, сўлади – хеч ким унинг жонига оро кирмайди, нега шундай, дея хаёл суриб борардим. Дарҳақиқат, бунинг маъносию сир-асрори фақатгина Яратганга маълум эканига одамзоднинг лол қолмасдан ўзга иложи йўқ! Мен доимо ўлганларнинг руҳи кимга керак – Худогами, бу кимнинг хоҳишига кўра рўй беради ва нега шундай дея ўзимга ўзим савол берардим, ҳайҳот, ҳеч қачон жавоб тополмаганман, топишим ҳам даргумонлигидан тўғриси сиқилиб кетардим. Дарҳақиқат, домино ўйнамоқ учун ўлганларнинг руҳини чорлашмаса керак!
Эртасига жала қуйди, қора булутлар тарқаб кетгач, Яга хотинни оқиш туман қоплади, мана шу туман бағрида ёввойи, шохлари паххайган наъматак бутаси бўй чўзиб турарди. Одамлар анча наридан инсон боласининг жонини олаётган бутадан кўз узишмасди. Ёввойи тармевалар терувчининг ҳаёт шами сўниб бормоқда эди. У деярли қимир этмас, фақат бошини буриб қарамоқчи бўлар, афтидан ана ҳозир ёрдамга етиб келишади, дея умид билан кутарди, бироқ бутанинг темирдек тиканли шохлари бошидан маҳкам чангаллаб олган, қайрилиб қарашга ҳам йўл қўймас эди. Қуёш нурлари вақти-вақти билан туман бағрини тилка-пора қилиб, Яга хотин билан наъматак бутасини бошдан-оёқ ёритар, унинг нурлари остида катта-катта қирмизи мевалар йирик қон томчиларига ўхшаб кўринарди. Мен нафасимни ичимга ютиб, ҳанг-манг бўлиб турардим. Улар чурқ этишмас – толиққан, музтар кишилар кўз ўнгларида рўй бераётган воқеага ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмадилар. Бироздан сўнг “Хитачи” кўтарганлар пайдо бўлишди, уларнинг қўлларидаги магнитофондан садо чиқмасди. Ҳаммамизнинг бошимиз узра, шифобахш сувлар қайнаб чиқаётган чашмалар ва дам олиш уйлари тепасида баайни машъум санам каби ёввойи наъматак бутаси шохларини кериб турарди. Бу ёруғ олам илк бор наъматак бутасининг одам боласи ҳаётига зомин бўлаётганини кўриб турарди. Бамисли Атлантида билан динозаврлар ҳалокатга учраган даврдаги қўрқинчли махлуқ яна пайдо бўлган-у, икки оёқли мавжудотлардан бирини тутиб олган ва аста-секин шавқатсизларча томирларида оқаётган тириклик шарбатини сўриб бораётганди гўё…
Анови бахтиқаро кимса бута шохлари орасида хириллаганча жон берарди…
Рус тилидан Умар Отахонов таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 11-сон