Павел Матев (1924-2006)

Павел Христов Матев (6 декабрь 1924, Оризово, Болгария — 4 февраль 2006, София, Болгария) — болгар шоири, ёзувчи, жамоат ва сиёсат арбоби. “Одамларга ишонч ила”, “Тўлқинларда ором топар балиқчи қуш”, “Жамғарилган сукут”, “Ногаҳоний тўхтамлар”, “Мени азоблайди гўзаллик” каби бадиий мукаммал китоблар муаллифи.

МАЙСА

Мен оддий яшайман. Кундузлар бесас,
Озод нафас каби шан.
Мен қоя эмасман, пўпанак эмас,
Миттигина майсаман.

Ҳар ёнда шамоллар елкаси яғир –
Қиш зулматин симирар.
Қор кўрпаси муздай ботади оғир
Изғиринлар семирар…

Баҳор келса, сокин момақалдироқ
Бўлиб бош кўтараман.
Далаларнинг кўм-кўк орзуси каби
Ердан ҳур кўкараман.

Севишганлар йўл солади мен сари
Тунги жимлик чўкканда.
Улар зангор, сокин, маъюс рангларни
Осон илғашар манда.

Ўроқ қайраб тонглар отар мусаффо,
Юксалади ғарамлар…
Ишон ахир! Яна қайтгум, эй, Худо,
Қилгин менга карамлар…

Рус тилидан Абдул Жалил Хўжам таржимаси