Буэнос Айрес нима?
Бу – қитъадаги урушлардан силласи қуриган бўлса-да, чеҳраси бахтиёр одамларга тўлган Плаза де Майо майдони.
Бу – самолётдан кузатганимиз сон-саноқсиз ёғдулар оғушидаги йўлаклар ва қайдадир бизга хотиржамлик бахш этувчи қадрдон кулба.
Бу – аждодларимдан бири отиб ташланган Реколета[1] девори.
Бу – беминнат салқинлик ва соя берувчи Хунин кўчасидаги улкан дарахт.
Бу – пастак уйлари кун ботарга чўзилиб, уфқ манзарасига туташиб кетган узун кўча.
Бу – сузиб кетишга тайёр Коинот ва Сатурн[2] лангар ташлаган Жанубий бандаргоҳ.
Бу – Кинтананинг[3] йўлида юлдузларни бошқа кўролмаслигини ўйлаб фарёд урган сўқир отам.
Бу – мен ўнлаб кеча-кундуз ёнидан жилмаган, ҳеч хотирамдан ўчмаган таниш рақамли эшик.
Бу – кунга қараб сояси ўзгариб турувчи баҳайбат чўян чавандоз.
Бу – ёмғир ёққанда ҳам отида собит ўтирган ўша улкан метал сувори.
Бу – Хулио Сезар Дабовэ[4] инсоннинг энг оғир гуноҳи болани дунёга келтириб уни тақдир зулмига ташлаб қўйиш эканлигини бизга уқтирган Перу[5] кўчасидаги бир бурчак.
Бу – Элвира де Алвеарнинг[6] асраб-авайлаган дафтарларидаги аввалбоши ўқишли, хотимаси тушуниксиз узундан узоқ романи.
Бу – покиза дугонасининг юзини сийпалаган малаксиймо Норанинг қўли.
Бу – хотираларда уруш парчаси бўлиб қолган жанговор қилич.
Бу – ўз замонасининг рангги униққан пули-ю, ўша давр эскириб қолган суратолгичи[7].
Бу – биз аёлдан воз кечган бир кун ва, худди шундай аёл бизни ташлаб кетган кун.
Бу – Боливар кўчасидаги кутубхона кўриниб турадиган Арк.
Бу – биз 1957-йилларда саксонларнинг[8] дағал тилини, жасорат ва қайғу тилини ўрганган Кутубхонадаги маскан.
Бу – Пол Груссак[9] дафн этилган жой.
Бу – отамнинг юзи акс этган энг охирги кўзгу.
Бу – Нажот кемаларининг бирида юзига ғубор қўнган ва парчинланган Масиҳ ҳайкали.
Бу – ҳали-ҳамон қулоқларимда садо бераётган Уитменнинг[10] улуғвор шеърларини рафиқам ва мен биргаликда таржима қилган Жанубдаги баланд уй.
Бу – поезд ойнасидан сузиб бораётган манзараларни кузата туриб, уларни сўзга кўчиришга имкониятим бўлармикан, балки бу сўнгги сафаримдир, деб ўйлаётган Лугонес[11].
Бу – Онcе кўчасининг бир бурчагида, ҳувиллаган кеча эди ўшанда, ўлимнинг ёлғонлигини менга тушунтиришга уринаётган марҳум Маседонио Фернандес[12].
Буэнос Айресни таърифловчи шахсий хотиротларим жуда ҳам кўп, аммо бундай давом этишни хоҳламайман.
Буэнос Айрес – бу, ҳалигача қадам изларим етиб улгурмаган бошқа гўшалар, шаҳарнинг махфий маркази, деворлари фасадларини яширган қолган-қутган ҳовлилар, бу – менинг, агар бор бўлса, душманим, менинг шеърларим ёқмаган одам (ўзим ҳам уларни ёқтирмайман), бу – бир пайтлар биз кирган ва бизни унутган оддийгина китоб дўкони, бу – биз рақсга туша олмайдиган ва дилтортар Милонга[13] куйининг садолари, бу – шафқатсиз йиллар аста-секин тортиб олаётган хотираларим, бу – назаримизга илмасак-да, жондан севган, мендан ҳам, сендан ҳам қолгувчи МАКОН.
Испан тилидан Дилрабо Бахронова таржимаси.
[1] Буэнос Айресдаги шу номдаги кўча ва қабристон (қабристон девори назарда тутилган).
[2] Коинот, Сатурн – Аргентина денгиз хизматига қарашли кема номлари
[3] Буенос Айресдаги бир кўча.
[4] Хулио Сезар Дабове – Аргентиналик шифокор ва ёзувчи
[5] Буэнос Айресдаги шу номли кўча.
[6] Элвира де Алвеар – Аргентиналик ёзувчи аёл, Борхеснинг илҳом париси.
[7] Х.Л.Борхес 19 асрга тегишли мана шу фотоаппаратни назарда тутган.
[8] Саксонлар (нем. Sachsen) – қадимги олмон қабиласи..
[9] Пол Франсуа Груссак (Paul-François Groussac) (1848, Тулуза, Франция – 1929, Буенос Айрес, Аргентина) ‒ ёзувчи, тарихчи, адабий танқидчи ва кутубхоначи.
[10] Уолт Уитмен (Wolt Whitman) (1819 – 1892) ‒ машҳур америкалик шоир ва публицист.
[11] Леополдо Антонио Лугонес (1874 – 1938) ‒ аргентиналик шоир, ҳикоянавис, драматург, журналист, педагог, таржимон, филолог, дипломат ва сиёсатшунос.
[12] Маcедонио Фернандес (1874 – 1952) ‒ аргентиналик ёзувчи, адвокат, бир қанча роман, ҳикоя ва фалсафий эсселар муаллифи.
[13] Милонга – Аргентина ва Уругвайнинг тангога монанд миллий фольклор куй ва рақси.
Буэнос-Айрес нима?
Бу бизнинг курашимиз туфайли ўзимизга қайтарилган мунғайган ва саодатпеша Пласа де Майо.
Бу олов лабиринти ва олдиндан кутилган хотиржамлик, бу сўнги дамда қаерда бўлсак ҳам етиб келадиган кулбамиз, биз учиб келадиган шаҳар, унинг кўчалари ва муюлишлари.
Бу қачонлардир менинг аждодларим қатл қилинган жой.
Бу салқин ва соялар тўшалган Хунин кўчасидаги улкан дарахтлар.
Бу узун хароба кўчалар, унда ҳар доим инжиқ ғарб шамоли эсиб туради.
Бу Космосни тутиб турган жануб причали.
Бу ўн кунлар ва тунлар мен олдидан кетмаган эшик. О, мен уни ҳар доим эслайман.
Бу менинг еримга соялари чайқалиб турган бронза боғлар. Куннинг айланишига қараб ер узра ўрмалаётган соялар.
Бу ўша ҳайкал устига ёғаётган ёмғирлар.
Бу Перу кўчасининг қайрилма йўллари, Хулио Кесар Дабонинг она қорнидаги болаларга айтаётган гаплари: Туғилинг майли, аммо бу ерда сизни жиноятчилик ҳаёти кутаётир.
Бу Эльвира де Альвиарнинг тоза дафтарларга ортиқ даражада дидсизлик билан ёзилган сўзлари, унинг охир-поёни кўринмайдиган романлари.
Бу илгариги урушлардан қолган шпагалар, ҳозир ҳеч жойда шунча шпага йўқ, бу қанча умрларнинг заволи бўлган хотиралар.
Бу қайсидир кунда, биз ташлаб кетган аёллар ва қайсидир кун, бизни ташлаб кетган аёллар.
Бу Боливар кўчасидаги ҳайтовур равоқ ва ундаги Кутубхона.
Бу ранги унниқиб ўчган пуллар ва вақтинчалик берилган мулкларнинг сўлғин кўринишлари.
Бу аллақачонлар вафот этган Пауль Гроссаснинг ўлмас пьесаси.
Бу менинг отамнинг юз ифодаси акс этган сўнги дераза.
Бу Сострадания кемасида мен англаган Масиҳнинг парчин этилган ва ғубор қоплаган юзи.
Бу баланд уй, унда мен ва хотиним Уитменни таржима қилгандик. У(агар Худо хоҳласа) ҳатто бу мамлакатда ҳам нуфуз топа олади.
Бу купе ойнасидан қараб турган Лугонес, у қандайдир йўқолган шаклларнинг предметларини ўйлаётган бўлса керак. Бироқ сўзларга бошқа ном керак эмас, ахир бу энг сўни чора.
Бу кимсасиз кеча, хилват хоҳлаганлар учун ичкаридан беркитиладиган Ўн биринчи кафе, осуда Македониядан келган Фернандес менга айтади: ўлим йўқ нарса.
Мен буни бу тахлит давом эттиришни хоҳламайман, чунки булар мен учун ҳаддан ташқари шахсий ҳолатлар. Шаҳар ҳақида бичиб-тўқимоқ учун ҳаддан ташқари алоҳида тасаввурлар.
Буэнос-Айрес – бу бошқа кўча, бир кўчаки, унда ҳеч ким юрмайди, у олманинг ўзаги, бу менинг сўнги кичкина кулбам, мен учун ёпиқ иншоат, менинг душманим, умуман шундай бўлган, менинг(ўз ҳолича) бағишлов шеърларим, эски китоб дўкони, мен унга қайта-қайта келаман, бу дам йўқолаётган, дам пайдо бўлаётган келажакнинг танилмаган нигоҳи.
Бу марказ, чекка бир гўша, кўз кўриб орзу қилинмаган посёлка, аммо у на мен учун, на сен учун.
Рус тилидан Шерзод Комил Халил таржимаси