Хорхе Луис Борхес. Туркистон эртаклари (Uentos del Turquestan)

Мен сўзламоқчи бўлаётган эртаклар Туркистоннинг икки турли минтақаларига тегишлидир. Бирлари шимолдаги бепоён қирғиз* (пастдаги изоҳга қаранг) даштлари бағрида, туя тезакларидан қаланган гулханлар атрофида яратилган бўлса, бошқалари ариқлар бағрини тилган экинзорлари бисёр жанубий минтақада кўз очган. Гавжум бозорларни ўзларига саҳна билган моҳир бахшилар тавозе билан қулоқ тутганлар қуршовида эртакларга ҳар гал бетакрор оҳанг бахш этарлар. Даставвал Остроумов рус тилига ўгирган афсоналар, сўнгра доктор Густав Юнгбауэр шарофати билан олмонча шамойилига эга бўлди. 1923 йили Йенада нашр қилингач, бир неча этножўғрофий саргардонликларни бошидан кечирган ушбу китоб (эҳтимол, Буэнос-Айресдаги ягона китоб) мана, охир-оқибат менинг ёзув столимга келиб тушди. Мен уни бир ўтиришда ютоқиб ўқиб чиқдим. Афтидан, асотирлар жилвасига маҳлиё бўлиб, уларни хаёлимда эврилишларга дучор қилсам-да, бундан таассуф чекмасман, илло эртакларнинг бари ажиб ва фусункор, айнан бир эртакнинг турфа талқинлари эса батамом янги асотир каби таассурот қолдирарди. Туркистонда таваллуд топган эртакларнинг рус тилидан ўгирилган олмонча талқини ҳақида мулоҳаза юритаётган (энди эса улар ҳақида битик ёзаётган) олис аргентиналик бир мухлиснинг ажабтовур ушбу силсиладан ўрин олиши — ушбу афсоналарнинг фусункор қудратига бундан ортиқ шоҳидлик бўлиши мумкинми, ахир? Айни бу ҳол бизни макон ва замоннинг адоқсиз турфа хил талқинлари ҳақидаги метафизик мулоҳазаларга етаклаши шубҳасиз.
Туркий халқлар эртакларида шаҳзода-ю маликалар, аждаҳо-ю ялмоғизлар, девлару ўғилпарвар шоҳларнинг адоқсиз издиҳомига дуч келамиз. Осиё асотирларида бебошлик қилаётган аждарлар даҳрий оврупаликлар яратган улкан газандалар билан айнан ўхшаш, улар ҳам ботирлар қиличидан завол топадилар ва шавкатли шамшир зарбидан ҳалок бўлмоқ — улар қисматининг ўзгармас ва муҳаққақ муҳридир. Муқаррар хотимасига муштоқ бу махлуқлар саҳролар бағри, қуриган дарё ўзанларини ўзларига макон тутадилар ва ё ташналикдан юксак тоғларга бош олиб кетадилар. Бу ўлканинг маҳаллий руҳлари шажараси Ислом асотирларини тўлдирган жинлардан ибтидо олади. Айтадиларки, улар карами кенг Парвардигор амри билан жаҳаннам пойида, йўлбарс ва оташбардор урғочи бўри яқинлигидан туғилмишлар. Дўзахда таваллуд топган жинларнинг айримлари мусулмон бўлди, кибрга берилган бошқалари эса бу марҳаматни инкор этиб, ҳидоятдан бебаҳра бўлди. Улар ўз ҳоҳишларига кўра қиёфаларини ўзгартириб, инсон ва ё эшак, кўппак ва ё олов тиллари ва ҳатто ғирчиллаган ароба шамойилига кира олади. Ташландиқ кулбалар ва мўриларни, шағалтош уюмлари ва ҳаммомларни, ҳовуз ва аҳлатхоналарни ўзларига макон тутадилар. (Бизнинг Palermo Chico ёки Puento Alsina жин-ажиналар учун айни боп жойлар десам, эътирозлар бўлмаса керак.) Бошдан-оёқ юнг қопланган қиёфалари, ўткир панжа-ю гажак думлари билан эртакларга шинаванда болалар лабларига учуқ тоширишга мойил Туркистон девлари ҳам ўзимизникиларга ўхшайди. Ҳийлакорлик ва овсарлик сифатлари ажабтовур тарзда омухталашган заковатлари эса уларга яна ҳам айрича жозиба беради. Парвардигор уларни ибтидоий оташ дудидан яратди, оташнинг гулхани руҳларга, нури эса фаришталарга раво кўрилди. Очофатликда меъёр билмас бу девларнинг яқин ва узоқ қариндошлари бир талай эртакларда ўзларига белгиланган фаолият билан машғул. Масалан, «Учқур тойчоқ» афсонасида шоҳнинг эрка қизи танлаб-танлаб тозисига учрайди — саралагани еб тўймас бир дев бўлиб чиқади. Иттифоқо, ҳийла-найранг билан маликани меҳмонга юборган куёвтўра саройдаги барча қул ва чўриларни, кўрмана-ю сеплар ортилган эшак-хачирларни еб битиради.
Китоб саҳифаларини ошён тутганлар орасида дарозлар ҳам бор. Руҳиятшунослик деб аталган чўпчакнамо бир илмнинг уқдиришича, эртакларнинг девкелбат ушбу персонажлари катталар билан болаларнинг жусса ўлчами ўртасидаги табиий тафовутга доир олис хотира маҳсулларидан бошқа нарса эмас. Шунингдек, Рубен Дарио тараннум этган маликалар — хаёлларимизни ҳар дам ўғирлаган, бахт ва навқиронлик, неча бор орзуланган висол майллари ва қаҳрамонлик истакларининг ажабтовур яхлитлигидан иборат ушбу ишқ тимсоллари муҳташам саройларда муҳаббат қуршовида истиқомат қилади. Яна бир ҳилқат — Симурғ қуши эртаклар бағридан биз томон назар ташлайди. Осуда инсон чеҳрали, кумушранг патлари кўзни олувчи, ёши икки минг йил қадар кўҳна қуш, қанотларини ёйгани замон офтобни яшириб, заминни зулматга чулғашга қодир улуғвор қуш, аёвсиз савашлар чоғи ботирларни омон олиб чиқишга ҳар дам ҳозир илтифотли ва сўзамол қуш — Симурғ.
Туркистон эртаклари воқелиги саҳоват туйғулари билан тўйинган, бепоён кенгликларда йилқи ва сурувлар кетидан от сурган чўпон-чўлиқ туёқлар остидаги заминни асло хор қилмас, балки қурғоқчилик ва ёғинлар мавсумидан ҳам тадбир билан ўзларига ризқ топарлар. Тоғли бўлгаларда қир ва адирлар, улуғвор қоя ва даралар дохил ўйноқи шакллар манзарасини чизган макон — яланг даштликларга энгач, кўз илғамас уфқлар орти томон ястаниб боради. Миришкор деҳқонлар учун тўрт мавсумга тақсим қилиб берилган вақт чўпонлар учун мангулик каби бардавом. Тинимсиз, аммо оҳиста кечиб ўтаётган куну тунлар айтишув кечалари, мусиқа ва рақс давралари билан зийнатланган. Бунда ландовур танбаллик саҳоват хислатлари билан ёнма-ён қадам ташлайди. Ушбу хаёлий афсоналарда вақт ва замон шунчаки кечиб ўтмайди, улар бунда баайни тушлар каби ювош ва мулойим.
Шекспир (ўзининг ташбеҳини қўлласак) узоқ йиллар давомида кечган воқеаларни сувсоатнинг атиги бир карра айланишига жо қила олган, Жойс бўлса бир ишора билан вақтнинг шошқин одимларини тўхтатиб, инсон умрининг бир кунини етти юз саҳифалик асарга жойлай билган эди. Туркистон эртаклари аро кечаётган вақт эса, Шекспирникидан фарқли ўлароқ, учқур эмас, айни дамда Жойсники каби ҳам судралмас: тирикликка ситам етказмай, сездирмасдан ва оҳиста кечиб ўтаётган бу оқимни йил ва ё кунлар, тақвим ва ё мавсумлар, ва балки шому саҳарларнинг қай бири билан ўлчашни билмайсан.
Яна айрим эртакларга мурожаат қиламан. Одатда, истиора — орадаги масофаларни адоқсиз узайтириб, айни пайтда уларни изсиз ғойиб эттиради. Сердавлат Ҳотамтой ҳақидаги ривоятда (тўпламдаги энг сара эртакда) ораларига қирқ кунлик йўл масофа солган икки шаҳар ҳақида сўз боради. Шаҳарлардан бирининг фуқаролари бошларига тушган кулфат туфайли кеча-ю кундуз изтиробда ғам ёшлари тўкади. Кундалик юмушлари билан андармон қирқ кунлик йўл наридаги бошқа шаҳар аҳли қўшниларини кўрмаса-да, уфқ ортидан келаётган йиғи сасларини муттасил эшитиб туради.
Ушбу ҳикоялар (уларни чўпчак деб аташга асло тилим бормайди, илло, сохта руҳий устунлик ишораларини ўзида яширган бу сўз, айни пайтда, фусункор ва гўзал бу эртакларга мутлақо бегона бўлган панд-насиҳат истакларини ҳам назарда тутади) бағрикенг даштларнинг ўзи каби саҳоватларга тўлуғ. Ҳотамтой қалби ва руҳининг табиий улуғворлиги мисқолча бўлсин зўрма-зўраки чиранишларга бегона. Ҳамиша бошқалар ташвишларига шерик бу саҳоватпешанинг уйида қирқта эшик бўлиб, уларнинг ҳар бири ёнига қашшоқларга аталган тилло тангаларга тўла олтин косалар қўйилган. Кимга лозим бўлса, олиб кетаверсин. Худди ўша эртакдаги Форс шоҳининг жондан азиз қизи шу қадар соҳибжамолки, кундузлар юрганида вужудидан соя эмас, биллур нурлар тўшалади («Lux est umbra Dei» — бир зоҳиднинг айни сўзларини сўнгроқ сэр Томас Браун яна такрор ёдга солади). Эртакларда одатий ва ғаройиб ҳолатлар шу қадар жўн уйғунлашиб кетганки, уларни турларга кўра ажратиб, мавқелари бўйича ўз ўрнига қўйиш истаги ҳикоянависга мутлақо бегона экани шундоқ кўриниб туради. Афсоналарда мавжуд барчаси — илоҳийлик сифатлари улуғ бўлса-да, оддий инсонлар билан ҳам мулоқотга киришиб кетаверадиган фаришталар дейсизми ёхуд, аслида бир жойда кўкариши назарда тутилган бўлса-да, кўнгли тусаган маҳал олис сафарларни ихтиёр қилувчи жаҳонгашта дарахтлар дейсизми — буларнинг барчаси ўзининг чинлиги билан кишини ҳайратга солади. Фусун — табиатнинг узвий яхлитлиги намунаси, айни воқелик кўринишларидан биридир. Олисдан туриб бирор кимсанинг жонини олишда камон ўқлари қўл келади, аммо лойдан тулум ясаб, унга муттасил игналар санчган кўйи аслиятнинг ўлимига сазовор бўлиш ҳам мумкин. Сўнгги асрлардаги ораста ва қулай турмуш жодуларга ишончимизни йўқотиб улгурди. Баъзан сеҳрнинг мавжудлигини бир кибр ила эътироф қилсак-да, ғайриоддий ҳолатларни табиий оқибатлардан бехато ажрата олишимиз билан мағрурланамиз. Жодугарлар қаллобдир ва тулумлар билан бизнинг ўртамизда заррача боғлиқлик йўқ, лойдан ясалган нусхаларимизда ўтказилган амаллар эса бизнинг ўзимизга заҳмат етказиши мумкин эмас, дея баралла атрофимиздагиларни ишонтирмоқчи бўламиз. Аммо вазиятнинг истеҳзолигини қарангки, кимдир биров исмимизга таҳқирли лақабни тиркаб чақириши ҳамон, таъбимиз тирриқ бўлиб, ғуссаларга ботамиз. Биз-ку майли, табиат қонунларини рўкач қилиб гапиряпмиз, аммо Эдвард Карпентер ёки Эрнст Махни ўқиганки одам, бу каби қонунлар мўъжизавий воқеликнинг фойдали имкониятларига мутлақо зид эканини англаб етади. Бокира ўрмонлар ва қадим ғорларда камхарж умргузаронлик қилган ибтидоий одамлар эса ўзбошимча таъсис қилинган ушбу қонунларга ҳам, уларга озроқ бўлса ҳам жозиба берувчи мўъжизаларга ҳам ишонмайди. Улар афсун билан соғлом идрок ўртасига чизиқ тортиб ўтирмайди, балки табиатнинг яхлит эканига ғайришуурий тарзда, ортиқча саволларсиз ишонади.
Мексика ҳиндулари асотирларини тафсир қилган Теодор Вильгельм Дантсел ўз мулоҳазаларида яна ҳам илгари кетади: унинг фикрича, ибтидоий одамлар субъект (идрок эгаси) билан объектни (идрокдан айри борлиқни) ўзаро айириб ўтирмайди. Уларнинг дунёси икки чеҳрали эмас, балки ўн минглаб чеҳраларга эга ва улар табақаларга ажратилган эмасдир. Ибтидоий одамлар ҳаёти тушнинг ўзи каби адоқсиз. Беғубор бу одамлар — ўз дунёларининг чинакам соҳибларидир. Камтарин умрларга бешик бўлган бу дунё гўзалдир, илло ният қилинган нарсаларнинг бари шаксиз ижобат бўлади. Соддадил бандаларни бағрига олган бу дунё мудҳишдир,
илло кўнгилга нохос ташриф буюрган нохуш туйғулар ҳам чин мусибатларни чорлаши бор. Туйғулар ҳукмига ўзимизни бахшида қилган дамлар биз ҳам айнан шу каби яшамасмизми? Уларнинг ҳаёт-турмуши асотирлар, тушлар олами ва эҳтимоллар ўлкаси билан ёнма-ён, ёндош. Мен эсам ўз ҳаётимга ўзимни бегона сезмоқ учун, ўз ҳаётим ришталаридан узилмоқ ва сўнгра эса — тобора олислаб бораётган ана шу ҳаётимни қўмсаб, ҳасратлар чекмоқ учун қўлимдаги Туркистон эртакларидан сира бош кўтармасман.

Шарифжон Аҳмедов таржимаси