“Қароқчи аёл” сўзи баъзи бир бемаъни сарсуэлалар ҳақидаги, қиёфаларидан ходима эканлари яққол сезилиб турган қизлар бўёқ суртилган қалин қоғозлардан тикланган тўлқинлар қўйнида рақсга тушиб, қароқчи аёлларни намойиш қилаётган баъзи бир бемаъни сарсуэлалар ҳақидаги анчагина ноҳуш хотираларни юзага чиқарса эҳтимол. Аммо ҳар қалай қароқчи аёллар, денгиз илмидан сабоқ олган, ваҳший денгизчиларни жиловлай билган, кемаларни таъқиб этиб, уларни талон-тарож қилишга қодир қароқчи аёллар яшаб ўтганлар. Шундайларнинг бири “ҳар ким ҳам қароқчи ҳунарига муносиб эмас ва бу юмушни виждонан ўтай олиш учун худди мен сингари жасур эркак бўлмоқ лозим” дея жар солган Мери Рид исмли аёл эди.
Шавкатли йўлининг дастлабки палласида (у ҳали дарға эмасди) унинг суюкли эркакларидан бирини кема муштумзури ҳақорат қилди. Мери уни яккама-якка олишувга чақирди ва икки қўлида қурол билан – Кариб денгизи оролларидаги қадимий урфга кўра – жанг қилди. Унинг чап қўлида бесўнақай ва қайсар тўппонча, ўнг қўлида эса садоқатли шамшир бор эди. Тўппонча отилмай қолди, аммо шамшир панд бермади… 1720 йилда Мери Риднинг анча хатарли фаолиятига Сантьяго-де-ла-Вегадаги (Ямайка) испан сиртмоғи тўғаноқ бўлди.
Мана шу денгизларда кезган яна бир қароқчи аёл муҳораба маҳали кўп маротаба ҳаётини хатарга қўйган, кўкраклари баланд ва оловранг сочли гўзал ирланд қизи Энн Боней эди. У Мери Риднинг қуролдоши эди, кейинроқ эса дордаги ўртоғига айланди. Унинг суюкли ёри, капитан Жон Ракмэм ҳам айни шу томошада ўз арқонига эга бўлди. Ойшанинг Боабдилга айтган сўзларини Энн қайғу ва нафрат билан қарийб айнан такрорлади: “Агар эркак киши каби жанг қилганингда эди ит каби осиб юбормас эдилар”.
Қароқчи аёлларнинг яна бири, аммо омадли ва машҳури Осиё сувларини Сариқ денгиздан тортиб, Анном сарҳадларидаги дарёларга қадар кезиб чиққан қароқчи аёл эди. Мен ҳарб юришларида уқуви зўр бўлган бевани, Чинг бевасини назарда тутаётирман.
САБОҚ ЙИЛЛАРИ
1797 йилда бу денгиздаги кемаларнинг соҳиблари иттифоқ туздилар ва Чинг исмли кўпни кўрган ҳамда муносиб одамни адмирал этиб тайинладилар. У соҳил бўйидаги қишлоқларни ўта шафқатсизлик билан ва астойдил талар эдики, оқибатда сўнгги дон-дунидан айрилган аҳоли кўз ёшлари ва инъомлар эвазига Император ҳомийлигига эришмоқчи бўлди. Аҳолининг ноумид илтижолари Императорга етиб борди: уларга ўз қишлоқларига ўт қўйишни, балиқ овлашни бас қилишни ва мамлакат ичкарисига чекиниб, зироатчилик деб номланувчи нотаниш илм билан машғул бўлишни буйруқ қилдилар. Балиқчилар худди шундай иш тутишди, бу гал омади чопмаган қароқчиларни эса кимсасиз соҳиллар қарши олди. Шу сабаб улар денгизда қароқчилик қилишга бошладилар. Бу эса, ўз навбатида Империяга яна ҳам катта зарар келтирар, зотан савдо-сотиқ тўхтаб қолганди. Ҳукумат узоқ ўйлаб ўтирмасдан, собиқ балиқчиларга омоч ва буқаларни ўз ҳолига қўйиб, яна қайта эшкак ва тўрларнинг этагидан тутишни буюрди.
Бироқ шукуҳсиз ўтмиш ёдларига тушиб, деҳқонлар рози бўлмадилар, натижада бошлиқлар ўзга йўл тутишди: адмирал Чинг Император отхоналари сардори этиб тайинланди. Адмиралнинг кўнгли суст кетиб, бунга рози бўлди. Кемаларнинг хўжайинлари бундан ўз вақтида хабар топдилар ва уларнинг одил ғазаби тўкис зиёфатга бориб тақалди. Улар адмиралга заҳарланган капалак қуртидан тайёрланган гуручли таом узатдилар.
Баднафслик оқибати ҳалокатли бўлди – аввалги адмирал ва Император отхоналарининг тетапоя сардори денгиз илоҳига жон таслим қилди. Бира тўла икки хиёнатдан изтиробга тушган бева фитнадан қароқчиларни огоҳ қилди. Императорнинг мунофиқ карамини рад этишга, заҳар билан сийлашга мойил ношукур кема соҳибларига хизмат қилишдан воз кечишга даъват этди. Уларга ўз фойдалари йўлида иш тутишни ва ўзларига янги адмирал сайлаб олишларини таклиф этди. Улар бевани, ҳорғиннигоҳ ва кўланкамисол табассумли мана шу тадбиркор аёлни афзал билдилар. Унинг қоп-қора йилтироқ сочлари кўзларидан кўра чароғон эди. Беванинг буйруқларига амал қилиб, барча кемалар денгизга, бўрон ва хавф-хатарга пешвоз чиқдилар.
ҚЎМОНДОНЛИК
Узлуксиз талон-тарож 13 йил давом этди. Денгиз қўшини 6 флотилиядан иборат бўлиб, байроқлар ранги турлича эди: алвон, сариқ, қора ва (бош кема байроғининг туси) кулранг. Сардорлари Лочин-ва-Қоя, Тоғ-Жилғасининг-Қасоси, Денгизчилар-Хазинаси, Балиқлари-Сонминг-Тўлқин ва Баланд-Қуёш деб номланарди. Чинг беваси шахсан ўзи тузиб чиққан иш тартиби қатъий ва инкор этиб бўлмас эди, расмий хитой нутқига сохта салобат бахш этувчи сердабдаба сафтатадан ҳоли услуби эса аниқ ва лўнда эди. Бу услубнинг ваҳимали жумлалари қуйидагича (Иш Тартибининг алоҳида моддаларини айнан келтираман):
“Ғаним кемаларидан қўлга олинган ўлжа омборга олиб келиниши ва қайта ҳисоб-китоб қилиниши лозим. Ўлжанинг ҳар бир қароқчига тегишли бешдан бир бўлаги ўз вақтида улашилади; қолган қисми омборда сақлансин. Буйруқни бузганлар ўлимга маҳкумдирлар.”
“Ўз жойини махсус буйруқсиз ташлаб кетган қароқчи жазога лойиқдир: барчанинг кўз олдида қулоқларига тиғ урилади. Иккинчи бор жиноят содир этганлар ўлимга маҳкумдирлар.”
“Қишлоқларда асир олинган аёлларни палубада сотиш таъқиқланади; бу иш трюмда ва фақат хазинабоннинг ижозати билан амалга оширилади. Буйруқни бузганлар ўлимга маҳкумдирлар.”
Асир олинганларнинг кўрсатмаларидан маълумки, қароқчиларнинг емиши асосан қотган нон, қовурилган семиз каламушлар ва қайнатилган гуручдан иборат эди ҳамда муҳораба кунлари улар ўз ароқларига порох аралаштириб ичадилар. Ғирром қарта ва шашқол, шароб тўла коса ва “фантан” ўйини, маст қилувчи бир ўрам афъюн ва хитой чироқлари уларнинг ҳордиқларига тус киритарди. Улар шамширни афзал билиб, бира тўла икки қўл билан жанг қилишарди. Жангга киришдан аввал ёноқ ва баданларига саримсоқ суви суртиб олишар, бу уларни ўқларнинг ажалэлтар ўпичидан омон сақларди.
Хотинлар ўз эрлари билан бирга юришар, дарғани бўлса зафарлардан сўнг ўзгариб турувчи беш-олти аёлдан иборат бутун бошли харам ўртага олганди.
ЁШ ИМПЕРАТОР КИА-КИНГ ГАПИРАДИ
1809 йилнинг ўрталарида императорнинг фармони эълон қилинди. Мен шу фармоннинг биринчи ва сўнгги қисмлари таржимасини ҳавола қиламан. Бундаги услуб кўпларга ёқмайди.
“Манфур ва бузуқ одамлар; бошқаларнинг ризқ-рўзини топтаб, етим-есирлар ва солиқ йиғувчиларнинг илтижоларига қулоқ осмаётган одамлар; ўз жаҳаннамларида қақнус ва аждар суратини чизаётган одамлар; босма китоблар ҳақиқатини инкор этувчи ҳамда нигоҳлари Шимолга қадалган чоқ дув-дув кўзёш тўкаётган одамлар – мана шу одамлар дарёларимиз осойишталигига тўғаноқдирлар ва улар қанотимиз остидаги денгизларнинг кўҳна сукунатига дахл қилмоқдалар.
Уларнинг мўрт ва ожиз қайиқлари кечаю-кундуз тўлқинлар билан олишиб ётади. Улар жаҳолатни кўнглига туккандирлар ва улар-да дўст эмасдир, улар-да ҳеч вақт денгизчининг чин дўсти бўлмагандир. Улар денгизчига ёрдамни хаёл қилмайдилар, у билан ноҳақ ва бешафқат муомалада бўладилар, нафақат талон-тарож қиладилар, балки мажруҳ қиладилар ва ҳалок этадилар. Улар Олам Биносининг табиий қонунларига бўйин эгмайдилар, шу боис дарёлар тарк этадилар соҳилларини, ўғил отага қарши боради, қурғоқчилик ва ёмғирлар фасли ҳам йиллар кечган сайин адашиб кетди.
…Шу боис ҳам сенга, менинг адмиралим Кво-Ланг, айбдорларни жазолашга буйруқ қиламан. Хаёлдан соқит этма, меҳр-шафқат шоҳлар ҳокимиятининг азалий сифатидир ва бу сифатни ўзлаштириб олиш ўзига ортиқ қадар бино қўйиш бўлур эди. Шафқатсиз ва одил бўлгин, менга итоаткор ва енгилмас бўл.”
Қайиқлар мўртлиги ҳақида йўл-йўлакай эслатиб ўтилган маълумот, албатта, ҳеч бир асосга эга эмасди. Шунчаки Кво-Ланг қўшинига далда бериш зарур эди. Орадан тўқсон кун ўтгач, Чинг бевасининг жангчилари Марказий Империя қўшинлари билан тўқнаш келди. Тонг саҳардан шом қоронғусига қадар мингга яқин кема ўзаро жанг қилди. Қўнғироқчалар ва ноғораларнинг, тўп садолари ва лаънатларнинг, бонг товушлари ва башоратларнинг жўр овози жангга ҳамроҳ бўлди. Империя кучлари яксон этилди. Маън этилган шафқат ёки тавсия қилинган шафқатсизликни намойиш қилиш имкони туғилмади. Кво-Ланг бизнинг мағлуб генералларимиз унутишни афзал биладиганлари – урфга содиқ қолди: у ўз жонига қасд қилди.
ДАҲШАТ ЧУЛҒАГАН СОҲИЛЛАР
Ва шунда мағрур беванинг олти юзта жанговор жонкалари ва 40 минг ғолиб қароқчилари қишлоқларни олов ва қиличдан ўтказган кўйи ўнг ва сўл томондаги етим-есирлар миқдорига миқдор қўша Сицзян дарёсининг этагини тўлдириб юборди. Баъзи қишлоқларни ер билан яксон этдилар. Бир қишлоқнинг ўзида минг чоғли асир қўлга киритилди. Чакалакзорлар ва яқин атрофдаги шолизорлар қўйнида омонат ҳимоядан фойдаланмоқчи бўлган бир юз йигирма нафар аёл бир зумда топилиб – уларни чақалоқнинг бетиним йиғиси ошкор қилганди – кейинроқ Макаода сотиб юборилди. Аламли кўз ёшлари ва ваҳшиёна жазолар ҳақидаги хабар, кечикиб бўлса-да, Киа-Кингга довур, Само ўғлонига довур етиб борди.
Муаррихларнинг баъзи бирлари ишонтириб айтадиларки, бу хабар жазо экспедициясининг яксон этилишидан кўра кўпроқ уни қайғуга солди. Шундайми ёки йўқ, аммо ҳарқалай у навбатдаги – денгизчилари, аскарлари, аслаҳаси, мунажжимлари ва башоратгўйларининг миқдори жиҳатидан даҳшатга солувчи навбатдаги – қўшинни жангга ҳозирлади. Бу гал Тинг-Квей қўмондон этиб тайинланди. Унинг беҳисоб кемалари Сицзян дельтасини ишғол қилиб, қароқчилар эскадраси йўлини тўсиб қўйди. Бева жангга ҳозирланди. Жанг оғир бўлишини, ҳаддан зиёд оғир бўлишини ва деярли омонсиз бўлишини у биларди, илло талончилик ва бекорчиликда кечган кун ва ойлар одамларни йўлдан оздирганди. Аммо муҳораба ҳали-бери бошланай демасди. Қуёш бамайлихотир бош кўтариб, чайқалиб турган қамишзор ортига бемалол ботар, одамлар эса сергак эди. Пешиннинг жазирама қуёши ҳолдан тойдирар, ҳордиқ эса тинкани қуритарди.
АЖДАР ВА ТУЛКИ
Бу маҳал аждарларнинг ландовур галалари кечалар кечган сайин Империя эскадраси кемаларидан ҳавога кўтарилиб, сув юзасига ва ё душман жонкалари сиртига назокат билан келиб қўнарди. Қамиш ва қоғоздан ясалган бу мосламалар варракларни эсга солар, уларнинг олранг ёки кумушранг туслари эса бу ўхшашликни яна ҳам оширарди. Бева мана шу ажабтовур метеоритларни қизиқиб томоша қилар ва аждар ҳақидаги, тулкининг доимий ношукрлиги ва адоқсиз ножўя ишларига қарамасдан, доимо унга ҳомийлик қилувчи аждар ҳақидаги узун ва тушуниксиз матал ёдига тушарди. Кўкдаги ой поёнига етаётган эди, қамиш ва қоғоздан ясалган аждарлар эса ҳамон ўша воқеани сезилар-сезилмас ўзгаришлар билан ҳикоя қилишда давом этарди.
Бева қайғуга ботиб, хаёл сурарди. Осмонда ва зангор сувда ой тўлишгач, воқеа поёнига етган туйилди. Тулкининг пешонасига гуноҳларидан кечиш ва ё даҳшатли жазо битилгани қоронғу эди, аммо муқаррар ниҳоя яқинлашиб қолганди. Бева англаб етди. У икков шамширини ҳам дарёга улоқтириб, палубада тиз чўкди ва ўзини император кемасига олиб боришларини буюрди.
Оқшом туша бошлаган, осмон аждарларга лиммо-лим, аммо бу гал уларнинг ранги сариқ эди. Бева кемага кўтарилаётиб, шундай деб пичирлади: “Тулки аждардан паноҳ сўраб келаётир”.
ХОТИМА
Солномачиларнинг хабар қилишларича, тулки авф этилган ва ўзининг узоқ кексалик йилларини афъюн савдосига бағишлади. У энди бева деган номдан воз кечиб, хитойчадан таржимада “Чин Илм Нури”ни англатувчи янги исм қабул қилди.
“Ўша кундан буён (ёзади бир муаррих) барча кемалар осойишта бўлдилар. Беҳисоб дарёлар ва тўрт денгиз ишончли ва хайрли йўлларга айланди.
Деҳқонлар кескир шамширларини пуллаб, буқа сотиб олдилар ва ўз ерларига ишлов берадиган бўлдилар. Улар қурбонлик маросимларини ижро қилиб, тоғ чўққиларида ибодат қилишар ва бўйра ортида қўшиқ куйлаб, кун бўйи ўйин-кулгу билан машғул эдилар”.
Шарифжон Аҳмедов таржимаси