Хорхе Луис Борхес. Everything and nothing

Ўз ҳолича у ҳеч ким эди; (ҳатто ўша даврнинг ножўя суратларидаги бошқа кимсаларга ўхшамас) юзлари ва сон-саноқсиз алмойи-жалмойи сўзлари ортида ҳеч ким кўрмаётган тушгина яширинган эди, холос. Аввал унга бошқалар ҳам шундай бўлиб туйилганди, бироқ мана шу бўшлиқ ҳақида дўстига сўзлаб бермоқчи бўлганида унинг эсанкираб қолгани янглишганига ишонтирди ва бошқалардан асло фарқ қилмаслик зарурлигига амин бўлди. У китоблардан малҳам топишни ўйларди. Бунинг учун – замондоши гувоҳлик беришича – лотин тилини бир озгина, юнонийни эса яна ҳам озроқ ўрганди; кейинроқ инсоний турмушнинг энг оддий удумини бажаргач мақсадга эришаман, қабилидаги тўхтамга келди ва адоқсиз июнь кечаларининг бирида Анна Хэтуэйнинг қучоқларига ўзини бахшида этди.
Йигирма нечадир ёшида у Лондонга келди. Энди у ихтиёрсиз равишда ўзини бошқа бировлар қиёфасига солиш машқини олди; Лондонда – оломон қаршисида турли қиёфалар намойиш этувчи актёрга айланди-қолди. Бу машаққатли меҳнат унга беқиёс, балки ҳаётидаги илк қувончни ҳадя этди; аммо якунловчи сатрлар янграр, саҳнадан сўнгги жасад олиб чиқилар – ва уни воқеъсиз дунёнинг ёқимсиз тафсилотлари яна қайта бағрига оларди. Шунда у Феррекс ёҳуд Темурланг бўлишдан тинар ва яна қайта ҳечкимга айланарди. Зерикарли ҳаёт уни бошқа қахрамонлар ва бошқа мудҳиш воқеаларни ўйлаб топишга ундар эди. Ва мана, унинг вужуди Лондоннинг исловатхона-ю қовоқхоналарида бир жасадга белгиланган амалларни бажарар экан, бу жасадда истиқомат қилаётган руҳи эса авгурлар огоҳларига қулоқ осмаган Цезарь, тўрғайни лаънатлаётган Жульетта, ташландиқ харобазорда ялмоғизлар билан давра қурган Макбет бўлар ва буларнинг барчаси тақдир илоҳалари эди. Шу вақтгача ҳеч бир кимса мисрлик Протей янглиғ воқеликнинг барча кўринишларидан тўкис фойдаланган бу одам каби шу қадар кўп қиёфага соҳиб бўлган эмасди. Баъзан – буни барибир англашмайди деган ишонч билан – у ёки бу асар ҳошияларида аллақандай машъум иқрорлар ёзиб қолдирар, масалан, Ричард ўз пешонасига чексиз қиёфаларни ижро қилиш қисмати битилганини айтади. Яго эса бепарво алфозда ғалати сўзларни гапиради: “мен – мен эмасман.” Ҳаёт, туш ва тасаввурнинг бир-бировига монандлиги кечроқ довруқ қозонган машҳур байтларни ёзишга ундади.
Тушларини бошқариб у йигирма йил вақтини совурди, аммо бир кун эрталаб, шамшир зарбларидан ҳалок бўлувчи мана шу барча қироллар, учрашиб-айрилувчи ва-да баландпарвоз сўзларни айтиб жон таслим этувчи бебахт маъшуқлар сувратида бўлишдан нафрат ва даҳшат туйди. Ўша куниёқ ўзи тетапоя қилган театрни пуллаб юборди, орадан бирор ҳафта ўтгач эса у жонажон шаҳарчасида ҳозир бўлди. Киндик қони билан зийнатланган бу гўшада болалигидан мерос ирмоқ ва дарахтзорни излаб топди.
Аммо не ҳайратки, бу ерда ҳам кимдир бировга менгзаниш лозим эди. У энди фақат қарзларини ундириш ва муттасил даъволашиш билан машғул нафақадаги корчалон қиёфасини танлади. Шу даврда у жўшқинлик ва бадиийликнинг ҳар қандай аломатларига махсусан ўрин қолдирилмаган васиятини ёзиб қолдирди. Лондонда қолган биродарлари аҳён-аҳёнда унинг ёлғизлигини зиёрат қилишар, шунда у яна қайта шоирлик қиёфасига қайтарди.
Тарихнинг қўшимча қилишича, ўлими арафасида ёҳуд кейин у Тангри қаршисида ҳозир бўлган ва Унга мана бу сўзлар билан мурожаат қилган: – Мен, беҳуда шунча кўп одамга менгзанган кимса, фақат бир киши – ўзим бўлишни истайман. – Ва Яратганнинг овози унга бўрон ичра жавоб қилди: – Мен ҳам мен эмасман; сен ўз асарларингни яратганинг каби мен ҳам бу дунёни ўйлаб чиқардим, Шекспирим менинг, ва сен – ўзим кўраётган тушнинг шарпаларидан биридирсан, худди ўзим каби, моҳияти ҳамма ва ҳеч ким бўлган худди ўзим каби.

Шарифжон Аҳмедов таржимаси