Хорхе Луис Борхес. Беғараз қотил Билл Харриган (ҳикоя)

Ҳикояни бошлар эканман, ҳаёлимда дастлаб Аризона ерларининг қиёфаси собит бўлади; Аризона ва Янги Мехико ерларининг кумуш ва олтиндан яралган қимматли пойдевори муқим мана шу ерларнинг, мубҳам ва ҳайратгир ерларнинг, дағал тепаликлар ва латиф ранглар юртининг, қушлар топ-тоза қилган суякларнинг жилваси лиммо-лим ерларнинг қиёфаси собит бўлади. Бу ерларда иккинчи галда Билли қотилнинг — от билан чирмашиб кетган чавандознинг, саҳрони ларзага солувчи, худди афсун каби олисдан жон олувчи кўринмас ўқлар юборар баджаҳл тўппончали йигитнинг қиёфаси намоён бўлади.
Маъдан билан тўйинган, қовжироқ ва биллур саҳро. Йигирма бир ёшида жон таслим қилган ҳамда жувонмарг этилган йигирма бир жондан–“мексикаликларни ҳисобга олмаганда”–инсоний адолат ҳисобига кўра қарзини узмай кетган қарийб болакай.

ИЛК ДАҲА

1859 йилда Нью-Йоркнинг ер ости харобаларида бир одам, шавкат ва қўрқув кейинчалик унга Билли Қотил тахаллусини инъом этган бир одам дунёга келди. Айтишларича, унга ирланд аёлининг ҳорғин вужуди ҳаёт ато этган, аммо у занжилар орасида улғайди. Бу қўланса ва қора танли маконда у ўзининг сепкиллари ва пахмоқ малла сочларидан ғурур топарди. У оқ танли бўлиб дунёга келганидан гердаяр, қасоскор, баджаҳл ва разил эди. Ўн икки ёшидан “Ботқоқ Фаришталари”–ахлатхоналар аро қароқчилик қилувчи само мавжудотлари тўдасида иштирок қила бошлади.
Қиздирилган туман ҳиди анқиган оқшомлар улар мана шу қўланса ер ости лабиринтидан пайдо бўлишар, биринчи дуч келган немис денгизчиси изидан тушиб, гарданига уриб йиқитишарди, уни шип-шийдон қилиб бўлгач эса навбатдаги жойга йўл олишарди. Уларга Гэз Хаузер Жонс исмли, отларга кирна кирита олувчи сочлари оппоқ занжи бошчилик қиларди.
Баъзан оқава ариқ ёнидаги кулба чордоғидан бирор жувон йўловчи устига челак тўла кулни сочиб юборарди. Йўловчи бояқиш нафаси бўғилиб, қўлларини силтаётган маҳал Ботқоқ Фаришталари унга ташланиб қолишар ва ертўлага олиб кириб, чўнтакларини шип-шийдон қилишарди.
Билли Харриганнинг, бўлғуси Билли Қотилнинг таҳсил йиллари шу тарзда кечди. У театр томошаларини, айниқса, афтидан ўз қисматининг ишорат ва тимсолини томоша қилаётганини билмасдан, ковбой савргузаштларини хуш кўрарди.

ҒАРБ САРИ ОЛҒА!

Боверининг талотўп театрларидаги мелодрамалар ўқ овозлари ва ковбойлар билан лиммо-лим эди, буни тушуниш қийин эмасди: у маҳаллар Американи Ғарб ўзига бетиним чорлар, кунботар ўлкасида Невада ва Калифорния олтини яширинган эди. Кунботар ўлкасида танасига ҳали болта урилмаган секвойя, бизоннинг бибилий улкан башараси, Брайхэм Янгнинг баланд чўққили шляпаси ва кўламдор ётоғи муқаррар эди; қизил танлиларнинг маросимлари ва нафрати, саҳронинг мусаффо осмони, бепоён прериялар ва серҳосил ерларнинг ёнма-ёнлиги денгизнинг яқинлиги сингари қалбларни ҳаяжонга соларди.
Олис Ғарб ўзига чорларди. Адоқсиз қадам товушлари, Ғарбни ишғол этаётган минглаб америкаликларнинг қадам товушлари ўша йилларни ўз забтига олганди. 1872 йилда қамоқхонадан қочгач, ҳар гал сувдан қуруқ чиқувчи Билл Харриган мана шу издиҳомга келиб қўшилди.

МЕКСИКАЛИКНИНГ ЎЛДИРИЛИШИ

Тарих энди бизни (баъзи кинорежиссёрларга қўл келувчи бу тарих воқеалар тартибига амал қилмайди) бепоён денгиз сингари қудратли саҳро қўйнида адашиб ётган оддий тавернага олиб ўтади.
Воқеа кечган маҳал–1873 йилнинг ёмғирли туни; воқеа кечган жой–Льяно-Эстакадо (Нью-Мехико). Қора булутларга лиммо-лим осмон. Прерия– сигирнинг бош чаноғи, зимистон ичра увлаётган чиябўри кўзлари, хушбичим отлар, таверна эшигидан сизиб турган бир тутам шуъла. Ичкарида пештахтага суяниб олган ҳорғин барзанги йигитлар кўнгилга ғулув солувчи ичимлик ичишмоқда ҳамда бургут ва илон сурати нақш этилган кумуш тангаларнинг жаранги. Аллақандай маст одам ғамгин-маъюс қўшиқ ҳиргойи қиляпти. Баъзи бировлар “эс” товушига мўл тилда, афтидан испан тилида сўзлашаётир, аммо бу кимсалар ширакайф.
Харобаларнинг малла каламуши Билл Харриган пештахта ёнидагилар орасида. Иккита қадаҳни бўшатиб улгурган бўлса-да, чамаси, бир сентавоси ҳам қолмаганидан шекилли, яна ичишни тусаб турибди. У айни шу кенгликлар одамларидан ҳайратда. Унинг назарида бу одамлар ажойиб, баджаҳл, омадли, ёввойи отлар ва асов тойларни жиловлай билувчи абжир бўлиб кўринади. Бирдан ўртага сукунат чўкади, бу жимликни фақат ҳиргойи қилаётган мастгина пайқамайди.
Ичкарига барча барзанги йигитлардан-да барзангироқ – юзлари кекса ҳинду аёлнинг юзларига эш мексикалик кириб келади. Унинг бошига улкан сомбреро қўндирилган, ёнларида эса тўппончалар. Испан сўзлари билан булғанган инглиз тилида тавернадаги ҳамма гринголарга, итваччаларга хайрли тун тилайди. Чорловга ҳеч ким жавоб қилмайди. Билл унинг кимлиги билан қизиққач, бу мексикалик Дэго, яъни Диего ёки Чиауалик Белисарио Вильягран эканини қўрқа-писа пичирлаб маълум қилишади. Шу заҳоти ўқ овози янграйди. Билл бақувват елкалар оша сурбет меҳмонга ўқ қадайди. Вильяграннинг қўлидан қадаҳ сирғалиб тушади, кейин жасад гурсиллаб қулайди. Иккинчи ўққа ҳожат йўқ. Билл марҳум олифтага қараб ҳам қўймасдан суҳбатни давом эттиради. “Наҳотки- дейди у: – Мен эсам Нью-Йорклик Билл Харриган бўламан”. Ҳеч ким билан иши йўқ маст ҳиргойисида давом қилади.
Бу воқеадан кейинги ғала-ғовурни тасаввур қилиш қийин эмас. Биллнинг қўлларини сиқиб, олқишларга кўмиб юборадилар, виски билан сийлаб “ура” дея ўкирадилар. Кимдир Биллнинг тўппончасида белги йўқлиги ва Вильягран ҳалокати шарафига биринчисини нақшлаш лозимлигини айтади. Марҳумнинг пичоғини эсдалик учун олиб қолаётиб, Билли Қотил шундай дейди: “Мексикаликлар пичоқ осиб юришга лойиқ эмаслар”. Воқеа бу билан ҳам адо бўлмайди. Чарчаган Билл тўшагини марҳум ёнига ёзади ва ҳамманинг кўз ўнгида тонгга қадар пинакка кетади.

ҚОТИЛЛИК ҲАҚҚИ ҚОТИЛЛИК

Мана шу мерганлик билан отилган ўқ туфайли (ўн тўрт ёшида) Қаҳрамон Билли Қотил дунёга келди, Қочоқ Билл Харриган эса гўрга кирди. Ҳилватларда қароқчилик қилган аблаҳ чегара ҳудудларда бебошлик қилувчи ковбойга айланди. У Орегон ва Калифорниядаги урфга кўра, ўзини ортга ташлаб эмас, балки Вайоминг ва Техасдаги каби эгарда тик ўтиришни ўрганди.
Фусункор бу ковбойда Нью-Йорк ўғрисининг аллақайси белгиси барибир сақланиб қолганди; у занжилар билан дўст бўлмагани каби мексикаликлардан ҳам нафратланар, аммо сўнгги сўзлари (палид сўзлар) испан тилида бўлди. Изқуварлардан дайдилар сабоғини олди. У бошқа бир санъатни, мушкулроқ бошқа бир санъатни– ҳукмронлик қилиш санъатини ҳам ўзлаштириб олди. Буларнинг ҳар иккиси омадли от ўғриси бўлиб етишига кўмак берди. Гоҳо замон унинг кўнгли гитара садоси ва Мехико исловатхоналарини тусаб қоларди.
Уйқуни доғда қолдириб, у қаторасига тўрт кунлаб чапанилар даврасида айш-ишрат сурар, буларнинг барчаси баъдига ургач эса қарзларини ўк билан тўларди. Бармоғи тепки устида экан, у ўша чекка ўлкадаги энг даҳшатли ва балки энг ожиз ва ёлғиз ковбой эди. Кейинроқ Биллнинг бошига етган оғайниси, шериф Гаррет бир гал шундай деди: “Мен буйволларни ўлдириб, мерганликни астойдил машқ қилдим.”—“Мен эсам одамларни ўлдириб яна ҳам астойдил машқ қилдим” дея мулойим сўз қотди Билл.
Тафсилотларни тиклаш мушкул, аммо“мексикаликларни ҳисобга олмаганда” у йигирма бир нафар одамни жувонмарг қилгани барчага маълум. Етти хатарли йил давомида у телбалик деган серҳашам матоҳни қўлдан қўймади.
1880 йилнинг 25 июль кечаси Билли Қотил Саммер фортининг шоҳкўчаси–ва балки якка-ягона кўчаси–бўйлаб от қўйиб борарди. Иссиқдан диққинафас бўлган одамлар чироқларни ёқишмаганди. Пешайвонда тебранма оромкурсида ҳордиқ чиқараётган комиссар Гаррет тўппончасини чиқарди ва Биллининг қорнига ўқ қадади. Саман ҳамон елиб борар, чавандоз эса қулаган жойида типирчилаб ётарди. Гаррет яна бир бор ўқ узди. Билли Қотилнинг яраланганини билган одамлар даричаларини яна ҳам зичроқ ёпиб қўйишди. Ўлим талвасаси узоқ ва самони таҳқирловчи даражада бўлди. Қуёш тиккага келган маҳал унга яқинлашиб, тўппончасини тортиб олишди. Билли ўлиб ётар ва ҳамма ўликлар каби кераксиз матоҳга айланганди.
Унинг соқолини қиртишлаб, янги либос кийдиришди, кейин эса одамларни қўрқитиш ва эрмак учун энг яхши дўконнинг пештахтасига ўрнатиб қўйишди. Билли Қотилни сўнгги бор кўриб қолишни истаган одамлар чор-атрофдаги қишлоқларда от ёки араваларда етиб келишарди. Учинчи куни унга озроқ пардоз беришга тўғри келди. Тўртинчи куни эса шод-ҳуррамлик билан дафн этдилар.

Шарифжон Аҳмедов таржимаси