Виржиния Вулф. Адибанинг кундалиги

1919 йил[1]

Душанба, 20 январь

Мен дафтар харид қилиш имконига эга бўлгач, буларнинг барини кўчириб ёзаман, шунинг учун янги йилга оид икир-чикирларни ташлаб кетаяпман. Бу сафар гап маблағда эмас, икки ҳафта тўшакка михланиб қолганим сабабли Флит-стритга сафар қилолмайман. Ўнг қўлим худди хизматкор қизнинг кун охирида қўли оғригандек зирқираяпти. Қизиғи, ибораларни танлашда ҳам худди шундай ҳафсаласизликни сезяпман, ҳолбуки, ақлий жиҳатдан бир ой аввалгига қараганда анча яхши қуролланган бўлишим керак эди. Суғурилган тишим мени икки ҳафта тўшакка михлаб қўйди, бунинг устига шунчалик чарчадимки, бошимга оғриқ кирди. Оғриқ гоҳ чекинар, гоҳ январдаги туман каби бостириб келарди. Кейинги бир неча ҳафтада менга кунига бир соат ёзишга рухсат берилди. Эрталаблари ёзмаганим учун Л.[2] уйда йўқ пайтида ҳуқуқимдан қисман фойдаланишим мумкин, январь учун ҳам қарзларим бор. Бироқ кундаликдаги қайдлар бадиий наср ҳисобланмайди, зеро, ҳозиргина ўтган йилги кундалигимни ўқиб чиқдим ва сатрларнинг қайроқ тошли йўлдан чайқалиб ва баъзан чидаб бўлмас даражада оғиб йўрғалашидан ҳайратга тушдим. Ҳарқалай, агар мен ёзув машинкасидан тезроқ ёза билмаганимда, тўхтаб, ўйлаб қолганимда, кундаликларим умуман дунёга келмасди; услубимнинг устунлиги оддийликда – тўсатдан бир нечта тасодифий фикрларни ўртага ташлайсан, кейин ўйлаб кўрсанг фикрлар арзимасдек туюлади, ваҳоланки, вақти келиб улар дурдона бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Агар Виржиния Вулф элликка кириб, бу дафтарлар кўмагида хотиралар ёзишга қарор қилса-ю, бирор жумла ҳам тузолмаса, мен унга ҳамдардлик билдириб, камин борлигини эслатаман, унда рухсатим билан хоним бу саҳифаларни кўпдан-кўп қизил кўзли қора кулларга айлантиради. Ҳозир эса унинг истиқболда ёзиладиган асарларига ҳавасим келяпти, улар учун мен хомашё тайёрлаяпман! Яна нима ҳақда орзу қилиш мумкин? Бу фикр мени айрим ҳадиклардан халос қилди. Қисман ёши ўтаётган хонимнинг фойдаси учун (ҳеч қандай раддиялар қабул қилинмайди; эллик ёш – улуғ ёш, ҳолбуки, мен унинг норози бўлишини олдиндан биламан ва ҳали кекса эмаслигига аминман), қисман янги йилга мустаҳкам пойдевор қуриш мақсадида, келаётган тарки дунё қиладиган ҳафтамда менинг дўсту қадрдонлик муносабатларимнинг ҳозирги ҳолати, дўстларимнинг табиати, ишлари ва келажак ҳақидаги башоратлари ҳақида ёзмоқчиман. Ҳақиқатга қанчалик яқинлашганимни эллик ёшли хоним айтади; аммо бугунга етар (бор-йўғи ўн беш дақиқа ўтди).

Пайшанба, 27 март

Л. сўнгги икки кеча-кундузни “Тун ва кун”ни[3] ўқиш билан ўтказди. Тан олишим керак, ниҳоят бугун эрталаб у чиқарган ҳукм мени жуда қувонтирди; асар таърифига нима деб қўшимча қилишни ҳам билмайман. Фикримча, “Т. ва к.” “Саёҳат”га[4] қараганда анча етук, яхлит асар ва бу бежиз эмас. Назаримда, гўё ҳеч вақога арзимас кечинмалар учун ўзлигини қурбон қилган, деган айбловлардан оқланиш учун қўлимдан келганини қилдим. Ишончим комилки, асар қайта нашр этилмайди. Ҳарқалай, инглиз адабиёти асл ҳолатида бетакрорлиги ва самимияти туфайли замонавий адабиётлар билан рақобатга осон дош беради, деб ўйлашга мойилман. Л. бу мушоҳадани жуда рутубатли деб ҳисоблайди. Унинг моҳияти кеча айтганларига жуда мос. Ҳарқалай, доим одамлар билан ишлашга, ўйлаганингни сўзлашга тўғри келса, маъюсликдан қандай қутуласан? Мен умидсизликни тан олмайман; бироқ бу ажабтовур ҳолат; ва агар мавжуд жавоблар мос келмаса, бошқаларини излаш керак, аммо алмаштириш учун ҳатто тасаввурингда ҳам ҳеч вақо бўлмай туриб, эскисидан воз кечиш ачинарли ҳол, албатта. Лекин марҳамат қилиб айтинг-чи, масалан, Арнольд Беннет ёки Теккерей қандай жавоблар таклиф этишади? Ахир ижобий жавоблар – зиддиятларнинг хайрли ечими – ўз қалбингга нисбатан  жилла қурса озгина ҳурматинг бўлса, қабул қилиниши мумкинми? Хуллас, машинкада дилни сиёҳ қилиб, шарақлатиб ёзишни тугатдим, шу саҳифани якунлагач, Жеральдга[5] душанба куни учрашув белгилайман. Чамамда, “Тун ва кун”нинг иккинчи ярмини ёзиб тугатгунимга қадар ҳали ҳеч қачон ишимдан бунчалик қувонмагандим. Бу асар мени бирон марта ҳам “Саёҳат” билан бўлгани каби толиқтирмаган ва агар муаллифнинг хотиржамлиги ҳамда манфаатдорлиги яхши аломат бўлса, у ҳолда менда ҳеч бўлмаганда бир нечта одамга завқ бериш имконияти мавжуд. Қизиқ, қачонлардир китобни қайта ўқиб чиқа олармиканман? Наҳотки мен ёзганларимни қизармай ва қаергадир бекиниб олишни истамай ўқийдиган замонлар келса?

Шанба, 12 апрель

Кеча менинг кун тартибим талаб қилса-да, тезроқ китобни ёпиб Лондонга жўнагим келгани учун тугатолмаганим “Молль Флендерс”дан[6] яна ўн дақиқа ўғирлайман. Бироқ Лондонга, айниқса, шаҳарнинг оқ черков ва қасрларига Хангерфорд кўпригидан туриб Дефо назари билан қарадим. Унинг кўзлари билан гугурт сотаётган кампирларга назар солдим ва Сент-Жеймс хиёбонининг ивирсиган йўлакларидан югуришаётган қизлар “Роксана”[7] ва “Молль Флендерс” саҳифаларидан чиқиб келишаётганга ўхшарди. Ҳа, Дефо чиндан буюк ижодкор, орадан икки юз йил ўтиб ҳам менга шундай кучли таъсир кўрсатди. Буюк ёзувчи-ю, аммо  Форстер[8]  унинг бирорта асарини ўқимаган! Кутубхона олдида Форстерга дуч келдим. Биз дўстона қўл сиқишдик; камина ҳамиша унинг ич-ичидан мендан ҳайиқишини ҳис қиламан, чунки мен ақлли, замонавий аёлман. Буни яна ҳис этарканман, унга Дефони ўқишни тавсия қилдим, хайрлашиб уйга қайтаётганимда “Бикерс”дан Дефонинг яна бир жилдини сотиб олдим.Сешанба, 21 октябрь

Бугун Трафальгар жанги[9] куни, кечаги кун эса “Тун ва кун” нашрдан чиққан сана сифатида хотирамда сақланади. Эрталаб мен ўзимга тегишли олти нусхани олдим ва дарров бештасини тарқатдим, ўйлашимча, улар аллақачон дўстларимнинг қўлида бўлса керак. Наҳотки асабийлашаётган бўлсам? Бироз, асабийлашишдан кўра кўпроқ ҳаяжонланяпман. Биринчидан, китоб тайёр, у ёзиб битирилди, чоп этилди; иккинчидан, бироз ўқиб кўрдим ва у менга маъқул келди; учинчидан, ишончим комилки, мен учун фикрлари қадрли инсонларга ҳам у ёқади ва бу ишончимни, агар уларга китобим ёқмаса ҳам, ўзимга келишим билан бошқа бирор нима ёзаман, деган таскин билан мустаҳкамлайман. Албатта, агар мени Морган, Литтон[10] ва бошқалар қўллаб-қувватлашса, ўзим ҳақимда яхшироқ тўхтамга келаман. Сийқа гапларни гапирадиган одамлар билан учрашиш зерикарли. Аммо мен нимага интилаётганимни биламан ва бу сафар ўз имкониятимдан ниҳоятда унумли фойдаланганимни ҳис қилаяпман; демак, донишмандлардек тин олиб, омадсизликни Яратгандан кўриш ҳуқуқига эгаман.

Жума, 5 декабрь

Яна бир неча кунни ўтказиб юбордим, аммо кундалик вақт ўтиши билан аста-секин жонланмоқда. Таъкидлашим керакки, қайтганимдан сўнг бирор марта ҳам юнонча китобни қўлга олмадим; умуман, тақриз беришим керак бўлган китоблардан бошқа деярли ҳеч нима ўқимадим ва бу вақтим ўзимга тегишли эмаслигининг исботидир. Танқидчилик мени қанчалик домига тортиб бораётганини англаганимда, қўрқиб кетаёздим. Ҳаддан ташқари зўриққанимданми ёки бошқа сабаб туфайлими оқ қоғозни рад этаётган миям адашган болага ўхшаб қолди – гоҳ уйда санқийман, гоҳ йиғлаш учун баланд зинапояга чиқиб ўтираман. “Тун ва кун” мени ҳамон қўйиб юбормади, жуда кўп вақтим зое кетмоқда. Жорж Элиот тақризларни сира ўқимаган, чунки асари ҳақидаги тортишувлар ишлашига халал берган. Мен уни тушуна бошладим. Гап мақтов ёки танқидни юракка яқин олиш ҳақида эмас, бироқ улар мени бугунги кундан ажратиб қўяди, орқага қараб ниманидир тушунтиришга ёки, аксинча, тушунишга мажбур қилади. Ўтган ҳафта “Вэйфэрер” журналида ўзим ҳақимда заҳарханда фикрларга кўзим тушди; бу ҳафта Олайв Хезелтайн[11] кўнглимга малҳам бўлгудек нарса эълон қилди. Аммо мен К.М.[12] таъкидлаганидек, иккинчи Жейн Остин бўлгандан кўра, ўз йўлимдан боришни афзал кўраман.

 

1920 йил

Душанба, 26 январь

Мен ўттиз саккиз ёшдаман; нима ҳам дердим, ҳеч шубҳа йўқки, йигирма саккиз ёшдалигимдан кўра бахтлироқман; бугун эса кечагидан-да бахтлиман, чунки миямга янги роман учун янги шакл ғояси келди. Тасаввур қиламан: бири иккинчиси орқали очилади – худди ёзилмаган романдаги каби, аммо ўн саҳифада эмас, балки икки юз ёки шунга яқин ҳажмда – ахир эркин ва енгил ёзилмайдими, мен айнан шунга интилмоқдаман-ку; шакл ва маром бирдек сақланишида, барча-барчаси сингдирилишида аниқлик пайдо бўлмайдими? Фақат инсон қалбини бой бериб қўймасмиканман, деб иккиланаман, диалогнинг жиловини маҳкам тутиб туриш даражасида етарли малакага эгаманми? Тушунаман, бу сафар барчаси бошқача кечади; ҳеч қандай ёғочу ғиштсиз; муттасил нимқоронғилик, лекин қалб, эҳтирос, тафаккур тумандаги гулхандек ярқирайди. Фақат шу тарзда барчасига: қувончга, тартибсизликка, енгилтакларча сакраб ўтишларимга жой топиш мумкин. Образларни рисоладагидек бошқара оламанми – мана шунга шубҳам бор; лекин “Девордаги белги”, “Ш.б.”, “Ёзилмаган роман”[13] қўл ушлашганча биргаликда рақс тушишаётганини тасаввур қиляпман. “Биргаликда” нимани англатишини ҳали билмайман; ҳозирча мавзу танлаганим йўқ; бироқ икки ҳафта бурун ўзим тасодифан топган шакл менга улкан имкониятлар эшигини очганини сезяпман. Ўйлашимча, хавф лаънати худбинона “мен”да; фикримча, Жойс ва Ричардсоннинг ижодига рахна солаётган сабаб шу – муаллиф керагича мослашувчан ва серқирра бўлмоғи лозим, шунда ўзининг “мен”идан асар деворларини бунёд этади, аммо ўзи деворга айланмайди, акс ҳолда Жойс ва Ричардсонда бўлгани каби девор муаллифга халақит бериб чеклаб қўяди. Мен ўз ишимни яхши билганим учун бу тузоқларга илинмайман, деб умид қиламан. Нима бўлганда ҳам тусмоллаб ҳаракат қиламан, тажрибалар ўтказаман, аммо бугун кўзим очилгани рост. Ёзилмаган роман ғоясини енгил ривожлантираётганимга қараганда, танлаганим тўғри йўл. 

Шанба, 10 апрель

Келаси ҳафта, омадим чопса, “Жейкобнинг хонаси”[14] номли асаримни бошламоқчиман. (Бу ҳақда илк бор ёзаяпман). Баҳорни тасвирламоқчиман; эътибор берсам бу йил дарахтлар баргига ҳеч ким аҳамият бермаяпти, ахир баргларнинг ҳаммасиям учиб кетгани йўқ – ҳеч қачон заранг дарахти танаси темирдек қораймасди – улар ҳамиша мулойим, ёрқин рангда бўларди; бу тусни умримда биринчи марта кўришим. Аслида биз қишни ўтказиб юбордик; худди мавсум тунда кечгандек; энди эса офтобли кунлар қайтди. Мана мен ҳам деразам олдидаги зарангда майда соябончалар пайдо бўлганини сезмай қолай дебман; қабристонда майсалар эски тош лавҳалар узра худди кўм-кўк сувдек ўрмалайди.

Сешанба, 11 май

Келгусидаги мисоллар учун шуни қайд этиш керакки, янги китобни ўйлаганингда, ижодий қувват булоқ каби ёқимли қайнаб туради, маълум вақт ўтгач эса, у тиниб одатий иш бошланади. Шубҳа пайдо бўлади. Кейин кўника бошлайсан. Таслим бўлмаслик қарори ва янги шаклни олдиндан ҳис қилиш ҳар нарсадан маҳкамроқ тутиб туради. Мен бироз ташвишдаман. Назарияни эплай олармиканман? Ишга киришаётганингда, ўзингни қаршингда ястаниб ётган ўлкада илгари ҳам бўлган саёҳатчидек ҳис қиласан. Бу кундаликда менга завқ беролмаган нарсалар ҳақида ёзишни истамайман. Аммо ёзиш ҳамиша қийин.

Чоршанба, 23 июнь

Бу сафар тўғрисини тан олишим учун ўзимни енгиб ўтишга мажбурман: Конраднинг охирги китоби менда яхши таассурот қолдирмади. Ўзинг бениҳоя ҳурмат қилган адибдан камчилик ахтариш (бироз) изтиробли. Бироқ яхши насрий асарни ёмонидан фарқлай оладиган бирон кимса учрамаяпти, бу ҳақда ўйламасдан туролмайман, боз устига Конрад инглиз тилини яхши билмайди, асли хорижлик, бу ҳам етмагандек аёлнинг нодонига уйланган; у бир вақтлар тузуккина уддалаган ишига ёпишиб олмоқда ва гўё беўхшов мелодрама яратмоқчидай сўзларни устма-уст қалаштириб ташламоқда.

“Қутулиш”нинг[15] тагига имзоимни қўйишни истамаган бўлардим. Аммо бирон кимса фикримга қўшилармикан? Барибир китоб ҳақидаги фикрим қатъий. Бўлмағур асар. Агар бу бирон ёш адибнинг – ёки дўстимнинг – асари бўлганида ҳам ён босмасдим. Ахир яқинда Марри[16]нинг пьесаларини рад этиб, К. насрини мақтаган ва Олдос Хаксли[17] ҳақида якуний мақола ёзган мен эмасмидим; ахир Рожер[18] абадий қадриятларни баланд овозда қоралаганида, менинг касбий “шахсиятим”ни яраламаганмиди?

Пайшанба, 5 август

Тушликдан сўнг “Дон Кихот”ни ўқиб ўтириб, нима ҳақида ўйлаганимни баён этишга уриниб кўраман, у замонлар насрий асарлар ўчоқ атрофига йиғилишдан бошқа эрмаги бўлмаган кишиларни овутиш учун ёзилган. Мана, аёллар урчуқ йигириб, эркаклар хаёл суриб ўтиришибди ва шу пайт уларга худди катта ёшли болаларга айтилаётгандек, хушкайфият улашувчи мароқли эртак сўзлаб берилади. Менимча, “Дон Кихот” учун туртки ҳам шу бўлган: ҳар қандай усул билан бўлса-да овунтириш, завқлантириш. Камтарона фикримча, гўзаллик ва тафаккур кишини ғафлатда қолдиради. Хизматкорлар китобнинг мазмунини анг­лаб етишлари даргумон, улар “Дон Кихот”да биз кўрган нарсаларни пайқашмайди. Аслида, ғаму ҳасрат, сатира ўзимизга тегишлими ёки бизга четдан таклиф этилганми ёки булар буюк образлар қатига сингдирилиб, қайси авлод вакиллари назар солишига қараб ўзгариб турадими – жавоб топишга қийналаман. Тан олишим керакки, асарнинг катта қисми зерикарли – кичикроқ қисми, биринчи жилднинг сўнгидаги кичик парча бизга завқ бериш учун ёзилган. Шунчалик кам гап ошкор этилиб, шунчалик кўп фикр беркитилганки, худди муаллиф бу мавзуни давом эттиришни истамагандек – мен эшкакчи қуллар кетишаётган саҳнани назарда тутаяпман. С.[19] мен энди тушунган гўзаллик ва ҳасратни билганмикан? Икки марта “ҳасрат” ҳақида гапирдим.

Наҳотки давримиз учун шу муҳим бўлса? Ва ҳарқалай буюк асар шамоли ҳилпиратган елканлар остида олға интилиш мароқли – биринчи қисмда шундай. Фернандо–Кардино–Люсинда[20] сюжети аслида ўша даврда русум бўлган қасрдаги ҳаёт лавҳаларига оид эпизод, бироқ мен ундан зерикиб кетаман. Ёрқин, кучли, қизиқарли ва ҳарқалай бекаму кўст, соф ва зерикарли. Сервантесда ҳамма нарса зоҳир; истасангиз суюқроқ кўринишда; айниқса худди ҳаётдагидек қора ва кулранг соя ташловчи тирик инсонлар кучли таассурот қолдиради. Мисрликлар эса, аксарият француз ёзувчиларига ўхшаб, бунинг ўрнига жиндеккина қиём беришади, бу қайтага тозароқ ва қуюқроқ, аммо ичида ҳаво йўқ, биқиқ. Ё Худо! Нималарни ёзаяпман! Мудом шу образлар. Ҳар саҳар “Жейкоб” устида ишлайман ва ҳар тонг навбатдаги тўсиқни енгиб ўтиш кераклигини ҳис этаман, уни ортда қолдириб, йўлимни тозалаб, тўсиқни нарига улоқтиргунимга қадар, юрагим товонимга тушгудек бўлади.

 

1921 йил

Сешанба, 1 март

Мен китоб ўта фикрталаб чиқаётганидан норозиман. Мабодо услубий таҳрирларим материалга мос келмаса-чи? Ёки услубим ўзгармасми? Назаримда, у доим ўзгариб туради. Аммо буни ҳеч ким сезмайди. Ҳозирча ҳатто ўзим ҳам тайинли гап айтишим даргумон. Аслида, менда ички меъёр туйғуси бор ва у вақтимни қандай сарф қилишимни белгилайди. У буюради: “Бу ярим соат рус тилига бағишланади”, “Бу вақтни Вордсворт­га бағишла”. Ёки: “Малла пайпоқларни ямаш вақти келди”. Менда бу меъёрий код қандай шакллангани ҳақида тасаввур йўқ. Эҳтимол, у тартиб-интизомли аждодларимдан меросдир. Завқланиш тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Ҳатто кундалик ёзиш ҳам бош қотиришни талаб қилади – тўғри, бу рус тиличалик мияни зўриқтирмайди; рус тилига сарфланадиган вақтимнинг ярмини мен оловга тикилганча эртага нима ҳақда ёзишимни ўйлаб ўтказаман. Мисол учун боғда юрган миссис Флендерс[21] ҳақида ўйлайман. Агар Родмеллда бўлганимда қирғоқ бўйлаб сайр қилиб барини мияда пишириб олардим ва илҳомим жўшиб турган бўларди. Нима бўлгандаям, ҳозиргина Ральф, Каррингтон ва Бретт[22] кетишди; мен бироз бўшашдим; биз тушлик қилиб шаҳар бошқармасига борамиз. Боғдаги миссис Флендерс ҳақида ўйламоқчи эмасман.

Якшанба, 9 апрель

Кейинги сафар хато қилмаслик учун касаллик аломатларини қайд этиш жоиз. Биринчи кун ўзингни бахтсиз ҳис қиласан, эртасига – бахтлидексан. “Нью стейтсмен”[23]да Илтифотли Қирғий[24]га рўбара келдим; у ҳарқалай аҳамиятли шахс эканимни ҳис этиш имконини берди (менга ўзи айнан шу керак ўзи) ва “Симпкин-Маршалл”[25]дагилар каминага яна эллик нусха буюртма учун телефон қилишди. Демак, китоб тарқалмоқда. Энди ўзимга ёқмаган танқид ва дўстларимнинг пичингларига дош беришим керак. Эртага бизникига Рожер келади. Барчаси шунчалик зерикарлики! Бунинг устига мен бошқа ҳикояларим қолиб, сентиментал руҳда ёзилган “Арвоҳли уй”[26] чоп этилганидан афсусдаман.

Пайшанба, 18 август

Ёзадиган нарса йўқ, фақат чидаб бўлмас безовталик ҳақида ёзиш мумкин. Мана мен, ўз қоясига занжирбанд, меҳнатдан мосуво, ҳадик, ғазаб, қақшаган асаб ва миямга ўрнашиб олган фикрлардан азобланишга маҳкум аёл. Бугун сайр қилолмайман, ишлаш ҳам мумкин эмас. Қайси асарга киришмай, ёзгим келаётган бир мақоланинг парчасидек у миямда чарх ураверади. Бутун Сассексда мендан бахтсизроқ одам йўқ; ёки мендек чексиз завқланиш имкониятини ҳис этиб, бу имкониятни юзага чиқаролмаган одам топилмаса керак. Офтоб сарғиш экинзорларга ва узун пастқам омборларга қуйилмоқда (аниқроғи, тўкилмоқда); қани энди чангга ботиб терлаган аҳволда ўрмонлар оралаб юрсаму, мушак­ларим чарчоқдан қақшаса, фикрларим эса хушбўй лаванда ҳидидан шифо топиб, эртанги иш учун тиниқлашиб, теранлашса. Шунда барини эътиборга олиб, қўлқопдай ёпишган жумлаларни ўйлаб топардим; кейин эса тупроқ йўлда тепкига зўр берардиму, баёним ўз-ўзидан давом этаверарди; сўнгра қуёш ботгач уйга қайтардим-да, тушликдан сўнг ё мутолаага, ё шеъриятга бироз шўнғирдим, вужудим гўё борлиққа сингиб, ундан қизил ва оқ гуллар униб чиқарди. Ана! Асабим деярли қақшамаяпти. Бечора Л. ўзининг ўт ўрар машинаси билан гоҳ яқинлашиб, гоҳ узоқлашаётгани эшитилмоқда; менга ўхшаган хотинни аслида қамоққа тиқиш керак. Қопмаслигим учун! Ахир у кеча кун бўйи мени деб Лондон бўйлаб ҳаллослаб югурди. Лекин агар сен Прометей бўлсангу, қоя мустаҳкам, сўналар қонхўр бўлса, на миннатдорчилик, на муҳаббат ва на бошқа олийжаноб ҳисларга ўрин қолмайди. Август бесамар ўтмоқда.

Фақат мендан-да кўпроқ азобланаётган кишилар тўғрисидаги ўй тинчлантиради ва бу, билишимча, худбинликнинг кучайганидан далолат. Ҳозир, агар имкон топсам, рутубатли яқин кунлар режасини тузиш билан шуғулланаман.

Душанба, 12 сентябрь

“Кабутар қанотлари”ни[27] ўқиб чиқиб мулоҳазаларимни ёзаяпман. Унинг сўз ўйинлари якунда шунчалик мукаммаллик касб этадики, ижодкорни йўқотиб қўйиб, унинг ўрнида воқеани баён этаётган оддий одамни кўрасан. Ва яна ўйлашимча, у таназзул ҳиссини туймай қўйган. Ҳаддан зиёд соддалашган. Худди унинг ўзи манавини қандай эпласам экан, деяётгандек туюлади баъзан. Ҳамма таназзулга юз бурганда асл ижодкор ундан чекинади. Сира фаоллашма ва бу қайтага кучлироқ таассурот қолдиради. Охир-оқибат, барча ҳийла-найранг ва шойи дастрўмоллар билан кўрсатилган томошадан сўнг бунинг ортида ким турганини пайқамай қоласан. Шу тарзда, моҳирона сўз ўйинларидан кейин, Милли[28] ғойиб бўлади. Генри Жеймс ҳарқалай ошириб юборади. Ҳеч ким бу китобни иккинчи марта ўқий олмайди. Диққатнинг бир маромда ушлаб турилиши кишини қойил қолдиради. Ҳеч қандай ортиқча ёки бўш жумла йўқ, аммо кўп нарса журъатсизлик ёхуд виждон ёки бошқа бирор сабаб туфайли йўққа чиқарилади. Тан олиш керак, яхши тарбияни намоён этиш ва шу тарбияга бироз юзаки муносабатда бўлишга америкача интилиш сезилади.

 

1922 йил

Жума, 17 февраль

Ҳозиргина фенацетин қабул қилдим – яъни “Душанбами, сешанба эди”[29] ҳақида бир нашрда чиққан кўнгилни бироз хира қилувчи тақриз мазмунини Леонард сўзлаб берди. Август сонида ижобий тақриз кутиб турганимда бу айниқса аламли бўлди. Ҳеч кимга маъқул келмаганга ўхшайди. Лекин барибир хурсандман, танқидга нисбатан фалсафий қарашни ўргандим. Бу эркинликни ҳис қилиш имконини беради. Нимани хоҳласам шуни ёзаман, бас. Бундан ташқари, Худо ҳаққи, мен мушоҳадали бўлишга қодирман.

Чоршанба, 26 июль

Якшанба куни Л. “Жейкобнинг хонаси”ни варақлади. Унинг фикрича, бу энг сара асарим экан. Унинг илк сўзлари – “асар фавқулодда яхши ёзилган”. У шу асар туфайли баҳслашиб кетди. Уни бетакрор асар деб атади; китобнинг бошқа ҳеч бир асарга ўхшамаслигини таъкидлади; айтишича, унда одамлар худди шарпалардек экан; яна айтдики, бу асар ажабтовур; унинг фикрича, менда дунёқараш йўқ экан; қаҳрамонларим қўғирчоққа ўхшаркан, уларни қисмат у ёқдан-бу ёққа судраркан. У қисмат кишилар устидан ҳукм юритишига ишонмайди. Ўйлашича, кейинги сафар мен ўз “усулим”ни бир-икки персонажимда қўллашим керак экан; китоб унинг назарида қизиқарли ва ажойиб, бенуқсон (балки базм саҳнаси истиснодир) ва ҳаммага тушунарли. Хасталик шууримни шунчалик лойқалатдики, айтганларининг барини ёзиб ололмадим; мен ҳаяжон ва ҳиссиётлар оғушидаман. Умуман айтганда, мамнунман. Бироқ бизга китобхонлар фикри номаълум. Шубҳам йўқ, мен (қирқ ёшимда) ўзига хос ифода йўлини топдим; мен учун бу жуда қизиқ, мақтовларни кутмасдан шу йўлда давом эта олишимни ҳис этаяпман.

Чоршанба, 16 август

“Улисс”ни ўқиб чиқиб таассуротимни ёзиб қўйишим керак. Икки юз саҳифадан ошдим – бу ҳали учдан бири ҳам эмас; дастлабки бир-икки бобини – қабристон саҳнасига қадар – ўқиганда ҳайратландим, таъсирланиб, лол қолдим, кейин эса ажабланиб, толиқдим, ғашим келиб ўсмирларча охири йўқ соч тарашдан ҳафсалам пир бўлди. Том[30], буюк Том ҳам бу романни “Уруш ва тинчлик”ка тенглаштиради! Назаримда, саводсизларча ёзилган қўпол китоб; ёзишни ўз билганича ўрганган ночор кишининг асари, биз эса бунақаларнинг қанчалик ғамгин, худбин, безбет, қўпол ва ўтакетган бетамиз эканини биламиз. Агар гўштни пишириш имкони бўлса, уни хомлигича еб нима қиласиз? Яна ўйлашимча, Том каби камқонлик билан оғрисанг, қоннинг тусида гўзалликни кўрасан. Бу маънода соғлом инсон бўлганим учун кўп ўтмай яна мумтоз адабиётни тусаб қолдим. Буни эса кейинроқ ўқирман. Менинг танқидимда муроса аломати бўлмаслиги керак. Икки юзинчи саҳифани белгилаш учун бетларнинг орасига қоғозча қўйдим.

Ўзимга келсак, мудом фикрларимни ковлаштириб, “Миссис Дэллоуэй”[31] учун бирор нима топишга уринаман. Баъзи нарсалар менга ёқмаяпти. Жуда тез ёзаяпман. Қисқартириш керак. Чосерни ҳам бирёқлик қилиш керак ва сентябрнинг бошида биринчи бобни якунлашим зарур. Ўша пайтга келиб, эҳтимол, яна юнон тили билан шуғулланарман, демак, истиқболдаги режаларим тайин, “Жейкоб”ни Америкада рад этиб, Англияда эътироф этишмаса ҳам, мен файласуфларча бефарқлик билан ўз еримни шудгор қилавераман. Улар бутун мамлакат бўйлаб ҳосил йиғишади, бу эса ижодимга фойда бериб гўё уни оқлаётгандек бўлади. Лекин менга оқлашнинг кераги йўқ, зеро, мен “Lit. Sup.”[32] учун ёзмайман.

Чоршанба, 6 сентябрь

Китобимнинг[33] тошбосма қораламасини кунора босмахонадан келтиришади, агар буларга берилиб кетганимда ўзимни осонгина тушкунликка дучор қилардим. Ҳозир бу енгил ва силлиқ асардек ўқилади; сўзлар қоғозга тегар-тегмас бўлиб турибди; ва менга чинакам ҳаётга алоқаси йўқ нафис тасаввурларингни ёзгансан, дейишса ажаб эмас. Наҳотки шундай дейишса? Нима бўлганда ҳам, табиат секин-аста мени яхши бир нарса ёзиш арафасидаман, деган хомхаёлга ишонтирмоқчи бўлаяпти; теран, арзирли, енгил ва тирноқлардек қаттиқ, олмос каби порлоқ бир нима ёзишга чоғланаётгандекман.

“Улисс”ни охиригача ўқиб чиқдим ва ўйлашимча, муаллиф мақсадига эришолмаган. Иқтидор бор, албатта, лекин ҳаминқадар. Сўз ҳаддан зиёд кўп. Ёқимсиз. Даъво катта. Одобсизларча ёзилган, нафақат умумий, балки адабий маънода ҳам шундай. Менимча, юқори савияли насрий асарда услублар қалашиб кетмаслиги керак; нағмаларни меъёридан ошириш хавфли. Кўз олдимга мактабнинг ғўр бир ўқувчиси келди, унинг ғоялари ҳам, қуввати ҳам бор, аммо ўзига ишонмаслиги ва худбинлиги сабаб чегарадан чиқиб, олифта, нозиктаъб, сершовқин, қўпол кимсага айланиб, меҳрибон инсонларни ачинишга, бефарқларни эса, ғижинишга ундайди; ёши улғайгач унинг ўзгаришига ҳамма умид қилади; аммо Жойс аллақачон қирққа кирганини инобатга олсак, умидларнинг ушалишига кўзим етмайди. Мен эътиборсизлик билан бир мартагина ўқидим ва бу етарли эмас, албатта; виждонимга қарши бориб, асарнинг яхши жиҳатларига керагича аҳамият бермадим. Беҳисоб майда ўқларнинг тегиб куйдирганини ҳис қилдим, лекин бу, масалан, Толстойнинг тўғри юзингга  берган қақшатқич зарбасига тенглашолмайди; барибир уни Толстой билан қиёслаш кулгили.

Пайшанба, 7 сентябрь

Шуларни ёзганимдан сўнг, Л. менга “Улисс” ҳақида Американинг “Нейшн” журналида эълон қилинган жуда сермазмун тақризни берди, унда илк марта роман мазмуни таҳлил қилинган эди ва бу иш менинг ёзганларимга нисбатан анча ишонарли тарзда амалга оширилганди. Лекин барибир илк таассуротнинг афзаллиги ва ҳаққонияти бўлакча; шундай экан мен ўз фикримдан воз кечмайман. Баъзи бобларини яна бир марта ўқиб чиқиш лозим. Эҳтимол, замондошлар асл гўзалликни баҳолашга қодир эмасдирлар; бироқ, фикримча, гўзаллик уларни лол қолдириши керак; мен эса лол қолмадим. Аксинча, ғашим келди; айбдор эса Том, унинг мақтовлари мени ўқишга мажбур қилган.

Душанба, 15 октябрь

Ҳозир бутун вужудим билан Рижентс-паркдаги жиннилик саҳнасига[34] киришганман ва уни қўлимдан келганча ҳаққоний тасвирлашга уриниб, ҳар тонг элликтача сўз қоралаяпман. Кейин буни кўчиришимга тўғри келади. Ўйлашимча, режам бошқа асардагига қараганда анча пухта. Аммо уни охирига етказа олмайман, деб қўрқаман. Ғояларим кўп. Ва шу пайтгача ўйлаганларимнинг баридан фойдалана оладигандекман. Шубҳасиз, мен илгаригидан анча эркинроқман. Назаримда, фақат миссис Дэллоуэйнинг феъл-атвори шубҳа уйғотади. Унинг феъли жуда қўрс, ҳаддан зиёд ёрқин ва юзакидек туюлиши мумкин. Аммо уни қўллаб-қувватлаш учун яна сон-саноқсиз бошқа характерларни киритишга қурбим етади. Бугун юзинчи саҳифани ёзиб тугатдим. Табиийки, мен ҳозирча ўз йўлимни тусмоллаб кўрдим, ҳарқалай, ўтган августга қадар шундай бўлди. Ўзим ер ости жараёни деб атайдиган усул – заруриятга қараб ўтмиш ҳақида оз-оз баён қилиш моҳиятини англашим учун бир йил керак бўлди. Ҳозирча бу менинг энг муҳим кашфиётим; ва бунга шунчалик кўп вақт сарфлаганим, назаримда, Перси Лаббокнинг[35] гўё бундай нарсаларни онгли тарзда бажариш мумкин деган фаразининг сохталигини тўла исботлайди. Ўзингни бахтсиз ҳис қила бошлайсан – бу рост, бир оқшом мен ҳатто асардан воз кечишга қарор қилдим, кейин эса гўё яширин булоқ отилиб чиққандек бўлди. Ё Тангрим, ўзинг асра! Ҳали буюк кашфиётимни қайта ўқимаганман, эҳтимол, унда ҳеч бир ўзига хослик йўқдир. Бу муҳим эмас. Тан оламан, шу асаримдан умидим катта. Ва мен уни ёзаман, чин сўзим, ручка қўлимдан тушиб кетгунча ёзаман. Журналистика ва бошқа барча юмушлар ижодимга йўл беришга мажбур.

Рус тилидан Эшқобил Вали таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2016 йил, 1-сон

_______________

[1] Кундаликдан парча. Манба: Вулф В. Дневник писательницы. Серия: Мой XX век. – Москва: “Вагриус”, 2009. – 496 с.

[2] Леонард Вулф – Виржиния Вулфнинг турмуш ўртоғи (Изоҳлар таржимонники).

[3] “Тун ва кун” – В. Вулф романи.

[4] “Саёҳат” – В. Вулф романи.

[5] Жеральд Дакворт (1870–1937) – инглиз ношири, В.Вулфнинг туғишган акаси.

[6] “Машҳур Молль Флендерснинг қувонч ва изтироблари” (1722) – инглиз ёзувчиси Даниел Дефонинг (1660–1731) саргузашт романи.

[7] “Бахтли жория ёки Роксана” (1724) – Даниел Дефо романи.

[8] Эдвард Морган Форстер (1879–1970) – инглиз ёзувчиси ва адабий танқидчиси.

[9] Трафальгар жанги – 1805 йилдаги Трафальгар бурнидаги денгиз жанги назарда тутилмоқда, унда адмирал Г.Нельсон ҳалок бўлган.

[10] Жайлс Литтон Стрэчи (1880–1932) – инглиз ёзувчиси, биографи ва адабий танқидчиси.

[11] Олайв Хезелтайн (1877–1950) – адиба, танқидчи, тахаллуси “Жейн Дэшвуд”.

[12] Кэтрин Мэнсфильд (1888–1923) – инглиз тилида ижод қилган Янги Зеландия адибаси.

[13] “Девордаги белги”, “Шоҳона боғ”, “Ёзилмаган роман” – В.Вулф ҳикоялари.

[14] “Жейкобнинг хонаси” – В.Вулф романи.

[15] “Қутулиш” – Жозеф Конрад романи.

[16] Марри Д. Мидлтон (1889–1957) – инглиз ёзувчиси, драматург, танқидчи.

[17] Олдос Хаксли (1894–1963) – инглиз ёзувчиси.

[18] Рожер Фрай (1866–1934) – инглиз рассоми, бадиий танқидчи.

[19] Мигель де Сервантес (1547–1616) – буюк испан ёзувчиси.

[20] Сервантеснинг “Муғомбир идальго ламанчлик Дон Кихот” романи персонажлари.

[21] Миссис Флендерс – Д.Дефонинг “Машҳур Молль Флендерснинг қувонч ва изтироблари” романи персонажи.

[22] Дора Каррингтон (1893–1932), Дороти Бретт (1883–1977) – инглиз мусаввирлари; Ральф Партриж – Д.Каррингтоннинг турмуш ўртоғи.

[23] “Нью стейтсмен” – инглиз журнали.

[24] Илтифотли Қирғий – адабий танқидчи Десмонд Маккартининг (1877–1952) лақаби.

[25] “Симпкин-Маршалл” – нашриёт ва китоб дўкони.

[26] “Арвоҳли уй” – В.Вулф ҳикояси.

[27] “Кабутар қанотлари” – америкалик адиб Генри Жеймс (1843–1916) романи.

[28] Милли – “Кабутар қанотлари” романи персонажи.

[29] “Душанбами, сешанба эди” – В.Вулфнинг ҳикоялар тўплами.

[30] Томас Стернз Элиот (1885–1965) – инглиз-америка шоири.

[31] “Миссис Дэллоуэй” – В.Вулф романи.

[32] “Times Literary Supplement” қисқартмаси – адабий ҳафталик, “Таймс” газетасининг иловаси.

[33] “Жейкобнинг хонаси” романи назарда тутиляпти.

[34] “Миссис Дэллоуэй” романи ҳақида сўз юритилмоқда.

[35] Перси Лаббок (1879–1965) – инглиз ёзувчиси ва адабиётшуноси.