Вейо Мери. Арафа (ҳикоя)

Фирма директори ўттиз ёшларда эди, ундан катта эмас. У ўзига қараб юрарди: янада кўпроқ ялтираши учун қора сочини лак билан ҳўллаб, чеккаларига узун соқол туширарди. Унинг учун ертўлада ҳужрасифат қилиб тўрт квадрат метрни хира ойна билан тўсиб қўйишганди. Унинг олдидаги ёзув столи ёнида котиба, ўн олти-ўн етти ёшлардаги ўғил болаларча қўпол овозли ёшгина қиз ўтирарди. Четдан унинг овози раста бўлаётгандек туюлиши мумкин, аслида эса, у шунчаки ўғил бола тенгдошларига тақлид қиларди, чунки қизларда бундай бўлмайди. Бу қизнинг кийиниши ҳам ғалати эди: кайфиятига қараб ё сариқ қўнғироқ-юбка ва баланд пошнали туфли, ё узун рўдапо кийим ва шиппак киярди. У узоқ вақт бир жойда ўтиролмасди, нуқул сакраб турар, безовта бўлар, юбкасини кўтариб, ингичка оёқларини кўрсатганча айланарди.
Бу хонанинг ҳар бир квадрат метри ижараси хўжайинга икки юз йигирма маркага тушарди. Анча арзон ва фойдали. Лекин ертўлага машинада ҳеч қанақасига кириб бўлмайди, типратикан ҳам буни тушунади. Шунинг учун ишчилар молни елкаларига ортиб, зинадан биринчи қаватгача кўтариб боришлари, кейин эшикдан кўчага чиқаришлари, бу ҳам осон эмасди, ва ниҳоят машинагача олиб боришлари керак эди. Машина ҳам ўзига хос техника мўъжизаси, автофургон турларидан бири эди. Хўжайин бунақасини қандай ундирган, ақл бовар қилмайди. Унинг мотори ўриндиқ тагида эди, ҳайдовчи кабинаси эса анча олдинга чиқарилганди. Унда ўтирганларда кўчага чиқиб қолгандек таассурот уйғонарди. Кечаси ҳам худди шу сабабдан қўйиладиган жой йўқ эди – ертўлага кириб бўлмайди. Шунинг учун тун бўйи кўчада, ишхона яқинида ётарди, яхшики, бутун сақланишидан хавотир олмаса ҳам бўлади. Бир ойдан бери қирчиллама аёз турган бўлиб, ҳар куни эрталаб ўт олиши қийин кечаётганди. Қор ҳали ёғмади, то арафагача бирон марта ҳам ёғмади. Газеталарда бу йил Рождество қорсиз ўтади деб ёзишарди. Рост, арафа келиб қолди-ю, ҳали қор учқунламадиям.
Машинани Косонен, котибанинг деярли тенгдоши бўлган ёш йигитча ҳайдарди. Майда фирмалар ўсмирларни ишга жон деб олишади: улар рулга ўтиришга шундай интилишадики, ғайрат учунгина ишлашади; уларга арзимаган иш ҳақи тўлашади, фақат маош деган номи бор.
– Байрам муносабати билан бизга мукофот беришармикин, кўрамиз, деди Косонен қўлларини завқ билан ишқалаб. – Ҳамма фирмаларда беришади. Айримларида яна ўн учинчи маошни ҳам тўлашади. Биз-ку, бунга айтарли умид қилмасак ҳам бўлади. Пулларимиз хўжайиннинг сейфида Лефстремнинг енгидек сиқилиб қолган. Бечора эсингдами? Эшикни ҳеч очолмагандик, заводга олиб боришга тўғри келган. Уларни, қадрдонларни юк машинага бирга ортганмиз. Лефстрем сейфда ётган, қулайгина қилиб жўнатганмиз. Аммо бу Рождество эртаги эмас.
Косонен кўпинча гаплашадиган ҳаммол Куяла ундан ўн ёшча каттароқ, салолик эди, дарвоқе, бу суҳбатлар монологга ўхшаб кетарди. Куяланинг Хельсинкида яшаётганига бор-йўғи икки йил бўлганди. Ўтган баҳорда уни ишдан бўшатишди, икки ой ишсиз юрди. Қурилишга олишмади. Квартиранинг эгаси бўлган аёл кундузи ишларди, шунинг учун унинг кун бўйи ё ўқув залида, ё уйда салқинлаб ўтирганини сезмади. Турар жой учун учинчи ойнинг пулини тўлаш вақти келганда, пули тугаб қолди. Унга қандай ёмон аҳволга тушиб қолганини айтиб беришга тўғри келди. Кампир дарров унга шу жойни топиб берди, чунки фирма хўжайини унинг жияни эди. Ойлигини ҳам ҳамманикига ўхшаб арзимаган қилиб белгилашди: ойига 32000 марка. Шундан ўн мингини бекага бериш керак эди, яна бир неча минг ҳар хил солиқларга кетарди.
Куяла ҳам байрам муносабати билан уларга мукофот беришларига ҳеч ишонмасди. Бермоқчи бўлишса, аллақачон берган бўлишарди.
Директор эрталабдан бери кўрингани йўқ, қиз эса идорада ёлғиз эди. У телефонда молни етказиб беришга буюртмани расмийлаштириб, уларга рўйхатни берди, улар молни – муқовасига киноюлдуз тасвири туширилган ёзув тўпламлари, конвертлар, қоғоз сочиқлар, гигроскопик пахта ва бошқа майда-чуйдаларни юклай бошлашди. Машина жойидан жилди, Косонен йўлни ҳар хил тўғри ва нотўғри усуллар билан қисқартириб, ўтиб кетаётган транспортни ҳайдовчилари-ю аждодларига қўшиб беаёв сўкканча эпчиллик билан ҳайдарди. Баъзида ўзи билан ўзи қизғин баҳслашар, Куяла ухлаётган одамнинг сирини беихтиёр эшитиб қолгандек ўзини жуда ноқулай сезарди:
– Бориш керак, лекин фақат анави бўшанг Эйка биланмас. Бу ерда кучлироқ одам керак. Ёнғоқдек чақиб ташлаши учун. Эленда ваҳима уйғотиш керак. Тўғри айтяпманми?
Куяла балиқдек жим эди, Косонен овоз чиқариб гапираётганини хаёлига ҳам келтирмаганди.
Улар гигроскопик пахтани қўғирчоқдек чиройликкина сотувчи қизлар ишлайдиган атир дўконларига тарқатишди. Аммо, афсуски, қизлар ишчилар билан гаплашишга илтифот кўрсатишмасди. Балки, юздаги бўёқ тўкилиб кетишидан қўрқишар. Косонен кетаётиб, худди бураб қўйилгандек битта гапни такрорларди:
– Рождество ва Янги йил омадли келсин.
– Сизга ҳам! – деб жавоб қайтаришарди унга.
Овозлар чиройли муомала қоидаларига мос равишда бир хил оҳангли, зерикарли эди.
Лекин канцелярия моллари дўконларидаги хонимчалар ўзларини жўнроқ тутишарди, бироқ бу ерда ҳам танишишда тўсиқ пайдо бўлди: улар олмахондек югургилаб юришарди, баъзан ҳужжатга имзони ҳам дарров қўйдириб бўлмасди. Куяла кутаётиб вазминлик билан почта откриткаларини томоша қиларди. Хонимчалар билан гаплашишга жазм этолмаётганининг яна бир сабаби шуки, пештахта ортида, одатда, икки сотувчи турарди – бири ёш, иккинчиси кекса, ёш, кекса… Улар она-бола бўлса-чи? Бошингни қотириб аниқла.
…Улар яна машинани юклаш учун идорага жўнашди. Табиийки, директор келмади. Котиба уларга заррача эътибор қилмай, телефонда қайсидир дугонаси билан тўлиб-тошиб гаплашарди. Агар симнинг у ёғида йигит бўлса, у ўзини тўхтатолмай хахолаб кулган, илонбалиқдек тўлғонган бўларди ёки, аксинча, паст овозда бир нима деб пичирлардики, жуда хоҳлаган тақдирингизда ҳам, эшитолмасдингиз.
– Ҳа, пулларимиз ухлади, – қизишарди Косонен. – Бошига лак қуяётган бўлса керак, бизни эса унутган. Бу ерга келганда, таъзирини бериб қўярдим. Шунинг учун кўринмаяпти, сезаётган бўлса керак. Мен ҳам бундай вазиятда кўринишга ботинмаган бўлардим.
Тушдан кейин соат учда Косонен Куялани Хэментийда туширди, ўзи эса машинани қолдириш учун ишхонага кетди. Хайрлашаётиб жаҳл билан тўнғиллади:
– Ҳа, майли. Байрамдан кейин боплаймиз. Қор тепаликларида унга ралли уюштирамиз. Ҳисоблагичга шунақанги ўраб ташлайликки, ўзидан кўрсин. Ҳа майли, бўпти. Мен кетдим.
– Бўпти, – Куяла машина кетидан беихтиёр қўлини кўтарди-ю, бирдан комбинезонини алмаштириб олишни эсдан чиқарганини эслаб қолди. Шаҳарда жонли рекламага ўхшаб айланиб юриш унчалик завқли эмас. Бунинг устига, комбинезондаги ҳарфлар мушукдек катталикда:
ЭЙНО. И. ХАКАЛА.
Қоғоз савдоси.
У ҳам комбинезон устидан, агар бўлганда, Косоненга ўхшаб, жон деб курткасини кийиб олган бўларди.
Унинг хонаси равоқ устида эди. Куяла кириб, эшик ланг очиқлигини кўрди – демак, бека хонани йиғиштирган. У эшикни ёпиб, комбинезонини ечди-да, ўзини каравотга ташлаб, сигарета тутатди. Ишда чекмасди. Тежарди. Ойнадан фақатгина бир хил томлар ва осмоннинг қорамтир қисми кўринарди: кўчанинг нариги томонида механик устахонанинг бир-бирига ўхшаш бинолари жойлашганди, уларнинг чек-чегараси йўққа ўхшарди, гектар-гектар майдонлар. Қоронғи тушаётганди. Куяла қимирлаши билан яна ўша лаънати машинада кетаётгандек, устига уйлар, кўчалар, транспорт ва ҳатто одамлар бостириб келаётгандек сезги пайдо бўлади. Бир соатча ётса, ҳаммаси ўтиб кетади. У ухламасди, шунчаки ётар ва мушаклари аста-секин бўшашаётганини, бутун вужуди тинчланаётганини ҳис қиларди. Ҳар куни шу аҳвол такрорланарди. Кечалари кўчада транспорт ҳаракати тиниб, ўтмиш хотиралари сингари жимлик онлари бошланади.
Куяла бориб овқатланмоқчи бўлиб, кийина бошлаганди, бека эшикни тақиллатиб қолди. У бугун бекага ёрдамлашишга ваъда берганини эслади. Черковда қавм олдида Гўдак кўтарган Марияга ўхшаш образни тасвирлашни режалаштиришибди. Бекага шундай муносабат билан ҳатто ўзи ишлайдиган дўкондан аёллар манекенини ва никоҳ кўйлагини олишга рухсат беришди. Энди буларнинг ҳаммасини Пенгеркатуга элтиш лозим эди. Унинг илтимосини бажармай бўладими! Куяла одатда беканинг ҳамма илтимосларини бажарарди. Бу олтмиш ёшли, кичкина, тўлача ва ниҳоятда чаққон аёл эди. Эри ўн йил аввал вафот этган. Бека унга бир соатда нима бўлганини айтиб берган: эри бир нима туртгандек тун ярмида бирдан уйғониб, шифтдан қандилни суғуриб олган ва лампаларини синдирган. Ҳаммасини! Ва ўлган. Худонинг жазоси!
Беканинг беш нафар катта қизи бор эди, бўйчан оқ-малла сочли гўзаллар. Кичиги дарахт кесувчи шведга турмушга чиққан. Улар бутун куз Финляндияда меҳмон бўлишди, Рождествога эса уйга жўнаб кетишди. Куяла улар билан танишди. Дарахт кесувчи швед қайнонаси учун ўйнаб-ўйнаб ҳамма кўрпа ва тўшакларини қавиб берди. Гап шундаки, у зерикишдан сиқилиб кетганди: финчада биттаям сўзни тушунмас, хотини таржимонлик қиларди. Бунинг устига, дарахт кесувчи эллигинчилар сектасига мансуб эди. Ҳар оқшом таржимон орқали Куяладан диний мажлисга бирга боришни сўрарди. Куяла бошқа жойда кутишаётганини айтиб, зўрға баҳона топарди. Ўзи эса тун бўйи кўча кезишга кетарди. У аввал кутубхонага кирарди. У ерда ҳозиру нозирлар анча хилма хил одамлар эди, Куяла уларнинг ғалати даврасига узоқ тоқат қилолмай қочиб кетарди. Бир қария ҳар оқшом тўхтамасдан Рунебергни ўқирди, ҳатто ёдлаб олганга ўхшарди: битта қаторга тикилади, кейин қўллари билан кўзларини қия ёпиб, минғиллайверади, минғиллайверади.
Бир куни бека Куяладан шўх оҳангда оқшомларни ким билан ўтказаётганини сўради, бунга у дўстлари кўп эканини айтиб, қисқа жавоб берди. Аслида, бека саволлар бермаганда, улар суҳбатлашмаган бўлишарди, чунки Куяла қадимий финлардек камгап эди.
Ҳозир, дўконда, у манекенни худди боладек авайлаб витринадан олиб, индамай бекага узатди. Бека чаққонлик билан уни ечинтирди. Қўғирчоқ яланғоч аёлга жуда-жуда ўхшарди. Ёнида бека бўлмаганда, Куяла унга яхшироқ разм соларди, лекин ҳозир нигоҳини олиб қочди. Қўғирчоқни кўрпага ўрашди, кўрпанинг тагидан васвасага солувчи яланғоч оёқлар чиқиб турарди. Улар Питкясилтдан пиёда судралиб юришди, Куяла уни пастга ташлаб юборишга тайёр эди, кўтариб юриш жуда оғир экан.
Етиб келишганда, бека Куялага черков байрамида қолишни таклиф қилди, лекин у жўяли баҳона топиб рад этди. Ахир ростдан ҳам диний байрамга ишчи комбинезонида бормайди-ку!
Қайтишда Куяла ошхонага кириб овқатланмоқчи эди, аммо у ёпиқ экан. Ҳамма дўконлар ҳам ёпилиб бўлган. Уйда газ плитада ўзига қаҳва қайнатди. Умуман олганда, ҳамма нарсани қайнатса бўларди, чунки бека уйда йўқ эди. Куяла унинг ёнида ошхонага киришга ҳадеб ботинавермасди.
Кейин у ваннахонага кириб, иссиқ сувни очди-да, бир соатча ичида ётди. Тоза кийим кийиб, тузукроқ шим, бўйинбоғ ва ботинкасини олди. Ўзини тартибга келтирди, яна нимадир қилиш кераклигини сезди, аммо нималигини ўзи ҳам билмасди. Ғайриоддий жимлик ҳукм сурарди. Беканинг хонасида, қўшниларникида, кўчада – ҳеч қандай товуш йўқ.
Кутилмаганда Куялага чироқ ҳаддан ташқари ёруғдек туюлиб, уни ўчирди. Ҳар кунги шароитни кўришни истамасди. Кўча фонуси хонани хира ёритар, Куяла сояда туриб, чекарди. Сигарета учқуни девордаги ойнада акс этар, ўзини ён томондан кўриши мумкин эди. Куяла бир нимани кутаётгандек эди. Фильмдаги кадр эсига тушди. Эркак дарахт соясида туриб, чекади, севгилисини кутади. Ниҳоят, қиз келади, эркак севинганидан сигарета қолдиғини шундай отиб юборадики, учқунлари ёй бўйлаб сочилади. Куяла буларнинг барини дарров тасаввур қилди, ошиқ-маъшуқларнинг эҳтиросли овозлари хонада янграгандек туюлди унга.
Кейин бирдан шамолдек енгил ва ўзгарувчан котиба қизни хаёл қилди. Қизиқ, ҳозир у қаерда? Бироқ бу ҳиссиёт тасаввурга айланмади. Қиз жудаям жонсарак эди, кейинги дақиқада унга нима бўлишини ҳеч қачон тахмин қилолмайсан. Косонен-чи? У ҳозир нима қиляпти? Косонен, албатта, катта оила, меҳрибон ота-онаси, кўп сонли ака-укалари, сингиллари даврасида… Ҳаммага совға учун чанғи қайишлари ясаб беришга шошиляпти. Буни эслаганда, Куяланинг кўнгли жуда хижил бўлди, тўрт девор орасида ортиқ ёлғиз қололмасди. У шошиб кийиниб, югургудек бўлиб кўчага отилиб чиқди. Аммо у ерда ҳам ҳеч ким йўқ. Эгаси алкоголли ичимликлар билан савдо қилиш ҳуқуқини сотиб олган катта ресторан ёнидан атай ўтди. Одатда, оқшомлар бу ер гавжум ва шовқинли бўлади – ширакайф келувчилар қўшиқ айтиб, кўнгил ёзишарди. Лекин ҳозир эшикда “Ресторан авлиё Тапани куни, соат ўн иккида очилади” деган лавҳа осилиб турарди.
Куяланинг марказга боргиси келмай қолди. У ер кундузгидек ёруғ бўлса керак, безатилган арча ярқирайди, муҳташам дўконларнинг витриналари яхши ёритилган. Ҳаммаёқ сокин. Яна ўша юракни эзадиган жимлик. Гўё бутун шаҳарда у ёлғиздек. Бутун оламда ҳам. У Валлила томонга юрди: Хельсинкинкату ва Хэминтий бурчагида одатда қандайдир шубҳали кишилар тўда-тўда бўлиб йиғиларди, аммо ҳозир улар ҳам йўқ. Сосиска дўкончасини ҳали қуриб битказишмаганди, тамаки ва қандолат дўконлари эса ёпиқ. У бурилиб, қайтиб кетди. Кейин Мэссухаллида ёлғизлар ва фақирлар учун байрам уюштирмоқчи бўлишаётганини эслади. Ҳамма пиёнисталар энди ўша ерда. Уларга қаҳва ва гуручли бўтқа тарқатишади. Пастор Рождество ваъзини ўқийди ва қарияларнинг кўзларида ёшни кўриб, тўлқинланиб кетади. Аслида, уларнинг кўзи ёруғ чироқда ҳар доим ёшланади. Лекин шу фақирона байрам ҳам у бадбахтларга жаннатдек туюлади. Қўққисдан Куяла автомат-дўкончани кўриб қолди. У танга излади, эллик маркали биттасини топиб, тиқди-да, тугмани босди. Мевали обаки қутиси ва учта йигирма маркали танга чиқди. Ҳаммаси бўлиб олтмиш марка. Ажойиб автомат! Ёнида кўпроқ танга бўлганда, бойиб кетиши мумкин эди. Куяла қутини эсдан ҳам чиқарди, у қўлидан сирғалиб тушди, у эса қутини олишга уринмади ҳам, камига оёғи билан тош йўлга итариб, эртага обакилар ўзи ёмон кўрадиган машиналарнинг ғилдиракларига ёпишиб қолишини тасаввур қилиб завқланди.
Кўчалардаги чироқлар ўчди. Ҳаммаси бирдан. Уйлар энди тинчроқ бўлса керак, деб ўйлади у. Куяла уйга қайтиб, секингина ўз хонасига ўтди. Кечқурун тўққизда хизматкор дарвозани ёпишга келади. Аввал кимдир бармоғини қисиб олгандек чинқириқ эшитилади, кейин ўқсиз милтиқдан отгандек қарсиллаш – акс-садо анчагача бўш ҳовли узра эшитилиб туради… Кутилмаганда юраги шундай эзилиб кетдики, йиғлаб юбораёзди. Шу етмаётганди! Куяла дарров туриб, даҳлизга чиқди, журнал столчаси ёнидаги курсига ўтириб, газета ўқишга тушди. У биринчи саҳифадаги Рождество ҳақидаги бир хил сафсаталарга кўз югуртирди, кейин рангли суратга қараб кўнгли ийди – кичкина қизча ҳайрат билан липиллаётган шамларни томоша қиляпти, ниҳоят Рождество ҳикояси ва байрам шеърларига етди. Уларнинг битта фазилати бор – бирпасда хаёлдан кўтарилади, деган ўй ўтди миясидан. Бироз тетиклашиб олиш керак деган ўйда қаҳва дамлаш учун ошхонага кирди. Қаҳва қайнатадиган идишнинг тагида қалин қуйқа қорайиб турарди. У қаҳва ичиб бўлганини эслади. Даҳлизга қайтди. Эшиклар очиқ эди – у биринчи марта бека яшайдиган томонга кирди. Чироқни ёқишга ботинолмади – қўшнилар сезиб қолади. Фонуснинг чироғи кумуш идиш-товоқлар қўйилган буфетнинг ойнаванд эшигига тушарди. Чироқ қизғиш эди, шунинг учун сервантда олов ёнаётгандек қизариб кўринарди. Куяла хонадан секингина даҳлизга чиқиб, ўша ерда қоронғида ўтирди. Уни тушкунлик қамраб олди.
Кимлиги, бу ерда нима қилаётгани, ҳаёти қандайлиги билан барибир ҳеч кимнинг иши йўқ. У фақат суд ижрочисига керак бўлиб қолиши мумкин. Ўтган кузда қидириб топишди уни. Куяла икки йил солиқ тўлашдан бўйин товлаб юрганди. Яна икки йил амаллаганда, вақти чўзилиб кетгани учун афв этишарди. Уни етмиш беш минг марка жаримага тортишди.
Ўша йили Куяла ҳеч қаерда ишламасди, қартадан ютган пулларига яшашга мажбур эди. Яхшиям, қартадан тузуккина ютиб олгани. Унда ҳар гал бир хил воқеа такрорланарди – ҳамма уни қартани бирон марта қўлига олмаган, янги деб ўйларди, у эса покер қироли эди, мағлубиятсиз ўйнарди.
Куяла етим бўлиб қолганда, армияга борди, ҳарбий оркестрда шогирд бўлди. Оҳангларни фарқлаб, ёдда сақлаш қобилияти бўлмаса ҳам. Ҳайдашмагунча икки ярим йилча ликопча чалиб юрди. Кейин жиннихонага ишга жойлашди – санитар бўлиб, аммо синов муддати билан. Касаллар орасида кўркам капитан бор эди. Куяла унга бир марта вино олиб берди. У эса маст бўлиб қолиб, шишанинг ўзидан ҳаммани меҳмон қила бошлади, кейин даволовчи врачнинг ёнига бостириб кирди. Куялани, албатта, яхшилаб тузлаб ишдан ҳайдашди.
Ўтган умри кўз олдидан худди кинотасмасидек ўтарди. Рождество кечасида ёлғиз бўлсанг, бунинг ҳеч ажабланарли жойи йўқ. У ортиқ ҳеч нима ҳақида ўйламай, ҳеч нимадан афсусланмай шундай ўтираверарди. Аста-секин кайфияти ўзгарди. Ҳасрат чекинди. Ортиқ ҳеч қаерга боргиси йўқ, кўнгли хотиржам, сокин эди. Рождество онлари келди. Бу сокин кеча ва зулматдаги ёруғликнинг нима учун кераклиги аён бўлди. У шу сирли қоронғиликка тикилди, то ундаги ёруғлик ва рангни фарқламагунча энг тубини кўриш илинжида тикилаверди. Тоабад шундай давом этадигандек эди. Куяла бу хона ва ёруғлик ҳамда зулмат курашаётган шу кеча билан қадрдонлашиб кетгандек эди. Ёруғлик тобора кенгайиб борарди… Улар Куялага қадрли ва яқин бўлиб қолди. Унинг ўзи ҳам кимгадир жуда қадрли бўлиб қолгандек эди.

Рус тилидан Комила Носирова таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 12-сон